19 болани ўлдирган қотил. “Док-1 МАКС” машмашаси
Таҳлил
−
29 Декабрь 2022
14569Бугун дунё оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳақида ёзмоқда: унинг туризм салоҳияти, спортчи ёки санъаткорлари ҳақида эмас, балки соғайиш учун дори истеъмол қилиб вафот этган 19 норасида ҳақида. Бугун, биз қайсидир рейтингларда юқорилаганимиз ортидан эмас, жарликка қулаётган соғлиқни сақлаш тизими ва ўлаётган болалар ортидан “машҳур” бўляпмиз.
Сўнги кунларда ижтимоий тармоқлар 19 гўдак вафот этгани ҳақидаги хабар билан тўлди. Бу хабар кўпчилик ота-оналарни шокка туширди ва дори истеъмолида ҳушёр бўлишлари кераклигини эслатди.
Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази Бош врачи Азизов, Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга Самарқанд вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази маъмуриятига “Док-1 Макс” препаратини қабул қилган болаларда ножўя таъсирлар кузатилаётгани юзасидан мурожаатлар келиб тушгани, марказда жорий йилнинг охирги 2 ойида 21 нафар бемор шу дори воситасини қабул қилгандан сўнг ножўя таъсир кузатилиб, мурожаат қилгани, улардан 17 тасида касаллик ниҳоятда оғир кечиб, 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилгани ҳақида айтиб, “Док-1 Макс” препаратини болаларда қўллашни тақиқлаш сўраб ёзилган хат ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Жамоатчилик бу хабарлардан ҳайратдан ёқа ушлади. Орадан вақт ўтиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан назоратга олингани, беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш учун тезкор мутахассислар гуруҳи тузилганини айтди.
“Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” таблетка ҳамда лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда. Лаборатория таҳлиллари якунлангач, унинг натижалари ҳақида эълон қилинади”, дейилган хабарда.
Шунингдек, вазирлик 2022 йилнинг 22 декабридан “Док-1 Макс” дори воситасининг савдоси вақтинча тўхтаганини маълум қилган.
22 декабрь куни Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова Самарқандга бориб, болалар шифохонасида “Док-1 Макс” препарати сабаб болалар вафот этгани ҳолати бўйича текширув ўтказди. Омбудсман текширувларидан дори воситасини қабул қилганлар орасида 15 эмас балки, 18 нафар бола вафот этгани аниқланди.
Орадан вақт ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда "Док-1 Макс" сиропини истеъмол қилиши оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилганини маълум қилди.
Ҳолат юзасидан текширув натижаларига кўра, ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида "Док-1 Макс" сиропини ичиш оқибатида ўлим ҳолати аниқланган.
“Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади.
Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.
Ваҳолонки, парацетамол фақат тана ҳарорати 38-38,5 даражадан юқори бўлгандагина кунига 1 ёки 2 марта 1 ёшгача болага 100-125 миллиграмм, 1 ёшдан 3 ёшгача 200 миллиграмм, 3 ёшдан 5 ёшгача болаларга эса 250 миллиграмм дозада берилиши керак. Тана ҳарорати меъёрида бўлганда ушбу дори воситасини истеъмол қилиш қатъиян ман этилади”, дейилади ССВ хабарида.
Вазирлик ишчи гуруҳи ўрганиш давомида аниқланган барча қонун бузилиш ҳолатларини эътиборга олиб, хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлган, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмаган ва керакли чораларни кўрмаган 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилганини маьлум қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгани ҳақида хабар берди.
Маълумотда келтирилишича Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази хулосасига кўра, “Док-1 Макс” сиропи меъёрий ҳужжатда белгиланган талабларга жавоб бермайди.
Узоқ сукутдан сўнг 27 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев “Док-1 Макс” дорисини ичиш натижасида дунёдан кўз юмган 18 нафар боланинг ота-оналари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
“Мазкур ҳолат вилоят (Самарқанд) тиббиёт ходимлари томонидан вазирликдан яширилган”, дейди вазир.
“Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиб вафот этганлар 18 нафар билан чекланмади. 27 декабрь куни Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшаган 2021 йилда туғилган бола 5 кун давомида “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиб, соғлиги ёмонлашган ва уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий амалий маркази Қашқадарё филиалига олиб борилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, бола 28 декабрь куни вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.
29 декабрь куни “Док-1 Макс” дорисини ишлаб чиқарган Marion Biotech компаниясига Ҳиндистон ҳукумати иш очгани, айни вақтда суриштирувлар бошлангани маьлум қилинди. Суриштирув Уттар-Прадеш штатидаги наркотикларни лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.
Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 29 декабрь куни берган баёнотида “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси “Док-1 Макс” сиропи ишлаб чиқаришни тўхтатгани айтилган.
“Дори-дармонларни тартибга солувчи орган компаниянинг Уттар-Прадеш штатидаги Ноида заводини кўздан кечирди ва ўзбекистонлик ҳамкасби билан мунтазам алоқада бўлиб турибди”, дейилади Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.
Болалар ўлимига сабаб бўлган дори воситалари ҳақида билганимиз ҳозирча шу. Бу очиқланиб қолгани. Билмаганимиз ҳали қанча?! QALAMPIR.UZ дорихоналарни ўрганиш давомида кўплаб дори воситаларини кўздан кечирди. Дорихоналарда қўлланмасиз дори воситалари сотилганига гувоҳ бўлдик. Умуман олганда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан дори воситаларини қўлланмасиз сотиш мумкин эмаслигини ҳамма билади. Лекин бунга амал қилинмайди.
Ишлаб чиқарилган дори воситаларини Ўзбекистонга олиб кириш, уларни сифати, қўлланмасиз сотилаётгани юзасидан тегишли органлар текширув ўтказиши ва вақтда назорат қилиши шарт. Бунинг учун 19 норасиданинг ўлимини кутиш керак эмас эди.
Шу ўринда ота-оналардан ўзлари ва фарзандлари учун дори воситаларини харид қилишда уни қўлланмасига эътиборли бўлишари ва шифокролар билан маслаҳат қилишларини сўраб қоламиз.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15