Янги қонун лойиҳаси: зўравонларга жазо кучаяди

Жамият

Деярли ҳар куни аёлларга нисбатан зўравонлик бўлгани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушади. Хабарлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда ва ҳолатлар ваҳшийлашаётгандек. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, биргина 2021 йилнинг ўзида 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёлларга яқин шериги ҳисобланмаган шахслар томонидан 161 та зўрлик содир этилган. Жинсий шериклари томонидан жинсий ёки жисмоний зўрланишга дучор бўлган 15-49 ёшдаги аёллар сони 94 нафарни ташкил этади.

  • Олий суд берган маълумотларга кўра, 2022 йилда 469 нафар одам вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазога тортилган.
  • Улардан 23 нафари – 14 ёшга етмаган шахснинг номусига теккан ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси – номусга тегиш;
  • 99 нафар – ўн тўрт ёшга тўлмагани аён бўлган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан айбланиб, ЖКнинг 119-моддаси – жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;
  • 249 нафари – 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилгани учун ЖК 128-моддаси – ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш;
  • 7 нафар шахс – ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилганлик учун ЖК 128-моддаси – ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш;
  • 91 нафар шахс – ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этгани учун ЖК 129-моддаси – ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш моддаси билан жавобгарликка тортилган.

Аёллар ва болаларга нисбатан жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ҳар қанча қораланмасин, қўша-қўша вазирлик, ташкилот ёки қўмиталар ташкил қилинмасин, жиноят содир этган шахслар жазодан қутилиб ёки енгил жазо берилгани учун хулоса чиқармаётгандек. Оқибатда эса атрофизни аёллар ва норасида гўдаклар хўнграши тутмоқда. 

Жамоат фаоллари эса аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик қилганлар учун жазо чораларини кучайтириш ва қонунчиликка ўзгартишлар киритишни таклиф қилди.
 
“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига юборилган. Хўш, ундан қандай ўзгаришлар жой олган? Nemolchi.uz Ўзбекистон қонунчилигида юз бериши мумкин бўлган энг муҳим 7 та ўзгартиришни эълон қилди.

Қонунга уй зўравонлиги ҳақида алоҳида модда қўшилиши мумкин.

Мутахассислар ва халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни оиладаги зўравонликни криминаллаштиришга бир неча бор чақирган бўлса-да, айни пайтда қонунчилигимизда оила аъзоларига нисбатан зўравонлик нотаниш шахсларга нисбатан жисмоний зўравонликка тенглаштирилиб кўриб чиқилади. Бунда оилавий зўравонлик қурбонининг узоқ пайт давомида психологик ва оиладаги бошқа турдаги қарамлик ҳисобга олинмаяпти.

Жинсий жиноятларнинг барча шакллари учун жазони кучайтириш таклиф этилмоқда.

Жазо муддатини узайтириш нафақат жиноятчиларни жазолаш, балки жинсий эркинликка тажовузни оғир жиноятлар тоифасига ўтказишга ёрдам беради. Масалан, оғирлаштирувчи ҳолатларсиз номусга тегиш учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш таклиф қилинмоқда (ҳозир 3 йилдан 7 йилгача жазо берилади).

Қариндошлар, қармоғидаги болаларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноят содир этиш жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланади.

Жиноят кодексининг амалдаги таҳририда қариндошлар ва нотанишларга нисбатан зўравонлик тенг кўрилади. Ваҳолонки, яқин одамнинг жиноят содир этиш ва уни тизимли равишда такрорлаш имконияти кўпроқ.

Вояга етмаганларни тарбиялаш, ўқитиш ёки парвариш қилиш билан шуғулланадиган шахслар томонидан зўрлаш ёки жинсий алоқа қилиш оғирлаштирувчи ҳолат тоифасига киритилиши мумкин.

Бугунги кунда Жиноят кодексида барча жиноятлар тенг кўриб чиқилади, болага таъсир ўтказадиган ва у билан тўсқинликсиз мулоқот ҳуқуқига эга бўлган шахс каттароқ жавобгарликка тортилиши кераклиги ҳисобга олинмайди.

Вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши айрим жиноят турлари криминаллаштирилиши мумкин.

Лойиҳа томонидан интернетдан фойдаланган ҳолда вояга етмаганларни жинсий алоқага ундаш моддасини киритиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳозирги вақтда қонун билан тартибга солинмаган болаларга қарши кибер жиноятларнинг кўпчилигини олдини оладиган модда бўлиши мумкин.

Сталкинг ва таъқиб учун жавобгарлик киритилиши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шахсни таъқиб қилганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи янги моддани киритиш таклиф этилмоқда. Бугунги кунда руҳий зўравонликнинг бу тури алоҳида жиноят тури сифатида жазоланмайди, таъқибчи қўпол ҳаракатлар, масалан, калтаклаш ва мулкка зарар етказмагунча жавобгарликка тортилмайди.

Жинсий таъқиблар учун жавобгарлик киритилиши мумкин.

Деярли ҳар бир аёл дуч келган тегажаклик, кетколлинг ва таъқиблар маъмурий жазога тортилиши мумкин. Айни пайтда бундай хати-ҳаракатлари учун жиноятчи фақат безорилик моддаси жазоланиши мумкин.

Ўзгартишлар нафақат фуқаролар хавфсизлигини яхшилаш, балки мамлакатни МДҲда аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш соҳасида биринчилар қаторига олиб чиқади. Лойиҳанинг тўлиқ матни билан ҳаволалар орқали танишинг.

Мавзуга бефарқ бўлманг. Аёлларга нисбатан хизматкордек, буюмдек муносабатда бўлишни бас қилинг. Ҳар қайси аёлнинг меҳр ва муҳаббатга иҳтиёжи борлигини унутманг. Бу билан жуда бўлмаганда ўз уйингиздаги аёллар, хотин-қизларга нисбатан ҳурматни шакллантирган бўласиз.  


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг