1 августдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?

Жамият

image

Жорий йилнинг 1 августидан Ўзбекистонда қатор қонун, фармон ва қарорларда белгиланган нормалар кучга киради. Хусусан, ҳокимликларнинг ерга нисбатан ваколати қисқартирилади, ҳайдовчилардан ишончномани талаб этиш тартиби бекор қилинади ва бошқа ўзгаришлар амал қила бошлайди.

Ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати бекор қилинади

Ўзбекистон Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2021 йил 1 августдан:

•    ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш;
•    туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
•    суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
•    жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
•    хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.

Шунингдек, Фармон билан прокуратура органлари ишчи органлигида Ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилди.

Қолаверса, Кадастр органлари ердан мақсадсиз фойдаланишни аниқлаганда ушбу ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкин.

Ҳайдовчилардан ишончномани талаб этиш тартиби бекор қилинади

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 4 май куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қабул қилинган.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 августдан қуйидаги давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади:

•    автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;
•    втомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлар ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.

Хориждан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Божхона маъмуриятчилиги ва тартиб-таомилларини янада соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра 1 августдан:
•    божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат берилади;
•    адбиркорга четдан хомашё сотиб олиб, уларни республика ҳудудида божхона тўловлари тўламаган ҳолда қайта ишлагандан сўнг исталган хорижий ҳамкорига сотиш имконини берадиган олиб чиқиш, олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш бўйича янги турдаги ташқи савдо контрактлари амалиётга киритилади;
•    маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади;
•    олиб кириш контрактини олиб чиқиш контракти билан, шунингдек, сотиб олиш контрактини сотиш контракти билан ўзаро боғлиқ ҳолда мониторинг қилиш тартиби жорий қилинади.

Айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ерни олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш тақиқланди

Ўзбекистон Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра жорий йилнинг 1 августидан:

•    ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига – доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
•    мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади;
•    ижарага олинган ер участкасида қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади;
•    қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
•    қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
•    давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
•    барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;
•    давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
•    кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади.

“Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра жорий йилнинг 1 августидан бошлаб:

•    спорт синовлари 15 турдаги машқлардан иборат бўлади;
•    баҳолаш тизими бўйича спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлайди;
•    иштирокчиларга 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади;
•    спорт синовларини муваффақиятли топширган шахслар учун “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишони таъсис этилади.

Шунингдек, улар ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб 1 йил мобайнида қуйидаги имтиёзлардан фойдаланади:

•    сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини чегирма билан тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида устунлик билан юборилади;
•    махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга киради;
•    бепул тарзда давлат туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади;
•    махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш ҳуқуқи берилади (такси, шу жумладан йўналишли такси мустасно);
•    фарзандлари яшаётган жойдаги мактаб, боғча, шунингдек, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз жойлаштирилади;
•    барча давлат органлари ва ташкилотларининг ходимларига иш жойи ҳисобидан дам олиш масканлари ва санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилади;
•    республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган имтиҳон (ОТМ спорт йўналишларидан ташқари), синов, амалий машғулотларда устунлик (имтиҳонда максимал балл ёки амалий машғулотлардан озод қилиниши) берилади.

Давлат ташкилотларида аутсорсинг шартлари асосида автотранспортлар хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади

Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш  тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 августдан:
•    хизмат автотранспорт воситалари республика давлат бошқаруви органларида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарлар ҳамда уларнинг ўринбосарларига;
•    республика давлат бошқаруви органлари тизимидаги ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида биринчи раҳбарларга шахсан бириктирилади.

Шунингдек, республика давлат бошқаруви органларида аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа автотранспортлар хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади.

Айрим фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари ЯИДХП орқали кўрсатилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентга мувофиқ, 2021 йил 1 августдан ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқаролар қуйидагилар ҳисобланади:
•    ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар, ОИВ инфекциясига чалинган 18 ёшгача бўлган шахслар ҳамда 18 ёшдан катта болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;
•    давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган шахслар;
•    болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналар;
•    ёшидан қатъи назар иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
•    давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари.

Уларга давлат хизматлари ДХМ ёки ЯИДХП орқали Пенсия жамғармаси томонидан кўрсатилади ва нафақа пули нафақа етказиб бериш юкланган ташкилот томонидан тўланади.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ 2021 йил 1 августдан давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимда тўлаш имконияти яратилади.

2021 йил 1 августдан онкология, онкогематология ва гематология муассасаларининг паллиатив ёрдам кўрсатиш бўлимлари шифокорлари, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун ўта хавфли шароитлари учун 25 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

639

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг