Татьяна Каримова Мирзиёевни ғалаба билан табриклади
Жамият
−
10 Июль 2023
17080Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова кеча, 9 июль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловида ғалаба қозонгани ва яна 7 йиллик муддатга Ўзбекистон Президенти лавозимини эгаллагани муносабати билан Шавкат Мирзиёевни табриклади. У ўз табригини Instagram’даги саҳифаси орқали йўллаган.
“Президентимиз Шавкат Мирамоновични ишончли ғалабаси билан табриклайман.
Унинг раҳбарлигида Янги Ўзбекистон ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро миқёсда улкан юксалишларга эришмоқда. Унинг оқилона сиёсати туфайли юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда.
Шавкат Мирамоновичга Ўзбекистонни янги ютуқ ва муваффақиятлар йўлида янада юксак чўққиларга етаклаб боришини тилайман”, деб ёзган Каримовнинг 74 яшар беваси.
Татьяна Каримованинг ижтимоий тармоқлардаги сўнгги постларидан бири қамоқда қолаётган тўнғич қизи Гулнора Каримовани кўришга изн берилмаётгани ҳақида бўлган эди. У жорий йилнинг 17 июнь куни набираси Имонни туғилган куни билан табриклаш асносида, шундай деган эди:
“Неварам Имонни 25 ёшни қарши олгани билан табриклайман. Бахт, фароғат, меҳр-муҳаббат тилайман. Лекин афсуски, бугунги гўзал кун қувончи тўкис эмас. 21-жазони ижро этиш колониясидаги қизим Гулнорани кўришга рухсат берилмади…”
Кейинроқ Татьяна Каримова ушбу постини тармоқдан ўчириб ташлаган.
Бугунгача Татьяна Каримова тўнғич қизи ҳақида умуман гапирмаган. Ислом Каримовнинг дафн маросимида ҳам на Гулнора Каримова ва унинг фарзандлари кўриниш берган. Гулнора Каримова эса 2013 йилда ўзига бир қатор айбловлар қўйилиши ва унга оид ташкилотлар ёпилишида онасини айблаб чиққанди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь