Ғазодаги урушдан тортиб, афғон муаммосигача. Тошкентдаги саммит қандай ўтди?
Таҳлил
−
09 Ноябрь 2023
6823Кўпчилик тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари бугун йўллардаги тирбандликлардан нолиди. Ижтимоий тармоқлар йўллар акс этган сурат ва видеолар билан тўлди. Тошкентдаги бу тирбандликлар бежиз эмас. Боиси пойтахт 9 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитига мезбонлик қилди. Унда иштирок этиш учун Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар ҳамда ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий Ўзбекистонга келди. Шунингдек, айни вақтда Туркиядан бошқа ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар ҳам Тошкентда меҳмон бўлиб турибди. Афғонистондан эса саммитда ҳеч ким қатнашмади ёки таклиф этилмади.
Бошқалардан фарқли ўлароқ Туркия раҳбари рафиқаси Эмина Эрдўған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий рафиқаси Жамила Аламолхода, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров рафиқаси Ойгул Жапарова билан ташриф буюрди. Доим турмуш ўртоғи билан етаклашиб юрадиган Озарбайжон Президентининг рафиқаси – мамлакат биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева бу сафар кўриниш бермади.
Саммитда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига даврий раисликни Ўзбекистон қабул қилиб олди.
Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ташкилотга аъзо барча давлатлар ва дунёга дахлдор нутқ қилди. Шу ўринда Мирзиёевнинг айтганларини анъанага кўра бошидан эмас, охиридан кўриб чиқсак.
Мирзиёевнинг нутқидаги энг оташин қисми яна Ғазо секторида бир ойдан ошиқ вақтдан буён давом этаётган хунрезликлар билан боғлиқ. Бу сафар ҳам Ўзбекистон раҳбари Фаластин масаласида Ўзбекистоннинг позицияси мустақил Фаластин давлатини тузиш эканини алоҳида урғулаб айтди.
“Глобал тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган Яқин Шарқдаги Фаластин-Исроил уруши барчамизда катта ташвиш уйғотмоқда. Минг афсуски, бу қонли низо оқибатида аввало, тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар, болалар ва кексалар кўплаб қурбон бўлмоқда. Урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олмоқда”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Қарама-қаршиликнинг кенг кўламли низога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди, деган Мирзиёев яна томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирди.
“Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни, ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз”, дейди Мирзиёев.
Мирзиёев саммитда қатор таклифларни, тўғрироғи 7 та таклифни илгари сурди. Улар ўзаро товар айирбошлашдан тортиб, транспорт-логистикагача, экологик барқарорликдан тортиб, туризм хизматларигача мавзулар бўлди.
Унинг айтишича, Ўзбекистон Ташкилотнинг асосий ҳужжати бўлган “Истиқболлар – 2025” ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлайди. Ҳозирча ишга солинмаётган катта имкониятларнинг чуқур таҳлили асосида Ташкилотнинг келажакдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш вақти келганини айтган Президент, ўтган йили Иқтисодий ҳамколик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этганини, аммо аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизини ташкил этишини афсус билан билдирди.
“Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Мирзиёев давлат ва ҳукумат раҳбарларини экспертлар томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақирди.
Шунингдек, давлат раҳбари Ўзбекистон каби денгизга тўғридан-тўғри чиқа олмайдиган давлатлар дардини ҳам стол устига қўйди. Шу маънода келгусида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон мультимодал йўлларининг ишга туширилиши барча аъзо давлатлар манфаатларига мос келишини билдирди.
Маълумки, бутун дунёда рўй бераётган бўхронлар, айниқса, Россия-Украина уруши, об-ҳавонинг ўзгариб бориши, қишнинг совуқ келиши энергия барқарорлигини пучга чиқариб, тақчилликка олиб келмоқда. Нархларнинг ўсиши ва энергетик инқироз кузатилмоқда. Ўтган қишни амал-тақал ўтказган дунё, айниқса, Европа мамлакатлари қиш эшик қоқаётган шу кунларда кўпроқ энергия ғамини емоқда. Бу Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларга ҳам бегона муаммо эмас. Президент шу масалада оғиз очаркан, миллий энергетика стратегияларини уйғунлаштириш, минтақалараро энергия ресурсларини узатиш тармоқларини ривожлантириш, “яшил” энергетика технологияларини кенг жорий этишнинг аҳамияти ошаётганини билдирди.
Шунингдек, давлат раҳбари хавотирларини ҳам яширмади. Хўш, бу нима дейсизми? Мирзиёев музликларнинг эриши, сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш, чанг бўронлари, тупроқ емирилиши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши каби жараёнлардан қаттиқ хавотир билдирди. Тобора жиддий муаммога айланиб бораётган қум-чанг бўронларига қарши курашиш мақсадида Самарқанд декларациясини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Мирзиёевнинг сўзини охиридан бошлаб, унинг Фаластин масаласига тўхталганини айтган эди. Давлат раҳбари нутқи сўнгида кўздек қўшни Афғонистонни ҳам унутмади. Худди биз юқорида айтгандек, Президентлар эътиборини саммитда Афғонистоннинг иштирок этмаётганига қаратди.
Унинг айтишича, Афғонистон халқини бугунги мураккаб муаммолари қаршисида ёлғиз қолдириб бўлмайди.
“Барчангизни афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга, ушбу мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жамоавий масъулият ва мақбул механизмлар асосида ҳал этишга чақираман”, Мирзиёев.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти – аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилотдир. У 1964 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” номи билан тузилган. Кейин 70-йилларда ички минтақавий савдо сусайиб кетгани учун ўз фаолиятини тўхтатган. 1985 йилда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти” номи билан қайтадан ўз фаолиятини бошлади. 1992 йилнинг 28 ноябрида Исломобод шаҳрида аъзо давлатлар Ташки ишлар вазирлари кенгашининг фавқулодда йиғилишида Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари ИҲТга аъзо бўлган. Аммо 2021 йилнинг 15 август куни Афғонистонда мавжуд конституцион ҳокимият ағдарилиб, бошқарув “Толибон” қўлига ўтгач, халқаро аҳамиятга молик олий мартабали меҳмонлар учрашувларига Афғонистон вакиллари таклиф этилмай қўйган. Боиси, ҳозирча “Толибон” томонидан тузилган Ҳукумат, унинг қайта номлаган Афғонистон Ислом Амирлиги ёки байроғи ҳам ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган. Қобул билан дипломатик алоқаларга эга бўлган барча мамлакатларда эса дипломатик ваколатхоналар халқаро ҳамжамият ва БМТ низомлари доирасида тан олинган Афғонистон номи ва байроғи остида фаолият юритишда давом этмоқда.
Яна саммитга қайтсак. Унда иштирок этган Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған айни дамда блокададаги Ғазо секторида 11 мингга яқин фаластинлик, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлгани, шунга қарамай, дунё сукут сақлаётганини урғулади.
“Исроил ҳукумати барча инсоний қадриятларни менсимай, мактаблар, масжидлар, черковлар, шифохоналар ва университетларни бомбардимон қилишда давом этмоқда. Исроил томонидан шафқатсизларча ўлдирилган Ғазо секторининг 11 мингга яқин аҳолисининг 73 фоизи аёллар ва болалардир”, дейди Туркия раҳбари.
Туркия раҳбари сўзида давом этиб, жорий йилнинг 15 ноябрь куни турмуш ўртоғи Эмина Эрдўған бошчилигида Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ғазо секторидаги вазият бўйича халқаро йиғилиш ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилди ва давлат раҳбарларини рафиқалари ҳамроҳлигида Истанбулга чорлади.
Бундан ташқари, Туркия Президенти Озарбайжонда арман ишғолининг якунига эътибор қаратди.
“Қорабоғда 30 йилдан ортиқ давом этган ишғолга тўлиқ барҳам бериш билан биз минтақада доимий тинчликка бир қадам яқинлашдик”, дейди Туркия Президенти.
Навбат яна аросатда қолган Шимолий Кипр Турк Республикасига. Очиғини айтсак, Эрдўғаннинг катта-катта йиғинларда Шимолий Кипр ҳақида нималар дейиши бизга ёд бўлиб кетди. Буюк турк оиласининг бир парчаси, улар эзилган, адолатсизлик қурбони, уларни даврамизда кўришдан хурсанд бўламиз ва ҳакозо.
Гап шундаки, Шимолий Кипр Турк Республикасини Туркиядан бошқа мамлакат тан олмаган. Шунга қарамай, Эрдўған аввал боши уни Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи сифатида қўшилишига эришди. Шундай бўлса-да Туркий давлатлар уни ШКТРни кузатувчи сифатида тан олишни бошлагани йўқ. Камига 2-3 ноябрь кунлари ташкилотнинг Остонада ўтган саммитида ШКТРнинг Туркий давлатлар парламентлари ассамблеяси, Туркий савдо-саноат палаталари ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига кузатувчи бўлиб қўшилишини маъқулловчи декларацияни имзолатишга эришди. Ўша ҳужжатларга асосан Ўзбекистон тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар Тошкентга келди. 9 ноябрь тонгигача ҳали у, ҳали бу билан кўришган киши бўлди. Лекин тонгда бошланган саммитда уни юмалоқ стол атрофига ўтказишмади. Ўтказишмайдиямда! Чунки бир давлатнинг ташкилот доирасида бўлса-да тан олиниши унинг алоҳида давлат сифатида ҳам тан олинишини англатади. Хуллас, Эрсин Татар ўтирмаган столдан жой олган Эрдўған сўзида шундай деди:
“Биз адолатсиз равишда яккаланиб қолган ва уларга қарши ноқонуний амалиётлар туфайли босимга учраган кипрлик туркларнинг овозини дунёга етказишга масъулмиз”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Туркия раҳбари сўзида давом этиб, Ғазодаги инқироз шароитида Ғарб давлатларини иккиюзламачиликда ва икки томонлама стандартлар сиёсатида айблади.
“Муттасил инсон ҳуқуқлари ва демократиядан сўз очадиган Ғарб давлатлари эса Исроилнинг қирғинини узоқдан томоша қиляпти. Бу мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар, болалар қотилларини айблаштни қўйингки, ўт очишни тўхтатишга чақиролмайдиган даражада ожизлар”, дейди Туркия раҳбари.
Эрдўғандан кейин сўз олган Озарбайжон Президенти нутқи аввалида яна Озарбайжоннинг Арманистон устидан қўлга киритган ғалабаси ва Қорабоғнинг тортиб олинганига тўхталди.
Унинг қайд этишича, яқин келажакда Озарбайжон “яшил” энергия, жумладан, водород энергиясининг салоҳиятли экспортчисига айланади. Яшил энергия соҳасида дунёнинг етакчи компаниялари бўлган хорижий сармоядорлар билан имзоланган шартнома ва меморандумларга мувофиқ, Озарбайжонда қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш яқин йилларда 10 ГВтга этади.
Сўзини Қуръон оятларини ўқиб, Ғазода қурбон бўлганлар ҳақига дуо қилишдан бошлаган Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий эса АҚШ ҳукумати Исроил Ғазо секторида содир этаётган жиноятларга шерик, деб айтди
“Сионистик режим армияси АҚШ ва айрим Европа давлатларининг сиёсий, молиявий, ҳарбий ва разведка кўмагида ўзининг ҳарбий машинасини Фаластиннинг ҳимоясиз халқига қарши ишлатмоқда. Эрон ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни кўриб чиқади. Ғарбнинг, хусусан Америка ҳукуматининг сионистларнинг Ғазога бостириб кириши бу жиноятнинг давом этишига сабаб бўлди. Сионистларнинг жиноятларига АҚШ ҳукумати шерик экани энди бутун дунёга аён бўлди", дейди Иброҳим Раисий.
Хуллас, шу шаклда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг 16-саммити ниҳоясига етди. Давлат раҳбарлари саммити давом этаётган бир вақтда Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева меҳмон Биринчи хонимларни зериктириб қўйгани йўқ. Уларни ўзи Васийлик қилиб келаётган “Замин” фондига бошлаб борди.
У ерда "Болалар ва ёшлар ҳаракатда — Марказий Осиёда иқлим ўзгариши" халқаро форуми бўлиб ўтди. Уларга Президентнинг кенжа қизи Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳамроҳлик қилди.
Саммит якунлангач, жуда шошиб турган экан шекилли, биринчи бўлиб Ўзбекистонни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров тарк этди. Уни ва рафиқасини аэропортда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кузатиб қўйди.
Бизда ҳозирча шулар. Саммитга доир мавзуларни давом эттирамиз.
LiveБарчаси