Диёра Усмонова “Жаҳаннам ҳаёт”
Таҳлил
−
07 Май
18734Сўнгги вақтларда аёлларга нисбатан қилинаётган зўравонликлар эътибор марказида турибди. Ижтимоий тармоқлар шу ҳақдаги постларга тўлиб кетди. Қай бир маънода аёллар оилада бўлаётган таҳқирлашларга қарши бош кўтара бошлади. Хусусан, куни кеча Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёеванинг жияни собиқ оиласида йиллар давомида калтакланиб келингани ҳақида гапириб, Instagram саҳифасига видео жойлади. Гап шундаки, Диёра Усмонова 20 ёшида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни, марҳум Бобур Усмонов билан турмуш қурган. Бобур Усмонов 2013 йил 8 май куни Тошкент шаҳрида ўз машинасида ҳалокатга учраб, вафот этган.
Диёра Усмонованинг ёзишича, шунча вақт ўтиб, бу воқеалар ҳақида гапиришига сабаб унинг ҳикояси оиласидаги зўравонликларга чидаб келаётган аёлларнинг қарашларини ўзгартиради, деб ҳисоблашидир.
“(Бу) 21 ёшимдан 25 ёшгача бошдан кечирган ҳаётим ҳақида. Ҳатто, 19 ёшдан бошланган, десак ҳам бўлади. Мен биринчи эрим билан қийин муносабатларда эдим, шунга қарамай унда жуда кўп севги ва эҳтирос ҳам бор эди. Биз бир-биримизни севардик ва турмушимиз учун жуда қаттиқ курашдик. Кейинчалик, у менга қўл кўтара бошлади. Бу калтаклашлар тўрт йил давом этди, мия чайқалиши, кўп қон йўқотиш ва кўкаришларни бошдан кечирганман. Бутун танам кўкарарди, мебель, эшиклар – ҳамма нарса синарди”, дейди Усмонова.
У жамиятдаги аёлларга нисбатан зўравонлик ва таҳқирлашларга уларнинг ўзи айбдор эканлигини айтди.
“Буларнинг барчаси 100 фоиз улар (эркаклар)нинг айби билан содир бўлмайди. Бу ерда 50 фоиз бизнинг ҳам айбимиз бор. Бизнинг муаммомиз: ўзимизни етарлича қадрламаймиз, етарлича жасоратли эмасмиз, оёқларимизда етарлича мустаҳкам туролмаймиз, тескари таъсир қилишдан қўрқамиз, ота-оналаримизга айтишдан қўрқамиз, ота-онамизга қайтишдан қўрқамиз, ҳаммасини қайтадан бошлашдан қўрқамиз. Чунки ҳолат ўзгаради, келажакда бунинг қандайдир яхши натижалари бўлади, деб умид қиламиз – ҳаммаси бизнинг айбимиз.
Шунингдек, видео давомида Усмонова марҳум Усмоновнинг биринчи марта қўл кўтарганида, уни бешинчи қаватдан биринчи қаватга судраб туширганини, у чўлоқланиб қолганини эслади. Ушбу воқеадан сўнг уни кечиргани барча қийноқларнинг бошланиши бўлганини айтди.
“У оёғимни ўпиб, кечирим сўраганини эслайман. Мен унга эгилиб, бошини қучоқлаб олдим, охири раҳмим келди, тинчлантирдим, ҳаммаси яхши, ҳеч қандай ёмон нарса бўлмаган, бу вазиятдан бунчалик хавотирланишга ҳожат йўқ, деб далда бердим. Яъни, вазият шундай ўзгаради. Мен буни энди, орадан 10 йил ўтиб тушундимки, менинг катта муаммоим, бизнинг катта муаммомиз – содир бўлаётган воқеаларнинг фожиасини кўрмаслигимиз ва тушунмаслигимиздир”, дейди Диёра Усмонова.
Унинг фикрича, аёллар бундай муносабатларни тугатиб кетиш учун куч топиши керак. Аммо ўзи бундай куч топа олмаган. Собиқ турмуш ўртоғининг меҳрибонлиги ва бундай хатти-ҳаракатлари бир-бири билан тўғри келмаслигини уни ҳайрон қолдирарди.
“Бу қандайдир психологик оғиш, даволаш керак бўлган руҳий ҳолат ва биз фарзандларимизни бундан ҳимоя қилишимиз керак. Бундай муносабатларни тарк этишингиз керак. Чунки сиз бир марта кечирасиз, иккинчи марта кечирасиз, кейин бу одатга айланиб қолса, бу жуда ёмон тугашини ёки бутун ҳаётингизни заҳарлашини тушунасиз. Ўшанда ўзимда куч топа олмадим ва ҳозир 10 йил ўтиб, орқамга қарайман ва мен томондан қанча хатоларга йўл қўйилгани, бунда менинг айбим қанчалик катта эканини тушунаман. Худди у каби”, дейди Усмонова.
Ушбу видеолавҳа тармоқларда кўриниш беришидан аввал, ҳеч ким унинг оиласида бундай ҳолат бўлган, деган хаёлга бормасди. Чунки у ҳар сафар махсус кунларда, жумладан, собиқ турмуш ўртоғининг туғилган ёки вафот кунида, у билан турмуш қурган санада Бобур Усмоновнинг суратларини жойлаб, у ҳақдаги шеърлари, монологлари ва энг яхши хотираларини ёзарди.
Хўш, унда нега аёл айнан ҳозир барча ҳақиқатларни очиқлашга қарор қилди? Маълумки, Қозоғистонда собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев ўзининг турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбланяпти ва ҳозирда мазкур иш бўйича суд давом этмоқда. Усмоновага кўра, у Салтанат Нукенованинг тақдирида ўзининг умрини кўрган.
"Унинг умри кетди, менинг обрўйим кетса, кетаверсин", деб ёзган Диёра Усмонова.
Шуни ҳам айтиб ўриш керакки, Бобур Усмонов ҳалок бўлган вақтда унинг ёнида бегона аёл бўлган.
Диёра Усмонова собиқ турмуш ўртоғининг ўлимидан 3 йил ўтиб, 2016 йилда “Пахтакор” футбол клуби ва “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг собиқ эгаси бўлган тадбиркор Ботир Раҳимовга турмушга чиқди. Усмонованинг биринчи турмушидан бир қиз, иккинчи турмушидан бир ўғил фарзанди бор. Бўлиб ўтган воқеаларга қарамай, Усмонованинг қайнота-қайнонаси ва қайнсингли Ганя Усмонова билан муносабатлари яхши.
Ўзи ҳақидаги ҳақиқатларни очиқлаётган аёллар сафига Дубайдаги қозоғистонлик дипломатнинг хотини ҳам қўшилди. У ҳам тармоқларга жойлаган видеосида 10 йилдан бери зўравонликка учраётганини ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонада маслаҳатчиси бўлиб ишлайдиган Сакен Мамаш ўзининг рафиқасини мунтазам равишда калтаклаб келган.
5 май куни эса хотинининг синглисига нисбатан ҳам куч ишлатган. Аёл ўз мурожаатида эрининг ишдан олинишини сўраган.
"Салом! Мен Карина Мамаш Госмановна, БААдаги элчихона маслаҳатчиси Мамаш Сакеннинг рафиқасиман. Мен 10 йилдан бери зўравонликка дучор бўлаётганимни эълон қиламан. Эримнинг дипломат мақомидан маҳрум этилишини ва менга нисбатан қилган барча ҳаракатлари учун қамоққа ташланишини истайман. Мен жисмоний, жинсий, ҳиссий, иқтисодий, маиший, оилавий зўравонликка учраяпман", дейилади аёлнинг мурожаатида.
Айрим нашрларнинг ёзишича, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги БААдаги элчихона маслаҳатчиси Сакен Мамашни зудлик билан чақириб олган.
Қайт этиш керакки, 2015 йилда Аёлларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги халқаро акт қабул қилинган. Бундан ташқари яна ўнлаб аёлларнинг ҳуқуқлари учун курашувчи ташкилот ва жамғармалар мавжуд. Шунга қарамай, дунё бўйлаб камида ҳар 3 аёлдан 1 нафари ҳаёти давомида жинсий, жисмоний ёки бошқа зўравонликка дучор бўлади. Унутмангки, аёлларга нисбатан зўравонлик нафақат оналарнинг соғлом фарзанд тарбиялашига тўсқинлик қилади, балки улар яшаётган мамлакатдаги иқтисодий тараққиёт ва барқарорликка ҳам таъсир қилади.
LiveБарчаси