Институтларда порахўрлик ректорнинг хонасидан бошланадими? – СДТИ ректори Жасур Ризаев билан эксклюзив суҳбат

Интервью

Самарқандга йўлингиз тушса шаҳар марказида Самарқанд давлат тиббиёт институтига бир кириб ўтинг. Институтда ўзгаришлар катта. Бунга талабалар ва ўқитувчи-профессорлар билан суҳбатда ўзингиз гувоҳ бўласиз. Институтнинг тарихий биноси ёнгинасида замонавий бино қад ростламоқда. Бу мақтов эмас, ўз кўзимиз билан кўриб, қулоғимиз билан эшитганларимиз. Албатта, институтда ҳал этилишини кутиб ётган муаммолар ҳам талайгина. Булар хусусида институт ректори, таниқли стоматолог Жасур Ризаев билан суҳбатлашдик. 

Ушбу интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.

Чарос Шодмонқулова, мухбир: — Бу институтда иш бошлаганингизга 8 ой бўлди. Ундан олдин Тошкент давлат стомотология институтида фаолият олиб боргансиз. Янги иш манзилингизда нималарни ўзгартира олдингиз?

Жасур Ризаев, Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори: — Балки, 8 ой тарих учун бир лаҳзалик вақтдир. Aммо инсон ҳаётида бу вақт маълум даражада ўз ўрнига, ижобий ёки салбий нуқталарига эга бўлган давр.

Ч.Ш.:— Сиз фаолият бошлаганингизда қандай муаммолар бор эди?
Ж.Р.: — Биласизми, ҳар бир раҳбар янги ташкилотда ўз принципларини жорий қилишга ҳаракат қилади. Мен Тошкент давлат стомотология институтида озми,  кўпми тажриба орттирдим ва шу орқали ушбу институтда маълум бир нарсаларни ўзгартиришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Биринчи ўринда таълим сифатини яхшилаш керак. Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, 2013 йилдан Самарқанд давлат тиббиёт институти олий тиббий таълим соҳасида биринчи бўлиб кредит-модул тизимига ўтган олийгоҳ ҳисобланади. Мана, орадан 7 йил ўтди. Ва бу ерда тизим бўйича йиғилган катта тажриба бор. Мен бу ерга келганимдан сўнг, шу тажрибадан фойдаланган ҳолда бугунги замонавий, яъни айнан кредит-модул тизимини яна ҳам такомиллаштиришга ҳаракат қилдим. Бундан ташқари, институтдаги онлайн платформани 4-5 ой давомида ходимлар билан биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб, 99 фоизга янгиладик. Нафақат янгиладик, балки энг янги усулларни, видеолекцияларни, видеотақдимотлар, амалий кўникмаларни видеоклип тарзида ташкил этиб, онлайн платформани қайтадан шакллантирдик. Буни биз икки тилда тайёрладик. Ҳозирда инглиз тилидаги варианти устида иш олиб боряпмиз. Талаба эса бемалол онлайн платформага кириб, ўқишини давом эттириши мумкин. Бу айниқса, бугунги пандемия билан боғлиқ шароитда энг қўл келадиган усуллардан бири, деб биламан. 

Илмий томондан кўрадиган бўлсак, интитутда илмий салоҳият ёмон эмас. Фақатгина маълум бир қисмларини тўғирлаш зарур бўлди. Aммо қисқа муддат ичида биз 29 фоиз илмий салоҳиятдан 39 фоизга кўтарилдик. Бу ички резервлар ҳисобига, албатта. Мен бу салоҳиятни 50 фоизга кўтаришни ўз олдимга режа қилиб қўйганман. Биласиз, илмий мақолалар учун “Scopus” журнали бор. Унда 2019 йилда институт томонидан 4 та мақола чоп этилган экан. Ўтган 8 ой давомида 103 та мақола чоп этдик. Бу айтишга осон, лекин ҳар бир мақола ортида жуда катта меҳнат ётибди.

Ч.Ш.: — Бу рақам ортидан қувиш бўлиб қолмаяптими?

Ж.Р.: — Йўқ, менимча бундай эмас. Чунки мақола жаҳон стандартларига жавоб бермаса, “Scopus” уни чиқармайди. Ҳолбуки таълим жараёни бир кунда ҳал бўладиган жараён эмас. Бунинг учун камида 2-3 йил вақт керак. Мен сизга айтсам, республика миқёсидаги ёки яқин хорижда чиқадиган мақолаларимиз сони ҳам қарийб 6-7 баравар кўпайди. Бундан кўриниб турибдики, илм билан шуғулланадиган ёшлар бор, илмга муносабат бор, илмий салоҳиятни ошириш учун ҳаракат бор. Буларнинг барчаси бир кунда бўладиган нарсалар эмас. Бунинг учун вақт керак, албатта. Ва менинг олий мақсадим институтни халқаро миқёсдаги энг яхши мингталикка олиб чшқиш.

Ч.Ш.: — Ҳали маҳаллий институтлар бир-бири билан беллашиб, Марказий Осиёга танилмаган пайтда сиз қандай қилиб жаҳонга танитмоқчисиз?

Ж.Р.: — Сиз тоғга қараб интилсангиз, албатта, қирга етиб борасиз. Шу нуқтайи назардан Халқаро рейтингда институт ўз ўрнини эгалласа, бу албатта, жуда яхши натижа. 

Бу 90 йиллик институт. Ҳолбуки бошқа олийгоҳларнинг отахони, десак ҳам бўлади. Шу вақт ичида, қолаверса, Собиқ иттифоқ даврида ҳам Марказий Осиёда ўз ўрнига эга бўлган, десак муболаға бўлмайди.

Ч.Ш.: — Қани шу ўрни?

Ж.Р.: — Афсуски, бу савол мени ҳам кўп ўйлантиради. Aлбатта, ўрни бўлади. Яқин келажакда Самарқанд давлат тиббиёт институтининг обрўси, албатта, тикланади.

Самарқанд давлат тиббиёт институтини ривожланишига энг катта туртки бўлган нарса бу иккинчи жаҳон уруши йилларида Ленинград ҳарбий тиббиёт академиясининг Самарқандга эвакуация қилиниши бўлган. У ердан жуда кўп олимлар Самарқандга келиб фаолият юритиб, ўша ерда қолиб кетишган.  Шу ўринда айтишим мумкинки, биздаги битирувчиларнинг айримлари ҳозир жуда нуфузли халқаро таълим муассасаларида, яъни Оксфорд, Кембриж олийгоҳларида фаолият олиб боришади. Биз бугун улар билан фахрланамиз.

Ч.Ш.: — Нима учун улаp чет элда дарс беришяпти. Нега ўзимизда эмас. Ёки гап фақат моддий рағбатдами?

Ж.Р.: — Буни мен ҳам жуда кўп ўйлаганман. Лекин сизга аниқ жавоб бера олмайман. Назаримда, Собиқ иттифоқ даврида уларнинг кўплари чет элга чиқиб кетишида маълум сабаблар бўлган. Ҳозир ўзимизнинг муасассаларда ишлаётган етук мутахасисларимиз ҳам бугунги кунда институт учун ёрдам беришга тайёр. Мен кўплари билан суҳбатлашдим. Ҳатто, бир-икки нафарларига биз интитутимизнинг фахрий профессори унвонини бердик. Чунки улар бизга хайрихоҳлик қилиб, жуда кўп онлайн машғулотлар, семинарлар ўтказишди. Улар доим ёрдамга тайёр. Лекин оилавий шароит, умуман олганда, у ердаги социал муҳит бугунги кунда бу ерга келиб иш бошлашга йўл бермайди. Лекин мен аминманки, бу кунларга ҳам келамиз.

Ч.Ш.: — Талабаларнинг ҳам кўплари Ўзбекистон олийгоҳларини тарк этишмоқда. Бунинг асосий сабаби нимада?

Ж.Р.: — Энг ачинарли томони қобилиятли ёшларимиз кетиб қолмоқда. Бунга сабаб илм фаннинг сифати ўша борган жойларида нисбатан яхшилиги, яхши мактаб яратилгани, деб ўйлайман. Охирги йилларда қилинаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам гапириб ўтмоқчиман. Ривожланган давлатлардаги Олий таълим муассаларидаги илмни, муҳитни олиб келиш учун сўнгги йилларда 20дан ортиқ олий таълим муассасасининг филиали очилди. 

Сиз нима қилдингиз деган савол туғилиши мумкин. Бу йилдан бошлаб биз 5 та бакалавр йўналиши бўйича қўшма дастур очдик. 

Ч.Ш.: — Сиз айтаётган ислоҳотлар ўз йўлига. Маълумки, таълим муассасаларида қотиб қолган тизим ва тузум бор. Хабарингиз бор,  яқинда Ипак йўли туризм халқаро университети проректори Азамат Акбаровнинг дипломи сохта экани ҳақида гаплар тарқалди. Лекин бу ёлғон бўлиб чиқди. Сиз бундай воқеаларга қандай қарайсиз?

Ж.Р.: — Бундай ҳолатлар фақат олий таълимда эмас, бошқа соҳаларда ҳам бор. Фикримча, ислоҳотлар ҳар доим ҳам ҳаммага ёқавермайди. Ҳолбуки,  ислоҳотларнинг орқасида катта меҳнат бор. Меҳнат қилишни истамайдиган инсонлар бошқа йўлларни қидиради. Бу бир марталик меҳнат бўлса, кўзларини юмиб бўлса ҳам қилади, лекин бу тизимли равишда талаб қилинса, бундан қочишга ҳаракат қилади. Ўйлайманки, агар раҳбар ростан ҳам шаклланган кучли бошқарувчи бўлса, албатта у ердаги муҳитни яхшилашга ҳаракат қилади. Мен бу воқеа ҳақидаги мақолани ўқидим. Нима учун бундай бўлганини ҳам билдим. Бу ерда энг катта муаммо проректорнинг бир ўзи курашгани билан боғлиқ бўлса керак. Шунинг учун ҳам у мағлуб бўлди. Ҳамфикрларини йиғиб, жамоа билан биргаликда ўзининг ислоҳотларини илгари сурганда, балки бу кўнгилсизлик бўлмасди. Aфсуски, бу ислоҳотларни амалга оширишда, умуман, ривожланишда жуда салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Ҳатто, бизда ҳам бўлган шунга ўхшаш воқеа. Илгари ишлаган жойларимизда ҳам бўлган. Бирор янги ташаббус ёки ислоҳотларни амалга оширмоқчи бўлганимизда ошкора қарши чиққанлар ҳам топилган. 

Афсуски, қонуний жиҳатдан чора кўриш учун баъзида раҳбарнинг ҳуқуқи етарли бўлмаяпти. Бу ҳам биздаги камчиликлар сирасига киради. Масалан мен институтда бирор ходимни сен ёмон ишлаяпсан деб тўғридан тўғри уни ишдан бўшатишга ҳуқуқим йўқ. Бу ҳам бор ҳақиқат. Aгар ишдан бўшатсам, устимдан ёзади, бу табиий ҳол, бориб ташкилотларга учрашади. Мен кейин амалга оширишим керак бўлган ишларни қўйиб, шу иш билан овора бўлиб қоламан. Вақтим ўзимни оқлашга кетишини хоҳламайман. Кейинги масала шу: исботлаш имконияти ҳар доим ҳам борми ё йўқми? Бу эса тингловчига боғлиқ. Чунки ҳамма ўзининг қаричи билан ўлчайди. Мана шу нарсалар ҳам қайсидир маънода жуда муҳим. Ҳозирги даврда бирор ўқитувчини сен яхши ишламаяпсан деб ишдан бўшатишга ҳаққимиз йўқ.

Ч.Ш.: — Лекин ҳамма ректорлар ҳам холис эмас-да... 
Ж.Р.: — Тўғри бу масаланинг иккинчи томони. Ҳамма жойда ҳам муҳит бир хил эмас. Масалан мен учун мана шу институт муқаддас жой. Биринчи ўринда раҳбардан талаб қилинадиган нарса, ҳаммага аввало ўзи ўрнак бўлиши. Шундагина бошқаларни ортидан эргаштира олади.

Ч.Ш.: — Бугунги талабалар кечаги талабалар эмас. Ҳозир кўп нарсалар уларнинг талабига жавоб бермаяпти. Уларнинг қаричи билан ўлчаб кўрганда, педагогларнинг билими нисбатан эски бўлиб қолмоқда. Уларни порлоқ келажакка қандай ишонтирасиз?

Ж.Р.: — Бу жуда қалтис савол. Мен доим ўзимга савол бераман. Нега чет элдаги талабалар билан бизнинг талабалар орасида фарқ катта? Чунки, у ердаги талабаларда эркинлик бизга нисбатан анча катта. Бу ўқишда ҳам, амалиётда ҳам сезилади. Шу пайтгача кўплаб ривожланган давлатларда бўлиб, барчасида олий таълим тизимини ўргандим. Мен талабаларим билан дўстман. Бу ерга келганимда, биринчи ойлари жамоа мени унчалик тушунмади. Мен доим битта нарсани илгари сурдим: талаба бор – биз бор. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, биз талабаларга ёрдамчи бўлишимиз керак. Бунинг учун ичидаги дардини билишимиз шарт. 

Ч.Ш.: — Сиз Оксфорд, Кембриж ҳақида гапиряпсиз. Лекин улар тўртинчи авлод университетлари, биз эса биринчи авлод. 

Ж.Р.: — Фикримча, биз режани юқорироқ олишимиз керак. Қанчалик юқорига интилсак, албатта, бир кун уларнинг даражасига етамиз. Бунинг учун уларнинг андозасини олишимиз керак. Велосипедни қайтадан ихтиро қилишимиз шарт эмас. Биз тўртинчи авлод университетларга етиша олмаймиз. Тажриба шуни кўрсатяпти. Aммо яқинлашиш учун қаттиқ меҳнат ва кучли билим талаб қилинади

Ч.Ш.: — Пандемия нафақат тиббиёт, балки барча соҳалардаги камчиликларни, бўшлиқни яққол кўрсатиб қўйди. Aйтингчи, бу бўшлиқлар тўлдирилдими?

Ж.Р.: — Биласизми, энг яхши сабоқ берувчи мактаб – бу ҳаёт. Ҳаёт дарсларини қолдиришнинг имкони йўқ. Лекин жуда қимматга тушади. Сиз ҳар битта йўл қўйган камчилигингиз орқали ўзингизни такомиллаштириб борасиз, маълум бир нарсалардан сабоқ чиқарасиз. Aлбатта, пандемия шароитида, айниқса, тиббиётда жуда кўп камчиликларимиз кўриниб қолди. Ютуқларимиз ҳам бор. Кадрлар тайёрлаш борасида ҳам бир қанча камчиликларимиз йўқ эмас, албатта. Aфсуски, бу ўтган йиллар давомида таълим сифатига бўлган эътибор озроқ камайган. Йўл қўйилган кичик хато эртага катта асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Бу асоратларни биз кўриб турибмиз. Буни бугунги кунда биз тўғриламасак, кадрлар тақчиллиги авж олади. Бунинг учун эса фақат ишлаш керак. 

Шу ўринда ҳамкасбларга савол билан мурожаат қилмоқчиман: 10-15йилдан кейин кимга борамиз? Қайси шифокорга ишониб борамиз? Ўқитаётган талабангизга ўзингиз ишонасизми? Биз ҳар доим шу нарсани кўз олдимизда шакллантирсак, шундагина биз бирор нарсани ўзгартиришимиз мумкин.

Ч.Ш.: — Пандемия жамиятимизда қандай янгича босқични бошлаб берди. Нима деб ўйлайсиз?

Ж.Р.: — Биз таълим соҳасида тўлиқ форматда ривожлантиришга биринчи қадамни қўйдик. Aфсуски, бизда онлайн таълим яхши ривожланмаган. Бу кўпчилигимизни шошириб қўйди. Лекин бутун дунёда онлайн таълим аллақачон ривожланиб бўлган. Биз онлайн таълимга иккинчи даражали таълим сифатида қараганмиз. Ҳар доим шундай бўлган. Демак, олий таълимда ҳам ўрта таълимда ҳам онлайн ўқитишнинг ўз ўрни бўлиши керак. 

Бизда мустақил таълим ҳам бор. Aфсуски, бунда ҳам камчиликларимиз жуда кўп. Биринчидан талабаларимиз, иккинчидан домлаларимиз, профессорларимиз ҳам бунга тайёр эмас. Мустақил таълим ҳақида гап кетганда бир нарсани таъкидлаб ўтишим керак. Мен илгари асистент бўлиб ишлаганимда ҳам умуман мустақил таълим ҳақида тушунчага эга эмасдик. Мустақил таълимга зарур бўлмаган, яъни иккинчи даражали таълим сифатида қаралар эди. Ваҳоланки бу тўғри ёндашув эмас. Бу жараённинг ҳам ўз ўрни бор.

Ч.Ш.: — Талаба бир томон. Лекин педагогларнинг ўзи қанчалик мустақил шуғулланяпти?
Ж.Р.: — Энг катта муаммомиз ҳам шунда. Бу талаба ва педагог учун муҳимлигини унутиб қўйганмиз. Мустақил таълим ҳозирги кунда қайта ислоҳотларни талаб қиладиган даражада.

Таълим ўқитувчи учунмас, талаба учун зарур. Бу нарсани биз тўғри тушуниб етишимиз керак. Шундагина биз олдимизга қўйган мақсадга етишишимиз мумкин.

Мен бу ерда янги иш бошлаган кунлари талабалар билан учрашдим ва институтда конспект масаласини бекор қилдим. Ёзиш эркин. Aгар эшитган бўлсангиз, бу янгилик ижтимоий тармоқларда жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Мени бир савол жуда қизиқтиради: конспектни талаба ўзи учун ёзади, нима учун биз уни мажбурий қилишимиз керак?

Ч.Ш.: — Сиз ҳам ўша конспектлар даврининг талабасисиз, жаноб Ризаев. Сизга конспектлар зарар қилганми?

Ж.Р.: — Менга зарар қилмаган-ку, лекин уйда конспектларимни синглим ёзиб берарди (кулиб). Лекин яна бир нарсани тан олишимиз керакки, жудаям зўр маъруза ўқийдиган домлаларнинг дарсларида бир дақиқа ҳам бошимни кўтармасдан конспект ёзардим. Чин дилдан хоҳлаб ёзардим. Чунки билардимки, конспектда ёзилган нарсаларни ўқисам, мен эртага шу билимни ўзлаштира оламан. Лекин ҳар доим ҳам бундай эмас-да.

Ч.Ш.: — Aйнан мана шу институт талабаларидан онлайн дарсларда форма талаб қилиняпти деган гаплар тарқалди. Бу қайси мантиққа тўғри келади?

Ж.Р.: — Биласизми институтта онлайн дарсларда ҳалат кийишни талаб қилишмоқда, деб ижтимоий тармоқларда жуда кўп гаплар бўлибди. Мен буни ўзим ўқиб, тепа сочим тикка бўлиб, таҳлил қилдим. Деканлар ҳам, масъуллар ҳам бундай эмаслигини айтиб, мени ишонтиришди. Бу нарсалар ҳам бўлиши мумкин. Фарзандларим ҳам келиб, маърузада ҳалат кийиб ўтиришимиз керак экан, деган ҳолатлари бўлди. Менимча, бу энди бюрократик ёндашув, десам тўғри бўлади.

Ч.Ш.: — Лекин талабалар орасида “агарда форма хоҳишга қараб дейилганда, ҳам мен формада ўқишга келаман”, дегувчилар ҳам бўлди.

Ж.Р.: — Биласизми, оддий инсоний этикетлар бор. Нега қиммат ресторанга борсак, шортикда киритмайди. Нима учун биз шўрвани вилкада ичмаймиз? Нега вилкада ейишимиз керак бўлган овқатни қошиқда емаймиз. Aхир бу оддий этикет. Буни ҳаммамиз тўғри тушунишимиз  керак.

Aммо чегара бўлиши керак-да.Талаба ялангоёқ келса ҳам индамасдан тура олмаймиз. Ҳозирги айтаётган гапларимизни тагида битта маъно бор. Биз эртага бўлажак мутахассисларни ҳаётга тайёрлаб беришимиз керак.

Ч.Ш.: — Университетларда порахорлик ректорни хонасидан бошланади дейишади. Сиз бунга қандай қарайсиз?
Ж.Р.: — Биламадим. Мен нима деб жавоб беришга ҳам ҳайронман. Мен агар порахўрлик йўқ, дея олмайман. Мен шунчаки муносабат билдиришим мумкин. Масалан менинг ташкилотимда бунақа нарсалар йўқ деб айтсам, лекин бу нарсаларни гувоҳи бўлган одамларда ректор ҳам шерик деган фикр туғилиши мумкин. Aгар бор десам, мен бу ерда нима қилиб ўтирибман. Бу масала бўйича мен биринчи кундан бошлаб профессор-ўқитувчиларга ўз шартларимни қўйганман.

Порахўрлик кечирилмайди. Мен доим битта нарсани айтаман. Институтга бойиб кетаман деб келмаслик керак. Бу менинг принципим. Aгар кимдир бизни институтга бойиб кетиш мақсадида келмоқчи бўлса, овора бўлмасдан хусусий килинакалардан бирига бориб ишлайверсин.

Ч.Ш.: Жасур Ризаевга буни гапириш осон. Биз бугунги давр педагогига, яъни тенгсизликни кўриб турган педагогларга порахўрликни тўхтатинг ёки қилманг деб қанчалик талаб қўя оламиз? Қачонки, уларга моддий рағбат етарли даражада бўлмаса...

Ж.Р.: —  Бошқа соҳаларни билмадим. Лекин Олий таълим, яъни айнан тиббий таълимда педагогларимизнинг ўз касби бор. Бу – шифокорлик. Сиз жуда яхши биласиз, мен бугунги кунгача шифокорлик фаолиятим билан шуғулланаман. Буни қўрқмасдан айтишим мумкин. Сизда қачон шуғулланасиз деган савол пайдо бўлиши мумкин. Самарқандда ҳам шогирдларимизнинг хусусий килиникалари бор. Шу ерда маълум вақтларда консултатив ёрдам бериб бораман. Қолаверса, бу соҳадан бошқа бизнесим ҳам бор.
 
Ушбу интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

конспект Жасур Ризаев СДТИ ректори порахорлик

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг