160 млрд инвестиция. Тўқаев Туркия сафарида нималарга эришди?

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 28 июль куни расмий ташриф билан Туркияга борди. Пойтахт Анқарадаги Эсенбоға халқаро аэропортида Қозоғистон етакчисини Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кутиб олди. Бу ҳақда икки давларт раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.

Аэропортда Қозоғистон ва Туркия Президентлари қисқа суҳбат ўтказди

“Меҳмондўстлигингиз учун миннатдорлик билдираман. Аэропортга учрашув учун махсус келганингиз мен учун катта шараф. Мамлакатларимиз ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Бизни нафақат дўстлик, балки самарали ҳамкорлик ҳам боғлаб турибди. Эртага бизни муҳим музокаралар кутиб турибди”, деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 29 июль куни бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Кеча, 29 июль куни Тўқаевнинг Туркия Республикасига расмий ташрифи замонавий турк давлати асосчиси, мамлакатнинг Биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк мақбарасини зиёрат қилишдан бошланди. Аниткабир мақбарасида буюк давлат арбоби хотирасига ҳурмат бажо келтирган Қозоғистон Президенти Фахрий меҳмонлар китобига ёзув қолдирди. Гул қўйиш маросимида Қозоғистон Республикаси расмий делегацияси аъзолари иштирок этди.

Шундан сўнг Тўқаев туркиялик йирик тадбиркорларни қабул қилди. “YDA Holding” компанияси бошқаруви раиси Ҳусайн Арслон, “S Sistem Lojistik” компанияси директорлар кенгаши раиси Ҳусайн Барлин, “Tiryaki Holding” бош директори Сулаймон Тирякиўғли, “Orzax Group” компанияси директорлар кенгаши раиси Селман Алимўғли шулар жумласидандир. 

Ҳусайн Арслан Президентга компаниянинг Оқтау шаҳрида мультимодал транзит хаб яратиш режалари ҳақида гапириб берди. Давлат раҳбари холдингнинг Қозоғистонга стратегик қизиқиши ва мамлакатимизда амалга оширилаётган сармоявий ташаббусларини юқори баҳолади.

Ҳусайн Барлин эса келажакда унинг компанияси Остона, Олмаота, Чимкент ва Ақтау шаҳарларида ўз бизнесини кенгайтиришни режалаштирганини маълум қилди.

Шунингдек, давлат раҳбари “Tiryaki Holding” компаниясининг Остона шаҳрида буғдой ва нўхатни чуқур қайта ишлаш заводи қуриш ҳақидаги қарорини олқишлади. Сулаймон Тирякиўғли ушбу лойиҳа Қозоғистоннинг қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва маҳаллий мутахассисларнинг малакасини оширишга хизмат қилишини айтди.

Шу билан бирга, Тўқаев “Orzax Group” компаниясининг Туркистон вилоятида хун таквиелери ишлаб чиқарувчи завод қуриш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлади ва бу ташаббус Қозоғистон фармацевтика саноатини диверсификация қилиш ва мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшишини таъкидлади. Селман Алимўғли  компания нафақат Қозоғистондаги ишлаб чиқариш базасини кенгайтириш, балки тадқиқот ва инновация йўналишларини ривожлантириш ниятида эканини айтди. Компания Қозоғистондаги ишлаб чиқариш лойиҳасига 40 миллион доллар сармоя киритиб, 500 кишини доимий иш билан таъминлашни режалаштирмоқда.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров Президент Тўқаевнинг Анқарага расмий ташрифи дастури доирасида турк бизнеси вакиллари билан ўтказилган музокаралар якунларини изоҳлар экан, Қозоғистонга 160 миллиард тенге сармоя киритилишини маълум қилди.

“Самрук-Казына” компанияси бошқаруви раиси Нурлан Жакупов эса Президентнинг Туркиянинг логистика хизматлари соҳасидаги етакчи компанияси вакиллари билан учрашуви якунларини сарҳисоб қилиб, мамлакатнинг транзит салоҳиятини яхшилаш мақсадида Ақтўбе шаҳрида янги транспорт-логистика хаби очилишини билдирди. 

Шундан сўнг Анқарадаги Президент саройида Қосим-Жомарт Тўқаевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Давлат раҳбари шарафига фахрий қоровул саф тортди. Унинг саройга келишида Қозоғистон Президенти кортежига от минган қўриқчиси ҳамроҳлик қилди. 

Тўқаевни Эрдўған кутиб олди. Давлат мадҳиялари янгради, унинг давомида 21 та артиллерия ўқлари отилди. Икки давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирлари билан таништирди. Кейин давлат раҳбарларининг музокаралари бошланди.

Давлат раҳбарлари дастлаб яккама-якка музокара ўтказди. Президентлар Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди. Савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилди. Тўқаев Туркия Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида, Ражаб Тойиб Эрдўған икки давлат ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга тайёрлигини тасдиқлади.

Шундан сўнг Қосим-Жомарт Тўқаев ва Ражаб Тойиб Эрдўған Қозоғистон-Туркия Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 5-йиғилишини ўтказди. Учрашувда давлат раҳбари муштарак тарихий ва маънавий қадриятларга асосланган Қозоғистон-Туркия ҳамкорлиги кенгайтирилган стратегик шериклик руҳида изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

“Биз бу йўлни давом эттиришдан, муносабатларимизни янада юқори босқичга олиб чиқишдан манфаатдормиз. Ҳурматли Президент, мен ҳозиргина тор доирада ўтказилган музокаралар натижаларини юксак қадрлайман. Биз ҳамкорликни кенгайтириш тарафдорлигимизни яна бир бор тасдиқладик. Бунинг учун бизда етарли имконият ва иштиёқ бор. Икки давлат ўртасида кенг кўламли ҳуқуқий база шаклланган. Хусусан, олтмишдан ортиқ шартнома ва битимлар амалда. Бугун бир қатор икки томонлама шартномалар имзоланади”,  деди Қосим-Жомарт Тўқаев.

Учрашувда ўзаро савдони кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этди. Президент Тўқаев Қозоғистон Туркия бозорига жами 1 миллиард долларлик камида 34 турдаги маҳсулот етказиб беришга тайёрлигини билдирди, Туркиядан келаётган товарлар турини кўпайтириш ҳам муҳим эканини қайд этди.

Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини оширишда транспорт-логистика соҳасининг алоҳида аҳамиятини қайд этди. Тўқаев Қозоғистон Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга катта эътибор қаратишини таъкидлаб, замонавий темир йўллар, қуруқликдаги портлар ва юк терминалларини қуриш, шунингдек, кемасозлик соҳаларига Туркия сармоясини жалб этишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

“Мамлакатимизнинг сармоявий жозибадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар хорижлик тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратмоқда”, деди Тўқаев.

Кенгаш мажлисида делегациялар энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари, жумладан, Боку-Тбилиси-Жайҳон нефть қувури орқали экспорт ҳажмини ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Тўқаев турк компанияларини электр энергияси тақчиллигини камайтиришга қаратилган лойиҳаларда иштирок этишга таклиф қилди. Шунингдек, у “КазМунайГаза” ва “Turkiye Petroleum” ўртасидаги ҳамкорлик самарали бўлишига ишонч билдирди.

Тўқаев янги Солиқ кодексида роялти режими, яъни хомашёни чуқур қайта ишлашни рағбатлантирувчи алоҳида имкониятлар назарда тутилганига эътибор қаратди. У турк сармоядорларини қўшма жамғарма тузиб, тоғ-кон саноати ва табиий ресурсларни ўзлаштириш лойиҳаларида иштирок этишга чақирди.

Билдирилишича, Қозоғистонда етиштирилган ғалланинг чорак қисми, пахтанинг учдан бир қисми ва глютеннинг 26 фоизи Туркияга экспорт қилинади. Умуман олганда, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳасида турк ишбилармонлари иштирокида умумий қиймати 1 миллиард 300 миллион долларлик 23 инвестисия лойиҳаси амалга оширилмоқда. Улардан 18 таси ишга туширилиб, маҳсулотлар халқаро бозорга етказиб берилмоқда.

Учрашув иштирокчилари мудофаа саноати, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, молия, фуқаро авиацияси, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилди. Икки давлат ўртасидаги яқин таълим алоқалари алоҳида таъкидланди. Яқин келажакда Остона ва Олмаота шаҳарларида “Маариф” жамғармасининг иккита мактаби, шунингдек, Туркиядаги етакчи таълим муассасаларининг филиаллари очилади. Қосим-Жомарт Тўқаев ташаббуси билан ўтган йилнинг декабрь ойида зилзиладан жабр кўрган Газиантеп вилоятида янги мактаб қурилиши бошланган эди. Таълим муассасаси 2026 йилда фойдаланишга топширилади.

Бундан ташқари, туризм соҳасидаги ижобий динамикани қўллаб-қувватлаш ҳамда кўп қиррали икки томонлама алоқаларни ривожлантириш мақсадида Қозоғистонда Туркия фуқаролари учун 90 кунлик визасиз режим ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Туркия Президенти Қозоғистон делегациясини ва шахсан Қосим-Жомарт Тўқаевни “Иккинчи ватанингизга хуш келибсиз!” дея табриклади. Шунингдек, у қозоқ халқини буюк шоир ва мутафаккир Абай Кунанбаюлининг 180 йиллиги билан табриклади.

“Мамлакатингиз билан ҳамкорликка алоҳида аҳамият берамиз. Бугунги кунда икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Савдо, мудофаа саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм ва маданият соҳаларида ушбу ижобий суръатни янада мустаҳкамлашга интиламиз. Қозоғистон бизнинг энг йирик савдо ҳамкорларимиздан биридир. Товар айирбошлаш ҳажмини 15 миллиард долларга етказиш устида ишлашда давом этамиз”, деди Ражаб Тойиб Эрдўған.

Кенгаш йиғилишида Қозоғистон томонидан Бош вазир ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин ва Транспорт вазири Нурлан Сауранбаев, Туркия томонидан Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ҳам маъруза қилди.

Музокаралар якунида Қосим-Жомарт Тўқаев ва Ражаб Тойиб Эрдўған Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг бешинчи йиғилиши якунлари бўйича Қозоғистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида Қўшма декларацияни, шунингдек, Қозоғистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг бешинчи йиғилиши қарорини имзолади. Шунингдек, Тўқаевнинг Анқарага расмий ташрифи доирасида ҳукуматлараро ва идоралараро 18 та ҳужжат имзоланди.

Музокаралар якунида Президентлар ОАВ учун баёнот ҳам берди. Қозоғистон ва Туркия Президентлари барча можаро ва қарама-қаршиликларни тинч йўл билан, дипломатик музокаралар йўли билан ҳал этиш зарур, деб ҳисоблашини билдирди. Қосим-Жомарт Тўқаев Россия-Украина можаросини ҳал этишда Эрдўғаннинг алоҳида ролини қайд этди.

“Бу сизнинг ваколатингиз ва таъсирингизнинг ишончли далилидир. Мамлакатларимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш зарурати борасида умумий нуқтаи назарга эга. Қозоғистон барча мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш зарурлигини ҳимоя қилади. Қозоғистон ва Туркия халқаро майдонда самарали ҳамкорликни давом эттиради. Қозоғистон дипломатияси Туркий давлатлар ташкилотини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Туркия томони билан бу йўналишда ҳамкорликни давом эттирамиз ва глобал барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирамиз. Қозоғистоннинг халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлагани, жумладан, Туркиянинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ишига қўшган ҳиссаси учун алоҳида миннатдорлик билдираман”, деди Қозоғистон раҳбари.

Эрдўған эса якунланган музокаралар самарали бўлганини қайд этди.

“Қозоғистон минтақадаги энг йирик иқтисодиёт ва бизнинг асосий савдо ҳамкоримиз. Бугун биз мудофаа ва энергетикадан тортиб транспорт, фан ва технологиягача бўлган кенг кўламли соҳалар бўйича фикр алмашдик. Биз тоғ-кон ва нодир металлар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини, Қозоғистон нефтини мамлакатимиз орқали жаҳон бозорига олиб чиқиш имкониятларини муҳокама қилдик. Тарихий Ипак йўлининг замонавий аналоги бўлмиш Транскаспий транспорт йўналишидан фойдаланиш ва ривожлантириш йўлларини ҳам муҳокама қилдик”, деди Туркия Президенти.

Ражаб Тойиб Эрдўған туризм соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталиб, Қозоғистон томонидан Туркия фуқароларининг 90 кун давомида визасиз бўлишига рухсат бергани учун Қосим-Жомарт Тўқаевга миннатдорлик билдирди. Тўқаев эса нутқи якунида Туркия Президенти Эрдўғанга самарали музокаралар учун миннатдорлик билдириб, уни ўзига қулай вақтда Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг