2 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 10 йилга қамалди
3-саҳифа
−
15 Июнь 2425 2 дақиқа
Жорий йил январь ойининг бошида Навоий вилоятининг Томди туманида 47 йўловчиси бор автобус ағдарилиб кетиб, оқибатда 2 киши вафот этганди. Мазкур иш бўйича автобус ҳайдовчиси 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, иш жорий йилнинг 11 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Томди туман судида кўриб чиқилган. Суд мажлисида 40 ёшли ҳайдовчи Ш.Х. айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг айтишича, йўл давомида чап томонидаги сув идишни олиб, сув ичиб олган. Шундан сўнг у сув идишининг қопқоғини йўқотиб қўйган ва автобусни бошқариб кетаётган бўлса-да, идишнинг қопқоғини излаган. Автобуснинг ёритиш чироғини ёқиб, қопқоқни излай бошлагани. Шу вақтда пастга эгилиб қараган ва бир қўли автобус рулини ўнг томонга буриб юборган. Ўша вақтда ҳайдовчи автобус бошқарувини эплолмай қолган ва адирликка чиқиб кетган. Шу орада автобуснинг олд ўнг томон ғилдираги чуқурликка тушиб чиққан, сўнг ҳайдовчининг ўзи ҳам сакраб кетиб, йиқилган. Автобус эса пастликка тушиб кетиб, ўнг томони билан ағдарилган. Ҳайдовчи ҳам шеригининг устига тушган, бироқ ҳушини йўқотмаган.
Шундан сўнг улар йўловчиларга ёрдам бериб, автобусдан чиқишга кўмаклашган. Орадан 35-40 дақиқа ўтиб Фавқулодда вазиятлар бўлими ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб борган. Сўнг ИИБ ходимлари ҳолат бўйича суриштирув ишларини олиб борган.
Суд ҳукми билан Ш.Х. Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) “а” банди билан 3 йил барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларда ўташи белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳодиса оқибатида йўловчи сифатида кетаётган 2 нафар фуқаро олган тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган. Турли кўринишдаги тан жароҳатлари олган 9 нафар фуқаро эса тиббиёт муассасаларига ётқизилган.
Live
Барчаси