Ислом Каримовдан Жо Байденгача. Президентларнинг мактабдаги илк куни
Бу қизиқ
−
04 Сентябрь 2023
20641Биринчи синфга борган кунингиз ёдингиздами? Ҳеч ким мактабдаги “Биринчи қўнғироқ” кунини эсдан чиқармаса керак. Катта ҳаётга илк қадам, ҳаяжон, қувонч ҳамма ҳислар бир жойда жам бўлган ўзгача кун.
Сизу биз каби сиёсат олами вакилларининг ҳаётида ҳам “Биринчи қўнғироқ” улар учун катта йўлнинг бошланишига айланган бўлса ажаб эмас. Баъзи сиёсатчилар бошланғич таълимданоқ сиёсий фанларни ўрганган, баъзилари мактаб пайти бу соҳадан йироқ бўлишган. Ушбу мақолада дунёга машҳур сиёсатчиларнинг бошланғич таълими ҳақида билиб оласиз.
Ислом Каримов – Самарқанд шаҳридаги 21-мактаб
Ислом Каримов 1945 йилда Самарқанддаги А.С.Пушкин номидаги 21-мактабга ўқишга кириб, уни олтин медаль билан тамомлаган. Ўқувчилик йиллари мобайнида кўп китобларни, айниқса, тарих бўйича адабиётларни ўқиди. У аниқ фанларни ёқтирарди, шахматга, моделлаштириш ва стол теннисига қизиқарди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эса, тахминларимизга кўра, бошланғич таълимни 1964-1975 йилларда Жиззах вилояти Зомин туманидаги 60-сонли мактабда олган. Афсуски, биз бу ҳақида очиқ маълумотларни топа олмадик.
Жо Байден – Аркмейр академияси
АҚШ президенти Жо Байден билим олишни 1961 йилда Аркмейр академиясидан бошлаган. У мактабдаги фаолияти давомида ўз синфида сардор бўлган ва айнан шу вақтдан бошлаб сиёсий фанларни ўргана бошлаган.
2020 йил сайловдан олдин ўзининг биринчи таълим даргоҳига борган Байден мактаб билан фахрланишини айтиб, мактабни модернизация қилишга ваъда берганди.
Владимир Путин – Санкт-Петербургдаги 193-мактаб
Владимир Путиннинг биринчи мактаби Ленинград – ҳозирги Санкт-Петербургдаги 193-мактаб бўлган. У ушбу мактабда 1960-1965 йилларда ўқиган бўлиб, кейинчалик у ўрта таълимни 281-мактабда давом эттирган.
"Мен мактабда одатдагидек ўқиганман. Саккизинчи синфгача Санкт-Петербургдаги 193-мактабда, кейин эса бошқа мактабда таълим олганман. Мен янги ўтган мактаб Технология институти қошида бўлиб, кимё ва физикага ихтисослашган эди. Аммо нимадир мени аниқ фанлардан бошқа йўналишга буриб юборди. Мен университетда юридик факультетга ўтдим. Ўқишга топширадиган вақтим менда чет тили, тарих, адабиёт фанлари яхши эмаслигини, мен уларни ўрганишим кераклигини англагандим”, деган эди Россия Президенти 2017 йил Сириус маркази талабалари билан учрашувда.
Эммануэл Макрон – Амендаги лицей
Франция Президенти Эммануэл Макрон эса дастлабки таълимни оддий мактабда эмас, балки 1992 йилда Амендаги лицейда бошлаган. У лицейдаги даврларидаёқ ўзининг ўткир зеҳни билан тенгдошларидан ажралиб турган. У ўзининг ҳозирги турмуш ўртоғи Бриджет Макрон билан биринчи марта ўша ерда танишган бўлиб, улар кейинчалик 2007 йилда турмуш қурган.
Риши Сунак – Строуд мактаби
Миллати ҳинд бўлган амалдаги Буюк Британия бош вазири Риши Сунак эса бошланғич таълимни Строуддаги тайёрлов мактабида олган. Ушбу мактаб пулли бўлиб, унда 13 ёшгача бўлган болаларга таълим берилган. Ҳозирда Строуддаги тайёрлов мактабида бир йил ўқиш ўртача 4000-6000 фунтга тушади.
2022 йил Риши Сунак бош вазир этиб тайинланганда Строуд мактаби уни шундай табриклаганди: “Биз ўқувчимиз Риши Сунакни Бош вазир бўлгани билан табриклаймиз. Умид қиламизки, унинг Строуд, Эдвард VI тайёргарлик мактабларида олган билими фаолияти давомида анча қўл келади”.
Ангела Меркел – Гёте номидаги мактаб
Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркел эса таълимни 1960 йил Гёте номидаги катта мактабда бошлаган ва ушбу мактабда 8 синфгача ўқиган. Мактаб вақтида у математика ва рус тили фанларидан яхши натижаларга эришган.
Айнан шу мактабда у табиий фанларга қизиқиб қолган. Кейинчалик олий таълимни ҳам у Карл Маркс университетида табиий фанлар соҳасида давом эттирган ва 1986 йилда квант физикаси ҳақидаги илмий тезиси учун докторлик даражасини олган. Германия 1989 йил бирлаштирилгач, Меркел ўзининг сиёсий фаолиятини бошлаган.
Владимир Зеленский – Кривой Рогдаги мактаб
Украина Президенти Владимир Зеленский 1978 йил 25 январда Украинанинг Кривой Рог шаҳрида яҳудийлар оиласида туғилган. Кичкиналигида улар Мўғулистоннинг Эрденет шаҳрига кўчиб кетишди. Тўрт йил улар Эрденетда яшагач, оила Кривой Рогга кўчиб келган ва шу ердаги бошланғич мактабда таълимни бошлаган. У мактаб таълимини рус тилида олиб борган, шунингдек ўша вақтда инглиз ва украин тилларида ҳам сўзлаша олган. 1995 йилда у Киев халқ хўжалик университетининг маҳаллий кампуси бўлган Кривой Рог иқтисодиёт институтига ўқишга кирган. 2000 йилда ушбу университетнинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган.
Авазбек Мўйдинов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь