Олов ичида қолган Франция, Меҳрибон Трамп ва Ўзбекистоннинг позицияси

Таҳлил

−

Reklama
0:00

Россияда ўлат хавфи ҳақида миш-мишлар урчимоқда. Европа қўрқувда, дунё давлатлари Москвадан изоҳ талаб этмоқда. Кремль эса ҳеч қандай хавф йўқлигини айтяпти. Хўш, Путин ҳукумати муаммони яширмоқдами ёки бу АҚШ бошчилигидаги Ғарбнинг рус жамиятида норозилик уруғини сепиш воситасими? 

Францияда ўқувчилар намойиши бутун мамлакатни эгаллаб олди. Ҳукумат аллақачон кескин чораларни қўллашни бошлаб юборди. Мактаблар ёқиб юборилмоқда, кўчаларда вояга етмаган болалар полицияга қарши жанг олиб боряпти. Навбатдаги Зет авлод инқилоблари ортида қандай муаммолар яширинган? 

Россия Украинага ҳужумларни кучайтирган. Баллистик ракеталар Киевгача етиб келмоқда, ҳар куни портлашлар ва юзлаб қурбонлар. Мана шундай вазиятда Германия канцлери Зеленский билан учрашиш учун Киевга келди. Хўш, Германия энди нималарни ваъда қилмоқда? Уруш траекторияси ўзгарадими? 
Саудия ҳам уруш гирдобига тортилди. Ямандаги ҳусийлар ҳатто Ар-Риёддаги аэропортларга ҳам ҳужум уюштирмоқда. “Мусулмон НАТОси” билан ОАВда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган Макка пакти ниҳоят амалий ҳаракатга ўтди. Туркия ва Покистон ҳарбий ёрдам бермоқчи. Хўш, бу ёрдам қандай кўринишда бўлади? 

Ҳафта давомида содир бўлган энг муҳим воқеалар шарҳи билан Qalampir.uz’нинг Weekend дастурида танишамиз. 

Ўлат васвасаси 

Бир аёлнинг ўлими, юзлаб одамларнинг тиббий назоратга олиниши, шифохоналардаги карантин ва ОАВни ларзага келтираётган ўлат хавфи. Европа қўрқувда, АҚШ кўмаклашмоқчи, лекин Кремль шунча муаммо устига қора мато ташлаб, уни кўрсатмасликка уринмоқда. Хўш, нега? Агар гап чиндан оддий пневмония ҳақида кетаётган бўлса, нега шунча одам хавотирга тушмоқда? 

Ҳаммаси Россиянинг Иркутск вилоятида бошланди. 2026 йил сентябрь ойи охирида ўлатга қарши курашиш билан шуғулланувчи илмий-тадқиқот институтида ишлаган ёш аёл оғир пневмония аломатлари билан шифохонага ётқизилган эди. Сўнгра у 1 октябрдан 2 октябрга ўтар кечаси вафот этган. Айрим ахборот воситалари марҳуманинг ўлимини ўлат, хусусан, унинг ўпкага таъсир қилувчи тури билан боғламоқда. Аёлнинг касалликни юқтириб олиши борасида турли сценарийлар мавжуд. Тахминлардан бирига кўра, аёл Мўғулистон билан чегарадош ҳудудларда ўлат хавфи қайд этилган Бурятияга хизмат сафарида бўлган ва айнан шу вақтда беморлардан касалликни юқтириб олган бўлиши мумкин. Бошқа бир тахминда эса лабораторияда хавфли бактерия сақланган пробирка билан боғлиқ ҳодиса юз бергани айтилган. 

Аммо бу версияларнинг ҳеч бири ўлат билан касалланишни тасдиқловчи расмий далил сифатида тақдим этилмаяпти. 4 октябрь куни эълон қилинган Россиянинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилувчи федерал хизмати – Роспотребнадзорнинг расмий баёнотига кўра, ўлимга келиб чиқиши номаълум пневмония, яъни ўпка ҳужайраларининг яллиғланиши сабаб бўлган. Шунингдек, баёнотда Иркутск ўлатга қарши институти ходимаси билан мулоқотда бўлганларнинг ҳеч бирида инфекция билан боғлиқ саломатлик ўзгаришлари аниқланмагани, марказда ҳеч қандай авария ҳолатлари ҳам юз бермагани маълум қилинган. 

Қизиқ жиҳати, аёлнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар текширилаётган бир пайтда у даволанган Шелехов туман шифохонасида чекловлар жорий қилинган эди. Марҳума билан алоқада бўлган одамлар аниқланиб, тиббий назоратга олинган. Кейинчалик маҳаллий ахборот воситалари карантин чоралари Иркутскдаги бошқа тиббиёт муассасаларига ҳам жорий этилганини ёзган. 

Бундай кескин чораларнинг кучайиши жамоатчиликни хавотирга сола бошлади. Айнан ўлатга қарши курашиш марказида ишловчи аёлнинг ўлими жамоатчиликда хавфли инфекция тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумонларни кучайтирди. Расмий баёнотлар ҳам одамларни тинчлантира олмади. Google Trends маълумотларига кўра, 29 сентябрдан 5 октябргача Россияда Google орқали “ўлат” сўзини қидириш кўрсаткичлари 2 800 фоизга ошиб кетди. 
Вазият шу даражага етдики, 5 октябрь куни Кремль ҳам вазиятга муносабат билдириб чиқди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков фуқароларни ўлат ҳақидаги миш-мишларга ишонмасликка чақирди. 

“Бу соҳада тажрибага эга етакчи агентлик – Роспотребнадзордир. Биз миш-мишлар, тахминлар ва бошқа нарсаларга қулоқ солмасдан, Роспотребнадзорнинг расмий баёнотларига таянишимиз керак. Роспотребнадзорда бу соҳада юқори малакали мутахассислар мавжуд”, дейди Песков. 

Кремлнинг мақсади аниқ: аҳоли орасида ваҳиманинг ошиб кетиши, норозиликларнинг кучайиши Россиядаги “Пандора қутиси”ни очиб юбориши мумкин. Ўзи шундоқ ҳам асосий харажатлар урушга йўналтирилгандан бери соғлиқни сақлаш каби бошқа ижтимоий соҳалар эътибордан четда қолиб кетаётган эди. Биргина кичик туртки бугун бутун рус жамиятини оёққа турғазиб юбориши мумкин. 

Айнан шундай сценарий эса Ғарбга керак эди. Вазиятдан, энг аввало, АҚШ президенти Дональд Трамп фойдаланиб қолди. 5 октябрь куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатлашган Трамп Россияга зарур ёрдамни таклиф қилишга тайёрлигини айтган. У ўлатни жиддий касаллик деб атаб, бундай вазиятларда ёрдам бериши мумкинлигини билдирган. 

АҚШ Давлат департаментидаги манба эса вазият тегишли идоралар, жумладан, Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари билан биргаликда кузатилаётганини маълум қилган. 

“Биз Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари ҳамда бошқа идоралараро ҳамкорларимиз билан биргаликда вазиятни синчковлик билан кузатиб боряпмиз. Кўплаб тафсилотлар ҳозирча тасдиқланмаган. Биз Россия расмийларини ишончли маълумотларни тезкор ва очиқ равишда баҳам кўришга чақирамиз”, дейилади изоҳда. 

Трампнинг таклифи унинг меҳри жўшиб кетганиданми ёки Россияда ҳақиқатан ҳам ўлат тарқалаётганига аҳолини янада ишонтириш мақсадида бўлдими, айтиш қийин. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам триггер ишлади. Россияда ўлат хавфи масаласи бутун дунёда кун тартибига чиқди. 
Европа давлатлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Москвадан вазият юзасидан кўпроқ маълумот талаб қила бошлади. Хорижий ОАВларда “Россия ўлат хавфини яширмоқда, бу орқали бутун дунёни хавф остига қўймоқда” мазмунидаги мақолалар чиқарила бошланди. Натижада нафақат рус жамиятида, балки европаликлар орасида ҳам янги карантин ҳақидаги миш-мишлар урча бошлади. 

Бундай босимлар остида Кремль ҳам жим туролмади. 6 октябрь куни Россия расман ЖССТга Иркутскда ўлат ҳолатлари қайд этилмаганини билдирди. Женевада ўтказилган брифингда ЖССТ вакили Кристиан Линдмайер Россия ҳукуматининг расмий жавобини ўқиб эшиттирди. Унга кўра, марҳума билан алоқада бўлган барча шахслар аниқланган ва тиббий назоратга олинган, бироқ уларда касаллик аломатлари кузатилмаган. 
Бироқ шу билан масала ёпилмади. Европа учун янада батафсил маълумотлар зарур эди. Фақатгина касаллик кузатилмагани барча саволларга жавоб эмас эди. Улар ўлим сабаби ва эҳтимолий инфекцияни ўрганиш масаласини ўртага ташлади. 

7 октябрь куни Брюсселда Европа комиссияси вакили Россияни Сибирда юз берган ҳодиса юзасидан шаффоф ҳисобот тақдим этишга чақирди. Европа томони ишончли эпидемиологик ва микробиологик маълумотлар берилишини сўради. Европа комиссиясининг бундай талаб билан чиқиши Россияда ўлат эпидемияси тасдиқланганини англатмаса-да, бир вақтнинг ўзида муаммоларни ёпди-ёпди қилишга ҳам йўл қўймаяпти. 

Вазиятнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Россиядаги воқеа Марказий Осиё давлатларида ҳам эҳтиёт чораларини кучайтиришга сабаб бўлди. Ўзбекистон 3 октябрь куни ўта хавфли инфекцияларнинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш мақсадида масъул хизматлар шайлигини оширди. Кейинчалик Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам санитария-карантин назоратини кучайтирди. 

Ўзбекистон учун бу масала бевосита жамоат саломатлиги билан боғлиқ. Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков ҳам мамлакатда ўлат билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор экани ва хавотирланиш учун асос йўқлигини билдирган. 

“Аввало, шуни айтиш керакки, мамлакатимизда ўлат касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ”, дейди у. 

Муаммо қанчалик жиддий, ўлат хавфи чиндан мавжудми ёки йўқми – ҳали номаълум. Россиянинг ўзида эса мавжуд эҳтиёт чоралари бекор қилинди. 8 октябрь куни Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев маҳаллий даражада жорий этилган карантин чоралари бекор қилинганини эълон қилди. Унинг айтишича, Роспотребнадзор мутахассислари профилактик тадбирларни якунлаган, марҳума билан алоқада бўлган шахсларда инфекцион касаллик белгилари аниқланмаган. 

Губернатор қарийб 5 мингта лаборатория текшируви натижасида хавфли патоген микроорганизмлар топилмаганини билдирган. Шунингдек, марҳума хавфли инфекцияларга қарши иммунитетга эга бўлгани ва институтда патогенлар билан ишлаш жараёнида фавқулодда ҳодиса аниқланмагани айтилган. Шу асосда ҳудуддаги карантин режими тугатилди ва муассасалар одатий иш тартибига қайтди. 

Бироқ бу билан ҳаммаси тугаб қолмайди. Ғарб бу воқеадан максимал даражада фойдаланиш ниятида кўринади. Европа ҳануз тўлиқ ва шаффоф ахборот олиш имконияти йўқлиги ҳақида гапирмоқда. Хуллас, “қора мато” остида чиндан хавф борми ёки йўқми – буни ҳали билмаймиз. 

Франция мактаблари олов ичида 

Норозиликлар (инқилоб ёки намойиш) халқнинг яшаш шароити оғир бўлган даврларда эмас, аксинча, яхшилана бошлаганда кўпроқ содир бўлади. Ушбу назария буюк француз сиёсий мутафаккири Алексис де Токвиль томонидан илгари сурилган ва унинг шарафига Токвиль парадокси деб аталган. Қизиқ жиҳати, бунинг исботини бугунги кунда яққол кўриш мумкин. Бир томонда анчадан бери уруш билан ҳамнафас яшаётган, ҳукумат томонидан доимий босим, эркинликнинг чекланиши ва ҳуқуқларининг поймол қилинишига индамай келаётган рус жамияти, бошқа томонда эса Европадаги инсон ҳуқуқлари ва либерал қадриятларга тўйинган французлар. Россияда намойиш бўлганини деярли эшитмаймиз, Францияда эса кичик учқун ҳам аҳолининг улкан агрессиясига ўт қўйиб юбориши мумкин. 

Ҳа, бугун ҳам Франция кўчалари намойишчилар билан тўла. Аммо бу гал қўлларида пенсия ёшини оширишга қарши плакатлар кўтарган ишчилар ёки ҳукумат сиёсатидан норози фермерлар эмас, мактаб ўқувчилари турибди. Уларнинг айримлари ҳали вояга ҳам етмаган. 
Бугун мактаб дарвозалари баррикадалар билан тўсилган, дарслар тўхтатилган, юзлаб таълим муассасалари фаолиятини вақтинча чеклашга мажбур бўлган. Минглаб одамлар полиция томонидан қўлга олинган. Бир вақтлар таълим сифати ва тенг имкониятлар билан фахрланган Францияда энди ўқувчилар давлатдан энг оддий нарсани – ўқиш учун шароитни талаб қилмоқда. 

Сентябрь ўрталарида бошланган норозиликлар октябрга келиб бутун мамлакатни қамраб олган кенг кўламли ҳаракатга айланди. 6 октябрь куни Франция Ички ишлар вазирлиги мамлакат бўйлаб намойишларда 266 мингдан ортиқ киши қатнашганини маълум қилди. Парижнинг ўзидa 56 мингга яқин одам кўчаларга чиққан. Дастлаб мактаблар олдидаги кичик норозилик сифатида бошланган ҳаракатга университет талабалари, ўқитувчилар, ота-оналар ва касаба уюшмалари ҳам қўшилди. Шу тариқа, оддий ўқувчилар норозилиги Франция ҳукумати учун жиддий сиёсий синовга айланди. Энг ачинарлиси, намойишчиларни кўчага олиб чиққан сабаблар орасида мураккаб сиёсий талаблар эмас, балки дарс ўтадиган ўқитувчининг йўқлиги, таъмирталаб мактаблар ва ҳаддан ташқари гавжум синфхоналар бор. 

Ҳаммаси 17 сентябрь куни Париж яқинидаги Кретей ҳудудида жойлашган Сен-Экзюпери лицейида бошланди. Ўқитувчилар иш шароитлари ва ходимлар етишмовчилигига қарши иш ташлаш эълон қилган. Кўп ўтмай, ўқувчилар ҳам уларни қўллаб-қувватлаб, мактабдаги муаммоларга эътибор қаратишни талаб қила бошлаган. Аввалига норозиликлар пойтахт атрофидаги ҳудудларда кузатилган. Кейин эса ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар бошқа шаҳарлардаги ёшларни ҳам ҳаракатга ундай бошлади. 

Аслида Франция мактабларидаги вазиятни тушуниш учун мамлакатнинг энг катта муаммоларидан бири – ҳудудлар ўртасидаги ижтимоий тенгсизликка эътибор қаратиш керак. Пойтахтнинг бадавлат туманларидаги таълим муассасалари билан камбағал шаҳар атрофларидаги мактабларнинг имкониятлари бир хил эмас. Айниқса, Парижнинг шимолий ва шимоли-шарқий чеккаларидаги Сен-Сен-Дени каби ҳудудларда бу тафовут яққол кўзга ташланади. 
“Reuters” нашрига кўра, 17 ёшли Майса исмли ўқувчи ўқитувчилар етишмагани сабабли бир неча ой давомида айрим фанлардан мунтазам таълим ололмаганини айтган. Шунга қарамай, ўқувчилар имтиҳонларга тайёрланиши керак. Бошқача айтганда, тизим улардан натижа талаб қилмоқда, аммо шу натижага эришиш учун зарур шароитларни ҳар доим ҳам таъминламайди. 

Болаларни норози қилаётган омил ҳам шунда: ўқувчи имтиҳондан паст баҳо олса, унинг натижаси ҳужжатларда акс этади. Лекин бу натижага олиб келган ўқитувчи етишмовчилиги, бекор қилинган дарслар ёки мактабдаги шароитлар ҳар доим ҳам ҳисобга олинмайди. 

Муаммо фақат ўқитувчиларнинг йўқлиги билан ҳам чекланмайди, албатта. Айрим мактабларнинг бинолари эскирган, синфхоналар таъмирталаб, зарур жиҳозлар етишмайди. Францияда синфларнинг гавжумлиги ҳам алоҳида муаммо ҳисобланади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти – OECD маълумотларига кўра, 2024 йилда Франциянинг давлат томонидан молиялаштириладиган қуйи ўрта таълим муассасаларида ҳар бир ўқитувчига ўртача 25 нафар ўқувчи тўғри келган. Бу кўрсаткич Германия ва Испанияда 24 нафар, Италия ва Данияда 20 нафар, Финляндияда эса 19 нафар бўлган. 

Норозиликнинг яна бир муҳим сабаби – Франция университетларига қабул қилишда қўлланадиган “Parcoursup” номли тизим. 2018 йилда жорий этилган ушбу платформа мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириши ва ўринлар бўйича сараланишини таъминлайди. Бироқ тизим йиллар давомида шаффофлик, тенглик ва қарорлар қандай қабул қилиниши юзасидан танқидларга учраб келмоқда. 

Ўқувчиларнинг эътирози шундаки, университетга кириш имконияти нафақат уларнинг шахсий қобилияти ва меҳнатига, балки қайси мактабда ўқигани, қандай шароитда тайёрлангани ва қандай ресурслардан фойдалана олганига ҳам боғлиқ. Яхши таълим олган, репетиторларга қатнашиш имконияти бор ўқувчи билан айрим фанлардан ўқитувчисиз қолган ўқувчининг бир хил мезонлар асосида баҳоланиши қанчалик адолатли? 

Вазиятни яна Франциянинг иқтисодий стратегияси ҳам мураккаблаштирмоқда. Ҳукумат 2027 йилги давлат бюджетини тайёрлар экан, давлат қарзи ва бюджет тақчиллигини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу эса “Gen Z” талаб қилаётган шароитларни таъминлаш имкониятини камайтиради. Лекин ёшлар учун бюджетдаги рақамлар эмас, эртага дарсга кирганда уларни ким ўқитиши муҳим. 

5 октябрь куни Франция таълим вазири Эдуар Жефре хавфсизлик шароитлари етарли бўлмагани сабабли 400–500 та мактабда дарслар тўлиқ ёки қисман тўхтатилишини маълум қилган. Вазирнинг айтишича, намойишлар бошланганидан бери 24 та мактаб ёқиб юборилган ёки талон-торож қилинган, 78 нафар таълим ходими жароҳатланган. 

Франция Ички ишлар вазирлигининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат бўйлаб 266 мингдан ортиқ киши намойишларда қатнашмоқда. Полиция Париж ва Марсель каби шаҳарларда кўздан ёш оқизувчи газ ишлатишга мажбур бўлган, айрим жойларда сув пуркагичлардан фойдаланилмоқда. Кўрилаётган чоралар оқибатида ёшлар жиддий жароҳат ҳам олмоқда. 5 октябрь куни шимолдаги Ланс шаҳрида 15 ёшли ўқувчи полиция гранатаси билан боғлиқ ҳодисада қўлидан айрилгани ҳақида маълумотлар тарқалди. 

Франция ҳукуматининг жавоби эса норозиликлар кўлами ошгани сари ўзгариб боряпти. Бош вазир Себастьян Лекорню 4 октябрь куни таълим тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича бир нечта йўналишда иш олиб бориш зарурлигини билдирган. У мактабларда дарслар узлуксиз ўтилишини таъминлаш, биноларни яхшилаш, дарс жадвалини қайта кўриб чиқиш, “Parcoursup” тизимини шаффофлаштириш ва ўқувчиларнинг мактаб ҳаётидаги иштирокини ошириш масалаларини кўтарган. 2027 йилги бюджет лойиҳасида таълим харажатларини ошириш ҳам назарда тутилган. 

Хулоса қилиб айтганда, ташқаридан нуқсонсиз кўринган Франция каби ривожланган давлатларда ҳам улкан муаммолар мавжуд. Ўқувчилар намойиши шундай камчиликлардан бирини кўрсатиб берди. Энди Париж ҳукумати зиммасида “Gen Z”нинг давлат институтларига ишончини тиклаш ва бюджетга босимни оширмаган ҳолда талаб қилинаётган шароитларнинг бир қисмини таъминлаш масаласи турибди. 

Бомбалар остида Киевга ташриф 

Россия ракеталари Украина шаҳарларига ёғилаётган бир пайтда Германия канцлери Фридрих Мерц Украина пойтахтига кутилмаган ташриф уюштирди. “Дўст оғир кунда билинади”, деганларидек, ташриф Берлиннинг Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишини кўрсатиб қўйди. 

Унинг Киевга ташрифи Германия ички сиёсатидаги мураккаб вазият фонида юз бергани ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Канцлернинг ўзи учун бу парламент сайловларидаги мағлубиятлар ортидан халқ ишончини тиклаш ва хавфсизлик масаласини асосий кун тартибига олиб чиқиш ҳаракати ҳам бўлди. 

Жорий йилнинг 4 октябрь куни эрталаб Германия канцлери махсус поездда Киевга етиб келган. Бу унинг ваколат муддати доирасида Киевга қилган учинчи ташрифи эди. У билан бирга Киевга Германия иқтисодиёт ва энергетика вазири Катарина Райхе ҳамда ўн нафар тадбиркор, жумладан, Siemens Energy, Hensoldt, Diehl Defence ва Quantum Systems мудофаа компаниялари раҳбарлари борган. Делегацияни Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига кутиб олган. Канцлернинг ўзи бу ташриф Европа хавфсизлиги йўлида амалга оширилганини айтган. 

“Мен бугун Киевга келдим, чунки яқин ҳафталарда Украинага бизнинг қўллаб-қувватлашимиз керак бўлади. Агар Россия тўхтатилмаса, эртами-кечми унинг ҳарбий машинаси бизга қарши қаратилади”, дейди Мерц. 

Ташрифнинг асосий натижаларидан бири Германиянинг Украинага яна 1 миллиард евролик ҳарбий ёрдам ажратиш режаси бўлди. Ёрдам Украина мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва замонавий қурол-яроғ имкониятларини оширишга қаратилган. Россия узоқ масофали ракеталар ва дронлардан фойдаланаётган бир пайтда бундай ёрдам Киев учун стратегик аҳамиятга эга. Чунки Украина нафақат фронт чизиғида, балки шаҳарлари ва муҳим инфратузилмасини ҳимоя қилишда ҳам катта босим остида қолмоқда. 

Германия сўнгги йилларда Украинани қўллаб-қувватлаётган асосий Европа давлатларидан бирига айланди. Берлин учун бу ёрдам фақат Киевнинг урушда омон қолишига кўмаклашиш эмас, балки Европа хавфсизлиги ва Россиянинг кейинги ҳаракатларини тийиб туриш масаласи ҳамдир. Агар Украина мудофааси заифлашса, бу Европадаги хавфсизлик мувозанатига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли Мерц ҳукумати ҳарбий ёрдамни давом эттириш орқали Киевга ҳам, Москвага ҳам сиёсий сигнал бермоқда. 

Шу билан бирга, канцлер очиқ мурожаатлардан ҳам қочгани йўқ. У Россия президенти Владимир Путинга урушни тўхтатиш ва музокаралар йўлини танлаш кераклигини билдирган. Бу чақириқ Киевнинг тинчликка эришиш истагини қўллаб-қувватлаш билан бирга, Москва ҳарбий босим орқали ўз шартларини ўтказишига қарши қаратилган эди. 

“Путин жаноблари, бу бемаъни урушни тўхтатинг! Биз музокараларга тайёрмиз, ушбу урушни якунлаш бўйича бир-биримиз билан гаплашишга тайёрмиз. Аммо Украинанинг тинч аҳолисига нисбатан ушбу ваҳшиёна ҳужумлар тўхтатилиши керак”, дейди Германия канцлери. 

Шунингдек, Германия Украина энергетика тизимини тиклаш учун 350 миллион евро ажратгани маълум қилинди. Германия компаниялари, Украина ҳукумати ва бизнес вакиллари ўртасида умумий қиймати қарийб 6,6 миллиард евролик 14 та келишув ҳам имзоланган. Улар орасида Германиянинг Diehl Defence компаниясидан IRIS-T ҳаво мудофаа ракеталарини етказиб бериш, Hensoldt компаниясидан радар ускуналарини харид қилиш ҳамда Quantum Systems компаниясидан реактив дронларни тутиб қолувчи қурилмаларни етказиб бериш бўйича келишувлар бор. 

Ҳарбий ёрдам бўйича келишувлар Украинага мудофаасини давом эттириш имконини бериши мумкин, бироқ улар урушнинг тез орада тугашини кафолатламайди. Фронтдаги вазият, Россиянинг кейинги қарорлари ва Ғарб давлатларининг ёрдамни қай даражада давом эттириши ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Мерцнинг ташрифи урушни тугатгани йўқ. Аммо у нафақат Германиянинг, балки бутун Европанинг танловини яна бир бор намоён этди. 

Саудия ёлғиз эмас 

Саудия Арабистонига қилинган ҳужумлар энди шунчаки Ар-Риёд ва ҳусийлар ўртасидаги навбатдаги тўқнашув эмас. 6–7 октябрь кунлари мамлакатдаги икки аэропортга берилган зарбалар оқибатида уч киши ҳалок бўлди, 36 киши жароҳатланди. Икки ойлик сукутдан сўнг кўп гапирилган Макка мудофаа пакти ҳам ниҳоят амалий ҳаракат босқичига ўтди: Туркия ва Покистон Саудия Арабистонига ҳарбий кучлар ва техникалар юборишга келишди. 

Жорий йилнинг 6 октябрь куни Саудия Арабистонининг жануби-ғарбидаги Абҳа халқаро аэропорти, 7 октябрь куни эса пойтахт Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропорти ҳужумларга учради. Саудия фуқаро авиацияси идораси маълумотларига кўра, Абҳадаги ҳужум оқибатида Марокаш ва Жазоир фуқароси бўлган икки аёл ҳалок бўлиб, 28 киши жароҳатланган. Ар-Риёд аэропортидаги ҳужумда эса Судан фуқароси вафот этган, яна саккиз киши жароҳат олган. 

Ҳусийлар – Яманда фаолият юритувчи “Ансоруллоҳ” ҳаракати узоқ вақтдан бери Саудия Арабистонига бошоғриқ бўлиб келарди. Сўнгги ойларда уларнинг Саудия томон ҳужумлари кучайгани “Мусулмон НАТОси” деб эътироф этилган Макка пактига нисбатан ишончсизликнинг ошишига сабаб бўлаётган эди.

Айнан шундай вазиятда келишувнинг асосий тамойили унинг 4-моддасида қайд этилган: уч давлатдан бирига қилинган қуролли ҳужум қолган томонлар хавфсизлигига ҳам таҳдид сифатида кўрилиши керак. Шу жиҳатдан у НАТОнинг жамоавий мудофаа тамойилини эслатади. 

5 октябрь куни Ар-Риёдда ўтказилган шошилинч йиғилиш эса келишувни қоғоздаги баёнотдан амалий ҳамкорликка олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Томонларнинг қўшма баёнотида жамоавий мудофаа мажбуриятларини бажаришга зудлик билан киришиш, зарур қуролли кучлар ва ҳарбий салоҳиятни Саудия Арабистонига тезкор жойлаштиришга келишилгани билдирилди. Бу – Макка пактининг илк амалий ҳаракати бўлди. Лекин баёнотда нечта ҳарбий юборилиши, қайси қисмлар жалб этилиши ва улар қандай вазифаларни бажариши очиқланмади. 

7 октябрь куни Анқара Саудия Арабистонида ўз ҳарбий базасини жойлаштириш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди. Хабарда Туркия қисқа ва ўрта масофали зенит-ракета тизимлари ёрдамида Саудия Арабистонининг газ ва электр энергетикаси инфратузилмасидаги тўртта муҳим объектни ҳимоя қилишда қатнашиши мумкинлиги айтилган. Шунингдек, 200 дан ортиқ турк ҳарбий мутахассиси Саудия Арабистонига юборилгани, электрон кураш воситалари ва ракета тизимлари етказилгани ҳақида маълумотлар эълон қилинди. Бироқ ҳарбий база қурилиши ҳозирча амалга оширилган факт эмас, балки кўриб чиқилаётган имконият сифатида талқин қилиниши керак. Хабар қилинган режалар бўйича Туркия парламентининг розилиги ҳам талаб этилади. 

Анқаранинг эҳтимолий ёндашуви тушунарли: Саудия ҳудудини ракета ва дронлардан ҳимоя қилиш, разведка маълумотлари билан бўлишиш, техник ва логистик ёрдам кўрсатиш – Яман ичкарисида бевосита жанг қилишдан анча фарқ қилади. Туркия Саудия хавфсизлигини мустаҳкамлашни исташи мумкин, бироқ бу унинг ҳусийларга қарши қуруқликдаги урушга киришини англатмайди. Бундай қадам Эрон билан муносабатларга ҳам таъсир кўрсатади ва Анқаранинг минтақадаги дипломатик манёвр имкониятларини чеклаши мумкин. 

“Аммо бу мудофаа шартномаси. Пакт иштирокчиси бўлган мамлакат ҳужумга учраганда, сиз уни ҳимоя қилишда уни қўллаб-қувватлайсиз. Бу ҳужумкор шартнома эмас. Туркия ўз ҳудудига ҳужум қилиш учун бошқа давлатга қўшин юбормайди”, деди Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан. 

Исломободнинг эса Саудия Арабистони билан узоқ йиллик ҳарбий ҳамкорлиги ва подшоҳлик ҳудудида аввалдан ҳарбий иштироки мавжуд. Аммо бу сафарги келишув доирасида айнан қанча қўшимча куч юборилиши очиқланмаган. Покистон учун Саудия хавфсизлигини таъминлаш муҳим бўлса-да, ҳусийларга қарши бевосита жангга кириш Эрон билан муносабатлари ва минтақадаги дипломатик ролига таъсир қилиши мумкин. Шу боис, Макка пакти доирасидаги ёрдамнинг мудофаа, разведка ва техник кўмак билан чекланиши эҳтимолини ҳам ҳисобга олиш керак. 

Шунингдек, ўртада диний омил ҳам мавжуд эканлиги томонларни жим кузатишга тўсқинлик қилмоқда. Уч сунний давлатнинг мусулмон олами марказига қилинган ҳужумни қайтариш бурчи масалани нафақат сиёсий, балки мафкуравий даражага ҳам олиб чиқди. 

“Агар келишув бўлмаганида ва Саудия Арабистонига ҳужум қилинганида, айниқса, Макка ва Мадинанинг муқаддас шаҳарларига хавф солинса, биз абадий келишувга боғланганмиз, яъни биз Аллоҳнинг уйи ва Мадинани ҳимоя қиламиз. Уларни ҳимоя қилиш бизнинг диний бурчимиздир. Ҳа, дунёвий келишувлар мавжуд ва уларнинг муқаддаслиги бор, биз ҳам уларни ҳурмат қиламиз, лекин агар Аллоҳнинг уйига ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом туғилган жойга ҳужум қилинса, унда бирон-бир жойда ўтирган мусулмон охир-оқибат бирорта келишувни кутишга мажбур бўлмайди. Уни ҳимоя қилиш – бу бизнинг диний бурчимиз”, деган Покистон Мудофаа вазири Хавожа Осиф. 

Муаммонинг яна бир томони – Саудия Арабистонининг ўз ҳудудини ҳимоя қилиши билангина эмас, балки Ямандаги урушнинг қандай якунланиши билан ҳам боғлиқ. Ҳусийлар назоратидаги ҳудудлар ва Қизил денгизни Адан қўлтиғи билан боғлайдиган Боб ал-Мандоб бўғози атрофидаги вазият халқаро савдо учун ҳам муҳим. Агар можаро кенгайса, оқибатлари Саудия ва Яман чегараларидан анча узоққа бориши мумкин. Шу сабабли, иттифоқчилар учун ракеталарни тутиб қолиш ва муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш биринчи вазифа бўлиши мумкин, лекин бу ҳусийларнинг Ямандаги сиёсий-ҳарбий мавқеини ўз-ўзидан йўққа чиқармайди. 

Қисқача айтганда, Макка пакти энди биринчи муҳим синов олдида турибди. НАТОга қиёсланган пакт ўз таърифларини қанчалик оқлашини ҳали вақт кўрсатади. 
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг