11 сентябрь воқеаларидан сўнг Каримов АҚШни қўллаб-қувватлаганми?

Таҳлил

image

2001 йил 11 сентябрь бутун дунё сиёсатини ўзгартириб юборган кун ҳисобланади. Ушбу санадаги теракт нафақат 3 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган, балки глобал миқёсда терроризмга қарши кураш ҳаракатларини бошлаб берганди. 

Аслида ушбу санада нима бўлган эди?

11 сентябрь куни Афғонистонда Толиблар ҳимояси остидаги “Ал-Қоида” ҳаракатининг 19 нафар аъзоси Бостон, Нью-Йорк ва Вашингтондан учган 4 та фуқаролик самолётини эгаллаб олишади. Бу самолётларнинг тақдири эса шундай якунланади:

1)  Иккита самолёт эрталаб Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази бўлган эгизак биноларга урилган. Оқибатда бинолар бутунлай вайрон бўлиб, минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмган. 

2)  Учинчи самолёт Виржиния штатидаги Пентагон ғарбий деворига ҳужум қилган ва катта вайронагарчиликка сабаб бўлган. Кўплаб Пентагон ходимлари ўша ерда ҳалок бўлган.

3)  Тўртинчи самолёт эса Вашингтондаги АҚШ президенти қароргоҳи – Капитолийга юборилган, бироқ режа амалга ошмаган. Самолётда йўловчилар ва жангарилар ўртасида келишмовчилик келиб чиқиб, самолёт манзилига етиб бормай қулаган. 

Ушбу терактни Афғонистонда фаолият олиб бораётган “Ал-Қоида” ҳаракати етакчиси Усама бен Ладен ўз бўйнига олган ва видеомурожаатида 19 нафар террористнинг номини тилга олиб ўтган. АҚШ ҳукумати эса “Толибон”дан Усама бен Ладенни АҚШга топширишини сўраган. Улар рози бўлмагач, АҚШ Афғонистонда кенг кўламдаги ҳарбий операцияларни бошлаган.

Ўзбекистонда бу воқеага қандай муносабат билдирилган?

Ўзбекистон ҳам кўплаб давлатлар қатори АҚШдаги бу фожиага бефарқ қарамаган. Воқеадан кейин Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов АҚШ Президенти Жорж Бушга ҳамдардлик билдирган. 

Ўзбек медиаси портлаш тафсилотларини Марказий Осиёда бошқа давлатларга қараганда батафсилроқ ёритган. Айнан шу вақтдан бошлаб Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ўзининг юқори чўққисига чиқа бошлаган. Шунингдек, АҚШда 11 сентябрь терактларидан сўнг, Ўзбекистон хавфсизлик кафолатлари эвазига АҚШ Марказий қўмондонлигининг 1500 нафар қуролли кучини жойлаштириш учун Ўзбекистон жанубидаги ҳарбий ҳаво базаси, Қарши-Хонобод аэродромига киришини маъқуллаган.

Ўзбекистон раҳбарияти ва “Толибон” ўртасида доим ҳам муносабатлар илиқ кечмаган. Портлашдан кейин Ўзбекистон ҳукумати АҚШнинг Афғонистонда олиб борган операцияларини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаган ва жамоатчилик ҳам бу операцияларга ижобий фикр билдирган. 

2001 йил АҚШ давлат хавфсизлик котиби Доналд Рамсфельд Ўзбекистонга ташриф буюрганда Каримов учрашув юзасидан шундай баёнот берганди:

“Америка ҳукумати терроризмни таг-томири билан йўқ қилиш, дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, бундай кучларни қўллаб-қувватлаётган, уларни маблағ, бузғунчи мафкура билан таъминлаётган, қўпорувчилик, босқинчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун турли жойларга жўнатаётган ёвуз ниятлиларга қарши аёвсиз кураш эълон қилди. 

Бугун барчамизга оддий бир ҳақиқат аён бўлиши керак: бутун инсониятга катта таҳдид солиб турган бу иллатга барҳам бериш борасидаги курашдан ҳеч ким, ҳеч қайси давлат четда қолмаслиги шарт.

Жаҳондаги 100 дан ортиқ давлатнинг мазкур масала бўйича ўз фикри ва қатъий позициясини баён қилгани ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди”.

Шу ташриф ўлароқ, Ўзбекистон раҳбарияти АҚШ Президентининг афғон қочқинларига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиши учун 320 миллион доллар ажратиш ҳақидаги ҳужжатга имзо чеккан. Шундан кейин терроризмга қарши кураш ҳақидаги материаллар ўзбек матбуотида кескин кўпая бошлаган.

“Шуни таъкидлаш керакки, бизнинг бу масала бўйича принципиал ёндашувимиз Америка Қўшма Штатлари Президенти Буш жаноблари билан телефонда бўлиб ўтган мулоқотда, Мудофаа вазири жаноб Рамсфельд билан бўлган бугунги суҳбатда аниқ баён этилди. Яъни, бизнинг позициямиз қуйидагича:

1. Мамлакатимиз ҳаво ҳудудини Америка Қўшма Штатларининг ҳарбий ҳаво кучлари учун очиб бериш; 

2. Ҳар икки мамлакат хавфсизлик идоралари ўртасида ўзаро маълумот ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш;

3. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган битта ҳарбий аэродромга Америка Қўшма Штатларининг самолёт ва вертолётлари қўнишига рухсат бериш. Бу самолёт ва вертолётларга хизмат кўрсатадиган америкалик мутахассислар, техник ходимлар фаолияти учун тегишли шароит яратиб бериш. Биз бу аэродромни бутунлай уларнинг ихтиёрига бераётганимиз йўқ. У ердаги ўзимизнинг ҳарбий самолётларимиз ҳам қолаверади.

4. Америка Қўшма Штатларининг бу самолёт ва вертолётларидан фақат қидирув-қутқарув ишларини амалга ошириш ва гуманитар мақсадларда фойдаланилади. Улар оз сонли бўлиб, фақат транспорт ташийдиган самолёт ва вертолётлардир. Шунингдек, биз иккита муҳим масала бўйича ўз принципиал қарашимизни баён этамиз:

  • Бизнинг ҳудудимиздан Афғонистонга қарши жанговар операциялар амалга оширилишига йўл қўйилмайди;
  • Бизнинг ҳудудимиздан Афғонистонга қарши бомбали ҳужум операциялари амалга оширилишига розилик берилмайди. Халқаро терроризмга қарши курашда иштирок этиш борасидаги бизнинг позициямиз ана шундан иборат. Ўйлайманки, бундай ёндашув давлатимиз манфаатларига ва халқаро ҳуқуқ мезонларига мос келади”, дея қўшимча қилинган ушбу баёнотда. 

Бундан ташқари, 2001 йил 18 сентябрда “Халқ овози” газетасида ёзилишича, “Ижтимоий фикр” сўровномасида қатнашганларнинг 95 фоизи ушбу воқеаларга “ғазаб” ва “нафрат” билан қарашини маълум қилган. “Сўровда Ўзбекистон фуқаролари Олий Мажлис томонидан қабул қилинган "Экстремизм ва террорчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни тўлиқ олқишланган. 97,4 фоиз респондентлар мамлакатимизда бундай қонун зарурлиги, унинг қабул қилиниши долзарблигини айтди”, дейилади хабарда. 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мирмуҳсин эса 11 сентябрь воқеасини “дунёни ларзага солган фожиа” деб атаганди.

Ўзбекистонда Наманган ва 1999 йил 16 февралдаги воқеалар фонида АҚШдаги ҳужумнинг салбий ва хавотир билан қарши олиниши табиий эди. Шу жумладан, Ислом Каримов Рамсфельд билан учрашувда ҳам ушбу воқеаларни эслаб ўтган эди.

Хулоса қилиб айтсак, 11 сентябрдан кейин Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари яхшиланиши билан бирга ҳукумат Ислом радикализмига қарши муносабатини очиқдан-очиқ билдирган эди. Бундан ташқари, радикализмга қарши ташвиқотда ўзбек матбуоти ҳам муҳим роль ўйнаган.

Авазбек Мўйдинов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

11 сентябрь воқеалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар