15 яшар қиз эр-хотиннинг шахсий маълумотларини тарқатмаслик учун 500 доллар талаб қилди
Жамият
−
29 Март 2021
32090Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида 9-синф ўқувчиси эр-хотиннинг шахсий расм ва видеоларини тарқатмаслик учун 500 доллар талаб қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 25 март куни Бекобод шаҳар ИИБ бошлиғи номига фуқаро 36 ёшли Муҳаммадориф Г. ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, турмуш ўртоғининг муқаддам фойдаланган абонент рақамидан номаълум аёл қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғи Шаҳло В. билан унга тегишли сир сақланиши лозим бўлган ўзаро сурат ва видеоёзувларни интернет ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, 5 миллион сўм пул беришини талаб қилган.
Бекобод шаҳар 14-даҳаси ҳудудидаги “Зиёда” тўйхонаси яқинида такси ҳайдовчиси орқали бериб юборилган 500 АҚШ долларни номаълум қиз товламачилик йўли билан олаётганида ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, ундан 500 АҚШ доллар ашёвий далил тариқасида олинган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни 9-синф ўқувчиси 15 ёшли Маржона Х. содир этгани аниқланган. У Шаҳло В. га тегишли бўлган абонент рақамини сотиб олиб, ушбу рақамга Telegram мессенжер очиб, эски хотираларни тиклаши натижасида ўзга шахсларнинг фото ва видеосуратларини қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бекобод шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан вояга етмаган Маржона Х., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
LiveБарчаси