1 майдан янги “дом”лар томига қуёш панеллари ўрнатилади

Жамият

image

Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томларига қуёш панеллари ўрнатилади. Бу Президентнинг “Қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 майдан фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинади.

Шунингдек, янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади.

Республикадаги барча ёқилғи (автобензин, суюлтирилган ва сиқилган газ) қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланиши талаб этилади.

Дастур доирасида аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1000 сўмдан субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Яшил энергия” компанияси ташкил этилади.

Қурилиш вазирлиги, шунингдек, Энергетика вазирлиги ва Божхона қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудларда қуёш панелларини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича компаниялар мутахассисларининг малакасини ошириши ва зарур кўникмаларни шакллантириши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида 2023 йилнинг 1 сентябридан давлат ташкилотлари қуёш панелига ўтиши шарт бўлиши айтилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг