Рус мансабдорларидан совға – спорт дайжести
Спорт
−
23 Июль 2023
7502UFC’да ўзбекистонлик спортчилар сони кўпайиб бормоқда, Нурсултон Рўзибоевнинг ташкилотдаги муваффаққиятли дебюти эса унга ҳамон фойда келтиряпти. Бу сафар Рўзибоевга нархи 35-40 минг доллар турадиган автомобиль совға қилинди. Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлев ўзбекистонлик бокс афсонаси Руфат Рисқиевга Malibu-2 автомобилини совға қилди. Баҳодир Жалоловнинг профбоксдаги навбатдаги жанги санаси ва рақиби маълум бўлди. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов фаолиятини А Серияга қайтган клубда давом эттириши мумкин. Қозоғистонда эса машҳур футболчи ЙТҲ оқибатида вафот этди. Расман Махачев ва Оливейранинг реванш жанги тасдиқланди. АҚШнинг “Интер Майами” клубига кўчиб ўтган Лионель Месси дебют ўйиндаёқ ажойиб гол уриб, жамоасигағалаба келтирди. Ассалому алайкум. Якунланаётган ҳафтада рўй берган энг муҳим спорт воқеликлари билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
Ўзбекистонлик ММА'чи Богдан Гусков UFC'га ўтмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг Twitter'даги “UFC Roster Watch” саҳифасида маълум қилинди.
Унга кўра, бугун, 18 июль куни Богдан Гусков UFC ростерига киритилган.
“Жангчи қўшилди: Богдан Гусков”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Гусков Ўзбекистонда туғилган ва Ўзбекистон ҳамда Россия байроқлари остида жанг ўтказади. У бунгача MPL, MMA Series, Brave FC, AMC ва RCC промоушенларида октагонга кўтарилган. ММА бўйича спорт устаси, грепплинг бўйича Россия чемпионати совриндори ҳисобланади. Гусков ММА'даги профессионал фаолияти давомида 14 та жанг ўтказиб, 12 тасида ғалаба қозонган ва икки марта имкониятни бой берган.
***
Нурсултон Рўзибоев UFC'даги навбатдаги жангини қачон ва кимга қарши ўтказиши маълум бўлди. Бу ҳақда ММА инсайдери Марсель Дорф хабар берди.
Унга кўра, ўзбекистонлик UFC жангчиси жорий йилнинг 4 ноябрь куни Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳрида навбатдаги UFC Fight Night мусобақасида октагонга кўтарилади. Ўша куни унга маҳаллий спортчи Кайо Борральо рақиблик қилади. Мазкур жанг орқали Нурсултон бошқа бир ўзбекистонлик жангчи учун реванш олиш имкониятига эга бўлади.
Гап шундаки, 2022 йилнинг 22 октябрь куни Абу-Дабида бўлиб ўтган UFC 280 турнирида Маҳмуд Мурoдов ҳам айнан Кайо Борральога қарши жанг ўтказиб, тўлиқ давом этган баҳсда ҳакамларнинг қарори билан мағлубиятга учраган эди.
Маълумот учун, Рўзибоев бунга қадар 43 марта октагонга кўтарилиб, 35 та жангида ғалаба қозонган, 8 та баҳсда эса рақибларига имкониятни бой берган. Унинг UFC'даги натижаси 1-0 ва Рўзибоев ҳам промоушендаги илк жангида бразилиялик ММАчи Бруно Феррейра билан жанг қилиб, уни нокаутга учратган эди. Кайо Борральо эса фаолияти давомида 15 та жангда қатнашиб, 14 марта ғалабага эришган ва 1 марта имкониятни бой берган. Борральо UFC'да 4 та жанг ўтказган ва барчасида ғалаба қозонган.
Ҳа айтганча,UFC’даги мувафаққиятли дебюти Рўзибоевга ҳамон фойда келтирмоқда. Бир неча кун олдин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзбекистонлик UFC жангчисига Jetour автомобилини совға қилди. Бу ҳақда спортчининг ўзи маълум қилди. Рамзан Қодиров спортчини UFC’даги дебют жангида ёрқин ғалабага эришгани билан табриклаб, унга автомобиль совға қилган. Рўзибоев эса Чеченистон раҳбарига видеомурожаат йўллаб, совға учун миннатдорлик билдирган.
UFC’даги дастлабки жангидан сўнг Рўзибоевга бериладиган саволлар бисёр. Шундан келиб чиқиб QALAMPIR.UZ Рўзибоев туғилиб ўсган жой Андижон вилояти Шаҳрихон туманида спортчидан интервью олди. Мазкур интервьюни тез кунда QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
***
18 июль куни Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлев ўзбекистонлик собиқ боксчи Руфат Рисқиевга “Маlibu-2” автомобилини совға қилди. Бу ҳақда президентнинг ўзи Теlegram-каналида маълум қилди.
Унга кўра, Руфат Рисқиевга ўзбек ва жаҳон бокси ривожига қўшган ҳиссаси учун бутун бокс оиласи номидан миннатдорлик билдирилган.
“У 1974 йилда жаҳон бокс тарихидаги биринчи жаҳон чемпиони ҳисобланади. Бу бизнинг тарихимиз, биз уни асраб-авайлашимиз керак. Ўтмишсиз келажак йўқ! Бизга қўшилинг, тарихга эътибор беринг ва у ҳақида гапиришдан тортинманг. Фақат шу йўл билан биз ўз дунёмизни сақлашимиз мумкин”, дейди Кремлев.
Умар Кремлев бунга қадар Тошкентда бўлиб ўтган катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати давомида ҳам Рисқиевни кўриш мақсадида касалхонага бориб, 10 минг доллар ва эсдалик учун чемпионлик камарини топширган эди. Шу билан бирга, IBA томонидан умрбод минг долларлик маош ҳам тайинланган.
Маълумот учун, Руфат Рисқиев 1974 йилда илк бор ўтказилган Жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Кейинчалик у синган қўли билан жанг қилгани маълум бўлган. У 1976 йилда Монреалдаги Олимпия ўйинларида кумуш медалга эга чиққан. Ушбу ўйинларда Рисқиев финалга қадар етиб борган ягона совет боксчиси сифатида қайд этилган.
***
Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалоловнинг навбатдаги рақиби маълум бўлди. Бу ҳақда спортчининг ҳамкори ҳисобланган Top Rank промоутерлик компанияси хабар берди.
Унга кўра, Жалолов навбатдаги жангини жорий йилнинг 26 август куни АҚШнинг Оклахома штатида ташкил этилаётган бокс оқшомида ўтказади. Ўша куни унга нигериялик тажрибали боксчи Онореде Эҳвареме рақиблик қилади.
Маълумот учун, Эҳвaреме фаолияти давомида 22 марта рингга кўтарилиб, ундан 20 тасида ғалаба қозонган ва 2 та жангида рақибларига имкониятни бой берган. Ўзбекистонлик боксчи эса профессионал боксда 12 та жанг ўтказиб, барчасида рақибларини муддатидан аввал мағлуб этган. Баҳодирнинг сўнгги жанги америкалик Кёртис Ҳарперга қарши бўлиб ўтган ва унда ўзбекистонлик боксчи 4-раунддаёқ рақибини нокаутга учратган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Баҳодир Жалолов дунёнинг энг номдор Top Rank промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаган эди. Шу пайтга қадар Лоу ДиБелланинг DiBella Entertainment компанияси билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган боксчи эндиликда афсонавий Боб Арумнинг мижози сифатида рингга кўтарилади.
***
Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Италиянинг “Специя” клубидаги муваффақиятсизликдан сўнг, яна бир клубга ижара асосида ўтиши мумкин. Бу ҳақда “Romapress” хабар берди.
Манбага кўра, А Серияга қайтган “Кальяри” клуби ушбу трансфер ойнасида ўзбекистонлик ҳужумчини қўлга киритиш учун асосий даъвогар. Шомуродов “Рома”нинг собиқ бош мураббийи Клаудио Раньери бошчилигидаги жамоага мавсум охирида сотиб олиш опсияси билан ижарага берилиши мумкин.
Шунингдек, “Кальяри”дан ташқари ўзбекистонлик ҳужумчига Италиянинг “Лечче” ва Испаниянинг “Жирона” жамоалари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Маълумот учун, Шомуродов ортда қолган мавсумнинг аксарият қисмини “Специя”да ижара асосида ўтказди. Унинг трансфер ҳуқуқлари Римнинг “Рома” клубига тегишли. Ўтган мавсум футболчи клуб миқёсида умумий 24 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва худди шунча голли узатмани амалга оширди.
***
Қозоғистоннинг бир қанча футбол клубларида тўп тепган собиқ футболчи Алибек Ботирбеков бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Sports.kz хабар берди.
Манбага кўра, шу йилнинг 18 июль куни Олмаота – Толдиқўрғон автомобиль йўлида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Автоҳалокатда Toyota Prado автомобили темир панжарага бориб урилган. Машинада толдиқўрғонлик таниқли футболчи Алибек Ботирбеков бўлган.
“Ботирбеков бошқарувидаги автомобиль соат тахминан 18:20 да магистралнинг 109-километрида руль бошқарувини йўқотган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида футболчи Қўнаев шаҳридаги шифохонанинг реанимация бўлимига етказилган, бироқ оғир тан жароҳатлари туфайли вафот этган. ЙТҲда яна икки йўловчи жароҳатланган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ботирбеков 26 ёшда эди. У узоқ йил “Байтерек” ва “Жетису” футбол клубларида ўйнаган. У охирги йилларда болалар мураббийи сифатида фаолият юритаётган эди.
***
Енгил вазн тоифасида UFC камари соҳиби Ислом Махачевнинг навбатдаги жанги расман тасдиқланди. Бу ҳақда промоушеннинг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, унинг навбатдаги жанги 21 октябрь куни Абу-Даби мезбонлигида бўлиб ўтадиган UFC 294 турнири доирасида ўтказилади. Ўша куни унга собиқ чемпион бразилиялик Чарльз Оливейра рақиблик қилади.
Маълумот учун, Ислом Махачев ва Чарльз Оливейра ўртасидаги биринчи жанг 2022 йилнинг 22 октябрь куни бразилияликка тегишли чемпионлик камари учун кечган эди. UFC 280 турнири доирасида ўтказилган мазкур баҳс дастлабки раундда россиялик спортчи фойдасига ҳал бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чарльз Оливейра соғлиги ва тайёргарлигидаги муаммолар сабаб бу жангни қабул қила олмаслинини маълум қилган эди.
“Очиғини айтганда мен учун октябр жуда эрта. Мен ноябр ёки декабрда жанг қилишга тайёрман. Мен кутишга тайёрман. Шуниси аниқ мен Абу-Дабида жанг қилолмайман. Кўрамиз UFC қандай қарорга келар экан”, деган Оливейра.
***
22 июлга ўтар кечаси Шимолий Америка Лига кубоги доирасидаги Лионель Месси тўп сурадиган “Интер Майами” ҳамда Мексиканинг “Крус Асуль” жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтди. Учрашув мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Америка жамоаси таркибида Роберт Тейлор ва Лионель Месси гол урди. Аргентиналик футболчи 90+4 дақиқада стандард вазиятдан гол уриб, жамоасига ғалаба келтирди.
Лео 54-дақиқада Бенжамин Кремаски ўрнига майдонга тушди. Майдонга кирдан сўнг, у дарҳол сардорлик боғичини олди.
Турнирнинг навбатдаги учрашувида “Интер Маqfми” “Атланта Юнайтед” билан куч синашади. Ўйин 26 июль куни, Тошкент вақти билан 04:30 да бошланади.
Бу QALAMPIR.UZ’да спорт янгиликлар эди. Воқеалар ривожини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда кузатиб боринг.
LiveБарчаси