1 млрд долларлик ноқонуний активлар Қозоғистонга қайтарилди
Олам
−
11 Ноябрь
5330Қозоғистонда яна 525 миллиард тенге (тахминан 1 млрд доллар) ноқонуний активлар давлат даромадига айлантирилди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати хабар берди.
Қайд қилинишича, Бош вазир Ўлжас Бектенов раислигида ноқонуний активларни қайтариш бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтган. Унинг қарорига кўра, қўшимча 525 миллиард тенге давлат даромадига айлантирилган.
Бу маблағга Остона шаҳрида таянч-ҳаракат тизимида нуқсони бўлган болаларни реабилитация қилиш маркази ва Олмаота шаҳрида 400 ўринли алоҳида эҳтиёжли кишилар учун ўқув маркази қуриш ҳам режалаштирилган.
“Давлат раҳбари таъкидлаганидек, қайтарилган барча маблағлар қозоғистонликлар манфаати учун ишлаши керак. Жорий йил бошидан бери комиссия умумий қиймати 900 миллиард тенгедан ортиқ активларни қайтариш бўйича келишувларни тасдиқлади. Бу маблағлар ҳисобидан бир қатор ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши бошлаб юборилди”, деди Ўлжас Бектенов.
Маълумот учун, 2023 йил июль ойида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев “Ноқонуний йўл билан олинган мулкларни давлатга қайтариш тўғрисида”ги қонунни имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, август ойида Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалди икки йил ичида давлатга 32,8 миллиард тенге ёки 1,6 миллиард доллардан ортиқ ноқонуний сотиб олинган активларни қайтариб берганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси