“Бир балоси бўлмасаа...”: Шартлари очиқланмаган “Газпром”нинг “йўл харитаси”

Жамият

Қишнинг совуқ кунларида уйимиз иссиқ бўлишига ўрганган эканмиз. “Свет” соатлаб ўчиб, газ пасайиб кетганидан кейин ота-боболаримиз ишни кўзини билишаркан деб, биз ҳам чопон кийишни бошладик.

Тармоқларга қарасангиз ҳамма бу ҳолатларда кимнидир айблайди. Ҳукумат аҳолини газ билан таъминлаш учун бир нечта чораларни кўраётганини айтди. Энергетика вазири видеомурожаат қилиб, вазиятни тушунтирди.

24 январь куни Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг “Газпром” компанияси раҳбари Алексей Миллер ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда биринчилардан бўлиб “Газпром” матбуот хизмати корпорациянинг расмий веб-сайти орқали хабар берди.

“Томонлар ўзаро муносабатларнинг долзарб ва истиқболли масалаларини кўриб чиқдилар. Учрашувда Алексей Миллер ва Жўрабек Мирзамаҳмудов газ саноатида ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харитаси”ни имзоладилар”, дейилади баёнотда.

“Йўл харитаси” ҳақидаги хабарни ўзбекистонликлар даставвал Энергетика вазирлигидан эмас, балки Россиянинг “Газпром” компаниясидан эшитгани ҳамда асосий маълумотлар ҳали очиқланмагани боис ижтимоий тармоқлар орқали норозилик билдира бошлади. Жамоатчилик ушбу келишув “йўл харитаси” ниқоби остидаги газ “иттифоқи” ёки “шартнома” бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Жумладан, собиқ депутат Расул Кушербоев ҳолатга муносабат билдирар экан тафсилотлар очиқланиши шартлигини ёзади.

“Газпром” билан келишувнинг барча тафсилотлари очиқланиши шарт! Халқ шунга қараб баҳо беради: мамлакатни, суверенитетни сотишдими йўқми?

Очиқланмаган тақдирда бу тўғридан-тўғри халққа қилинган яширин хоинлик, деб хулоса қилишга олиб келади”, дейди Расул Кушербоев.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳужжат имзоланганига ўз муносабатини билдирар экан, “Хуллас, қудратимизга шубҳа қилсанг, бошимизни қумга тиқиб олишимизга боқ”, деб киноя ҳам қилган.

“Ўзбекистон Энергетика вазирлиги “Газпром” билан нимадир имзолагани маълум бўлганига бир сутка бўляпти, Худо хоҳласа. Лекин вазирлик томонидан ҳам, ҳокимият ё ҳукумат номидан гапириш ваколатига эга бўлган бошқа бирор расмий идора ёки шахс томонидан ҳам имзоланган нарсанинг бирор тафсилоти ошкор қилингани йўқ. Бу – айнан мавҳумлик ортидан ижтимоий тармоқларда “мустақиллигимиз кетди”, “яна Россияга қулмиз” дегандек хавотирли чиқишлар бўлаётган бир вақтда – “ортга қайтмас” дея эълон қилинган баландпарвоз очиқлик-ошкоралигимизга бир муносабат. Хуллас, қудратимизга шубҳа қилсанг, бошимизни қумга тиқиб олишимизга боқ”, дейди Муҳрим Аъзамхўжаев.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ҳам ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида имзоланган “йўл харитаси” ҳақида ёзаркан, вазирлик унинг мазмунини жамоатчиликка очиқлашини айтиб, “йўл харитаси” ҳуқуқий жиҳатдан томонларга ҳеч қандай мажбурият юкламаслигини ҳам қўшимча қилган

“Ўзбекистон энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида газ соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харитаси”нинг имзолангани ижтимоий тармоқлар фаоллари ва жамоатчиликда саволларни уйғотди. 

Яъни энергетика тизими мустақиллигига таҳдид дея қаралаётган “Газ иттифоқи” лойиҳаси томон қадам сифатида талқин қилинмоқда. 

Аввало, Энергетика вазирлиги мазкур “йўл харитаси”нинг умумий мазмуни ҳақида жамоатчиликка хабар бериши лозим деб ҳисоблаймиз. Келгусида бундай ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар, аввал вазирликларимиз расмийлари томонидан эълон қилиниши керак. 

Шу билан биргаликда, ҳуқуқий жиҳатдан, “йўл харитаси” томонларга ҳеч қандай мажбурият юкламайди, ҳуқуқий оқибат туғдирмайди. Томонларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга хизмат қиладиган ҳужжат тури ҳисобланади”, деган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.

Журналист Шуҳрат Латипов эса Энергетика вазири журналистлар билан учрашгани ва ҳужжатлар тижорий сир экани айтилганини ёзади.

“Шу масала юзасидан бугун Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг шахсан ўзи журналистлар билан учрашди. Бу учрашувда мен ҳам қатнашдим. Бир сўз билан айтганда, ҳужжат тижорат сири бўлгани учун эълон қилинмаяпти.

Унинг ишонтиришича, томонлар Россиядан Ўзбекистонга Қозоғистон орқали транзит йўли билан фақат тижорат газини етказиб беришни муҳокама қилмоқда. Гап газ узатиш тизими ҳақида кетаётгани йўқ, давлатлар ҳозирча қувурлар имкониятлари ва қувватларини ўрганадилар, шундан кейингина етказиб бериш нархини муҳокама қиладилар”, дейди журналист Латипов.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бир вақтлар “Лукойл” компанияси билан имзоланган ҳужжатлар ва уларнинг шартлари ҳам очиқланмаганди. Ўтган йилнинг 17 ноябрь куни Энергетика вазири ўринбосари, яъни собиқ ўринбосари Шерзод Хўжаев имзоланган ҳужжатлар тижорий сир сабаб эълон қилинмаганини айтиб ўтганди.

“Шартномани махфий қисмлари ҳам бор. Лекин ҳужжатлар Ўзбекистон қонунчилигига асосланган ҳолда тузилган. Агар шартномада қонунчиликка зид қандайдир нормалар бўлса, корхона фаолият олиб боролмас эди. Шартларнинг очиқланмаслиги давлат эмас, тижорат сири хисобланади”, дейди Шерзод Хўжаев.

Турли эътироздан сўнг ва ниҳоят Энергетика вазирлиги тилга кириб, имзоланган “йўл харитаси”га мувофиқ, томонлар ўртасида тузилган ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ва ўрганишни келишиб олганини маълум қилди. 

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг, Россиядан Ўзбекистонга табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинади.

“Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда “йўл харитаси”да Ўзбекистоннинг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ”, дейилади хабарда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров муносабат билдириб, келишув тафсилотларининг очиқланмагани бу сир эмас, аксинча бизнес одоби эканини айтиб, “Газпром”нинг ёнини олди.

“Энергетика ва Ташқи ишлар вазирлари билан “Газпром” “йўл харитаси” тафсилотларини гаплашдим. Бу инсонлар мураккаб даврда мамлакатимиз манфаатлари учун жиддий ва фойдали ишлар қилишмоқда. Бу иш миллий манфаатларимизга зарар эмас, аксинча яхшигина фойда келтирмоқда. Кўп томонлама бўлган бу келишув тугалланса, батафсил ахборот берилади, бу бизнес одоби, сир эмас!” деган у ўзининг Телеграм саҳифасида.

Шунингдек, у мазкур мавзу юзасидан танқидий фикр билдирганларни “Ўзбекистон манфаатига зид йўналишда ишлаш”га йўйган.

“Сўз эркинлиги биринчи навбатда масъулиятдир. “Йўл харитаси” билан “шартнома”ни фарқлай олмайдиганлар халқ манфаати учун курашаётган масъулларни хоинликда айблаши, билиб ёки билмай Ўзбекистон манфаатига зид йўналишда ишлашга ўхшаб қолаяпти”, дея қўшимча қилган у.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made