2021 йилда ғалла ва пахта майдонлари қисқартирилади
Жамият
−
27 Февраль 2021
16758Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2021 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5853-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида 2021 йилда:
1) озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўналишида:
а) шаклланган деҳқончилик кўникмалари, тупроқ-иқлим шароити, сув таъминотидан келиб чиқиб, республиканинг барча туманлари ҳудудлари муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга босқичма-босқич ихтисослаштирилади. Бунда:
• қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда асосий эътибор унинг ҳосилдорлиги, экспортбоплиги, яхлит майдонларда етиштирилишига қаратилади;
• кооперация ва кластер тизими асосида маҳсулот етиштириш, уни қайта ишлаш, сақлаш ва ички ҳамда ташқи бозорларга сотиш тизими йўлга қўйилади;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ошириш учун камида битта туман ҳудудини органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирсин;
в) Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мавжуд экин майдонларидан самарали фойдаланиш, 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилсин. Бунда, жорий йилда пахта майдонларини 33,6 минг гектарга ва ғалла майдонларини 40 минг гектарга қисқартириш ҳамда 320 минг гектар ерларни фойдаланишга киритиш ҳисобига озиқ-овқат ва озуқа экинлари майдонлари 193,6 минг гектарга кенгайтирилади;
г) Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ҳудуд ихтисослигидан келиб чиқиб, туман ҳокимликлари захирасидаги яхлит ҳолда 300 гектаргача ер майдонларида плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва етти йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизимини йўлга қўйсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари янги боғ ва токзорлар барпо этишга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган очиқ ер майдонлари, захирада турган ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз ва иқтисодий жиҳатдан самарасиз деб топилган боғлар жойлашган ер майдонлари ажратилишини таъминласин;
д) кооперация шартларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ёшларга фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари ижарага берилади, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг экин майдонлари иккиламчи ижарага берилади;
Бунда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда:
• ёшлар учун экин майдонлари, аввало, аҳоли яшайдиган қишлоқ ҳудудларига яқин ерлардан танланишига, контурлар яхлитлиги сақланишига ҳамда ёшларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ўргатиш учун тажрибали агрономлар жалб қилинишига;
• ерларни экишга тайёрлаш ва экинларга ишлов бериш учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги техника ва механизмлари, сув ҳамда иш қуроллари билан таъминлашга;
• етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда сотишга кўмаклашсин;
2) қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш йўналишида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра бир туманда учтагача пахта-тўқимачилик кластерларига фермер хўжаликлари билан шартнома асосида фаолият юритишига ва фермер хўжаликларига ушбу кластерлар билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси, Пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда бир ой муддатда агрокластерларни ташкил этиш, уларга ер майдонлари ажратиш, улар фаолиятининг асосий кафолатларини ва қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи тартиб ва таомилларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
3) ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш йўналишида:
а) ернинг бозор қийматини баҳолаш ҳамда кейинчалик ундан гаров таъминоти сифатида фойдаланиш амалиёти тизимли йўлга қўйилади. Бунда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги биринчи навбатда, боғ, ток ва иссиқхона жойлашадиган майдонларнинг бозор қийматини аниқлаш ва гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади;
б) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йилда қайта фойдаланишга киритиладиган ва ўзлаштириладиган ер майдонларининг прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин;
в) Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мавжуд сув инфратузилмасини яхшилашни назарда тутувчи 2021-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирларни белгиласин. Бунда:
• 1 758 км канал, 443 км лоток, 329 та гидротехника иншоотлари, 1 899 км коллектор-дренаж, 728 км ёпиқ горизонтал ва вертикал дренаж, 1 896 та мелиоратив кузатув қудуқлари ва бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш;
• 5 026 км магистрал канал, 45 595 км мелиорация тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш, 518 та насос агрегатлари ҳамда 807 та электродвигателларни янгилаш;
• сув ресурсларидан фойдаланишни онлайн режимда назорат қилиш, гидрологик постларни рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган ускуналар билан жиҳозлаш, суғоришда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш назарда тутилади;
4) қишлоқ хўжалиги тармоғини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат харажатларини босқичма-босқич диверсификация қилиш йўналишида:
а) 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга сертификатланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини харид қилиш учун ажратиладиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидаги миқдорларда компенсация тақдим этилади:
• миллий валютада кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;
• хорижий валютада кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;
• кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида кафиллик тақдим этилади;
б) 2021 йил 31 декабрга қадар маҳаллий уруғчилик хўжаликларидан сертификатланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга сотиб олинган уруғ ва кўчатлар қийматининг 20 фоизигача Давлат бюджетидан қоплаб берилади;
в) лимон етиштириладиган иссиқхоналар барпо этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) орқали ишлайдиган иситиш тизимини харид қилиш харажатларининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаш тартиби жорий этилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) билан биргаликда бир ой муддатда сертификатланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатлари қийматининг, шунингдек, лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо этишда муқобил энергия орқали ишлайдиган иситиш тизимини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш тартибини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
г) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг талаблари асосида вируслардан холи, юқори ҳосилли сертификатланган уруғ ва кўчатларни етиштириш ва етказиб бериш тизимини самарали йўлга қўйсин;
д) 2021 йил 1 мартдан бошлаб “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ривожлантириш учун аҳолига ажратиладиган кредитлар муддати 3 йилдан 7 йилгача, имтиёзли давр эса 1 йилдан 3 йилгача узайтирилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги мазкур кичик бандга асосан ажратиладиган кредитларни молиявий ресурслар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
5) илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш йўналишида:
• Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг таркибидаги илмий муассасаларнинг ер майдонларида тадбиркорлик субъектларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда сабзавот, полиз ва картошка, дуккакли, мойли экинлар, мевали ва ток кўчатлари етиштиришни ташкил этсин;
• ҳудудларда шаклланган деҳқончилик кўникмалари ва илғор тажрибалардан келиб чиқиб, маҳаллий сертификатланган юқори ҳосилли ва сифатли уруғчилик ҳамда кўчатчиликни кенг жорий этиш мақсадида илмий-тадқиқот институтлари 2-иловага мувофиқ туманларга бириктирилсин;
6) қишлоқ хўжалиги тармоғи статистикасининг шаффоф механизмини яратиш йўналишида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қуйидагиларни назарда тутувчи 2021 йилда соҳада ахборот технологияларини ривожлантириш чораларини кўрсин:
• ердан фойдаланувчилар реестри бўйича 3 млн гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг мониторингини йўлга қўйиш;
• 5 турдаги асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг (пахта, ғалла, шоли, картошка, мойли экин) экилишини космик суръатлар ёрдамида таҳлил қилиш;
• “ArcGIS” дастури ёрдамида қишлоқ хўжалиги ерларининг асосий ва такрорий экин турлари, ҳосилдорлик даражасидан келиб чиқиб, интерфаол харитада кузатиш имкониятига эга ягона ахборот базасини шакллантириш ҳамда унинг миллий геоахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминлаш;
• ер майдонлари ва тупроқ таркиби тўғрисидаги ахборотлар, экинларни жойлаштириш, мақбул агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича ва бошқа илмий-инновацион ютуқлар ва илғор тажрибаларни мунтазам тақдим этиш;
• устувор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳақида бозор маълумотларини кенг оммага очиқ тақдим этиш;
• ягона интеграцион платформани ахборот хизматлари билан бойитиш, жумладан, кадастр, об-ҳаво маълумотлари, аризаларни электрон расмийлаштириш тизими, кредитлаш ва субсидиялаш, агрохизматлар, агроскоутинг хизмати, фитосанитария хизматлари, мониторинг хизматлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги жараёнларини кузатиш тизимини жорий этиш;
• миллий геоахборот тизими билан интеграция қилиш, ер ва сув ресурслари бўйича узлуксиз маълумотлар алмашинувини таъминлаш.
2. Мева-сабзавотчилик кластерлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа маҳсулот етиштирувчиларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ҳамда инвестицион жозибадорликни ошириш мақсадида тажриба-синов тариқасида 2021 йилнинг якунига қадар фаолият юритадиган мева-сабзавотчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш Республика кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш деб юритилади) 3-иловага мувофиқ таркибда тасдиқлансин.
Кенгашнинг асосий вазифалари этиб:
• бир ойда камида бир марта жойлардаги мева-сабзавотчилик тармоғига оид муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ҳамда уларни бартараф этиш;
• мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойларга ташрифи ва йиғилишларидаги топшириқлари ижросини таъминлаш;
• ўрганишлар асосида аниқланган тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш белгилансин.
Белгилансинки, Кенгашнинг ишчи органи функцияси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юклатилади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари этиб қуйидагилар белгилансин:
• қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда экин турининг ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитига мослиги, ҳосилдорлиги, экспортбоплиги, яхлит майдонларда етиштирилишини таъминлаш;
• ҳар бир туманда сертификатланган уруғ ва кўчатларни етиштириш ҳамда етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш;
• хусусий секторни кенг жалб қилган ҳолда Organic, Global G.A.P.
• ва бошқа халқаро тан олинган стандартлар талабларига мувофиқ синов лабораторияларини ташкил этишга кўмаклашиш;
• ҳудудларнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш имкониятини ошириш, илғор агротехнологиялар, инновацияларни жорий этиш;
• тупроқни ҳимоя қилиш тизими, пестицид ва ўғитларни меъёрда ишлатишни ва кимёвий воситаларнинг улар сифатини илмий асосланган ҳолда қўлланилишини назорат қилиш;
• ҳудудларда сув хўжалиги инфратузилмасини яхшилаш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш;
• хусусий секторни кенг жалб қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро талаблар асосида, сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича тўлиқ синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлган лабораториялар, божхона терминаллари ва бошқа хизматларни йўлга қўйиш чораларини кўриш.
4. Қуйидагилар:
• ҳар бир туманни қишлоқ хўжалиги экинлари муайян турини етиштиришга ихтисослаштиришга – қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Ж.Тешаев;
• қишлоқ хўжалиги экинлари экилишини ҳамда ерларни фойдаланишга киритишни мониторинг ва назорат қилишга – қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари М.И.Рўзметов;
• маҳсулот етиштирувчиларни уруғ ва кўчат билан таъминлашда илмий асосланган тавсияларни жорий этишга – қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари А.М.Тўраев;
• қишлоқ хўжалигини барқарор сув ресурслари билан таъминлаш, сув хўжалиги инфратузилмасини яхшилаш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишга – сув хўжалиги вазири Ш.Р.Хамраев;
• қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ хўжалигини молиялаштириш тизимига қўшимча механизмлар ва молиявий воситаларни жорий этишга – қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Ш.Ш.Мирзаев;
• қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат бозори мониторингини юритиш тизимига ахборот технологияларини жорий қилишни кенгайтиришга – қишлоқ хўжалиги вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари Қ.А.Юлдашев шахсан масъул этиб белгилансин.
5. Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев икки ҳафта муддатда:
• Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2021 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни;
• Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йилда қайта фойдаланишга киритиладиган ва ўзлаштириладиган ер майдонлари бўйича вилоятлар ва ташаббускорлар кесимида манзилли рўйхатни тасдиқласин.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
а) 2021 йил 1 августга қадар:
• Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда БМТнинг барқарор тараққиёт мақсадларида белгиланган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича мезонлар ва бошқа илғор тажрибалар асосида халқаро экспертларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва истеъмоли бўйича дастурини;
• Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Гидрометеорология хизмати, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда қишлоқ хўжалигига иқлим ўзгариши таъсирининг олдини олиш ва унга мослашиш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;
б) икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
7. Мазкур қарорнинг ижросини ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2021 йил 26 февраль
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь