Сайлов аниқ, номзодлар ҳам. Ғолиб-чи?
Таҳлил
−
13 Май 2023
21360Шу йилнинг 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашув ўтказади.
Президент Янгиланган Конституциянинг 128-моддасида мамлакат Президентига берилган ваколатдан фойдаланиб, муддатидан илгари президентлик сайловини ўтказиш ҳақидаги муҳим фармонни имзолаганини айтди.
“Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик Президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечяпман? Чунки ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари, янгиланган Конституция Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўяаётганини ҳам таъкидлади.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонига мувофиқ, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови 2023 йил 9 июль кунига тайинланганини маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110 ва 128-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 66-моддасига асосан 2023 йил 9 июль кунига муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тайинлансин. Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига юборилсин”, дейилади фармонда.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови кампаниясига 10 майдан старт берилганини маълум қилди.
Бўлиб ўтган мажлисда сайлов кампаниясини эълон қилиш ва сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Календарь режани тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилган. Календарь режаси икки ой муддатни қамраб олган, унга сайлов жараёнининг 7 та йўналиши бўйича 51 банддан иборат асосий тадбирлар киритилган.
Хусусан, жорий йилнинг 15 майигача сиёсий партиялар сайловда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатлар тақдим этиши кераклиги, сайловга 52 кун қолгандан, яъни 17 майдан бошлаб 38 кун қолгунига (1 июнь) қадар бўлган давр президентликка номзод кўрсатиш учун ажратилгани айтилган эди.
Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Хамзаев.
11 май куни биринчилардан бўлиб, Ўзбекистон Экологик партияси президентлик сайлови учун ўз номзодини кўрсатди. Унга кўра, Абдушукур Худойқулович Хамзаев Экологик партиядан Президентлик учун курашади.
Абдушукур Хамзаев 1973 йил Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилган. 1996 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини, 2013 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор. Меҳнат фаолиятини Сурхондарё вилояти Узун тумани “Намуна” жамоа хўжалигида агроном сифатида бошлаган. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида ўқитувчи, декан ўринбосари, проректор бўлиб ишлаган. 2017 йилдан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари – Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори вазифасини бажарган.
Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илёсович Иноятов.
12 май куни Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига ким даъвогар экани маълум бўлди. Партиядан Улуғбек Илёсович Иноятов президентликка номзод сифатида тақдим этилди.
Иноятов 1962 йилда туғилган. 1985 йилда Тошкент политехника институтини тугатган, 1998 йилда Тошкент молия институтини тугатган. 1985-1993 йилларда Тошкент политехника институтида ассистент, аспирант вазифаларида фаолият юритган.
1993-1999 йилларда Тошкент архитектура-қурилиш институтида декан муовини, декан, 1999-2003 йилларда Тошкент молия-иқтисод коллежи директори, 2003-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, 2011-2013 йилларда Тошкент давлат педагогика университети ректори каби вазифаларда фаолият олиб борган. 2013-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири, 2018-2019 йилларда Наманган давлат университети ректори вазифаларида ишлаган. 2019 йилдан Ўзбекистон халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси. 2020 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, спикер ўринбосари вазифасида ишлаб келмоқда.
“Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Маҳмудова Анваровна.
12 май куни Ўзбекистон президентлигига учинчи номзод ҳам маълум бўлди. Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова Анваровна номзоди “Адолат” социал-демократик партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган.
Робахон Маҳмудова 1958 йилда Фарғона вилоятида туғилган. 2017-2020 йилларда Ўзбекистон Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхоналари мудири лавозимида ишлаган. 2020 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатори, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган. Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 13 июлдаги қарори билан Робахон Маҳмудова Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланган. 2020 йил 6 мартда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Робахон Маҳмудова Президентликка ўз номзодини кўрсатганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маҳмудованинг судьялик ваколатлари тўхтатилганини маълум қилди.
Қонунчиликка кўра, судья сиёсий фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас. Шу сабабли Судьялар олий малака ҳайъати Маҳмудованинг аризаси ва суд қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – маъмурий судлов ҳайъатининг раиси Робахон Маҳмудованинг судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилган.
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 12 май куни амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев президентлик пойгасига қўшилганини маълум қилди.
Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июль куни Жиззах вилояти Зомин туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида бошлаган.
1990 йил Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, бир вақтнинг ўзида Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими лавозимларида фаолият олиб борган. 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган. У 2003 йилда Ўзбекистон Бош вазири этиб тасдиқланди ва 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан ушбу лавозимга яна уч марта қайта тасдиқланган.
2016 йил 2 сентябрда Президент Ислом Каримовнинг вафот этиши муносабати билан Олий Мажлис Мирзиёевни Биринчи Президент дафн маросимини ўтказиш бўйича комиссияга раис этиб тайинланади.
2016 йил 8 сентябрда Президент вазифасини бажарувчи, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев мамлакат раҳбари вазифасини вақтинча бажариш масъулиятини ўзидан соқит қилиб, ўрнига Мирзиёевни тавсия қилди. 2016 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон Либерал Демократик Партиясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда партия сиёсий кенгаши аъзоси Шавкат Мирзиёевни Президентликка номзод сифатида тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. Шавкат Мирзиёев 2021 йил 24 октябрда 2-муддатга ўз номзодини кўрсатган эди. Мирзиёев сайловда 80,12 фоиз овози билан Ўзбекистон Президенти этиб қайта сайланди.
Бугун, 13 май куни Миллий тикланиш демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров кутилган “бомба”ни портлатди. “Миллий тикланиш” партияси пленумида қатнашган QALAMPIR.UZ мухбирининг хабар қилишича, партия президентлик сайловига ўз номзодини қўймаслигини маълум қилган.
“Партия ўтган парламент ва президентлик сайловларида олдига дастурий мақсад сифатида белгилаган 237 та мақсаддан 143 таси амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида амалга ошган. Партиямизнинг барча фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда муддатидан илгари президентлик сайловларида ЎзЛиДеп билан биргаликда амалдаги Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлаш таклифини бермоқчиман”, деган Алишер Қодиров.
Шунингдек, партия етакчиси бугунги мураккаб давр бирлашишни талаб қилишига урғу берган.
“Биз амалдаги Президент атрофида мустаҳкам бирлашиб она ватанимиз қудрати ва Халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг энг самарали йўлини топишимиз зарур”, дея қўшимча қилган Қодиров.
Демак, Алишер Қодиров ўз номзодини илгари сурмоқчи эмас. Ушбу партиялар авваллари ҳам парламентда демократик блок ўлароқ коалиция тузгани кузатилган. Энди ҳамкорлик президентлик сайловларида ҳам давом этади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, 2021 йил 24 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Президенти сайловида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодировга – 888 минг 515 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 5,48 фоизи овоз берган эди.
LiveБарчаси