QALAMPIR.UZ'да янги лойиҳа “JAQQA JAVOB”: UzAuto Motors'нинг чексиз ваъдалари
Таҳлил
−
04 Декабрь 2022
24724Ваъда – ўзбек изоҳли луғатида “нимадир қилиш-қилмасликка берилган сўз”, деб изоҳланган. Гап тузилганда ҳолатга қараб, “ваъдасини бажарди”, “ваъдасида турди”, “ваъдага вафо қилди” деб ҳам қўлланилади.
Халқда “ваъда – қуруқ, бажарилса улуғ”, деган мақол бор. Чунки, “ваъда” сўзи “қуруқ ваъда”, “ваъдага вафо қилмади”, “ваъдабоз”, “ваъдасидан қайтди” ёки “ваъдасини бажарди”, каби сўзлар билан ҳам ишлатилади. Бир қарашда изоҳли луғатнинг бу қисми Ўзбекистондаги айрим амалдорларга қўллаш учун ёзилгандек туюлади.
QALAMPIR.UZ'да янги VA'DA ёхуд JAQQA JAVOB лойиҳасини тақдим этади. Бу лойиҳада ваъда бериб сўзида турмаган, топшириқ олганда “хўп” деб бажармаганлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Бизнинг илк "қаҳрамон"имиз маълум ва машҳур, “ўтда ёнмас, сувда чўкмас” – UzAuto Motors.
"Ўзавтосаноат"дан норози Президент
2018 йилнинг 26 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон автомобиль саноатини ривожлантириш”га бағишланган йиғилиш ўтказганди. Соҳада маҳаллийлаштириш, автомобилларни аҳолига тез ва сифатли етказиб бериш масаласига тўхталиб, “автомобиль саноатининг ривожланиши мени мутлақо қониқтирмайди”, деб аниқ айтган Президент соҳадан ва раҳбарлардан норози эканини ҳам яширмади.
Мирзиёев “Ўзавтосаноат” компанияси бошқаруви раиси Умиджон Салимов эгаллаб турган лавозимидан бўшатилгани ва унинг ўрнини Бош прокуратура тизимида фаолият олиб борган Шавкат Умурзоқов эгаллаганини маьлум қилган.
“Ўзавтосаноат” рахбарлари берган ваъдалар
Орадан бир ой ўтиб, “Ўзавтосаноат” компанияси бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов очиқликни таъминлаш мақсадида ОАВ орқали анчагина муаммоларни санаб ўтди. Лавозимга тайинланганига бир ой бўлган Умурзоқов тизим ботқоққа ботгани ишлаб чиқариш ҳажми талаб даражасида эмаслигига ҳам тўхталган.
“Президент давлат манфаати ва халқ розилиги учун тизим яратиш кераклигини айтди. Ўтган бир ой ичида тизимни ўргандим. Ҳақиқатан ҳам муаммолар кўп. Халқнинг норозилигини ўзимга билдирилган қаттиқ эътироз деб биламан”, деган “Ўзавтосаноат” раиси Умурзоқов.
Автомобиль нархларининг юқорилиги сабабларига тўхталган “Ўзавтосаноат” раҳбари, соҳада ўзгариш бўлишига ваъда берганди.
Ваъда бераман 2019 йилдан машиналарга турли хил чегирмалар бўлади, нархларни пасайтиришга ҳаракат қиламиз. Ижтимоий тармоқларда ёзилган барча эътирозларни қабул қиламан. Тўғри деб биламан. 2019 йилда бу тизимда ўзгариш бўлганини, албатта, сезасизлар. Тизим мутлақо ўзгаради”, деган “Ўзавтосаноат” компанияси бошқаруви раиси 2018 йилда.
Бу чиқишда нафақат“Ўзавтосаноат” раиси, балки унинг ўринбосарлари ҳам ўзгаришлар бўлиши ҳақида сўз берган. Улар халқнинг “Ўзавтосаноат”га нисбатан барча эътирозлари асосли эканини айтаркан, 2019 йилдан кўп камчиликлар бартараф этилишини ваъда қилган.
Шунингдек, “Узавтосаноат” раҳбари 2018 йилнинг 22 сентябрь куни Gazeta.uz нашрига берган интервьюсида, диллерлар бир нечта автосалонда навбатда туриб, кўпгина машиналарни сотиб олиши ҳам мижозларга автомобили вақтида етиб бормаслигига сабаб бўлишини урғулаган.
“Ҳозир бир харидор 10-20 та автосалонда навбатда турганини кўриш мумкин. Булар дилерлар. Бундай одамларни навбатлардан олиб ташлаймиз, бу эса автомобилларни етказиб бериш муддатини қисқартиради ва бизга ҳақиқий навбатлар, ҳақиқий харидорларни беради. 2019 йилнинг иккинчи ярмигача бундай ҳолатлар кузатилмайди. Талабдан келиб чиқиб, айрим машиналар бироз кечикиш билан етказиб берилиши мумкин, аммо ҳозиргидек катта вақт оралиғи бўлмайди”, деган Шавкат Умурзоқов.
Эҳ, ваъдалар, ваъдалар. Бугунгача берилган ваъдаларнинг қанчаси бажарилди, қанчаси бажарилмади, бунга кейинроқ тўхталамиз. Ачинарлиси, UzAuto Motors раҳбарлари нафақат берган ваъдаларини бажармади. Балки, Президент топшириқларини ҳам амалда татбиқ этишни унутиб қўйишди.
Президент топшириғи
Жорий йилнинг, 14 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев машинасозлик саноатида амалга оширилаётган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда, 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, ҳамда UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш вазифасини берганди.
Шунингдек, Мирзиёев “Ўзавтосаноат” АЖ раиси Шавкат Умурзоқов зиммасига бир ҳафта муддатда автомобиль савдосида очиқ-ошкора ва инсон омилидан ҳоли тизимни йўлга қўйиб, сунъий навбатлар ва коррупцион ҳолатларни таг-томири билан йўқ қилиш учун шахсий жавобгарлик юклаганди.
Бу топшириқлар берилганига яқинда бир йил бўлади. Лекин давлат раҳбари айтган муаммолар бир эмас, бир неча йилдан бери мавжуд.
Берилган ваъдалар ёки бажарилмаган топшириқларни “Ўзавтосаноат” раҳбарлари унутган бўлиши мумкин, аммо одамлар, машинага топганини тўлаб йиллаб кутаётган қора кўзлар унутгани йўқ.
Ваъдаларини унутган, Президент топшириғини бажармаётган UzAvto Motors
Берилган ваъдалардан бири, давлат манфаати ва халқ рози бўладиган тизим яратиш. Хўш, одамлар розими?
“UzAuto Motors ишлаб чиқарган машиналарнинг сифати талабга жавоб бермайди. 2021 йилда 87 млнга Damas сотиб олдим. Ҳали ҳеч қанча бўлмасдан бир неча маротаба уста кўрди. Неча бор балон алмаштирдим, уста ҳаққи ҳам палон-пул”.
“Бу компания ишлаб чиқарган автомобиллар талабга жавоб бермайди”.
“Гапиргандан нима фойда? Гапирган билан ҳеч нарса ўзгармайди”.
“Пул тўлаб қўясиз, бир йил кутасиз. Нимасидан рози бўлиш керак?”
“UzAuto Motors фаолиятидан норозимиз. Gentra'дан люк ёки ABS тормоз олиб ташланиши... Халқни ўйлаган компания автомобиль тормозини бу ҳолатда чиқармайди. Бу ҳолатда нимага рози бўлишимиз керак?”.
“Одамлар 2018 йилдан аввал ҳам, ундан кейин ва ҳозир ҳам бу компания фаолиятидан рози эмас. Ўз-ўзидан кўринадики, бу ваъда ҳали бажарилмади.
Охири кўринмаётган навбатлар
Автомобиль сотиб олиш мақсадида UzAuto Motors сайтига кирсангиз, навбатлар борлигига гувоҳ бўласиз.
• Биргина Chevrolet Cobalt’нинг оқ ранги учун 33 мингдан ортиқ навбат бор.
• Chevrolet Tracker 2 автомобилининг биргина қора рангини кутаётганлар сони – 7802 нафар;
• Malibu 2'нинг қора ранги учун 364 та навбат;
• Chevrolet Lacetti учун 30 мингдан ортиқ;
• Equinox автомобилини кутаётганлар сон 400 дан ортиқ;
• Доим трендда бўлган ва савдоси тушмайдиган Damas автомобили учун навбат кутаётганлар эса 52 мингдан ортиқни кўрсатмоқда.
Юқоридаги навбатлар бир моделнинг бор йўғи бир ранги учун.
Сайтда бир нечта автомобилнинг сотувда борлигини кўриш мумкин. Афсуски, автосалон оператори техник хатолик юзага келгани, ҳозирги вақтда ҳеч қандай автомобиль сотувда йўқлигини маълум қилди.
Охирги кунларда автомобили вақтида етказиб берилмаётганидан норози бўлган фуқаролар сони кўпаймоқда. Машинаси шартномада ёзилган вақтда тақдим этилмагани ҳақида компанияга эътироз билдирган мижоз, шартномада “автомобилни белгиланган муддатда олишингиз мумкин”, деб ёзилгани, бу – “аниқ оласиз”, дегани эмас, мазмунидаги жавобни олмоқда.
Йиллик режани бажариб бутловчи қисимсиз қолган UzAvto Motors
Ёдингизда бўлса, UzAvto Motors 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида 160 минг дона автомобилни ишлаб чиқариб Президент топшириғи бажарилгани ҳақида жар солганди.
Ноябрь ойига келиб ҳам неча минглаб харидор автомобилини кутиб чарчаётган бир вақтда, UzAvto Motors янги рекорд кўрсаткич қайд этилгани ва 2020 йилдаги тарихий йиллик рекордга эришилиб, автозавод конвееридан 280 мингинчи автомобиль чиққанини айтди.
Бундай олиб қараганда, одамларга бир йилда қанча машина ишлаб чиқарилгани ёки рекорд масаласи қизиқ эмас, факт шуки – навбатлар ҳали ҳам бор.
“Дунё стандарти бўйича 4-5 йилда автомобилнинг модификацияси ўзгаради. Бизда олдинлаш ўрнига орқага кетишяпти”.
“Пулни нақд тўлагандан кейин машинани ҳам олиш керак”.
Ижтимоий тармоқларда тайёр “Chevrolet” автомобиллари сақланаётган омборнинг суратлари тарқалгани ёдингизда бўлса керак. Унда тайёр автомобилларни кўриш мумкин. Бу ҳолатга изоҳ берган UzAvto Motors йиллик ишлаб чиқариш режасини аллақачон ортиғи билан бажарганини айтиб, бунинг ортидан хорижий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилган бутловчи қисимлар ҳам муддатидан олдин ишлатилганини билдирган.
“Конвеерлар ва ишчиларнинг иши тўхтаб қолишига йўл қўйиб бўлмаслиги муносабати билан компания компонентлари тўлиқ бўлмаган автомобилларни ишлаб чиқаришга қарор қилди. Автомобиль ишлаб чиқариш занжиридан тўлиқ ўтади ва етишмаётган деталсиз омборда қолади. Компонентлар етказилгандан сўнг, автомобиль технологик жараёнга қайтарилади ва ишлаб чиқариш тугалланади.
Ҳозирги пайтда компания компонентлари тўлиқ бўлмаган автомобилларни сақлаб туриш учун махсус жойларни ижарага олган. Компания, шунингдек, микрочипларни етказиб беришнинг қўшимча ҳажмлари бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Жаҳонда микрочипларнинг глобал тақчиллиги ҳисобга олинса, бу жуда қийин вазифа.
Деталларнинг кирган партияси зудлик билан тўлиқ жиҳозланмаган автомобилларга ўрнатилади, шундан сўнг улар ўз мижозларига топширилади”, дейилади компания расмий баёнотида.
“Узавтосаноат” раҳбарлари ишлаб чиқаришни ошириш, навбатларни йўқ қилишга ваъда берганди. Президент эса навбатларни батараф этиб, одамларни рози қилиш топшириғини берган.
Компания йиллик ё асрлик рекордни янгилаши мумкин, лекин улар ишлаб чиқарган автомобиллар биргина бутловчи қисим ортидан омборхонада чанг босиб турибди ва харидорга вақтида етказиб берилмаяпти.
Бир сўз билан айтганда, навбатлар масаласида ваъда ваъдалигича, топшириқ топшириқлигича қолмоқда.
Автомобиллар учун олдиндан тўлов қанча?
Президент UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш топшириғини ҳам берганди.
Автосалон ходимларининг айтишича ҳозирги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган айрим автомобиллар учун 50 фоиз, Chevrolet Malibu, Chevrolet Equinox, Chevrolet Traverse, Chevrolet Trailblazer, Chevrolet Tahoe каби автомобиллар учун 85 фоизлик олдиндан тўлов амалга оширилади.
UzAuto Motors бизга нима берди?
Соҳа фаолияти таҳлил қилинса, яқин 3-4 йил ичида мижозни лол қолдирадиган бирор ўзгариш бўлганини кўрмайсиз.
Охирги йилларда ўрта қатлам сотиб олиши мумкин бўлган, Spark, Matiz, Chevrolet Nexia 2 каби харидоргир автомобилларни ишлаб чиқариш тўхтатилди. Бу дегани ё пул топиб қимматидан харид қилиш керак, ё автобусда юрган маъқул.
Автомобилларнинг нархи кундан кунга ошиб бораркан ундаги сифат ва қулайлик ҳам юқорилаши ўрнига, айрим керакли деталлар машинадан олиб ташланяпти. Gentra’дан магнитофон ёки ABS тормознинг олиб ташланиши бунга оддий мисол.
Адвокат Камолиддин Абдумаликович UzAuto Motors харидорга тақдим этадиган шартномаларга тўхталар экан, шундай дейди:
“Компания тақдим этган шартномада автомашинани етказиб бериш учун бир эмас, учта муддатни кўришингиз мумкин.
Биринчиси харид жараёнида айтилган, дейлик ҳозир компания сайтида ёзилган бир йиллик муддат.
Иккинчиси, +45 яъни маълум сабаблар билан автомобилингизнинг 45 кунга кечикиши.
Учинчиси, агар сиз бир йил давомида ўзингиз ва орадан маълум вақт ўтиб, турмуш ўртоғингиз учун шартнома тузсангиз, ўзингиз учун олишингиз керак бўлган автомобилингиз муддати +120 кунга чўзилади. Бу мижоз манфаатларини оёғости қилиш, унинг ҳуқуқларига ўт қўйиш ҳисобланади.”, дейди адвокат Камолиддин Абдумаликович.
2018 йилда "Ўзавтосаноат" бошқаруви раиси этиб тайинланган Шавкат Умурзоқов ишга киришганининг илк кунларданоқ халқ рози бўладиган тизим яратиш, навбатларни йўқ қилиш ва коррупциясиз тизимни йўлга қўйиш учун берган ваъдалардан тортиб, йиллар давомида давлат раҳбарига хўп дегани ва Президент топшириқларини бажаришга ваъда берганига гувоҳ бўлдингиз.
Аммо ваъдаларнинг ижобатига гувоҳ бўласизми, йўқми буни билмаймиз. Хулоса қилишни ўзингизга қолдирамиз. Ваъда бериб сўзида турмаган, топшириқ олганда “хўп” деб бажармаган амалдорларни изоҳларда ёзиб қолдиринг.
QALAMPIR.UZ' тақдим этаётган янги, VA'DA ёхуд JAQQA JAVOB лойиҳасининг илк сонини You Tube саҳифасида томоша қилинг.
LiveБарчаси