Референдум қандай ўтди?
Жамият
−
01 Май 2023
6963Кеча, 30 апрель Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида янги Конституцияни қабул қилиш учун референдум бўлиб ўтди. Овоз бериш жараёнлари 8:00 да бошланиб, 20:00гача давом этди.
QALAMPIR.UZ кун давомида бир нечта сайлов участкаларида бўлиб, сиёсий жараёнларни яқиндан кузатди.
Хўш, фуқаролар янги таҳрирдаги Конституциянинг қайси бандларини кўпроқ қўллаб-қувватламоқда? Айнан шу саволлар билан сайловчиларга микрофон тутдик.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти, Маданият ва туризм вазири Озодбек Назрбеков ҳам Референдумда иштирок этиб, Ўзбекистонда Президент ўзгаргани сиёсий ўзгаришларга сабаб бўлганини айтиб, бугунги сиёсий жараёнларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
“Ўзбекистонда сиёсат ўзгарди буни ҳамма яхши билади. Президент алмашиши билан сиёсат тубдан ўзгарди. Шунча ўзгаришлар бўлса, ҳозирги Конституция талабга жавоб берадими? деган савол ўртага чиқиб қолди. Бу Янги ўзбекистон билан боғлиқ жараён. Биз мутлақ янгиланяпмиз. Бу жараёнда Конституциявий жараёнларга табиий равишда эҳтиёж пайдо бўлди”, дейди Назарбеков.
Токио-2020 Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалолов референдумда ўз танловини амалга оширар экан шундай дейди:
“Конституцияда ўзгариш бўлса, жамиятда ҳам ўсиш бўлади деб ўйлайман. Ўзгариш бўлган давлатда ўсиш бўлади, деб ўйлайман”.
Олмазор туманида истиқомат қиладиган фуқаро ўз фикрларини билдирар экан, Конституция ўзгаришини қўллаб-қувватлашини айтиб, у қабул қилинса, аҳоли ҳаёти ўзгариши, ўқиш, иш маош билан боғлиқ муаммолар ҳам ҳал этилишини айтди.
“Мен ҳамма моддаларни қўллаб-қувватлайман. Бу халқ фаровонлиги учун бўлаётган ўзгариш. Ойликлар кўтарилади, ўқишлар яхшиланади. Қарияларга ҳам яхши имкониятлар берилади. Овоз беришга тайёрмиз”.
Референдумга бефарқ бўлмаган хонанда Озода Нурсаидова бир вақтлар унинг ҳуқуқлари топталгани, Конституциядаги камчиликлар сабабли жабр кўрганини эслади.
“Ўзбекистон фуқароси сифатида референдумда қатнашяпман. Бугун жуда муҳим кун, бизнинг, ўзбек халқининг келажаги ҳал бўляпти. Конституцияга жуда кўп ўзгаришлар киритилди. Конституциянинг маълум камчиликлари туфайли бир вафтлар жабр чекканлар қаторида мен ҳам бўлганман. Мени ҳуқуқим бузилган. Менга ўхшаганлар кўп бўлган ва янги конституцияда инсон қадри биринчи ўринга чиқарилган”, дейди у.
Овоз беришда қатнашган кўплар пенсионерлар эса Конституцияда айнан пенсионерлар учун берилаётган ўзгаришлар уларга маъқул бўлгани, шунингдек, таълим, тиббиёт соҳасидаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашларини айтишди.
Ўзбекистондаги барча референдум участкалари эрта тонгдан овоз берувчилар билан тўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев оиласидан тортиб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов оиласи аъзоларигача Референдумда иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан бирга Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 59-референдум участкасига бориб, овоз берди.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Бош вазир Абдулла Арипов, Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов, Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил алламжонов ва бир қанча таниқли шахслар референдумда қатнашгани ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилишди.
Тармоқларда муҳокама бўлган суратлардан бири Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримованинг референдумда қатнашгани эди. Татьяна Акбаровна сайлов участкасига ёлғиз боргани йўқ. У кенжа қизи Лола Тилляеванинг қизи Марям Тилляева билан бирга бориб референдумда қатнашди.
Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциянинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланмоқда.
Марказий сайлов комиссияси 30 апрель 13:00 ҳолатига кўра, овоз берувчиларнинг 12 млн 83 минг 105 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, умумий сайловчиларнинг 62,24 фоизи янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдумда овоз берганини маълум қилиб, Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасида белгиланган қоидага мувофиқ референдумга овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилганларнинг камида ярми иштирок этган бўлса, референдум ўтган, деб топилишини маълум қилганди. Референдум натижалари бугун, 1 май куни Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.
LiveБарчаси