2022 йилда 56 мингдан ортиқ одам судланди. Уларнинг 90 фоизи эркаклар

Жамият

image

Ўзбекистонда 2022 йил давомида 56 542 нафар шахс судланган. Уларнинг 50 045 нафарини, яъни деярли 90 фоизини эркаклар ташкил қилса, 6497 нафари аёл хиссасига тўғри келади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.

Олий суднинг аниқлик киритишича, судланганларнинг 21 958 нафари ёшлар (1773 нафари вояга етмаган) ва 1885 нафари 60 ёшдан ошган шахслар ҳисобланади.

Қайд этилишича, ўтган йил давомида 1010 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган. 17 610 нафар шахсга нисбатан эса озодликдан маҳрум қилиш ва 37 503 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган. 1429 нафар шахс шартли ҳукм қилинган. 

Шунингдек, 8453 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинган, 26 753 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилиб, 10 202 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилган. 13 824 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланган.

495 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

“Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган жиноят ишларининг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, безорилик, пора бериш, қасддан баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятлар ташкил этди”, дейилади хабарда.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 15 315 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.

Етказилган 1,3 трлн. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 8719 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Маълум қилинишича, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 14 518 нафар шахсга нисбатан 10 549 та жиноят ишлари кўриб чиқилган. 1013 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 3611 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 6264 нафар шахсга нисбатан 5613 та жиноят ишлари кўриб чиқилган. 1245 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 534 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Шунингдек, кассация инстанциясида 309 нафар шахсга нисбатан 271 та жиноят ишлари такроран кўриб чиқилган. 180 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 93 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг