1 мартгача дориларнинг қоғоз рецептига рухсат берилди
Жамият
−
11:31 1399 3 дақиқа
Ўзбекистонда дори воситаларининг қоғоз шаклдаги рецептини расмийлаштиришга 2026 йил 1 мартгача рухсат берилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг 16 декабрда кучга кирган “Электрон рецепт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғида сўз боради.
Ушбу ҳужжат Тошкент шаҳри ҳамда тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман (шаҳар)лардаги барча тиббиёт ташкилотларида “Электрон рецепт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартибини белгилайди.
Ҳужжатга кўра:
- рецепт – шифокорнинг фармацевт маълумотига эга бўлган мутахассисга дори препаратини тайёрлаш ва (ёки) бериш ҳамда унинг қўлланиш усули тўғрисидаги ёзма кўрсатмаси;
- электрон рецепт – шифокорнинг фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассисга дори воситаси тўғрисидаги маълумотлар (халқаро патентланмаган ёки оригинал номи, тайёрлаш, кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги) электрон шаклда қайд этилган ва тасдиқланган кўрсатмаси.
Қоғоз шаклдаги рецепт бланкаси қуйидаги кўринишда бўлади:

Экспертлар кенгаши томонидан дори воситаларининг тиббий аҳамияти, ижтимоий хавфи, суиистеъмол қилиш эҳтимоли ҳамда амалиётдаги эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич электрон рецепт орқали бериладиган дори воситалари гуруҳлари шакллантирилади.
Рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлашнинг биринчи босқичида қуйидаги дори воситалари электрон рецепт асосида белгиланади:
- антибиотиклар ва тизимли таъсир этувчи синтетик антибактериал дори воситалари;
- тизимли таъсир этувчи гормонал дори воситалари.
Беморларга биринчи босқич доирасида электрон рецепт орқали берилиши назарда тутилган дори воситалари буюрилган тақдирда, ушбу дори воситалари уларга электрон рецепт орқали тайинланиши шарт. Электрон рецепт ёки қоғоз рецепт асосида бериладиган дори воситалари бир вақтнинг ўзида тайинланган тақдирда, уларнинг барчасини электрон рецепт орқали расмийлаштиришга йўл қўйилади.
Беморни даволаш давомида унинг эҳтиёжи мавжуд бўлган, бироқ тиббиёт ташкилотида мавжуд бўлмаган дори воситаларига шифокор томонидан рецепт расмийлаштирилишига йўл қўйилади.
Рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш кейинги босқичларда кенгаш томонидан шакллантирилган электрон рецептга ўтказиладиган дори воситалари гуруҳлари бўйича жорий этиб борилади. Бунда электрон рецептга ўтказиладиган дори воситалари гуруҳлари, электрон рецепт тизимини жорий этиш босқичлари ва уларни амалга ошириш муддатлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида эълон қилиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ҳамда 15 та туман (шаҳар)да “электрон рецепт” тизими жорий этилгани ҳақида хабар берилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги “электрон рецепт” билан бериладиган дорилар рўйхати қандай шакллантирилишини маълум қилганди.
Live
Барчаси