Ислом Каримовга суиқасдни амалга оширган шахс қўлга олинди
3-саҳифа
−
14 Январь 2022
96227Тошкентдаги 16 февраль портлашларида иштирок этган 55 ёшли шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
“Ўзбекистон ҳудудида террористик жиноятларни содир этганлиги учун 23 йилдан буён қидирувда бўлган У.С. хорижда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 1967 йил Тошкент вилоятида туғилган У.С. 1998 йилда Чеченистонда жанговар тайёргарликдан ўтиб, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этган ва ўша йилнинг март ойида айланма йўллар орқали хорижга чиқиб кетган.
Шунингдек, У.С. иорданиялик Амир Хаттоб томонидан Чеченистонда ташкил этилган жангариларни тайёрлаш лагерларига “Туркистон ислом ҳаракати” халқаро террористик ташкилотининг Ўзбекистондан бўлган аъзоларини жўнатиш билан ҳам шуғулланган.
У.С. 2001 йилнинг ноябрь ойида бошқа шахснинг номига расмийлаштирилган сохта ҳужжатлар асосида МДҲга аъзо давлатлардан бирининг фуқаролигини олиб, ўша мамлакат ҳудудида яшириниб юрган.
Хабарга кўра, Ўзбекистон ДХХнинг чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида У.С. ҳибсга олинган. Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкентда бир қанча қўпорувчилик ҳаракати рўй берганди. Тошкент осмонини қора тутун қоплаган ўша мудҳиш кундаги террорчилик ҳаракатлари фақатгина мамлакатнинг конституциявий тузумига қарши ҳаракат эмас, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга суиқасд ҳам эди.
Шу куни пойтахт Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлашлар юз берган. Уларда 16 нафар киши қурбон бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
LiveБарчаси