Авторитетларга рейд

Таҳлил

Бир неча кундан буён Республика бўйлаб “Долзарб 40 кунлик” профилактик тадбирлари давом этмоқда. Тадбир доирасида бир неча жиноий тўдалар ушланди. 2 декабрь куни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси, кўпчилик “Салимбойвачча” номи билан танийдиган Салим Абдувалиев ҳам қўлга олингани ҳақидаги хабарлар тармоқларга сиздрилди. Орадан 4 кун ўтиб Тошкент шаҳар ИИББ “Салимбойвачча” қўлга олингани ҳақида расмий баёнот берди.

Қайд этилишича, пойтахт ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар давомида жиноий фаолият олиб борган бир нечта шахслар гумонланиб ушланган. Улар орасида “Салимбойвачча” ҳам бор. 

ИИББ маълумотига кўра, 1950 йилда туғилган Салим Қирғизбоевич Абдувалиев (248-модда 1-қисми, ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш)да гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган.

Ижтимоий тармоқларда эса  Абдувалиев аллақачон уйидан ташқарига чиқмаслик шарти билан қўйиб юрилгани ҳақидаги хабарлар “болаламоқда”. Аммо бу ИИББ томонидан тасдиқланмаган. 

Шунингдек, бир неча кун олдин кўпчиликка “Бахти Ташкентский” номи билан таниш бўлган Бахтиёр Қудратуллаев Товламачилик, гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатларда гумонланиб қўлга олинган эди.

QALAMPIR.UZ манбасига кўра, Бахтиёр Зафарович Қудратуллаев 15 суткага қамалган. 

Суд қарорида келтирилишича, Бахтиёр Қудратуллаев жорий йилнинг 28 ноябрь куни соат 21:45 ларда жамоат жойида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг тинчлигини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, у ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.

Ҳуқуқбузар Қудратуллаев суд мажлисида, ҳуқуқбузарлигини тан олмай, уйида бўлганида уни хонадонидан олиб кетишганини билдириб, суддан ишни одилона кўриб чиқишни сўраган.

Суд қарори билан, Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, 15 суткага қамалган.

Шунингдек, пойтахт Тошкентда “Бузрук” номи билан танилган Бузрук Акмалович Бузруков ҳам қўлга олинди. 
“Долзарб 40 кунлик” доирасида ўтказилаётган тергов-тезкор ҳаракатлар давомида 1985 йилда туғилган Бузрук Акмалович Бузруков Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисми (бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик) билан айбланмоқда. 

Жиноят иши доирасида гумон қилинувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов давом этмоқда”, дейилади ИИББ хабарида.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг маьлум қилишича, Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинмоқда. 

Мазкур жиноят иши доирасида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида жиноий фаолият олиб борган яна 10 киши ҳибсга олинган. 

Қўлга олинганларнинг деярли барчаси, ЖКнинг 165-модда 2-қисми (кўп миқдорда товламачилик), 277-моддаси 2-қисми (бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик)да гумонланиб қўлга олинган.

Шунингдек, Фарғона вилоятида ҳам криминоген вазият устидан назорат тадбирлари давом этмоқда. Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси вилоятда “Бахти Ташкентский”га  яқин жиноий алоқаси бўлган Достон Ҳалилов ушлангани ҳақида хабар берди. 

Маьлум қилинишича, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган, муқаддам  Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан судланган Достон Холбўта ўғли Ҳалилов қўлга олинган. 

Фарғона вилояти ИИБга кўра, Достон Ҳалилов “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Запарович Қудратуллаевга яқин жиноий алоқаси бўлган.

“У қўшни Қирғизистон Республикасига қочиб ўтмоқчи бўлган пайт, “Дўстлик” чегара постида қўлга олинди”, дейилади хабарда.

Ҳалиловга нисбатан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПК нинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Намангандаги “тозалаш”да эса 35 киши қўлга олинган. 

“Наманган вилояти ҳудудида тезкор-профилактик тадбирларнинг “Долзарб 40 кунлик” доирасида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 20 та ҳолатда кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддалари, 7 та ҳолатда 4615 дона психотроп дори воситаларини сақлаш ва ўтказиш ҳолатлари, 13 дона ноқонуний қурол ҳамда 190 дона ўқ-дориларни сақлаш ҳолатлари, 61 000 донадан ошиқ турли хил пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритилиши ҳолатларига чек қўйилди”, дейилади Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси хабарида. 

Шунингдек, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 35 нафар шахслар ушланиб, қонун устуворлиги таъминланган. 

Навбат Андижонга. Вилоятда тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 20 нафар шахс ушланди. 

Андижон вилояти Ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан ҳамкорликда “Долзарб 40 кунлик” махсус профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, 9 та ҳолатда кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддалари, 5 та ҳолатда 16 330 дона психотроп дори воситаларини сақлаш ва ўтказиш, 7 дона ноқонуний қурол, 84 минг донадан ортиқ турли хил пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритилиши ҳолатларига чек қўйилган.

Шунингдек, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 20 нафар шахслар ушланиб, қонун устуворлиги таъминланган.

Шунингдек, Андижондаги “тозалаш”да конституциявий тузумни ағдариш бўйича судланган 62 яшар отахон ҳам қўлга олинган. 

Қайд этилишича, айни вақтда Ички ишлар идоралари томонидан уч кишига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 251-1-моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш), 273-модда (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, жиноят содир этишда гумонланаётган шахслар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган.  

Хусусан, жорий йилнинг 2 декабрь куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Жиноят кодексининг 159-моддасида (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганлиги учун судланган, Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1961 йилда туғилган Дилмурод Адхамжанович Мамажанов қўлга олинган. 

Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган “Долзарб қирқ кунлик” тезкор-профилактик тадбирлар давомида 6 декабр куни яна 6 нафар шахс жиноят содир этганликда гумонланиб ушланди. 

Улар орасида Тошкентнинг “криминал авторитети” экани айтилган муқаддам судланган Аббосхон Хўжаев ҳам бор. 

У айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 165-модда 2-қисми билан айбланмоқда. 

Хўжаев 2017 йилнинг сентябр ойида ҳам Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан қўлга олинган эди. Ўшанда ИИББдан берилган маълумотларда Аббосхон Хўжаев Тошкентда жиноий гуруҳ ташкил этгани ва жиноятчилик оламида “авторитет” мақомини қўлга киритиш учун ҳаракат қилгани айтилган эди. 

2017 йилда Аббосхон Хўжаевга нисбатан гиёҳванд моддаларни сақлаш бўйича айб эълон қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу иш Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судида кўриб чиқилди ва 2018 йилнинг 20 июнь куни суд ҳукми эълон қилинган. 

Суд жиноят иши материалларини ўрганиб чиқиб, судланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди (ўта йирик миқдорда товламачилик)да назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топган ва икки йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини қатъий тартибли колонияда ўташ ҳақида ҳукм чиқарганди. 

Аббосхон Хўжаев билан бирга яна 5 киши қўлга олинган. Улар 

Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми, жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш; 
276-моддаси 2-қисми, кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш;
104-моддаси, Қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан гумонланиб ушланган. Ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг