Фоторепортаж: Дональд ва Мелания Трамп Иккинчи жаҳон уруши қурбонларига ҳурмат бажо келтирди
Олам
−
09 Май 2020
9186АҚШ Президенти Дональд Трамп биринчи хоним Мелания билан Вашингтондаги Иккинчи жаҳон уруши ёдгорлигига гулчамбар қўйиб, уруш қурбонларига ҳурмат бажо келтирди. Маросим америка телеканаллари орқали жонли эфирга узатилди.
Маросимда Пентагон раҳбари Марк Эспер ҳам иштирок этди. Трамп рафиқаси билан масофадан туриб уруш қатнашчилари билан суҳбатлашди. Маросимга йиғилганларнинг деяри барчаси ниқобсиз бўлган. Фақатгина журналистлар ва Махфий хизмат агентлари ниқоб таққан.
Маросим вақтида Оқ уй соҳиби нутқ сўзламади ва журналистларнинг саволларига ҳам жавоб бермади. Трамп ОАВ вакиллари билан саломлашиб, сўнг ўз лимузини томон юриб кетди.
Кейинроқ журналистлар Президент матбуот котиби Кейли Макинэнидан Трамп нега ниқоб тақмаганини сўрашганда, у давлат раҳбари мунтазам равишда тест топшираётгани ва уруш қатнашчилари ҳам коронавирусдан ҳимояланганини маълум қилди.
“Уруш қатнашчилари ўз танловларини қилиб, шундай муҳим кунда ўзларининг бош қўмондонлари олдида туришни афзал кўрдилар. Сизга шуни айтишим мумкинки, Президент уруш қатнашчилари ва америка фуқароларининг хавфсизлигини биринчи ўринга қўяди”, деди Макинэни.
Аввалроқ Оқ уй Европада 8 май куни Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба муносабати билан нишонланадиган Ғалаба куни бўйича баёнотини эълон қилганди. АҚШ Президентига кўра, Европада фашизмни йўқ қилиш кампанияси озодликнинг баҳоси тўғрисидаги қайғули эслатма ҳисобланади.
LiveБарчаси