1 майдан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?

Фойдали

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 майидан жамият ҳаётида муҳим ўзгаришларга сабаб бўладиган қонунчилик ҳужжатлари кучга киради. Янгиланган Йўл ҳаракати қоидалари, хорижликларга мамлакатга инвестиция киритиш шарти осонлаштирилиши шулар жумласидан. Қуйида янги ой бошидан кучга кирадиган ўзгаришлар билан танишишингиз мумкин.

1. Янги Йўл ҳаракати қоидалари кучга киради

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Янги Йўл ҳаракати қоидаларига кўра 2022 йил 1 майдан:

• аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан (бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ташкил этилган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш республика комиссиясининг қарори асосида Тошкент ва Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларидаги йўл ҳаракати қатнови юқори бўлган ва аҳоли гавжум ҳудудларда транспорт воситалари ҳаракатланишининг юқори тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланиши мумкин);

• мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофидаги йўлларда 300 метргача бўлган масофада соатига 30 километрдан;

• турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланиш;

• енгил автомобилларда юк ташишга уларнинг том қисмига ўрнатилган юкхонадаги юкнинг баландлиги 1 метрдан ва узунлиги автомобиль габаритидан 0,5 метрдан ошмаган тақдирда рухсат этилади;

• юк автомобиллари, Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган айрим истиснолардан ташқари барча ҳолатларда, йўлнинг фақат ўнг қатнов қисмидан ҳаракатланиши лозим;

• транспорт воситаларининг қайрилиб олиш жойларида ва унга 30 метр етмасдан ёки ўтиб тўхташи тақиқланади;

• сутканинг қоронғу вақтида ёки етарлича кўринмайдиган шароитда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар нур қайтарадиган камзулда ёки нур қайтарувчи элементлар бўлган устки кийимда бўлишлари шарт.

2. “Автомобиль тарихи” хизматини кўрсатиш бошланади

“Автомобиль тарихи” маълумотларини тақдим этиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, 2022 йил 1 майдан эътиборан “Автомобиль тарихи” маълумотларини шартномавий асосда Давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП ёки веб-сайтлар ва уларнинг иловалари орқали аниқлаш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилади.

3. Пенсия ва нафақа тўлашнинг янги тартиби кучга киради

“Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарорига биноан:

2022 йил 1 майдан бошлаб:

• “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга ва оилаларга тўланадиган ишсизлик нафақаси ва стипендиялар ҳамда жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга тўланадиган моддий ёрдам пуллари ҳар ойнинг 5-санасига қадар молиялаштирилади ҳамда пенсия ва нафақалар билан бир вақтда АТ “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади;

• барча турдаги пенсия ва нафақа тўловлари нақд шаклда берилади ёки фуқароларнинг розилиги асосида банк картасига ўтказилади.

Бунда пенсия, нафақа ва моддий ёрдамларни етказиб бергани учун Пенсия жамғармаси ва бюджетдан банкка 1 фоиз хизмат ҳақи тўлаб берилади ҳамда пенсия, нафақа ва моддий ёрдамларни банк карталарида қабул қилувчиларга пенсия ва нафақа пулининг 1 фоиз миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.

4. Хорижликларнинг кўчмас мулкка инвестиция киритиш шартлари ўзгарди

“Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2022 йил 1 майдан бошлаб рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади:

• Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;

• бошқа ҳудудларда – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.

5. Ёш тадбиркорлар учун грантлар ажратилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармони асосида Ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳар бир ташаббускорга 50 млн сўм миқдорида, жами 10 млрд сўмгача грантлар ажратилади.

6. Хорижда ишлаётган фуқароларнинг оила аъзоларига бир марталик моддий ёрдам берилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан ҳар йили: туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг ёзма тавсияномасига асосан хорижда ишлаётган фуқароларнинг оила аъзоларига бир марталик моддий ёрдам берилади.

7. Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги  қарорига биноан Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш мақсадида “Ижтимоий хизмат” электрон платформаси ишга туширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра, 2022 йил 1 майдан cпинал мушак атрофияси касаллиги ташхиси тасдиқланган бемор болалар учун:

• У.К. Қурбонов номидаги Республика болалар руҳий-асаб касалликлари шифохонасида респиратор қўллаб-қувватлаш талаб этилмаган даволанувчи болаларнинг реабилитацияси учун мавжуд ўринлар сони доирасида 10 та стационар ўрин;
• Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида мультидисциплинартекширув ва даволаш жараёни ташкил этилади.

8. 2022 йил 1 майдан божхонада ишлар соддалаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори билан “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низом кучга киради.

9. Ҳокимларнинг қарор қабул қилиши мураккаблашади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари қарорларини қабул қилишда адлия органларининг ижобий хулосаси олиниши белгиланган ҳолларда, бундай хулоса олинмасдан тегишли қарорларни қабул қилишга йўл қўйилмайди.

10. Маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг маоши хонадонлар сонига боғланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда белгиланади, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларини қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий рағбатлантириш жамғармаси шакллантирилади.

 

Аббос Лапасов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

527

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг