Президент Қудбиевдан норози
Жамият
−
18 Август 2023
8136Бугун, 18 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Деярли 2 соат давом этган тадбирда давлат раҳбари Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев ойлигини оқламаётгани ва тадбиркорлар ундан норозилигини айтди.
Ушбу тадбирда Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга солиқ юкини кўпайтириш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш кераклигини айтиб ўтди.
“Ўтказилган сўровларда 62 фоиз тадбиркорлар солиқ соҳасидаги ислоҳатларимизни ижобий баҳолади. 38 фоизи биздан норози. Бизнеc вакиллари солиқ тизимидан ва солиқчилардан қанчалик рози деган савол мени жуда қийнайди. Мен ўйлайманки, сизларни ҳам қийнайди. Мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш тизимдаги коррупция ҳолатларини барчасидан, албатта, хабарим бор. Бу иллатдан қанча тез қутилсак, шунча кўп ишларимизда ўзгариш ва натижа бўлади”, дейди Президент.
Ўтказилган сўровларга қўшилган қиймат солиқ тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқнинг қайтарилишида солиқ узилишлари коэффициентини қўллаб-қувватлаш, яъни янги жорий қилинган Tax Gap тизими адолатсиз эканини билдирган.
“Қудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу. Тизиминга баҳо. Ойликларингни оқламаяпсизлар. Халққа тўсиқ бўляпсизлар. Тадбиркорларга ёрдам бермаяпсизлар. Tax Gap деган бало тадбиркорларни қийнаяпти ва коррупцияга сабаб бўляпти”, дейди давлат раҳбари.
Президент бу гапларни айтгач, тадбиркорлар тик туриб қарсак чалди.
“Шунинг учун булар [тадбиркорлар] тик туриб қарсак чаляпти, “эй президент, кўзинг очилгани рост бўлсин”, деяпти”, дейди табассум билан давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 2020-2022 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси сифатида фаолият олиб борган Шерзод Қудбиев 2022 йилнинг 30 декабр куни Иқтисодиёт ва молия вазири лавозимига тайинланганди. Орадан вақт ўтиб, Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан Солиқ қўмитаси раиси лавозимига қайтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь