Ўзбек актёрлари Бурак Ўзчивит билан бир сериалда роль ўйнади (видео)
Маданият-санъат
−
06 Март 2020
40294Ўзбекистонлик актёрлар Тоҳир Саидов, Акмал Мирзо, Жамшид Сагатов, Алихан туркиялик киноижодкорлар томонидан суратга олинаётган “Қурилиш. Усмон” сериалида суратга тушди. Улар роль ижро этган саҳна сериалнинг 13-қисмидан ўрин олди.
Аввалроқ, Ўзбекистон ва Туркия киноижодкорлари ҳамкорлигида Истанбул шаҳрида Жалолиддин Мангуберди сериали суратга олинаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур сериалда Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Саида Раметова, Тоҳир Саидов, Раъно Шодиева, актёрлар Жавоҳир Зокиров, Алишер Узоқов, Адиз Ражабов, Акбархўжа Расулов, Райҳон Уласенова, Юлдуз Ражабова, Феруза Норматова роль ижро этмоқда.
Маълумки, Жалолиддин Мангуберди сериали ижодкорлари бугунгача “Тирилиш. Эртўғрул” сериалини суратга олган. 5 йил давом этган лойиҳа 2019 йилда якунланди. У дунёнинг 85 мамлакатида ўз томошабинларини топди. Ортидан эса 2019 йилнинг ноябрь ойида “Қурилиш. Усмон” сериалига старт берилди. Ушбу сериал ҳам Жалолиддин Мангуберди сериалига бошчилик қилаётган продюсер ва сценарийнавис Меҳмет Бўздоғ раҳбарлигида суратга олинмоқда.
Бугунгача ҳам ўзбекистонлик актёрлар хорижий фильм ва сериалларда суратга тушган. Бироқ, улар орасида ҳеч бир фильм ва сериал “Қурилиш. Усмон” каби дунёда шуҳрат қозонмаган.
Айни “Қурилиш. Усмон” сериали суратга олинаётган майдонда ўзбек ва турк киноижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинаётган “Жалолиддин Мангуберди” сериалининг декорациялари қурилган. Декорацияларда Хоразмдаги тарихий обидалар акс этган.
Маълумот ўрнида, сериал Усмонийлар империяси асосчиси Эртўғрул ўли Усмон ҳақида бўлиб, унда империяга асос солиниши, Усмоннинг давлатчиликни тузиш йўлидаги ҳаракатлари, мўғулларга қарши курашлари акс этган.
LiveБарчаси