Тошкентда 100 йиллик вируслар қўзғалиши мумкин

Таҳлил

Охирги вақтларда таҳририятга келадиган мурожаатларнинг асосийси қурилиш ё бузилишдан бўлиб қолган. Ҳар икки мурожаатчининг бири ноқонуний ва қурилиш меъёрларига зид равишда “дом” ёки “бизнес центр” қурилаётгани ва маҳалла аҳолиси бундан норози эканини айтади. Бу ҳолатга на ҳокимият, на бошқа ташкилотлар жавоб беради.

Бу гал ҳам QALAMPIR.UZ’га Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Шайх Шиблий” маҳалласи фуқароларидан мурожаат келиб тушди. Уларнинг айтишича, маҳалла ҳудудида 1918 йилда ўз ишини бошлаган Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ўрнида 14 та 22 қаватли, 6 та 16 қаватли турар жой мажмуаси қурилиши бошланган. Гап шундаки, институт юқумли касалликлар учун махсус дорилар ишлаб чиқарган ва дориларни ҳайвонларда синаб кўрган. Препаратлар таъсирида ўлган ҳайвонлар эса институт ҳудудидаги махсус “беккери” ямасига кўмилган. Шунингдек, ҳудудда ҳайвонлар қабристони ҳам бор. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳудудда қурилиш қилингудек бўлса, Тошкент аҳолиси хавф остида қолади ва охири 100 фоиз ўлим билан якун топиши мумкин бўлган куйдирги касаллиги тарқалиши эҳтимоли жуда юқори. Режа қилинган қурилишдан маҳаллий аҳоли норози ва жиддий хавотирга тушмоқда.

“Қурилиш компанияси кўп қаватли уй қуриш учун ҳаракатни 2022 йил декабрь ойидан бошлаган. Маҳаллага 2023 йил апрель ойида келишди. Тўғриси биз жуда ҳайрон бўлдик. Институт ҳудудига тегиб бўлмайди. “BIOFARM PLUS” МЧЖ бу жойда “REGAL CITY” номли турар-жой мажмуаси қурмоқчи. Менимча, буюртмачи бу ерларда уй-жой, умуман қурилиш қилиш қанчалик хавфли экани ҳақида маълумотга эга эмас. Бизда қурилиш қилиш, ҳатто, тегиш хавфли бўлган ерни ким, қандай асосда қурувчига бергани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, дейди маҳалла фаоли Акбар Муҳиддинов. 

Маҳалла фаолларидан бирининг айтишига улар бир неча бор тегишли органларга мурожаат қилган. Афсуски, ҳеч ким бу ҳудуднинг заҳарли эканига эътибор қаратмаган.

“Бизнинг уйимиз институтдан 50 метр узоқда жойлашган. Шу сабаб ҳам безовта бўляпмиз. Бу ҳудуддан анча узоқ жойда яшаганимизда бунчалик хавотирга тушмаган бўлар эдик. Қурилиш туфайли фақат бизнинг уйимиз эмас, шу маҳалладаги 5000 мингта аҳоли безовта бўляпти. Ёзмаган жойимиз қолмади. Афсуски, бирор одам “реакция” билдираётгани йўқ. Ерга тегиб, касал кўтариладиган бўлса, бутун ўзбек халқи жазоланади, биз шундан хавотирдамиз”, дейди фуқаро Нодир Нажимов.

Хўш, нима учун маҳаллада яшайдиганлар Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудини хавфли деяпти? 

Гап шундаки, 1918 йилда Тошкент шаҳарининг Юнусобод тумани, Чингиз Айтматов кўчаси, 37-уйда Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ташкил топган. 105 йиллик тарихга эга давлат муассасаси собиқ СССР даврида маълум муддатларда стратегик объект сифатида СССР Мудофаа вазирлигига бўйсунган.

1987 йилда институт томонидан 150 дан ортиқ вакцина, зардоб ва бошқа биопрепаратлар яратилган ва ишлаб чиқарилган. Жумладан, ўта хавфли юқумли касалликлар – чинчечак, ўлат, вабо, сибир яраси, геморрагик иситмалар, бруцеллез, қоқшол, қорин тифи, безгак, ботулизм, мохов ва бошқа касалликларни аниқлаш ва уларни тарқалишининг олдини олишда ишлатиладиган вакцина ва зардоблар ишлаб чиқарилган ва даволаш воситаларини яратиш борасида биологик тадқиқотлар, синовлар амалга оширилган.

Юқорида қайд этилган вакцина ва биопрепаратлар ишлаб чиқаришда тегишли инфекциялар лаборатория ҳайвонларига турли йўллар билан юқтирилиб, биологик тадқиқотлар – синовлар ўтказилган. Синов ўтказилган ҳайвонлар институт ҳудудида ташкил этилган крематорияларда ёқилган ёки ҳудудни ўзида жойлашган ҳайвонлар қабристонига кўмилган ёки очиқ ва ёпиқ турдаги “беккери” ўраларига ташланган. Мавжуд маълумотларга кўра, айрим юқумли касалликлар споралари жуда узоқ муддат давомида ташқи муҳитда, айниқса, қуёш тушмайдиган нам жойларда 100 йил ва ундан узоқ муддат давомида сақланиб қолиши мумкин.

“Аччиқ ҳақиқатни гапириш керак. Қурилишга рухсат берилишидан олдин, кўп ташкилотлар келиб, жойни ўрганган. "Каттаконлар"ни болалари келиб қурилиш қилмоқчи бўлган. Бу ерлар “опасный” зона бўлгани учун кўпчилик қайтиб келмаган. Бу галги тадбиркорлар негадир ёпишиб олишди. 

Қурувчилар томонидан босим ҳам бўлди. Масалан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси келишди ва бу ерларда қурилиш қилиш мумкин эмаслигини айтишди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳам ҳудди шу гапни айтди. Нимадир бўлди-ю эртаси куни “қурса бўлади” деб қолишди. Менимча, бу ташкилотларга ҳам юқоридан “давление” бўлган. 

Эллик йилдан бери шу маҳаллада яшайман. Институтда вирусларга қарши дорилар ишлаб чиқарилганини эшитганмиз. Ҳудуд милиция томонидан қўриқланарди ва ҳеч ким кира олмасди. Тадбиркорлар қандай қилиб ўраб, ҳукмронлик қилиб олганини тушунмаяпмиз. Муаммони айтиб чиққанларга "гапирма, эртага нима бўлишини биласанми?" деб таҳдид ҳам қилишяпти", дейди маҳалла фаоли Ғафур Зокиров.

Фуқароларнинг айтишича, 30 май куни ФВВ, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва Ветеринария хизмати ходимлари келиб, тупроқдан намуна олган. Орадан бир кун ўтиб, маҳалланинг бу жараёнда қатнашган 3 нафар фуқароси ўзини ёмон хис қилишни бошлаган. Маҳалла раиси эса уйдан чиқолмай, ётиб ҳам қолган. 

“Соат 14:30 да иш бошланди. Ҳудуднинг 6 та жойидан 15 та намуна олинди. Экскаватор 4, 3, 1 метр 80 см дан намуналар олди. Шу жараён 2 соатдан ошиқ давом этди. “СЭС” ходимлари экскаваторларни дезинфекция қилиш кераклигини айтди. Ҳудудда ишлаган техникалар дезинфекция қилинди, лекин тупроқни ташқарига олиб чиқиб кетилгани бизни ҳайратда қолдирди.

Иш тугаганидан кейин бронх йўли ва ўпкамнинг юқори қисимларида ачишиш пайдо бўлганини сездим. Қўшнимиз Отабек ҳам тоби қочганини айтди. Маҳалла раисимиз эса уч кундан буён уйда укол олиб даволаняпти”, дейди Акбар Муҳиддинов.

Муаммони ўрганиш учун “Шайх Шибилий” маҳалласига борган болалар омбудсмани Алия Юнусова ҳам институт ҳудудида қурилиш қилиш мумкин эмаслигини айтмоқда. Юнусовага кўра, бу болалар ва катталар соғлигига жиддий зарар етказиши мумкин.

“Бизга “Шайх Шибилий” маҳалласи фуқаролари мурожаат қилишди. Бу ерда институт бўлган. Тадбиркор бу ерни ўраб қурилиш қилмоқчи экан. Илгари бу ерларда “скотомогильник” бўлган. Бу ҳудудда қурилиш қилиш, ерни кавлаш мумкин эмас. Тупроқлар зарарланган. Бу тупроқ одамлар ва болалар ҳаёти учун хавфли. Бу қурилиш тўхтатилмаса катта хавф келиб чиқиши мумкин”, дейди Алия Юнусова.

Заҳарли моддалар кўмилган ердан 50 метр узоқда яшайдиган Нодир Нажимов эса институт ҳудудида қурилиш қилиш учун Президент қўл қўйиб берсагина уй қурилишига рози бўлишларини айтмоқда.

“Бу масалани жуда кўп ўйладим. Агар қурувчилар таниш-билиш қилиб, “ҳайвон кўмилганми, одам кўмилганми, барибир 30 метр кавлаймиз”, деса энг катта одам, энг катта раҳбар “бу ерда қурилиш қилиш мумкин” деб имзо қўйиб берсин. Ундан кейин биз қўлимизни кўтарамиз”, дейди Нодир Нажимов.

Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудида қурилиш қилаётган компания билан боғланишга уриндик. Афсуски, компания вакиллари биз билан гаплашишни истамади. Институтга борганимизда ердан олинган намуна жавоблари чиққанидан кейин қўшимча маълумот беришлари мумкинлигини айтди. “BIOFARM PLUS” МЧЖ ерни қайси асосда, қандай шартлар билан сотиб олгани ёки аукционда ютгани ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.

Ҳудуддан намуна олишда иштирок этган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошлиғининг ўринбосари Ботир Қурбонов ҳам намуна текширувлари тугаб, жавоблар чиққанидан кейин барча ОАВларга маълумот берилишини маълум қилди.

Энди, 2017 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси жамоат жойларида атмосфера ҳавосини муҳофаза этишнининг санитарик нормалари ва қоидалари (СанПиН № 0350-17) тасдиқланган бўлиб, ҳужжатнинг 2.17.бандида "Санитария муҳофаза зонаси чегараларида ва ишлаб чиқариш объектлари ҳудудида қуйидагиларни жойлаштириш тақиқланади", деб ёзилган:

•    озиқ-овқат саноати корхоналари, шунингдек, идиш-товоқ, идиш, асбоб-ускуналар ва бошқаларни ишлаб чиқариш учун. озиқ-овқат саноати учун, тайёр маҳсулотлар омборлари, ичимликлар ва ичимлик суви ишлаб чиқариш корхоналари;

•    сув иншоотлари мажмуалари;

•    озиқ-овқат хомашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи омборлари;

•    турар-жой бинолари, мактабгача таълим муассасалари, бошқа таълим муассасалари;

•    жамоавий ёки якка тартибдаги дача ва боғдорчилик участкалари;

•    спорт иншоотлари, боғлар, соғлиқни сақлаш ва даволаш муассасалари.
 
Тиббиёт фанлари доктори, профессор, санитария эпидемиология соҳасида бир неча йил ишлаган, 2019 йилдан 2023 йил январига қадар Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти илмий ишлар бўйича директор муовини сифатида фаолият олиб борган Иброҳим Маматқуловнинг айтишича, Институт ҳудудида қурилиш қилиш жуда хавфли ва бу ишнинг оқибатлари аянчли бўлиши мумкин.

“Ҳудудда “беккери” ўраси бор. “У ростан ҳам “беккери” ўрасими ё йўқ?” деб сўрашлари мумкин. Бу ўра эканини бир нарса исботлайди. Ўра айлана кўринишда, тўртбурчак бетон билан ўралган бўлади. Куни-кеча намуна олганда “беккери” ўрасини бузишди. Жуда ғалати ҳид ҳам чиқди. У ҳиддан маҳалладагиларнинг ҳам оғизлари қуриб, ўзларида ўзгариш сезишди. Энди 20-30 метр пасга қазишимизни фараз қилаверинг. Унда қайдай ҳидлар чиқиши мумкин. Қўшниларда ўзгариш бўлгани, бу ерда ҳайвонлар кўмилганини инобатга олсак, кавлангандан кейин кимёвий аллергиялар тарқалиши мумкин, деб айтоламиз. Ачинарлиси, бу ҳидлар нафас олиш тизимларида касалликлар келтириб чиқариши мумкиин. Энг ёмони, куйдирги касали чиқадиган бўлса ва уни ўпка шакли тарқаб кетса, 100 фоиз ўлим берадиган касаллик бўлади”, дейди Иброҳим Маматқулов.

“Беккери” ўраси нима? – “Беккери” ўраси айлана шаклида бўлиб, энига 3 см, бўйига 9 метрдан узун бўлган, вирусли синовлардан кейин ўлган ҳайвонларни кўмиб ташлайдиган ўра ҳисобланади”.

QALAMPIR.UZ'даги маълумотларга кўра, 2020 ва 2021 йилларда Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудида тупроқдан жами 49 хил намуна олинган. Тупроқ намуналари ернинг юза қисмидан, 25, 50 ва 75 см чуқурликдан; 

"Беккери" ўрасининг юза қисми ва ҳайвонлар қабристонидан 75 см чуқурликдан, муфель печининг 50-75см чуқурлигидан намуналар олинган. 

Узоқ эмас, бор-йўғи 2-3 йил аввал институт майдонидаги “беккери” ўраси, ҳайвонлари қабристонидан намуналар олинганига кўра, демак бу ўралар бор. “Шайх Шиблий” маҳалласида истиқомат қиладиганлар ҳам нафақат ўзи, балки бутун Республикага тарқаши мумкин бўлган касалликлардан хавотирда. 

Касални даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул, деган яхши бир гап бор. Юқорида тилга олганимиз ҳудудда вакциналар ишлаб чиқарилгани ва у ҳайвонларда синалгани-ю, ўлган ҳайвонлар институт ҳудудига кўмилгани ёлғон эмас. Бу жойда қурилиш қилиш мумкин эмаслиги ҳам қайсидир қўшни давлатнинг эмас, балки Ўзбекистоннинг санитария қоидаларида аниқ қилиб кўрсатилган. 

Биз таҳририятга келган мурожаатларни тўлиқ ўрганиб, сизга етказишга ҳаракат қиламиз. Ўрганиш давомида нафақат бир томон, балки ҳокимият ёки бошқа органлар билан ҳам боғланамиз. Юқорида айтганимиздек, тадбиркор ерни қайси шартлар асосида, кимдан сотиб олгани ҳақидаги маълумотлар ҳеч кимда мавжуд эмас. Юнусобод тумани ҳокимлиги билан боғланганимизда тадбиркор институт ҳудудида қурилиш қилиши учун Юнусобод тумани ҳокимлиги ер бермаганини айтди. Шаҳар ҳокимлиги эса доимгидек сукут сақламоқда. Ердан олингдан намунани текширишда шаффофлик таъминланади, “инсон қадри улуғланган” юртда қонунлар ишлайди, қурилиш мумкин эмас, деб ёзилган ҳужжатларни ер бераётган ҳокимбувалар, катталар ўқийди, деб умид қиламиз. Нима бўлганда ҳам бу ҳаводан сиз ҳам, биз ҳам, амалдорлар ҳам нафас олади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг