Сиз айтаётган Ўзбекистонда яшагим келяпти - Барногул Санақулова
Жамият
−
07 Декабрь 2022
13911Кеча, 6 декабрь куни Тошкент шаҳри марказида “Зўравонликка қарши кураш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбирда халқаро ташкилот вакиллари, Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева, вазирлар, Олий суд раиси ва бошқа бир қанча жамоат фаоллари, шунингдек, аёллар ҳуқуқлари ҳимоячилари иштирок этди. 140 дан ортиқ иштирокчи билан бошланган конференция йиғилганларнинг нутқини тинглаш билан давом этди.
Сўзга чиққанлар орасида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳам бор эди. Аёлларнинг ҳуқуқлари, уларга яратилган шароит, зўравонлик билан курашишда олиб борилган ислоҳотлар ҳақида силлиқ нутқ сўзлаган Маҳкамова танқидлардан қоча олмади.
Тадбирнинг иккинчи қисмида залдаги 50 дан ошиқ қатнашчи орасидан конференция сценарийсига ўзгартириш киритиш ва сўз олиш таклифини берган Иқтисодчи Барногул Санақулова Аёлларга нисбатан зўравонлик ва бу йўлда қилинмаётган ишларга алоҳида тўхталди.
Санақулова Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисига қарата “Сиз гапириб берган Ўзбекистонда яшагим келди” дея гап бошлади. Қўмита раисини ўзи бажарган ишларга ўзи баҳо беришда айблаб халқ томонидан туриб муносабат беришини алоҳида урғулади.
“Сиз гапириб берган Ўзбекистонда яшагим келди. Ўзингизни фаолиятингизга ўзингиз баҳо бериш билан шуғулланяпсиз. Мен эса халқ тарафида туриб, бугунги реал ҳолатни гапириб бермоқчиман. Биласизми, биз нимага эришдик? Биз, “Аёллар дафтари”ни яратдик. Аёлларимиз бу дафтардан чиққиси келмай қолди. Сиз, боқибеғам, боқимондалик кайфиятини кучайтирувчи дафтарни яратдингиз. “Аёллар дафтари”да турадиганлар тикувчиликни билмасада тикув машинасини беряпсиз. У сиз берган машинани олса, маълум бир ижтимоий кўмаклардан қуруқ қолишини айтмоқда. Гап Сиз яратган дафтар ҳақида кетяпти.
Сиз шундай тизим яратдингиз-ки, эри чопиб ташлашидан бир кун олдин, боғчага келган аёл, сиз яратган тизим ходимларининг чидаш, ярашиб кетиш ҳақидаги гапларини эшитяпти. Минг афсус, эртасига эри уни пичоқлади.
Сиз шундай тизимни яратдингиз-ки, бир оиланинг қизи икки нафар ўқитувчи томонидан зўрланди ва бу оила билан ҳеч ким шуғулланмади. Чунки оила ҳеч кимга қизиқ эмас. Сиз айтган Ўзбекистонда у оила мавжуд эмас.
Сиз шундай тизим яратяпсиз-ки, Оммавий ахборот воситалари қуруқ танқиддан ташқари, муаммолар ечимини ҳам беряпмиз. Осон, арзон, тез ҳал бўладиган ечим бериляпти сизларга. Аммо Сиз, кар-кўр режимини ёқиб олиб жимгина яшашда, ишлашда давом этяпсиз” деди Барногул Санақулова.
Иқтисодчига кўра, у ҳозирги кунда “реал” иш қилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов “командаси”дан ёрдам сўраган. Афсуски, бу мурожаатни бошқача талқин қилишга уринишлар ҳам бўлган. Шунингдек, Санақулова зўравонлик қилганлик учун жазоларнинг енгиллигига ҳам тўхталаркан, қонунчиликдаги бу жавобгарликлар зўравонлар томонидан ёзилгандек туюлишига ҳам тўхталиб ўтди.
“Сиз шундай тизим яратяпсиз-ки, бу тизимда зўравон билан ҳеч ким ишламайди. Зўравон хоҳлаган ишини қилишига Қонунчилик имкон беради. Биз қонунчиликни мониторинг қилганимизда, қонунларни зўравон ёки унинг адвокати ёзганга ўхшайди. Аёлга зўравонлик қилади ва 1,5 - 3 йилда чиқиб келади ёки “штраф”лар билан қутилиши мумкин. Қарабсизки, у яна зўравонлик қилишда давом этади. Президент ҳар қандай қарор, қонун ёки фармонга қараб ўтирмасдан ҳам имзо чекади. Бунинг ортидан истаган пулимизни сўраймиз.
Май ойидан буён зўравонлик масалага тааллуқли бўлган қонунчиликни мониторинг қилдик, қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича қонун ҳужжати тайёрлаб қўйилди. Нега қабул қилинмаяпти? 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунида қонунни бизга совға қиласиз, деб ўйлагандик, афсуски, бу масала ҳам очиқ қолди. Бугун бир ойда еттита аёл чопиб, уриб, синдириб ташланяпти. Аммо хотин қизлар қўмитаси сайтида бирор маълумот берилгани йўқ. Ҳамма бу ҳақда бонг ураётган бир вақтда сиз шахсий муносабатингизни билдирмаяпсиз, Сиз нимани кутяпсиз?” деди танқидий чиқишини давом эттирган Санақулова.
Шунингдек, у Зулайҳо Маҳкамовани кўргазма, тадбирларда расмга тушиш фақат ўйин-кулгилардан ортмасликда ҳам айблади. У сўзида давом этаркан, қўмита раисининг силлиқ чиқишлари Президент сиёсатига шубҳа уйғотишга сабаб бўлишини ҳам яширмади.
"Нима учун доим байрам, кўргазма ёки ўйин-кулгилардан ортмайсиз? Мен бир нарсани таъкидламоқчиман, бу чиқишлар ортидан Президентнинг сиёсатига шубҳа уйғотяпсиз. Актив бўлган, ақли етган аёллар кўтарилиш арафасида турибмиз. Чунки биз, жим қараб тура олмаймиз”, деди Барногул Санақулова.
Танқидлардан сўнг, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова босиқлик билан сўз оларкан, билдирилган эътирозлар учун раҳмат айтди.
“Бизнинг фаолиятимизга эътиборингиз, хотин-қизлар манфаатига яқиндан ёрдам бериш истаги ва бутун бир жамиятимиздаги бўлаётган ўзгаришларда фаол иштирокчи экканлигингиздан жуда ҳам хурсандман. Зўравонлик бўйича ҳали ишларимиз “зўр, қойил қилдик” деб маълумот бермадик. Қиладиган ишларимиз кўп.
Қолаверса, Ўзбекистонда чиқарилаётган фармон, қарорларни, ҳамма билиши мақсадида маҳаллабай, оилабай ишлаш тизимини йўлга қўйганмиз. Ташкилотлар билан қуйи тизимда ишлаяпмиз. Бу сиз айтгандик, тадбирлар эмас.
Тўғри, боқимандалик кайфиятидан чиқариш тўғрисида гапиряпсиз. Биз ўтган йилги аёллар дафтарига киритилганларга ёрдам бердик. Ҳозир эса, уларни оилавий даромадлари борлиги, оиладаги муҳит соғломлашганини кўряпмиз. Биз аёллар дафтарига боқувчиси йўқ, ногиронлиги бор, иккита учта фарзанди ногирон бўлиб битта оилада яшаётган, ёки бугун оғир шароитдан чиқиб кетишга муҳтож бўлган олтита йўналишда қарор билан белгилаб қўйилган оилаларга ёрдам беряпмиз.
Сиз айтгандек, мактабларда, қизлар билан ишлашда ёки оилада уларга "чидаш керак" деган эски стереотипларни уқтиришдан йироқмиз. Биз бу тизимни яратган эмасмиз. Инсон қадри улуғланган юртда, сизни ва бизни мақсадимиз, юртимиз бир, Президентимиз бир, халқмиз бир, сиз ҳам мен ҳам халққа хизмат қилишни истаймиз. Сиздаги билим тажриба ана шундай юқори масъулият биз учун жудаям муҳим. Биз қўмита ёнида мана шундай аёллар борлигидан фахрланамиз. Юқорида сиз санаган камчилик, йўл қўйилган муаммоларни бартараф этишда яқиндан биргаликда ишлашга чақирамиз”, дейди Зулайҳо Маҳкамова.
LiveБарчаси