1 сентябрдан тадбиркорликни чеклаган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига жазо кучайтирилади
Жамият
−
09 Апрель 2022
79572022 йил 1 сентябрдан рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга молиявий жарималар қўлланади ва тадбиркорлик фаолиятини чеклаганлик учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига маъмурий жавобгарлик кучайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Фармон билан Иқтисодиётда рақобат муҳитини янада яхшилаш ва хусусий сектор олдидаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланди:
а) охирги календарь йилида товарлар (хизматлар)ни сотишдан тушган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн минг бараваридан ошмайдиган юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ёхуд шахслар гуруҳини (табиий монополия субъектлари, давлат харидлари ва биржа савдолари иштирокчилари, маҳсулотларининг нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган хўжалик юритувчи субъектлардан ташқари) товар ёки молия бозорларида устун мавқе эгаллаган деб эътироф этмаслик ҳамда уларга нисбатан монополияга қарши чораларни қўлламаслик;
б) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қуйидагилар учун молиявий жарималарни қўллаш:
• товар ва молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келувчи келишувлар (келишиб олинган ҳаракатлар) ва иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш;
• товар ва молия бозоридаги устун (монопол) мавқени ҳамда юқори музокара устунлигини суиистеъмол қилганлик, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларини асоссиз оширганлик ва инсофсиз рақобат;
• хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) сотиб олиш бўйича битимлар тузишда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик;
• оммавий савдоларда рақобатга зид ҳаракатлар амалга оширганлик ва монополияга қарши талабларни бузганлик.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда молиявий жарималарнинг аниқ миқдорлари ва уларни қўллаш тартибини назарда тутувчи янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритади. Бунда, ундирилган молиявий жарималар суммасини тўлиқ Давлат бюджетига йўналтириш ҳамда рақобатга қарши ҳаракатларнинг бошқа турлари учун ҳам жавобгарлик назарда тутилади.
в) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, қуйидагилар учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш:
• давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан хомашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини (кўрсатилишини) ноқонуний чеклаш;
• лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш;
• монополияга қарши орган талабига кўра, зарур ҳужжат ва ахборотларни тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳасини киритади.
г) 1-иловада назарда тутилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш орқали мавжуд монополияларни бартараф этиш;
д) 2023 йил 1 январдан бошлаб Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳар йили Олий Мажлис Сенатига ахборот бериладиган Рақобат ривожланиши индексини жорий қилиш.
LiveБарчаси