Жарима машмашаси. “Гаи” айбдорми ёки 103 ҳайдовчилари?

Интервью

Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчилари қоидабузарликлар учун жарима қоғозлари келаётгани сабаб видеомурожаат билан чиқди. Улар ўз мурожаатида чақирув бўйича ҳаракатланган вақтида тезликни ошириш, “полоса”ни босиш, қизил чироқда ўтиб кетиш ҳолатлари учун жаримага тортилганини айтиб, аҳолидан агар чақирувга вақтида етиб бора олмаса, буни тўғри тушунишини сўрашган. 

“Чақирув бўйича ҳаракатланган вақтимизда тезликни ошириш, “полоса”ни босиш, қизил чироқда ўтиб кетганлик учун жарима қоғозлари келяпти. Жарималарнинг суммаси катта, бунга бизнинг ойлигимиз ҳам етмайди. Жарималар ҳаракатимизни чеклаб қўяпти. Шунинг учун ўз вақтида етиб боролмасак ҳар хил гап-сўзлар қилмасликни илтимос қиламиз”, дейилади видеомурожаатда.

Видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг эътирозига сабаб бўлгач, ҳолатни ўрганиш бошланди. Мурожаатни ўрганиш мақсадида Махсуслаштирилган автокорхона (103 автомобиллари гаражи)да матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда автокорхона раҳбари Баҳодир Тешабоев, Республика тез ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуров, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқарма бошлиғи Илҳом Идиров қатнашди. 

Матбуот анжуманида иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбирининг айтишича, видеода ўз муаммоларини маълум қилган тез тиббий ёрдам ҳайдовчилари камера қаршисида тамоман бошқа гапни айтишди. Уларга кўра, жарима қоғози видеода чиққан ҳайдовчиларнинг ҳамкасбларига тегишли ва “ўзлари билмаган ҳолда видео қаҳрамонига айланиб қолишган”.

“Жарима қоғозлари аслида бизники эмас, бошқа ҳайдовчиларники. Видео нима мақсадда олинганини ҳам билмаймиз. Ҳаммаси тўсатдан бўлди. Ўзим икки йилдан бери ишлайман, лекин бирон марта менга жарима қоғози келмаган. Қоғозни қўлимизга бериб, видео оламиз, дейишди. Ҳаммаси шу”, дейди ҳайдовчилардан бири QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.

Бошқаларнинг айтишича, техник ходим жарима қоғозини олиб келгач, автомобиль ҳайдовчиларини жаҳли чиқиб кетган ва видео олган. Айтишларича, жарима қоғозларининг уларга берилиши иш кунларини кайфиятсиз бошланишига сабаб бўлмоқда.

“Ишга келамиз, қўлимизга жарима қоғозини тутқазади. Бу эса эрталабдан кайфиятимиз бузилишига олиб келади. Тизимни ўзгартириш керак”, дейди ҳайдовчилардан бири.

Махсуслаштирилган автокорхона раҳбари Баҳодир Тешабоевга кўра, ҳайдовчиларга жарималарни беришдан асосий мақсад – улар қоида бузмаслигини эслатиш. Қолаверса, бемор шифохонага кетаётган вақтда у тўлиқ тез тиббий ёрдам ходими назоратида бўлади. Шундай экан, чорраҳадан қоида бузиб, яшил чироқ ёнишини кутмасдан ҳаракатланиш, шу орадаги бир неча дақиқалар кўп нарсани ҳал қилмайди.

“Жарима қоғози келганда уни ҳайдовчиларга беришимиздан асосий мақсад – содир этилган қоидабузарлик вақтини тез тиббий ёрдам маркази билан солиштиришлари кераклигини айтиш ва, албатта, қоида бузмаслиги кераклигини эслатиш”, дейди Баҳодир Тешабоев.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими Ойбек Раҳмоновнинг айтишича, чақириқ вақтида ҳайдовчи қоида бузса, бу жарималар ҳеч қандай муаммосиз ўчирилади.

“Махсусавтокорхона ходими чақирув ҳақидаги маълумотларни ЙҲХ хизматига асослаб, ҳужжат тақдим этади. Барча ҳужжатлар текширилгач, тез тиббий ёрдам ҳайдовчилари содир этган қоидабузарликлари ЙҲХ хизмати базасидан ҳеч қандай муаммосиз ўчирилади”, дейди Ойбек Раҳмонов.

Корхона “қоидаларига” кўра, жарима қоғози келса, ҳайдовчи қоида бузган вақтида чақирувда бўлгани ҳақидаги маълумотни Республика тез тиббий ёрдам марказидан олиб келиши ва Махсуслаштирилган автокорхонага тақдим этиши керак. Бу эса уларнинг ишдан бўш, яъни дам олиш кунларида амалга оширилиши лозим(!).

“Эрталаб ишга келганларида кимдандир “ИДЕЯ” чиққан, қайсидир бири гапир деса, қоғозни ушлаб гапираверган, ҳеч нимани тушунмаган. Мен уларни огоҳлантириш учун чақираман, огоҳлантирмасам, Худо кўрсатмасин, эртага ЙТҲларни сони ортаверади. Қолаверса, қоғозни қўлларига бериб, пулини тўланг, демаймиз. Аксинча, тез тиббий ёрдам марказига бориб, қоидабузарлик содир этган вақтларида ишда бўлганларини исботловчи қоғозни олиб келишлари талаб этилади. Албатта, бу ишларни бажариш дам олиш кунларида, ишларига халал бермаган ҳолда амалга оширилади”, дейди автокорхона раҳбари Баҳодир Тешабоев.

Республика тез тиббий ёрдам маркази раҳбари Абдувоитжон Ғафуровнинг айтишича, жорий йил сентябрь ойига қадар ЙҲХ ва тез тиббий ёрдам тизими бирлаштирилади. Бу эса ҳайдовчиларга келган жаримани тўғридан-тўғри кўриш ва уларни чақириқда бўлгани билан солиштириш имконини беради.

“ЙҲХ ва тез тиббий ёрдам тизими бирлаштирилиши ишимизни осонлаштиради. Жарималар ва бошқа ҳолатларда ҳужжат йиғиб юрмасдан ҳамма маълумот ягона базадан олинади. Бу эса қоғозбозликнинг камайишига олиб келади”, дейди Республика тез ёрдам маркази раҳбари Абдувоитжон Ғафуров.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходи Ойбек Рахмоновга кўра, тез тиббий ёрдам ҳайдовчилари содир этган қоидабузарликлар ортидан келган жарима қоғозларини саралаш Махсуслаштирилган автокорхона техник ходими вазифасига киради. Афсуски, ишини ўз вақтида бажармаган ходимлар ортидан ҳайдовчилар дам олиш кунларида ҳужжат йиғиб юришга мажбур бўлмоқда. Рахмоновга кўра, масъуллар ишини ўз вақтида бажарса, жарималар ЙҲХ томонидан кечиктирилмай, белгиланган муддатда ўчирилади.

Аслида жарималар ҳайдовчи гарданига тушмаслиги керак. Қолаверса, ҳужжатни олиб, у эшикдан бу эшикка югуриш ҳам уларнинг вазифаси эмас.

Энг ачинарлиси, ўз қўллари билан жарима қоғозларини ушлаб, видеога тушган ҳайдовчилар камера қаршисида асл ҳақиқат ва муаммони айта олмади. Демак, бу мавзуга яна қайтамиз.

Маълумот ўрнида, Йўл ҳаракати қоидаларининг 25-бандига кўра, тез тиббий ёрдам автомобилининг ҳайдовчиси белгиланган тартибда айрим қоидаларнинг талабларидан четга чиқиши мумкин. Бундай ҳолатда махсус камералар орқали автомобиль қайд этилган тақдирда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу Кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади. Яъни ҳайдовчи ёки корхона жаримадан озод этилади

Акобир Мисиралиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг