Ўзбекистон Россияга эгиладими ёхуд “яланғочлар базми”. Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
30 Декабрь 2023
361732023 йил қайси воқеалар билан эсда қолди? Сизни билмадиму тугаётган йилни мен Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Сардор Умурзоқов каби дахлсиздек кўринган амалдорларнинг лавозимдан олиниши билан хотирласам керак. Бундан 10 йил аввал ҳам айнан Янги йил арафасида мамлакатда буткул дахлсиз бўлган Гулнора Каримованинг бизнеслари, фондлари жарликка юз тутиб, ўзи ҳибсланганди. Сиз бу йилни қандай эслайсиз? Майли, давлат ва жамиятдаги воқеаларни қўйинг, шахсий ҳаётингизда нималар содир бўлди? Орамизда турмуш қурган, фарзанд кўрган, автомобиль олган, ота-онасини Умра сафарига жўнатган, яқинларини йўқотганлар талайгина... Буларни изоҳларда ёзинг, билайлик сизнинг бошингиздан нималар ўтганини, ҳар ҳолда одам тафтини одам олади, дейишади. Қолаверса, 2024 йилдан мақсадларингиз нима? Буни ҳам изоҳда ёзингки, йил ўтиб яна бир эслашамиз, хўш ниятларингизга етдингизми ё йўқ?! Хуллас гапирамиз, гаплашамиз, десанг гап кўп. Буларнинг барчаси билан кўраётганингиз Ҳафта воқеалари дастурининг 2023 йил ҳисобидан сўнгги сонида танишасиз.
Йилни ларзага келтирган “тозалаш”
Ўзбекистонда кўп йиллардан буён дахлсиз бўлиб келган криминал авторитетларнинг қўлга олиниши, бир неча жиноий айбловлар қўйилиши нафақат ҳафта ё ойнинг, балки йилнинг унутилмас воқеаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бу воқеалар қандай тугаши, қўлга олинганлар қандай жазо олиши ҳозирча номаълум, аммо жамоатчилик давлатдан қатъият ва охирига қадар сиёсий ирода кутаётгани аниқ.
Давлат ҳам кунда кунора бу ҳазил эмаслигини кўрсатиб қўймоқчи бўлгандек, нафақат жиноий олам вакиллари, балки уларнинг яқинларига нисбатан ҳам ўвни тўхтамай давом эттирмоқда.
“Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғли 27 яшар Ихтиёр Қудратуллаев ҳам қўлга олинди. У Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми билан айбланиб, ушланган. Агар айблов судда ўз исботини топса, у ушбу модда санкциясига кўра, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Ҳибсланганлар рўйхатидаги 1994 йилда туғилган Бегзод Бахтиёрович Зафаров ҳам бор. У ҳам “Бахти Ташкентский”нинг ўғли экани айтилмоқда. Зафаров Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан айбланмоқда. Агар унинг ҳам айби исботланса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Ўзбекистонда қидирувга берилган MMA жангчиси Дониёр Мамажонов 25 декабрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида қўлга олинди. “Бахти Ташкентский”нинг қўриқчиларидан бири бўлган ва Қудратуллаевнинг топшириқларини бажариб келгани айтилмоқда.
Шунингдек, жиноий оламга кураш тадбирларида биринчи марта аёл киши қўлга олинди. У 1983 йилда туғилган Наргиза Рустамовна Жуманиёзова. Аёл Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. У ҳам 5 йилдан 10 йилагача қамалиши мумкин.
Қамалаётган ҳокимлар
Қама-қамалар фақат жиноят олами вакиллари билан чекланаётгани йўқ. Шундоқ ҳам бу йил ҳокимлар учун оғир келди. Йил бошини Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев истеъфога чиқиш билан бошлаб берган бўлса, йил охирига келиб ҳокимларнинг шунчаки бўшаши ёки бўшатилиши осон бўлмай қолди. Ер сотганлик, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш, ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа кўплаб айбловлар билан жиноий жавобгарликка тортилган ва тергови ҳамон давом этаётган ҳокимбувалар кўп.
Масалан шу ҳафта Сурхондарё вилояти Қизириқ туманининг собиқ ҳокими Рустам Пардаев 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида кўрилган ишда Рустам Пардаев Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 6 ой муддатга давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши, жазони ўташ муддати 2023 йил 5 июль кунидан бошлаб ҳисобланиши белгиланган.
44 яшар Пардаев 2020 йил ноябрь ойидан 2022 йил январь ойига қадар Денов тумани, 2022 йилнинг февралидан 2023 йилнинг январига қадар Қизириқ тумани ҳокими, судгача “Ўзагросуғурта” АЖ Сурхондарё вилоят филиали бошлиғи лавозимида ишлаган.
Судланган ва жазо олган биргина Пардаев эмас. Тугаётган ҳафтада Сурхондарё вилояти Шўрчи туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Худойбергановга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Унинг иши жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судида кўриб чиқилган. Худойберганов Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандлари, 184-1-моддаси 2-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 2 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Танзила Норбоева Прилепинга қарши “тилга кирди”
Ўтган ҳафтадаги дастуримизда “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари ва “Адолатли Россия – ҳақиқат учун” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россия Федерациясига қўшиб олиш ҳақидаги гаплари катта резонанс бергани, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир неча аъзоси Прилепинга жавоб қайтаргани, аммо Сенатдагилар сукут қилиб келаётганини айтгандик. Кўпчилик Танзила Норбоевадан муносабат кутаётганини ёзди ва сукутга Сенат раиси Россиядан “Дўстлик” орденини олганини ҳам пеш қилди. Лекин опа жим тургани йўқ. Ҳафта бошида Сенатда ўтган кичик машваратда Прилепинга жавоб қилди.
“Мана кўряпсизлар, интернетда “Ўзбекистонни у қиламиз, бу қиламиз”, деган қанақадир чиқишлар бўлиб кетди, тўғрими? Ўзбекистон ҳеч қачон ҳеч кимга мустамлака бўлмайди. Бундан кейин бўлмайди. Мана шу нарсани миянгизга қўйиб олинг! Биласизлар, буни мен сизларга тарғибот қилишим керак эмас. Ҳаммангизнинг юрагингизда шу бор”, деган Норбоева ёшлар билан учрашувда.
Норбоева Сенатда россиялик сиёсатчига ва унинг мустамлака орзусига қаршилигини ифода этаётган вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россияга, Санкт-Петербургда ўтадиган МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг норасмий саммитига йўл олди. Бу Шавкат Мирзиёевнинг йил давомидаги хорижий ташрифларининг охиргиси бўлди.
Россия Президенти Владимир Путин мезбонлигида ўтган тадбирда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян иштирок этди. Мирзиёев, Бердимуҳамедов ва Алиевдан бошқалар Россияга бир кун аввал бориб бўлганди. Чунки Путин бир ўқ билан икки қуённи уриб, бир кун аввал Евроосиё иқтисодий иттифоқи олий кенгаши йиғилишини ҳам ўтказди.
Ташриф давомида Мирзиёев ва Путин ўртасида учрашув ҳам ўтказилган. Кремль матбуот хизматига кўра, Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан газ соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилган.
Норасмий саммитда Путин Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларни Россиянинг инсонпарварлик ташаббусларини амалга оширишда, хусусан, Евроосиё киноакадемияси ва кино мукофотларини яратишда иштирок этишга таклиф қилди. Бу ҳақда у кеча, 26 декабрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий саммитида сўз очган.
Путин гуманитар ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, 13 октябрь куни Бишкек саммитида Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш бўйича келишув имзоланганини эслатган. Унинг сўзларига кўра, штаб-квартираси Сочида жойлашган ушбу тузилма рус тилини нафақат МДҲда, балки унинг чегараларидан ташқарида ҳам тарғиб қилиш учун мўлжалланган.
2024 йилда МДҲга раисликни Россия ўз қўлига олади. Путиннинг мақсади эса ҳозирдан аниқ. У доллардан буткул воз кечиб, олди-бердини миллий валюталарда амалга оширишга ундамоқда.
“Табиийки, биз МДҲ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратамиз. Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш барқарор ўсишни кўрсатди. 10 ойлик маълумотларга кўра, у 2 фоизга ўсди ва 83,7 миллиард долларни ташкил этди”, дейди Владимир Путин.
Путин меҳмон президентларни зериктириб қўйгани йўқ. Уларни Санкт-Петербургдаги Павловск музей-қўриқхонасига ва темир йўл вокзалига олиб борди. Константин саройининг Мовий залида бўлиб ўтган кечки зиёфатда эса МДҲ раҳбарларини сельд балиғидан тайёрланган шуба салати ва қисқичбақа қўшилган чучвара, чаканда (облепиха) шарбати, сабзавот ва икра соуси билан пиширилган стерлет балиғи, каштан пюреси ва қора смородинали кийик гўшти, ряженкали музқаймоқ ва олмали рулет билан сийлаган.
“Яланғочлар базми”
Россиялик телебошловчи, киноактриса ва видеоблогер Настя Ивлеева машҳурларнинг "яланғоч" базмини ташкил этди. Филипп Киркоров, Ксения Собчак, Лолита Милявская, Жиган, Оксана Самойлова, Анна Асти, Дима Билан, Глюкоза каби машҳурлар иштирок этган. Ушбу тадбирда Ўзбекистондан ким қатнашган, деб ўйлайсиз? Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг набираси – Лола Каримованинг қизи Марям Тилляева.
Тошкентда яшаётган ва ўзини Ислом Каримовнинг набираси эмас, балки блогер деб таништиришларини талаб қиладиган Марям Тилляева бу тадбирга бориб хато қилганини айтиб чиқди.
У видеода базмга Ивлееванинг туғилган куни, деган ўй билан борганини айтди. Аммо Тилляеванинг бу гапи танқидларга сабаб бўлди.
“Мен ҳақиқатан ҳам Настя Ивлееванинг туғилган кунига бораман, деб ўйладим. Улар менга шундай деб айтишди. Бу мени тушкунликка туширишди. Аммо маълум бўлишича, буларнинг барчаси унинг юзлаб яланғоч персонажлари Playboy муқовасида чиқиши шарафига бўлган”, деб тушунтирди Тилляева.
Марям Тилляева тидбирга футболка ва жинси шимда борган. Аммо меҳмонларнинг катта қисми деярли яланғоч эканидан ҳайратда қолган. Зиёфатда 40 дақиқа қолган, сўнгра у ерни тарк этган.
“Тўғрисини айтсам, бундай зиёфатда бўлмаганман, қойил қолдим. Бу, албатта, менинг услубим эмас, биз у ерда бир муддат қолдик ва бошқа оддий ишлар қилиш учун кетдик. Мен диним ва ўз қарашларим туфайли бир оз бошқача воқеаларга ўрганиб қолганман. Лекин йигитларни жасоратлари учун ҳурмат қиламан”, деган Марям видеода.
Унинг сўзларига кўра, зиёфат аслида жуда қизиқарли бўлган, бироқ у илгари бундай тадбирда қатнашмаган ва жуда таъсирланган. Шунингдек, у кейинги сафар бундай тадбирларга боришдан олдин, маълумотни яхшилаб текшириб кўришини қўшимча қилган.
Юлдузларни танқид қилиши билан танилган Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бўйича федерал лойиҳа раҳбари Виталий Бородин ушбу тадбирга боргани учун Филипп Киркоровни Россия халқ артисти унвонидан маҳрум қилишга чақирди.
Ушбу шов-шувлардан сўнг, хонанда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига бўлган воқеалардан афсусда эканини билдириб видео жойлади.
“Узр айтиш эркакка хос эмас, шунинг учун ҳаммага бирданига жавоб бераман. Мен қилган хатомни тушунаман. Россия халқ артисти ўзи қатнашаётган тадбирларда эҳтиёткорроқ бўлишга мажбур. Россияда санъаткор ва фуқаро сифатида ижодимнинг чекланиш эҳтимоли юзага келганига ўзимнинг ҳаракатим сабаб бўлди”, дейди хонанда.
Россиялик яна бир таниқли хонанда Лолита Милявская “яланғоч” базмдан сўнг, зиёфатда қатнашган санъаткорларга чекловлар бўлаётгани, жумладан, унинг концертларини бекор қилиш талаб қилинаётганини айтди.
Яна икки хонанда – Дима Билан ва Ольга Орлова ушбу кечада қатнашгани учун мухлисларидан узр сўради.
Ўзбекистон Россиядан кўпроқ газ сўраяпти
Тугаб бораётган йилнинг январь ойи Тошкентни 5 йил бошқарган Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг истеъфоси билан бошланган эди. Ўшанда шаҳардаги энергетик инқирознинг асосий айбдори сифатида Ортиқхўжаев кўрилди. Аммо у кетиб ҳам энергетик муаммолар ечилиб қолгани йўқ. Ўтган қишдан омон чиққанлар бу қиш бошланмай туриб яна ўша муаммоларни бошидан ўтказди. Декабрь ойида кузатилган бир ҳафталик совуқ кунлар яна электр энергияси ва газ ўчишларига олиб келди.
Маълумки, 2023 йил июнь ойида Ўзбекистон “Газпром” билан икки йиллик газ сотиб олиш тўғрисида шартнома тузган, унга кўра кунлик етказиб бериш ҳажми 9 миллион куб метрни, йиллик етказиб бериш эса деярли 2,8 миллиард куб метрни ташкил қилади. Аммо “Газпром” ўзбекистонлик ҳамкорлари газ етказиб беришни имзоланган шартнома бўйича кунлик мажбуриятлардан икки баравар кўпроқ ҳажмда оширишни сўраган. Бу ҳақда МДҲ президентлари кетгач, ўша куннинг ўзида Путин билан учрашган “Газпром” раҳбари Алексей Миллер айтган.
“Декабрь ойида Ўзбекистонга совуқ ҳаво келди, ўзбекистонлик дўстларимиз ва ҳамкасбларимиз Ўзбекистонга газ етказиб беришни имзоланган шартнома бўйича кунлик мажбуриятларимиздан икки баравар кўпроқ ҳажмда оширишни сўрашди. Ҳозирда декабрь ойида биз Ўзбекистонга техник жиҳатдан мумкин бўлган максимал ҳажмдаги газни Марказий Осиё – Марказ газ қувури орқали етказиб берамиз”, дейди Алексей Миллер.
Миллернинг йил якунлари бўйича ўтказган ҳисобот йиғилишида айтишича, “Газпром” 2024 йилнинг ёзида бўладиган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан газ етказиб бериш бўйича 15 йиллик муддатга янги шартнома тузишни режалаштирмоқда.
Навоийдаги қамоқхонадан ўлик чиқди
Навоийда жазо муддатини ўтаётган маҳкум сақлаш камерасида ўз жонига қасд қилди. 24 ёшли маҳкум Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани судининг 2021 йил 10 ноябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ва 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) билан 14 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган бўлган.
Омбудсманнинг билдиришича, марҳум муқаддам руҳиятининг ўзгариши билан боғлиқ бошқа касалликларга мойиллиги бўлган маҳкумлар рўйхатида турган. У жазо муддатини ўташи давомида 23-сонли маҳкумларга мўлжалланган ихтисослаштирилган шифохонанинг психиатрия бўлимида 2 маротаба даволанган.
Марҳумнинг оила аъзолари унинг жазо муддатини ўташи давомида қисқа ва узоқ муддатли учрашувга келмагани, фақатгина 6 маротаба телефон орқали суҳбатлашгани аниқланган.
Шунингдек, марҳумнинг ноодатий хатти-ҳаракатлари сабабли муассасадаги бошқа маҳкумлар у билан бир камерада ўтиришни истамаган ва ўлимидан бир икки кун аввал алоҳида сақланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан махсус прокуратура томонидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.
Чиқиндихонада яшаётган аёл тириклайин ёқиб юборилди
Тошкентда 57 яшар эркак чиқиндилар ташлаш жойида яшаб келаётган 48 яшар аёлнинг устидан бензин тўкиб, уни ёқиб юборди. Оқибатда аёл оғир даражада куйиш тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, у ҳозирда тирик.
Воқеа Яшнобод туманидаги қурилиш объектига қарашли маиший чиқиндилар ташлаш жойида содир бўлган.
Эркак аёл билан аввал қаттиқ жанжаллашган, кейин эса унинг устига елим идишдаги бензинни сепиб, ёқиб юборган. Жабрланувчи аёлнинг танасида 18% куйиши, бош ўнг тепа қисмининг лат ейиши каби тан жароҳатлари борлиги аниқланган.
Эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. У процессуал тартибда ушлаган.
Йигит ўзини мактаб ҳовлисидаги дарахтга осди
28 декабрь куни 31 ёшли эркак Мирзо Улуғбек тумани 248-сонли мактабнинг орқа томонидаги дарахтга ўзини осиб, жонига қасд қилди.
Аниқланишича, марҳум руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турган, муқаддам бир неча маротаба ўз жонига суиқасд қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИБ ходими 13 йилга қамалди
2023 йил Ўзбекистонда болаларга қилинган зўравонликлар, уларга нисбатан шаҳвоний ҳаракатларнинг содир этилиши, педофилия масаласи билан ёдда қоляпти. Йил бошида Хоразмдаги педофил амалдорларнинг қилмишлари жамоатчиликни ларзага келтирган бўлса, йил давомида ота-оналарнинг ўз фарзандларига нисбатан қилмишлари юракларни эзишда давом этмоқда. Энг ачинарлиси, зўрлаш ва қийноқ жиноятларини содир этаётганлар орасида амалдорларнинг, ҳуқуқ ҳимоячиларининг борлиги.
Тошкент вилоятида 13 ёшли қизни зўрлаган ички ишлар ходими 15 йилга қамалди. 25 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судида 1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Миробод тумани Ишчи ишлар бўлимида профилактика инспектори бўлиб ишлаган йигитга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган.
Суд ҳукмига мувофиқ эркак вояга етмаган қизга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Бундан ташқари, суд томонидан йигитга ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш учун шарт–шароит яратиб берган уч кишига нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун Бўстонлиқ тумани прокурорига хабар юборилган.
Ҳайвондан фарқ қилмаётган ота-оналар
Ҳайвон ҳам ўз боласига озор бермайди. Боқолмаса қўйиб юборади, ўз кунини ўзи кўрсин, дейди. Онгли мавжудот бўлган одам ўз боласига озор бериб, она сутидан ажралмаган гўдакни уриши учун ё жинни бўлиши керак ё шу даражада мараз. Афсуски, бундай одамлар биз яшаётган жамиятда ҳам бор.
Бу ҳафта эса ижтимоий тармоқларда эркакнинг гўдак болани турли шаклда қийнаётгани, уни ҳаёти ва соғлиғини хавфга солувчи хатти-ҳаракатлар қилаётгани тасвирланган видео тарқалди. Уни сиз ҳам кўрган бўлишингиз тайин.
Видеода акс этган инсонийликка мутлақо зид мазкур жиноий ҳаракатлар Жиззах шаҳрида яшовчи, боланинг отаси деб айтилаётган шахс томонидан муттасил равишда содир этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан боланинг онаси ИИБга мурожаат этган ва жорий йилнинг 20 декабрь куни Жиноят кодексининг 110-(Қийнаш), 112-(Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
12 ёшли қизчани зўрламоқчи бўлган отахон
Андижон вилоятида 12 ёшли қизчани зўрламоқчи бўлган эркак 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Маълумотларга кўра, қизчанинг онаси шу йилнинг июль ойида болаларни қўшнисига қолдириб, опасининг тўйига кетган. Она қайтиб келганида қўшнининг отаси унинг қизини зўрлашга уринаётганини кўрган.
Қайд этилишича, эркак ўша куни маст ҳолатда бўлган ва у ухлаб ётган қизнинг қўлидан телевизор пультини олмоқчи бўлганини айтган. Кейинчалик тергов жараёнида пульт ўша пайтда боладан уч метр узоқликда бўлгани аниқланган ва эркакнинг гапи ўз тасдиғини топмаган.
Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг ҳукмига мувофиқ эркак вояга етмаган қизчага нисбатан Жиноят кодексининг 25,119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Имомали Раҳмон халқидан хавотирда
Миграция масаласи жорий йилдаги энг йирик муаммолардан бўлди. Бир томонда Россиянинг Украинага босқинига меҳнат муҳожирлари жалб қилинаётган бўлса, иккинчи томондан яна минглаб одамлар Украинани тарк этиб бошқа мамлакатлар эшигига сиғинди. Ғазодаги вазиятни эса ўзингиз кўриб, билиб турибсиз. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса хориждаги тожик муҳожирлари ўлимидан хавотирда. Унинг 28 декабрь куни парламентда айтишича, ҳар йили тожикистонлик муҳожирларнинг юзлаб жасадлари ватанига келтирилади. Лекин у аниқ статистик маълумотларни келтирмаган.
“Мен хориждаги муҳожирларнинг турмуш шароитини яхши биламан. Биз уялмаймизми? Нафақат эркаклар, минглаб тожикистонлик аёллар миграцияда. Бизда ғурур борми? Ҳар йили фарзандлари учун рўзғор тебратиш илинжида мамлакат ташқарисига чиққан юздан ортиқ тожикистонлик муҳожирларнинг жасади ватанига олиб келинмоқда. Чунки биз, раҳбарият юқоридан пастгача фақат ўзимизни ўйлаймиз!” дейди Имомали Раҳмон.
Тожикистон ҳукумати жорий йилда бир неча бор расмий даражада ўз фуқароларининг оммавий ҳибсга олинишидан хавотир билдирган.
Имомали Раҳмон вақти-вақти билан Россия расмийлари билан учрашувлар чоғида Тожикистон фуқароларига миграция амнистияси жорий этилишини ва қонунийлаштириш тартиб-қоидаларини соддалаштиришни сўрайди. Айни вақтда Тожикистоннинг 1 миллиондан ортиқ фуқароси Россияда ишлайди.
Инсон шармандали вазиятга тушиши учун жисман яланғоч бўлиши шарт эмас. Маънавий яланғочликнинг ўзи етарли. Жиноят содир этаётганлар, бюджет пулини ўмараётганлар, коррупционерлар, ватанфурушлар, одамларни оёқ учида кўрсатадиган айрим амалдорлар, бегонанинг боласини қўйинг, ўз жонидан жо бўлган боласини хорлайдиганлар, болага шаҳвоний кўз билан қарайдиганлар – айнан маънавий яланғочлар. Жисман ялонғоч одамнинг устига қоп кийдириб ҳам шармандаликдан тўсишингиз мумкин, лекин маънавий яланғоч одамга даво бормикан? Йилни сарҳисоб қиларканмиз, келаси йилга умидимиз шу: болалар йиғламасин, оилалар бузилмасин, ялонғочларга виждон тўнини бичсин Худо. Саломат бўлинг.
LiveБарчаси