Каримова, Ғуломов, Муродов, Абдуллаев... Уларни нима боғлайди?

Таҳлил

image

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда амалдорлар масаласи муҳокамалар майдонининг асосий мавзуси бўлиб турибди. Ўтган уч йилда ўнлаб амалдорлар пора билан қўлга олинди. Давлатга, халққа хиёнати “муносиб баҳоланиб”, панжара ортига отилди. 

Хўш, улар кимлар эди? 

Шуҳрат Ғуломов. Бу номни МХХга иши тушган ҳам, тушмаган ҳам яхши эслайди. Унинг номини эшитган унча-бунчанинг зир титрагани ҳам бор гап. У собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг раиси ўринбосари, ташкилотнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси раҳбари лавозимида фаолият олиб борган, ўз даврининг қудратли шахсларидан эди. Ғуломов 2017 йилнинг январь ойида МХХ раиси ўринбосари лавозимидан олиниб, Сурхондарёга юборилганди. Аслида, у ўз иш фаолиятини ҳам айнан Сурхондарёда бошлаган.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 19-20 январь кунлари Сурхондарёга ташрифи давомида ўтказган йиғилишида Шуҳрат Ғуломов умрбодга қамалганини маълум қилганди. Давлат раҳбари Ғуломов порахўрлиги ва Ватанга хиёнати учун ҳибсга олинганини таъкидлаганди. Президентнинг йиғилишдаги сўзлари ёзилган овозли ёзув ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган эди.

2017 йилнинг июнь ойидан бошлаб Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Туробжон Жўраев мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва жиноий ҳаракатларни амалга оширганлиги учун қамоққа олинди. 

Жорий йилнинг 2 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг ёпиқ суд мажлисида собиқ ҳоким Туробжон Жўраев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

“Жиноий гуруҳ раҳбари” дея кўрсатилган Туробжон Жўраев Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун пудратчилардан жами 2 140 000 АҚШ доллари миқдорида пора олганлиги аниқланиб, ЖКнинг 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан чиқиш) ва 210 (Пора олиш) моддалари билан айбдор деб топилган ва 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Унинг ўринбосари Ўткир Абдуллаев 11 йилга, ҳокимлик бош мутахассиси Баҳодир Хўжақулов 7 йилга, мутахассислар Ботир Абдуллаев 6 йилга ва Тўлқин Сулаймонов 5 йилга (шартли) озодликдан маҳрум қилинди.

“Ўздонмаҳсулот” АК бошқарувининг собиқ раиси Сурат Ҳайдаров порахўрликда ва куёвига асоссиз ваколат берганликда айбланиб, ҳибсга олинди.

Маълум бўлишича, Сурат Ҳайдаров мансабдан ўз манфаати йўлида фойдаланган ва шу йўл билан қариндошларини ишга жойлаган. Шунингдек, Ҳайдаров вилоятлардан бирига хизмат сафари давомида дон маҳсулотлари нотўғри сақланаётганига гувоҳ бўлиб, бу вазиятни тўғрилаш ўрнига, таклиф этилган пулни олишни маъқул кўрган.
                  
Жиноятларда унга доимий куёви Жамшид Шарипов ёрдам бериб келган. Тизимдаги бошқа муаммоларда ҳам “сизу биздан жизу биз яхши” мақолига амал қилинган.

2018 йилнинг сентябрь ойида ҳибсланган Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматовнинг аввалига пора билан боғлиқ жиноятга қўл ургани айтилган эди. Жорий йилнинг май ойида унга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд Бахтиёр Абдусаматовни 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айбдор деб топди. У 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони манзил колонияда ўташи белгилаб қўйилди.

2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар суди, Юнусобод туман судининг биносида, Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди. 

Суднинг ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров, шу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган М. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, А. Мусашайхов, У. Хуррамов, Ю. Гаипов, А. Мирзаев, М. Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон Республикаси ЖПК (жиноят-процессуал кодекс) нинг 19-моддаси, шунингдек “Давлат сирлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, икки юзга яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашид Қодировга, ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, У. Суннатов 19 йилга, А. Мирзаев 15 йилга, У. Хуррамов 14 йилга, Ж. Файзиев 13 йилга, Л. Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Жорий йилнинг февраль ойида лавозимидан озод этилган ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, июль ойида суд бошланди ва 27 сентябрь куни суд ҳукми эълон қилинди. 

Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Игамов 16 йил, ДХХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Алишер Ишанходжаев 17 йил, Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Ёркин Абдуллаев 14 йил, Адлия вазирлиги Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Юсуфбой Ходжаев 8 йил, Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ғайрат Хидоятов 5 йил, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов 5 йил, Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиндилар.

Қолган 15 нафар судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, жазолар тайинланди.

Ихтиёр Абдуллаевдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимини мерос қилиб олган Отабек Муродов жорий йилнинг 20 июнь куни лавозимидан озод этилди. Президент уни давлатга хиёнат қилгани, порахўрлик ботқоғига ботганини айтиб чиқди. 28 июнь куни у уй қамоғига олинди. Муродов 18 сентябрь куни қамоққа олинган.

Бош прокуратура матбуот хизмати Отабек Муродов яна бир собиқ Бош прокурор, ДХХнинг собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида тергов қилинаётгани ҳақида маълумот берганди. Ҳозиргача унинг суди қачон бошланиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. 

Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши гарчи отаси ҳаётлик чоғида, 2013 йилдаёқ очилган бўлса ҳам, 2017 йилгача сир сақлаб келинган эди. Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари (165, 167, 168, 178, 179, 182, 184, 189, 227, 228, ва 243-моддалар) билан айблов эълон қилинган.

Жорий йилнинг август ойида эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилганини маълум қилди. 

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Гулнора Каримова Зангиота туманидаги аёллар колониясида суд томонидан тайинланган жазони ўтамоқда.

16 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг собиқ раиси Муиджон Тоҳирийни 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этди.

Тоҳирий Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207 (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209- (мансаб сохтакорлиги) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1203

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг