Сув балоси: бир оилада уч жаноза!

Таҳлил

Reklama
0:00

Чарчаган нигоҳлар, қайта ва қайта сув тубига тушавериб ивиб кетганидан машиналар тепасига илиб қўйилган қутқарув формалари, кўнгиллилар билан тўлган қирғоқ ва ҳар гал яқинларининг жасади топилишидан умидвор бўлиб қайиқларнинг йўлига кўз тиккан жабрдийдалар. Чорвоқ сув омборининг “Бурчмулло” қишлоғига яқин қисмида мана 5 кундирки кузатилаётган ҳолат

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Чорвоқ сув омборининг белгиланмаган қисмида чўмилмоқчи бўлган ота ва унинг икки нафар фарзанди оёқ томирларининг кутилмаганда тортишиб қолиши оқибатида чўкиб кетганди. Шу кундан бошлаб Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда бир қанча қатор ташкилотлар томонидан қидирув ишлари олиб борилмоқда. QALAMPIR.UZ ушбу манзилга бориб, қутқарув жараёнлари қандай амалга оширилаётгани ҳақида ўрганди.

“Қидирув жараёнлари ҳозирги кунда 2-2,5 километр радиусда давом этяпти. Тун-у кун тўхташ бўлмаяпти. Керакли куч-воситалар ҳаммаси жалб қилинган. Вазирлигимиз топшириғига асосан Жиззах вилояти, Сирдарё вилоятидан ҳам қутқарувчилар жалб қилинган. Ҳозирги кунда умумий еттита қутқарув “отряд”лари жалб қилинган, сувда тўққизта экипаж ишлаяпти.
Ғаввослар сони 40-45 тани ташкил қилади. Энди бу ерда “акватория” катта. Сув сатҳи, яъни ўша жойлашган жойи ҳам Чорвоқ сув омборида, жуда катта сув миқдори мавжуд. Фуқароларга тушунча бўлиши учун айтиб ўтамиз, бассейндаги сув билан бу сув омборидаги сувнинг анча фарқи бор. Бассейнда сув маълум бир жойда туради фақат, тўлқин бўлмайди ёки қанақадир босим камроқ бўлади. Бекорга ўша Чорвоқ сув омборининг махсус жойлари чўмилиш учун мўлжалланмаган... Ўша жойда чўмилса, хавфсиз ҳудуд ҳисобланади. Атрофи ўралган, ҳудудларда чўмилиш тавсия қилинади. Мана бунга ўхшаб ўрта қисмида ёки ўша тақиқланган жойларда чўмилиш оқибати ҳар хил бахтсиз ҳодисалар билан тугашига олиб келяпти. Ғаввосларга қутқарув жараёнларининг қийинчилик туғдираётган омиллар бу ташқаридан ёп-ёруғ кун, сув юзаси бизга кўм-кўк бўлиб, шаффоф бўлиб кўриниши мумкин, лекин сув тубида кўриш имконияти 1-1,5 метрни ташкил қилади. Бу демак-ки, ўша ғаввос кўпроқ ҳаракат қилиши, кўпроқ ҳудудни, яъни сув тубида кўпроқ масофасини айланиб чиқишга тўғри келади. Қутқарув ҳаво баллонларидаги босим ҳам шунга мосланган. Яъни, барча имкониятлар етарли, Худо хоҳласа, тез фурсатларда топишга ҳаракат қиламиз”, дейди Бўстонлиқ тумани ихтисослашган ФВБ бошлиғи ўринбосари

Жараёнларда ходимлар билан бир қаторда маҳаллий аҳолининг ҳам кўплаб вакиллари кўнгилли сифатида қидирув ишларида кўмак беришга уринишаётганига кўзимиз тушди.

“Воқеага шахсан гувоҳ бўлганимиз йўқ, лекин 2 сентябрдан бери Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан катта куч ташланган. У ҳолат рўй берган пайтда ҳеч ким бўлмаган. Катерда фақат айнан ўша оила ҳамда катерни ҳайдаётган йигит бўлган экан. Ҳозирги кунда ўша оиладан онаси ҳамда синглиси соғ-саломат. Ҳаммаси соғ-саломат, фақатгина ўша ота ҳамда иккита ўғил чўкишган. Бутун республикадан куч ташланган, ҳамма ўша оилани қидириш билан овора-ю сарсон. Худо хоҳласа, топилади деган умиддамиз, иншооллоҳ яхши бўлади.
Ўзимиз шу бурчмуллаликмиз. Бу ернинг халқи ҳам келиб, бел боғлаб, биргалашиб, шу ходимлар билан бирга елкама-елка туриб хизмат қиляпти”, дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Юз берган бахтсиз ҳодиса сув омборидан бир неча км узоқликда жойлашган кузатув камерасининг тасвирларига анчайин хира шаклда бўлса ҳам ёзилиб қолган ва айнан ўша тасвирлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган махсус штабга қидирув радиусини белгилашда ёрдам берган.

“Бу Чорвоқ сув омборининг умумий кўриниши, яъни ҳозир биз турган жойимиз мана “Яккатут” ҳамда “Бурчмулла” қишлоқларининг ўртасида, яъни қидирув ишлари айнан мана шу периметрда бўляпти. Ўша боя лавҳада айтиб ўтган 2,5 километр радиус деган жойимиз айнан мана шу нуқталарда қидирув ишлари амалга ошириляпти”, дейди Бўстонлиқ тумани ихтисослашган ФВБ бошлиғи ўринбосари Рустам Бўриев.

20-25 метр чуқурликда қидирув жараёнларини амалга ошириш қутқарувчилар учун ҳам осон бўлмаётгани аниқ. Шунинг учун ҳам уларга қисман бўлса-да ёрдам бериши учун сув юзасида юриб сув остидаги жисмни аниқлаб сигнал юборадиган махсус “Апачи” дрони ҳам олиб келинди.
Ҳозир сув остида йўқолган 3 нафар инсоннинг яқинларига осон бўлмаётгани аниқ. Бу ҳолатда уларнинг дардини ҳеч ким енгиллатишига ҳам умид йўқ, бироқ марҳумларнинг яқинларидан бири бизга берган интервьюсида одамлардан ҳеч бўлмаса туҳмат сўзларни айтиб, ижтимоий тармоқларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган сўзларни ёзмасликларини илтимос қилди.

“Холаваччам бўладилар менга. Холамнинг болалари шу чўмилишга чиқишган катерда. Сувда чўмилган пайтида томир тортишиб қолиб, шу кичкина ўғилларининг томири тортишганда, кейин дадалари, шу Ёдгор акам ёрдамга тушган. Уларнинг ҳам томири тортишиб, кейин катта ўғиллари Нодир ёрдамга тушган. Ўша ерда кейин орада катердаги болада ўша нимчаси бўлган, устида “жилет”и бўлган, катердаги боланинг. Нодирда ҳам “жилет”и бўлган экан. Фақат у “жилет”ни ечиб, дадасини қутқариш мақсадида тезроқ ўша ташлаган ўзини сувга. Сув совуқлиги сабабли томири тортишиб, кейин шунақа ҳолат бўлган, чўккан. Энди аёли, келиним, ўша қизи катерда бўлган. Улар ҳам кўрган чўккан ҳолатини. Кейин қирғоқда бўлган скутер келиб, катерчини қутқарган. Келиним билан қизини олиб кетган. Шу билан ФВВ етиб келди ўша куннинг ўзида. Кечқурун соат 9 гача шу ерда қидирув ишлари, мана ўша кундан бери ҳозир қидирув ишлари олиб бориляпти. Раҳмат айтамиз Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига, айниқса мана шу “Бурчмулла” қишлоғи аҳолисига жуда катта раҳмат айтамиз. Улар шу кундан бериб худди биздек бирга-да, бирга юриб, бирга мана бу ерда нечта бурчмуллалик йигитлари бор, мана кўнгиллилар. Бу ёқдан мана Сижжак қишлоғидан келишяпти, “катер”и борлар.
Бизга моддий ёрдам керак эмас, бизга фақатгина мана шуларнинг ишлаши ва ўша “комментарий”ларда кимдир ўлиб қолибди, онаси ўлиб қолибди, деган гаплар бўлаяпти. Унақа ҳолатлар йўқ. Худога шукур, қолганлари шу ердалар, яхши, ҳеч ким шифохонада ҳам эмас. Буни ҳеч кимнинг бошига солмасин. Чунки битта оилада эркаклар йўқ бўлиб кетяпти-да. Ҳали биз ўша ердамиз, чиқишини кутяпмиз. Энди ҳар ҳолда акамиз. Бешинчи сутка ўтяпти, ҳалигача йўқ. Қийин, оилага қийин, холамга қийин. Мана ҳозир қон босимлари кўтарилиб, фарзанд доғида қийналяпти. Худо хоҳласа топилса, сўнгги манзилига кузатсак, яхши бўлар эди”, деди йўқолганларнинг холаваччаси Шуҳрат Шокиржонович.


Umid Sulaymonov


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг