1 апрелдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
26 Март 2020
25425Жорий йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистонда қонунчилик ва бошқа жабҳаларда қатор ўзгаришлар рўй беради. Адлия вазирлиги янги ой бошидан кучга кирадиган ўзгаришларни маълум қилди.
1. Жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадлар солиққа тортишдан озод қилинади.
2. Импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг тезкор тартибда, шу жумладан рухсат берувчи ҳужжатларни Ўзбекистон ҳудудига кириб келгунга қадар бериш орқали божхона расмийлаштируви механизми жорий этилади.
3. 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 10 фоизга оширилади.
4. 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда:
• якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилади;
• алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдори 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилади;
• умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилади.
• 5. 2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.
6. 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.
7. Туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ушбу ҳудуддаги боғчалар сонидан келиб чиқиб, I, II ва III гуруҳларга ажратилади ва шу асосда мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби такомиллаштирилади.
8. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартиб жорий этилади. (Маълумот ўрнида: ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасининг ушбу тартибни назарда тутувчи қарори лойиҳаси regulation.gov.uz порталида умумҳалқ муҳокамасига қўйилган).
9. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функцияларни юклаган ҳолда ФҲДЁ органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилади.
10. Қуйидаги давлат хизматлари Тошкент шаҳрида фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтлари орқали кўрсатилади:
• Қизил китобга киритилмаган ёввойи ўсимликлар ва уларнинг қисмларини олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатнома;
• Қизил китобга киритилмаган ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, зоология коллекциялари, трофейлар, тулумларни олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатнома;
• Қизил китобга киритилмаган ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича питомникни, шунингдек, зоологик коллекцияларни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги гувоҳнома;
• Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан тадбиркорлик субъектининг ўзи тўғрисида кўчирма;
• Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан кўчирма, махфий ахборот бундан мустасно;
• Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан сўралаётган ахборот ва (ёки) ҳужжат мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш;
• Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан тадбиркорлик субъектлари рўйхатини электрон шаклда бериш, олиш имконияти қонун ҳужжатлари билан чекланган маълумотлар бундан мустасно;
• Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш;
• Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш, СТИР бериш;
Якка тартибдаги тадбиркорнинг рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини тўхтатиб туриш.
11. Тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти Қибрай ва Тошкент туманлари, Фарғона вилояти Фарғона ва Олтиариқ туманлари ҳамда Қашқадарё вилояти Китоб ва Нишон туманларида:
• жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун шаффоф ва очиқ танлов ўтказиш орқали ажратиш механизми жорий этилади;
• жисмоний ва юридик шахсларга кейинчалик танловга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда махсус геопортал орқали ер участкаси тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ҳуқуқи берилади;
• қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳуқуқининг бозор қийматини баҳолаш ҳамда улардан солиққа тортишда фойдаланиш механизми жорий этилади.
12. Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинади.
Фуқароларга Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади.
Наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади.
13. Шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурият юкланади.
14. Бюджет ташкилотларининг чет эл валютасидаги маблағларига нисбатан Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақлари очиш орқали ғазна ижроси механизми жорий этилади.
LiveБарчаси