Туркий дунё пойтахтидан ўқ овози ўрнига қўшиқ садоси янгради (фоторепортаж)

Жамият

image

TURKSOY халқаро ташкилоти томонидан ҳар йили анъанавий тарзда туркий давлатларнинг тарихий шаҳарлари “маданият пойтахти” деб эълон қилинади. 2023 йилда ушбу нуфузли мақом Озарбайжоннинг Шуша шаҳрига берилди. Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти ҳамда “Қорабоғ марвариди” деб ҳам эътироф этилади. У нафақат Озарбайжон ёки Қорабоғ, балки Кавказ маданиятининг бешиги, десак хато бўлмайди.

Бугун, қарийб 300 йиллик тарихга эга Шуша шаҳри одамлар билан тўлган. 9-12 май кунлари “Шуша-2023 Турк дунёсининг маданият пойтахти” тадбирлар доирасида “Ҳарибулбул” фестивали ҳамда Турк дунёсининг ошпаз ва ҳунармандлари томонидан ташкил этилган кўргазмаларнинг тантанали очилиш маросимлари ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Делегацияси таркибида QALAMPIR.UZ фотомухбири Умид Собиров иштирок этмоқда.

Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков бошчилик қилди. Фестивалнинг тантанали очилиш қисмида Ўзбекистон томонидан “Навбаҳор” ҳамда “Айқулаш” давлат ашула ва рақс ансамбллари томонидан Ўзбекистон миллий урф-одатларига монанд равишда тайёрланган ижодий чиқишлар намойиш этилиб, тадбирнинг халқаро нуфузли меҳмонларининг эътирофига сазовор бўлди.

Қарийб 30 йил босқиндан азият чеккан Шушада фойдаланишга яроқли иншоот деярли қолмаган. Ҳатто Ислом динида муқаддас саналган масжидлар ҳам оёқости қилинган. Қорабоғ ҳудида 30 дан ортиқ тарихий масжидлар бўлган. Уларнинг аксариятида чорва моллари боқилган, мадрасалар вайрон қилинган. 

Халқаро Турк маданияти ташкилоти (TURKSOY)нинг Бош котиби Султан Раев Қорабоғ урушини ёдга олди.

“Кечагина бу кўҳна диёрларда ўқ овозлари, мина портлашлари янграган эди, бугун бу заминларда бутун туркий дунёнинг халқ қўшиқлари янгради, Қорабоғнинг чексиз баланд тоғларида турк байроғи ҳилпираб, овозимиз янгради.

Шуша Турк дунёсининг маданий пойтахти! Шуша Турк дунёсининг олтин кўприги! Шуша бугун туркий дунёнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги ва қардошлиги рамзидир”, дейди Султан Раев.

Тадбирда Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон ҳунармандлар уюшмаси аъзолари томонидан Ўзбекистон миллий майдонининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Майдонда жой олган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва ўзбек ошпазлари томонидан 80 кг ўзбек палови ҳамда ўзбек миллий таомлари Шуша шаҳрига келган мингдан зиёд халқаро ва маҳаллий меҳмонларга тақдим этилди.

 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг