Американинг Ўзбекистонга талаби нима? АҚШ элчиси билан илк интервью
Интервью
−
12 Апрель 2023
27822Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистонга янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник Qalampir.uz таҳририятига ташриф буюрди ва маҳаллий матбуотга илк интервьюсини берди. Qalampir.uz мухбири Ўзбекистондаги сўнгги сиёсий жараёнлар, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳамда халқаро сиёсат борасидаги бир қатор саволлар билан элчига юзланди.
Шаҳзод Нусратуллаев, мухбир: — Аввало, муҳтарам жаноб, Qalampir.uz’га интервью беришга вақт ажратганингиз учун сизга катта раҳмат. Биз АҚШ ҳукумати ва Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, мустақил оммавий ахборот воситаларини мунтазам қўллаб-қувватлаш борасидаги хатти-ҳаракатларини доимо қадрлаймиз. Собиқ АҚШ элчиси, жаноб Розенблум ваколат муддати тугашидан олдин бизнинг офисимизда бўлган эди. Элчи ўзининг самимий фикрларини биз билан ўртоқлашган ва Ўзбекистондаги сўнгги интервьюсини Qalampir.uz сайтига берган эди. Умид қиламизки, биз сиз билан ҳам буни анъанага айлантира оламиз.
Жонатан Ҳеник, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси: — Менимча ҳам, бу ажойиб ғоя
Ш.Н.: — Бизда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳақида жуда кўп саволлар бор. Аввало, бугун Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги вазият қандай?
Ж.Ҳ.: — Сўзимни бошлаб шуни айтоламанки, биз оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва мустақил оммавий ахборот воситаларини фундаментал жиҳатдан муҳим эканлигига ишонамиз. Айниқса, амалдаги Президент Мирзиёйев бу соҳада ўзининг муҳим ислоҳотларини давом эттирмоқда, деб ўйлайман. Сизники каби ташкилотлар муҳим танқидий роль ва тушунчани таъминлайди ва шу боис, бугун сиз билан бирга бўлишдан мамнунман. Ўзбекистон билан муносабатларимизга келсак, шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, муносабатларимиз ҳеч қачон бунданда яхши бўлмаган. Сиз биласизки, Давлат котиби Блинкен бир неча ҳафта олдин бу ерга ташриф буюрди. У Ташқи ишлар вазири, Президент билан учрашди. Мен ўша учрашувларда қатнашдим. Ҳақиқатдан ҳам биз иқтисодий, хавфсизлик, сиёсий, инсон ҳуқуқлари масалаларини тўлиқ қамраб олган суҳбатлар қуролдик. Биз олдин ҳеч қачон бу қадар мазмунли ва самарали мулоқотда бўлмаганмиз. Ушбу учрашувлар чоғида ҳар икки томон ҳам муносабатларимизни мустаҳкамлашда улкан салоҳиятга эга эканига ва уни сафарбар этишга келишиб олдилар.
Ш.Н.: — Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида катта давлатлар Ўзбекистондан катта сиёсатда у ёки бу томонни танлашни сўраётганини айтган эди. Бу АҚШ Давлат котиби жаноб Блинкеннинг яқинда Ўзбекистонга қилган ташрифи билан боғлиқми?
Ж.Ҳ.: — Айтганимдек, мен котиб Блинкеннинг барча учрашувларида шахсан қатнашдим ва шу боис мутлақо йўқ, деб жавоб бера оламан. Биз ҳеч қачон бундай фикрни илгари сурмаганмиз – бу мутлақо ҳақиқатга зид. Давлат котиби Блинкен Ўзбекистон мустақиллигини қатъий қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор таъкидлади. Биз Ўзбекистон ўзининг барча қўшнилари билан самарали ва ижобий муносабатлар ўрнатиш қобилиятига эга бўлиши кераклигини тушунамиз ва Ўзбекистоннинг ҳамкорларидан бири эканимиздан ниҳоятда мамнунмиз.
Ш.Н.: — Жаноб Блинкен АҚШ Ўзбекистон ва Қозоғистонни Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар оқибатларини бартараф этишда қўллаб-қувватлашини айтди. Маълумки, Россияда миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари бор ва уларнинг Ўзбекистонга юбораётган пуллари иқтисодиётимизнинг жиддий қисмини ташкил этади. Жаноб Блинкеннинг фикрига асослансак, Қўшма Штатларда ўзбек меҳнат муҳожирлари сонини кўпайтириш нияти борми? Греен карта тизими ёки ишчи визалари билан?
Ж.Ҳ.: — Биз имкон қадар кўпроқ ўзбекистонликларнинг АҚШга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлишини истаймиз. Сиз Греен карта ҳақида гапирдингиз. Биласизки, Америка Қўшма Штатларида ҳам этник ўзбек бўлган америкаликларнинг салмоқли ва ўсиб бораётган гуруҳи бор. Шу сабаб, икки ўртада тобора кўп сайёҳлар алмашинувини кўришни хоҳлаймиз, тобора кўпроқ ишбилармонларнинг борди-келди қилишларини истаймиз. Бундай алмашинув – икки миллат ўртасидаги алмашинув – икки томонлама соғлом муносабатлар учун жуда муҳимдир. Аммо иш масаласига келсак, Президент Мирзиёевнинг ҳаракати билан Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантиришга кўмаклашиш, ўзбеклар Ўзбекистонда қолиши учун қўшимча иш ўринлари яратиш борасида режалар илгари суриляпти. Бизда эса меҳнат кўникмаларини ўргатиш, тадбиркорликни рағбатлантириш, бизнесни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг хорижга маҳсулот ва хизматлар экспорт қилиш қобилиятини оширишга қаратилган дастурлар бор. Шундай экан, фикримизча, ўзбекистонликлар Ўзбекистонда яхши, юқори маошли иш топишлари реалликка айланаётган бир пайтда уммон ортига иш излаб боришларига унчалик ҳам ҳожат йўқ.
Ш.Н.: — Маълумки, дунё совуқ уруш давридагидек икки қутбга бўлинмоқда. Хитой етакчиси Си Цзиньпиннинг яқинда Россияга ташрифи Хитойнинг Россия билан жипслашаётганидан далолат беради. Хўш, глобал сиёсатда кейинги ўн йилликлардан нимани кута оламиз?
Ж.Ҳ.: — Келгуси даврда нима бўлишини билмайман, лекин шуни айтмоқчиманки, Қўшма Штатлар ва унинг бутун дунё бўйлаб ҳамкорлари демократия, инсон ҳуқуқлари, эркин савдо ва эркин бозорларга асосланган халқаро тизимни қўллаб-қувватлайди. Мамлакатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш масаласида Россия ўзининг агрессияси, Украинадаги зўравонликлари билан ушбу тамойилларни қаттиқ бузди. Умид қиламизки, бундай хатти-ҳаракатларга ортиқ йўл қўйилмаслигини таъминлаш учун халқаро ҳамжамият билан ишлашда давом этамиз. Келажакда нима бўлишини билмайман, лекин биз барчамиз учун фойдали бўлган халқаро тизимни мустаҳкамлашда давом этиш учун барча давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Ш.Н.: — Хабарингиз бор, ўтган йилнинг июль ойида Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ҳукумат вазиятни тезда баҳолай олди ва айрим конституциявий ислоҳотларни тўхтатди. Кейинроқ эса воқеаларга хорижий таъсир бўлгани хабар қилинди. Хўш, Қорақалпоғистондаги намойишларни қандай баҳолайсиз? Ўзбекистонга ҳақиқатан ҳам ташқи таҳдидлар бўлганми? Қорақалпоғистонда суд жараёни қанчалик шаффоф бўлди?
Ж.Ҳ.: — Аввало шуни айтишимга ижозат беринг, биз шунга ишонамизки, ҳар қандай демкратияда одамлар тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак. Бу муҳим фундаментал ҳуқуқ ва биз буни қўллаб-қувватлаймиз. Қорақалпоғистондаги норозилик намойишларига келсак, менда барча тафсилотлар йўқ, албатта. Аммо мен кўпроқ шаффофликни кўришни хоҳлардим. Биламизки, Омбудсман бу борада иш олиб борди – текширув ўтказди ва ҳисобот тайёрлади, лекин биз ҳали ҳам Омбудсман ҳисоботини кўрмадик. Менимча, буни жамоатчиликка ошкор қилиш керак эди. Судлов жараёнларига келадиган бўлсак, бу жараёнларда ошкоралик ва шаффофлик ошгани бизни руҳлантирди. Фикримизча, бу ижобий қадам ва судловлар давом этар экан, улар ошкораликни таъминлашда давом этишади, деб ўйлаймиз.
Бизнингча, зўравонлик қўллаган ҳар бир киши, албатта, жазоланиши керак, лекин бу нафақат намойишчиларга, балки ҳуқуқ-тартибот органларига ҳам тегишли бўлиши керак. Чунки улар зўравонлик қўллаган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Ўзбекистон ҳукуматининг баёнотларидан биз бу норозиликларда иштирок этган ҳуқуқ-тартибот органларининг айрим шахслари борлигини билдик, улар ҳозир тергов қилинмоқда. Фикримизча, бу терговлар якунланиши ва ҳар қандай қонунбузарликлар ҳам судга тортилиши керак. Жумладан мазкур шахслар (куч ишлатган ички ишлар ходимлари) ҳам жавобгарликка тортилиши керак.
Ш.Н.: — Аввал хабар қилинганидек, яқин кунларда Ўзбекистонда амалдаги Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтади. Унга кўра Ўзбекистон ижтимоий давлат бўлиши кутилмоқда. Хўш, янги Конституция ҳақида фикрингиз қандай? У Ўзбекистонга нима олиб келиши мумкин?
Ж.Ҳ.: — Биз Конституциявий референдумни жуда яқиндан ўрганяпмиз. Унда кўплаб ижобий ўзгаришларни – ишчиларни ҳимоя қилиш, аёлларни ҳимоя қилиш борасидаги қадамларни кўряпмиз. Ҳокимиятлар бўлиниши кучаймоқда ва Олий Мажлисга кўпроқ ваколатлар берилмоқда. Буларнинг барчаси жуда ижобий ўзгаришлар. Аввало, Конституцияни ўзгартириш ёки ўзгартирмаслик, албатта, Ўзбекистон фуқароларининг ўз иши.
Биз муҳим деб билган бошқа бир жиҳат шуки, агар ушбу Конституция ўзгартирилса, бу ўзгаришлар шунчаки қоғозда қолиб кетмайдими? Амалда ҳам ишлайдими? Умуман олганда биз Ўзбекистонни айни вақтдаги ва қолган барча ислоҳотларида қўллаб-қувватлашимизга ишонамиз.
Ш.Н.: — Шу ўринда амалдаги давргача бўлган президентлик муддатининг бекор қилиниши ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг қайта сайланиши эҳтимоли ҳақидаги фикрингизни билмоқчимиз? Бу ҳақда нима дея оласиз?
Ж.Ҳ.: — Албатта, Ўзбекистон фуқаролари ўз сиёсий раҳбарларини танлаши ва бу сиёсий етакчиларнинг сайловда иштирок этиш шартларини белгилаши – бу уларнинг ўз хоҳиши. Бу биз қабул қила оладиган қарор эмас. Муҳими, биз, Президент Мирзиёев аллақачон таъкидлаганидек, сўз эркинлиги, фикр эркинлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва пировардида мазкур эркинликлар турли сисосий дунёқарашга эга инсонлар учун бошпана бўлишини хоҳлаймиз.
Аслини олганда биз ҳар қандай демократияда одамлар ўз раҳбарларини танлаш имкониятига эга бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз ва ҳар қандай ҳолда биз буни қўллаб-қувватлаймиз.
Ш.Н.: — Маълумки, АҚШ сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, аёллар ва болалар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаши билан танилган давлатлардан биридир. Хўш, бу ҳуқуқлар бўйича мамлакатдаги вазиятни қандай баҳолайсиз? Келажакда вазият яхши томонга ўзгарадими?
Ж.Ҳ.: — Сўнгги бир неча йил ичида биз кўплаб ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Болалар меҳнати барҳам топганини, пахта теримида мажбурий меҳнатга нуқта қўйилганини кўрдик, Ўзбекистонда диний эркинликлар миқёси ошганини кўрдик. Президент қамоқхоналарда қийноқлар борлигини очиқ айтди ва қийноқларни бартараф этиш чораларини кўрди. Биз буни кузатдик. Буларнинг барчаси жуда ижобий ўзгаришлар. Ишонаманки, Президент бу ислоҳотларни давом эттиришга жиддий ёндашади ва шу сабабли Ўзбекистонда вазият бундан кейин ҳам яхшиланишига умид қиламан.
Ш.Н.: — Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда аёллар ва қизларга нисбатан зўрлаш, тазйиқ ҳолатлари ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳатто, айрим ҳолатлар давлат ҳокимияти органлари вакиллари томонидан содир этилган. Хўш, Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни қандай баҳолайсиз? Улар кафолатланганми?
Ж.Ҳ.: — Биз биринчи навбатда оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортиш чоралари кучайганлигидан мамнун бўлдик. Фикримизча, Ўзбекистонда аёллар ва болалар ҳимоясини кучайтириш учун бундай турдаги ҳуқуқий ўзгаришлар ниҳоятда зарур ва биз бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Сиз айтиб ўтган сўнгги ҳолатларга келсак, бундай хатти-ҳаракатлар қабул қилиб бўлмас ва ғайритабиийдир. Менимча, аёллар ва болаларни зўрлаш ёки зўравонлик қилишда айбдор бўлган ҳар қандай шахс қонун доирасида тўлиқ ва оғир жавобгарликка тортилиши керак.
Ш.Н.: — Сўнгги нуқтада, Ўзбекистондаги кўрган-кечирганларингизга асосланиб, ўзбеклар ва Ўзбекистон ҳақида фикрингизни билмоқчимиз. Ўзбекистон халқининг маданияти ва меҳмондўстлиги ҳақида нима дея оласиз?
Ж.Ҳ.: — Сайтингиз кузатувчилари биладими ё йўқ, лекин мен кўп йиллар аввал Ўзбекистонда бўлганман. Мен ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида бу ерда биринчи дипломатик вазифамга киришганман. Бугун эса, Ўзбекистонга қайтиб келганимдан, бу ижобий ўзгаришлар ва тараққиётни кўришдан мамнунман. Биласизми, мамлакат иқтисодий жиҳатдан тубдан ўзгарган ва яхшиланган. Гарчи, албатта, ҳали олдинда қилинадиган ишлар кўп.
Бу ернинг бой маданияти ва Ўзбекистоннинг беқиёс бой тарихи ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони ортиб бораётганини кўриш қувонарлидир. Ўзбекистонга қайтиб келиб, бу маданият ва бу ердаги инсонлар билан яна мулоқотда бўлиш, кейинги бир неча йил давомида бутун мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш менинг орзуимдаги фаолият эди. Куни кеча Навоий ва Бухорода сафарда бўлиб қайтдим. Олдинроқ Нукус ва Мўйноқда эдим. Менимча, бу ер ажойиб маданият ва ажойиб одамларга эга мамлакат. Кейинги фаолият йилларимни шу ерда ўтказишдан мамнунман.
Ш.Н.: — Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат. Умид қиламизки, сизни келгусида яна бир бор таҳририятимизга таклиф қиламиз.
Ж.Ҳ.: — Бундан хурсанд бўлган бўлардим.
Ш.Н.: — Раҳмат!
АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки Qalampir.uz нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси