Давлат хавфсизлик, чегара, иқтисодиётга эътибор берган, таълимга эмас - Халқ таълими вазири
Интервью
−
07 Декабрь 2022
10328Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар мактаб ўқитувчиси ва ўқувчилари ўртасидаги низолар билан тўлмоқда. Мактабдаги китоб, форма, фонд каби муаммолар ҳам бундан ҳоли эмас. 2021 йилнинг 18 ноябрь куни Халқ таълими вазири сифатида иш бошлаган Бахтиёр Саидов таълимдаги узоқ йиллик муаммолар ҳақида гапираркан, Ўзбекистон мустақилликка эришган кунларининг илк йилларида таълимга етарли эътибор берилмаганига тўхталди. Шунингдек, у ҳозирги кундаги тизим муаммоларини ҳам санаб ўтди.
“Гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, камчиликдан ҳоли эмасмиз. Бугунги кунда Халқ таълимида инфраструктура билан боғлиқ муаммолар бор. Масалан, 10 130 та мактабнинг 2000 дан ортиғида инфратузилма муаммоси мавжуд. Албатта, бу бир эмас, бир неча йилларда йиғилган муаммо. 1991 йилда мустақилликка эришиб, керак бўлса 2016 йилгача Халқ таълимига етарли даражада маблағ ажратилмаган. Яъни, тизимнинг инфраструктурасини ривожлантиришга эътибор берилмади.
Бугунги кунда манаман деган мамлакатларда ҳам 10 мингдан ортиқ мактаб йўқ. Яна бир оғриқли нуқтамиз, мактаблардаги етишмовчилик. Кўп мактабларимизда коэффициент юқори. Яна бир маротаба қайтараман бу муаммолар бугун пайдо бўлгани йўқ. 1991 йилдан кейин таълимга нисбатан эътиборнинг етарли бўлмаганидан юзага келган”, дейди вазир.
Халқ таълимида 503 минг педагог фаолият олиб бориши ҳақида айтган вазир, аввалги тизим ёки ундаги одамларни айблаш нияти йўқлиги, ўша даврда юзага келган муаммоларнинг барчаси давр ва ундаги вазият билан боғлиқ бўлганини урғулади.
“Мен биз оппоқмиз, олдинги одамлар айбдор демоқчи эмасман. Бу ҳам ўша йиллардаги вазиятга боғлиқ бўлган. Давлат у вақтда хавфсизлик, чегара, иқтисодиёт ёки қишлоқ хўжалигига эътибор берган. Таълим четда қолгандир. Ҳақиқатан, бу бўлган воқеа. Бу ҳам бир давр. Ҳозир вазият бошқача. Бу йилни мисол қилиб келтирсак, 2022 йилнинг ўзида 791 та мактаб таъмирдан чиқди. 55 та мактаб қайтадан қурилди”, дейди Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь