18 нафар ўзбекистонлик АҚШдан депортация қилинди
Жамият
−
02 август 3277 1 дақиқа
АҚШ миграция қонунчилиги талабларини бузган 18 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан депортация қилинди. Бу ҳақда “Дунё” ахборт агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, улар махсус чартер рейс орқали Тошкент халқаро аэропортига олиб келинган. Фуқароларнинг ортга қайтарилиши Ўзбекистон ва АҚШнинг ваколатли идоралари ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар натижасида амалга оширилган.
Жараён доирасида фуқароларнинг шахсини аниқлаш, зарур сафар ҳужжатларини расмийлаштириш, ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш ҳамда уларнинг хавфсиз қайтарилишини таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилган.
“Ўзбекистон хорижий давлатлар билан миграция соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириб, ноқонуний миграциянинг олдини олиш, фуқароларнинг хориждаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, зарурат туғилганда уларнинг хавфсиз ватанга қайтарилишини таъминлаш юзасидан тизимли ишларни давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Иммиграция хизмати агентлиги Японияда ноқонуний бўлиб турган 2 нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилганди.