Путин ва Мирзиёев, Украина ва Ўзбекистон, Афғонистон таҳдиди. “Жуда шубҳали дипломат” билан суҳбат

Интервью

QALAMPIR.UZ Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот билан махсус интервью ташкил этди. Элчининг Ўзбекистоннинг халқаро қиёфаси, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолат, мамалакатдаги ислоҳот жараёнлари билан боғлиқ вазият борасида берган жавобларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Шаҳзод Нусратуллаев, мухбир: — Салом, қадрли элчи жаноблари!

Тим Торлот, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси: — Хайрли тонг!

Ш.Н.: — Ушбу учрашувни ташкил этиш борасидаги таклифимизни қабул қилганингиз учун ташаккур. Сиз билан бирга бу ерда эканлигимиздан жуда хурсандмиз. Сиз муҳтарам жаноб билан ушбу интервьюни ўтказиш биз учун шараф. 

Т.Т.: — Раҳмат. Нашрингиз QALAMPIR.UZ, уни кузатиб борувчи аудитория жуда яхши. Бу учрашувни ташкил этишга анча вақт керак бўлди ва бу кечикиш айбдори менман. Аммо ушбу тонг сиз билан суҳбатлашиб турганимдан мамнунман.

Ш.Н.: — Катта раҳмат, биз бу ерга турли мавзулар, жумладан, Ўзбекистондаги сиёсат ва ижтимоий ҳаётга оид кўплаб саволлар билан келдик. Шу тариқа, сизга илк саволимизни йўлласак. Сизнингча, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистоннинг халқаро қиёфаси қай даражада ўзгарди? Бу борадаги фикрингиз?

Т.Т.: — Менимча, ўз ватанимдан келиб чиқиб гапирганим маъқул. Ростини айтсам, бизда кўпчилик Ўзбекистон қаерда эканлигини ҳам билмайди. Дўстларим ва оиламга Ўзбекистонга кетаётганимни айтганимда, деярли ҳамма шу номдаги мамлакатни харитадан излашга тушиб кетди. Ўйлайманки, бу ҳолат бироз таъбни хира қилади. 2016 йилгача Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари топталган, аҳолиси камбағал ва ёпиқ автократик жамиятга эга бўлган давлат сифатидаги қиёфаси бор эди. Бундай имижни эса ҳеч бир давлат хоҳламайди. Аммо 2016 йилдан бери ҳамма-ҳаммаси катта суръатларда ўзгарди ва ўзгаришда давом этмоқда. Бунга кўплаб омиллар ҳисса қўшган, деб айта оламан. Аввало, нафақат қўшниларингиз ва энг яқин ҳамкорларингиз билан, балки бошқа кўплаб халқаро сиёсат ўйинчилари билан ҳам яқин муносабатлар ўрнатишга интиладиган президент ва унинг ҳукумати. Чегараларингизни ва савдо-тижоратингизни биз сари – дунёга тобора очиш. Менимча, шу икки омил туфайли Ўзбекистон ўз имижини ўзгартиришда улкан ютуқларга эришмоқда. Мамлакат халқаро қиёфасидаги бу ўзгаришлар Британия оммавий нашрларида, телевидениесида кичик-кичик лавҳалар билан ёритиб борилмоқда. Сиз ҳам менинг фикрларимни тасдиқлай оласиз. Сўнгги икки йил ичида бизда Ипак Йўли лойиҳаси доирасида уч хил дастур намойиш этилмоқда, улар дунёнинг ушбу қисми (Ўзбекистан) тарихи ҳақида ҳикоя қилади, одамларга бу мамлакатнинг ажойиботларини кўрсатади. 

Шунингдек, Ўзбекистондаги савдо ва сармоявий имкониятларга ишбилармонларимизнинг қизиқиши ортиб бормоқда. Дарҳақиқат, биз GSP+ муқобил дастури орқали, шунингдек, туризм ва маданий алмашинув ҳаракатлари орқали ўзбек бизнеси учун ўз бозорларимизни очдик. Биз бу ерда Британия Консуллиги (British Council) фаолияти орқали ижодий соҳаларингизни ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида кўп меҳнат қилдик. Мамлакатга келаётган сайёҳлар сони ортиб бораётганини кўряпмиз. Ўйлайманки, токи бу ислоҳот жараёнлари давом этар экан, бутун дунёга анъанавий ўзбекона хушмуомалалик тақдим этиш давом этар экан, ҳаракатларимиз ҳам бардавом бўлади. Бу ҳақиқатан ҳам муҳим ўсиш нуқтасидир.

Ш.Н.: —  Раҳмат, энди халқаро воқеаларга ҳам бироз тўхталсак. Биз биламизки, Буюк Британия Украина-Россия урушида Украина томонини қўллаб-қувватламоқда. Украинадаги уруш ва унга нисбатан Ўзбекистоннинг позицияси Буюк Британия ва Ўзбекистон муносабатларига қандай таъсир қилиши мумкин?

Т.Т.: — Биринчидан, биз Ўзбекистон Россия билан анъанавий мустаҳкам алоқаларга эга эканини тушунамиз. Россия сизнинг биринчи ёки иккинчи даражали савдо ҳамкорингиз. Россияда ишлаган ва ишлашда давом этаётган ўзбеклар кўп. Украина билан ҳам бир қадар молиявий алоқаларингиз бор. Мазкур урушга нисбатан Ўзбекистон ташқи сиёсати бетарафлик позициясини танлади. Биз буни тушунамиз ва ҳурмат қиламиз. Бироқ, ўйлашимча, уруш давом этар экан, Россиянинг хатти-ҳаракатлари бу бетарафлик муҳитини қаттиқ синовдан ўтказмоқда. Бу экспанционист риторикасига урғу бераётган, Украина ортидагиларга хавф солиши мумкин бўлган собиқ Совет Иттифоқини қайта тиклашга уринаётган Россия Президенти режалари билан боғлиқ. Россиянинг уруш давридаги ҳаракатлари, ваҳшийликлар, фуқаролик инфратузилмасига қилинган ҳужумлар, Украина фуқароларини мажбуран рўйхатга олиш, ҳарбий жиноятлар, ядро қуролидан фойдаланиш билан боғлиқ чакана бўлмаган таҳдидлар – буларнинг барчаси Ўзбекистон ҳукумати учун чуқур ташвиш уйғотади. Ва бу бетарафлик позициясини қаттиқ синовдан ўтказади.

Ш.Н.: — Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон Афғонистонда иқтисодиётни тиклашга, ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, биз Афғонистонда Транс-Афғон темир йўли лойиҳасини амалга оширяпмиз. Буюк Британия Афғонистондаги вазият ва Ўзбекистоннинг Афғонистонда иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қандай баҳолайди? Икки давлатнинг ёндашувларида қарама-қаршилик борми?

Т.Т.: — Айтишим мумкинки, Ўзбекистон Афғонистон масаласида нисбатан кўпинча бизникидан бироз фарқли бўлган нуқтаи назарга эга, чунки сиз Афғонистонга қўшнисиз. Сизда умумий тарих бор. Бир пайтлар Қобулдаги “Толибон” ҳукумати кескин радикал эди, улар Афғонистондаги террорчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган, аммо кейин ўзлари нишонга айланишган. Сиз бу воқеалар такрорланишини хоҳламайсиз. 

Бирлашган Қироллик жорий йил давомида Афғонистонга 286 миллион фунт стерлинг ажратди, бу тахминан 350 миллион долларни ташкил этади. Биз бу ишларни давом эттирамиз. Биз Афғонистон халқи учун, режим тепасидагилар учун эмас, қандай қилиб биргаликда самаралироқ иқтисодий ёрдам кўрсатишимиз мумкинлигини тадқиқ этишда давом этмоқдамиз. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги шерикларимиз билан яқин ҳамкорлик қилишга интиламиз. Лекин бунда икки томонлама ҳамкорлар ҳам бор. Биз тобора даҳшатли бўлиб бораётган вазиятга нисбатан сизнинг нуқтаи назарингизни тушуниш учун Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз. Айтмоқчиманки, биринчи навбатда, “Толибон”нинг мамлакат устидан назорати сустлашмоқда, вазият ёмонлашмоқда, лекин энг ачинарлиси, Афғонистондаги гуманитар вазият ҳалокатли тус оляпти. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, аҳолининг деярли ярми асосий озиқ-овқат маҳсулотларига эга эмас. Хавфсизлик ёки иқтисодий барқарорликни таъминлай олмаётган янги режим учун ҳозир қийин. Бу паллада эса биз биргаликда ишлашимиз керак.

Ш.Н.: — Буюк Британияда жаноб Риши Сунак янги Бош вазир этиб тайинди. Сунак даврида Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатларида қандай янги бобларни кутиш мумкин?

Т.Т.: — Бу йил биз учта Бош вазир фаолиятига гувоҳ бўлдик. Бу қийин вақт бўлди. Менимча, бу чинакам демократияни қозониш учун вақти-вақти билан тўлашингиз керак бўлган бадаллардан биридир. Умид қиламизки, бизда 2024 йилдаги ёки 2025 йилнинг бошидаги сайловларга қадар барқарорлик даври бўлади. 

Менимча, янги Бош вазир тайинланишига қарамай, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар курси унчалик ўзгармайди. Алоқаларимиз чинакам ривожланиб, яхши томонга ўзгариб бормоқда. Бу муносабатларнинг мазмуни кенгаймоқда. Савдо соҳасида, юқорида айтиб ўтганимдек, Ўзбекистонга сармоя киритиш ва савдо қилишга катта қизиқиш билдираётган британиялик ишбилармонлар сони ортиб бормоқда. Сўнгги икки томонлама савдо ва саноат кенгашимизда 800 нафар британиялик ишбилармонлар иштирок этди. Шу ой охирида Британия савдо ва саноат кенгаши йиллик йиғилишини ўтказмоқчимиз. Биз бизнес соҳасида ишлаш учун улкан имкониятларни кўряпмиз. Сиёсий алоқалар аввалгидек яхши. Биз кенг кўламли масалалар, жумладан, мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳақида мулоқот қиламиз, ҳамкорлигимизнинг тобора кучайиб бораётганини ҳис этамиз. Иккала ҳукуматимизни, фуқароларимизни видеоалоқа орқали боғлаш тизимига ўтдик. Бу Буюк Британия ёки Ўзбекистонга узоқ йўл бўйлаб саёҳат қилишдан кўра осонроқдир. Менимча, бу ёрдам берди. 

Бу ерда маданий алоқалар жуда кучли. Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Британия университетлари, ҳамкорлик ўрнатаётган Британия таълим мактаблари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўйлайманки, ана шу таълим-тарбия алоқалари мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларимиз ўртасида илиқ мулоқотни таъминлайди.

Ш.Н.: —Хабарингиз бор, бундан бир неча ой олдин Қорақалпоғистонда норозилик намойишлари, тартибсизликлар бўлиб ўтди. Сиз Қорақалпоғистондаги норозилик ва намойишларни қандай баҳолайсиз? Сизнингча, Ўзбекистон Қорақалпоғистондаги вазиятни қандай ҳал қилди?

Т.Т.: — Расмий Британия вакили сифатида мен учун буни баҳолаш қийин. Мен Қорақалпоғистонга бор-йўғи бир марта борганман, Нукусни ёқтириб қолган эдим. Шу боис у ерга яна қайтиб борган бўлардим. Орол денгизигача борганман, албатта. Лекин Қорақалпоғистон воқеаларига бевосита гувоҳ эмасман. Шунинг учун ҳам, чуқур муносабат билдиришим нотўғри бўларди. Ҳамма воқеаларни ўрганиш бўйича тузилган мустақил комиссия ҳисоботлари эълон қилинишини интиқлик билан кутмоқда. Ушбу ҳисоботларни кўришга ҳозир жуда муштоқмиз. Ўйлайманки, у эълон қилинганда, юзага келган баъзи қийин саволларга жавоб топиш имкониятини беради. Биринчи навбатда, ҳукумат янги конституцияда Қорақалпоғистоннинг автоном мақомини олиб ташлаш борасида хатога йўл қўйганини тезда англаб етди ва буни тезда тўғирлади. Менимча, бу ижобий қадам бўлди. Айнан нима содир бўлгани, ҳукумат айтганидек, хорижий аралашув таъсири қай даражада экани, ўша хорижий таъсирлар қаердан бўлгани ҳақидаги комиссия ҳисоботларини ҳам диққат билан кўриб чиқамиз, деб ўйлайман. Мен буни билишга жуда қизиқаман. Шунингдек, хавфсизлик кучлари томонидан куч ишлатиш ҳолатлари бўлгани айтилган эди. Бунга нисбатан танқидларни ҳам кўрдим. Лекин у ерда бўлмаганим учун бу борада очиқ фикр билдиролмайман. Бундан ташқари, намойишчиларнинг баъзилари ҳибсга олинди. Ва мен биламанки, уларнинг бир қисми аллақачон озод қилинган, аммо биз аниқ қанча намойишчи ҳибсга олингани ва қанчаси қамоқда сақланаётганини аниқ билмаймиз. Биз жавобларини кўришни кутаётган кўплаб саволлар мавжуд. Бу мавзу борасида кескин мулоҳазаларим йўқ. Мен комиссия нима дейишини эшитишга қизиқаман, холос.

Ш.Н.: — Раҳмат. Сиз Ўзбекистонда сўз, матбуот эркинлиги ва журналистлар ҳуқуқлари, шунингдек, аёллар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлайсиз. Сизнинг элчилик даврингизда Ўзбекистонда бу билан боғлиқ муҳит қай даражада ўзгарган? Яна нимани ўзгартириш керак?

Т.Т.: — Аввало, мен нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда матбуот эркинлиги тарафдориман. Биз бугунги кунда эркин, мустақил, масъулиятли оммавий ахборот воситалари, кучли демократия, шаффоф ва очиқ, кучли иқтисодиётни ўз ичига олган мустаҳкам фуқаролик жамияти нақадар муҳим эканини кўриб турибмиз. Коррупция доимо мавжуд бўлади, лекин уни сусайтиришнинг йўли бор. Шундай экан, менимча, мамлакатга, биринчи навбатда, кучли эркин оммавий ахборот воситалари керак, мустаҳкам, эркин оммавий ахборот воситалари жуда муҳим. 

Ўзбекистонда уч йилдан бери фаолият юритаман. Ислоҳотлар бошланишидан олдин бу мамлакатда журналистика қандай бўлганини мен билмайман. Мен журналистлар билан суҳбатлашаман ва сиздаги оммавий ахборот воситалари ҳақиқатан ҳам муҳим йўналишда ривожланиб, илгарилаб бораётганини тан оламан. Беш йил олдин биз бу интервьюни ташкил эта олмасдик, деб ўйлайман. Бу жуда ажойиб. Ўйлайманки, биз ҳозир кучлироқ мустақил оммавий ахборот воситалари пайдо бўлганига гувоҳ бўлмоқдамиз, хусусан, онлайн-журналистика. Менимча, ҳозир онлайн форматда жуда яхши оммавий ахборот воситалари бор. 

Айни пайтда оммавий ахборот воситалари билан бирга блогосферанинг пайдо бўлиши, ўз фикрини эркин ифода эта оладиган ва нима бўлаётгани ҳақида ўз нуқтаи назарини билдира оладиган ҳар хил турдаги шахсларнинг ҳам шаклланиши давом этмоқда. Блогерлар баъзан ғазабли, баъзан мўътадил муносабат билдиришади. Аммо бунга қаршилик йўқ. Ҳукумат соҳанинг пайдо бўлишига рухсат бериб қўйган. Мен буни, айниқса, 2020 йил давомида, COVID пайтида кўрдим. Таҳликали давр эди. Қайсидир маънода, муҳим ислоҳотларнинг баъзилари секинлашган ёки ҳатто тўхтаб қолган эди. Эркин журналистлар ва блоггерларга жисмоний ва тармоқлардаги ҳужумлар, шу жумладан журналистларга нисбатан ўта шафқатсиз тазйиқ каби муҳим ҳолатлар, хавфсизлик хизматлари томонидан тақиқ ва қисман чекловлар бор эди. Бу биз Янги Ўзбекистонда кўришни истамайдиган иллатлар эди.  Бу ҳолатлар бартараф этилганидан хурсандман. Яна айтиш керакки, айрим ҳолларда маҳаллий ҳукуматни ёки марказий ҳукуматни танқид қилган журналистлар ва блогерларга ўта оғир даражадаги суд ҳукмлари тайинланган. Буларнинг барчаси ташвишга солувчи белгилардир. 

Мустақил оммавий ахборот воситаларига ниҳоят Украинадаги урушни бироз чуқурроқ ёритишга рухсат берилгани мени қувонтирди. Бу, ўйлашимча, Украинада нималар бўлаётганини янгиликлардан билишга уринаётган кўпчиликни бошида ранжитди. Чунки, кўпчилик ўзбеклар холис бўлмаган, ҳукумат назоратида бўлган ва тарғибот қуроли сифатида фойдаланилаётган Россия медиа каналларидан янгиликларни олмоқда эди. Бу эса хавфли. Менимча, ҳукуматнинг Украина урушини ёритиш учун кенгроқ эркинлик бериш ҳақидаги қарори сиз учун ҳақиқатан ҳам ўз нуқтаи назарингизни ошкор қилишда муҳим бўлди. Шундай қилиб, бу соҳада баъзи яхши ҳолатлар ва баъзи ёмон ҳолатлар бор. Умуман, тенденция тўғри йўналишда кетмоқда. Сўнгги пайтларда ҳукумат маҳаллий эркин оммавий ахборот воситаларининг фаоллигини ошириш бўйича муҳим қадамлар ташлади, бу эса Президент Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ғояларнинг энг муҳимларидан биридир. Шу тариқа, агар медиа соҳасида қандайдир муаммолар юзга келса ҳам, улар президент томонидан йўл қўйилган дейиш асоссиз, балки одамлар унинг муддаоларини нотўғри тушунган бўлишлари мумкин.

Ш.Н.: —  Ўзбекистон сўнгги 31 йил ичида илк бор сўнгги мустақиллик тантаналарида айрим табуларни бузиб, 1918 йилда Фарғона водийсида совет қўшинлари томонидан вайрон қилинган Туркистон Мухториятини очиқ тилга олди. Бу мавзу ва унинг тафсилотлари ҳозиргача сир тутилиб келинмоқда эди. Бу ҳақда сиз қандай фикр билдирасиз? Сизнингча, Ўзбекистон ниҳоят ўзининг совет занжирларини узадими?

Т.Т.: — Менимча, бу жуда қизиқ савол. Туркистон ўлкаси тарихи бўйича мутахассис бўлмаган одам сифатида аввало шуни айтишим мумкинки, мамлакатларнинг ўтмишини очиб беришга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатлар мамлакат ўтмиши ҳақида холис ва ошкора бўлиши ажойиб ҳолат. Биз келажагимизни қуриш учун тарихимизни тушунишимиз керак. Бизда мустамлакачилик мероси бор, биз бу билан фахрланолмаймиз. Ҳаммасини гилам остига супуриб юбориш ечим бўлавермайди. Биз қилган хатоларимиз ҳақида холис бўлишимиз керак. Менимча, ҳар қандай вазиятда нима бўлганини очиш ва тушуниш муҳимдир. Собиқ Иттифоқ – бу ўз номи билан собиқ Иттифоқ. Бошида айтганимдек, Ўзбекистон амалга оширган ва ошираётган энг муҳим ишлардан бири – бу ўз тарихингиз, маданиятингиз ва этник гуруҳларингиз асосида ўзингиз ва халқингиз учун кучли мустақил ўзига хосликни яратишдир. Бу мамлакат ажойиб имкониятларга бой, бу сизга босим остида бўлмаган ва минтақадаги бошқа омиллар таъсирига тушмаган ўз йўлингизда олға силжитиш имконини беради. Ўйлашимча, Ўзбекистон бу ҳаракатни аллақачон амалга оширяпти. Сиз бунга Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистондаги ҳамкорларингиз билан бирга кучли барқарор Марказий Осиёни қуриш орқали эришмоқдасиз. Ўзбекистон жисмонан Марказий Осиёнинг юрагида бўлиб келган ва фаровонроқ, барқарорроқ минтақа яратишга уринишларнинг ташаббускори бўлган. Бу яхши нарса. Биз Ўзбекистон билан олис масофадаги мамлакатлармиз ва биз ҳеч қачон сизнинг энг асосий халқаро ҳамкорингиз бўлишни мақсад қилмаганмиз. Биз шунчаки Янги Ўзбекистонни қўллаб-қувватловчи кучли ҳамкор бўлишни ниҳоятда хоҳлаймиз.

Ш.Н.: — Бундан бир неча кун аввал Самарқандда Туркий Давлатлар Ташкилоти саммити бўлиб ўтди ва ташкилотга аъзо давлатлар бўлган турли давлатларнинг турли даражадаги раҳбарлари саммитда иштирок этиб, бир қанча келишув ва ҳужжатларни имзолади. Буюк Британия бу ташкилотнинг фаолиятига қандай баҳо беради? Биз тарихдан Буюк Британия ёки Британия империясининг Усмонийлар империяси билан баъзи низолари бўлганини биламиз. Ҳозирда хорижий ташкилотларнинг айрим экспертлари ТДТ ташкилотини пантуркизм ғояларининг қайта юксалиши деб баҳоламоқда. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

Т.Т.: —  Буюк Британия Марказий Осиёнинг бешта давлати, Туркий давлатлар ташкилотига кирувчи Марказий Осиёнинг тўртта давлати ва албатта Туркия билан жуда яқин муносабатларга эга.

Биз Европа Иттифоқи аъзоси бўлган пайтимизда, мамлакатингиз билан яқин муносабатлар борасида Туркиянинг энг катта тарафдори бўлганмиз. Туркия билан ҳозирги кунда ҳам кучли тижорат ва сиёсий алоқаларимиз давом этмоқда. Албатта, НАТОда мудофаа ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам шерик давлатлар бор. Аммо, Туркиянинг Туркий Давлатлар Ташкилоти орқали дунёнинг бу қисмидаги ҳамкорлари билан мулоқот қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини илиқ кутиб олдик, деб ўйлайман. Ушбу ташкилотдаги барча аъзолар билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан ташқари ТДТ фаолиятида яна қандай иштирок этишимиз мумкинлиги менга қоронғи. Менимча, бу сизнинг (ташкилот доирасидаги) янги алоқаларингизнинг нозик қисмидир. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати йўналиши, бу ҳукуматнинг узоқ Шарқдаги Япония ва Корея билан ҳамкорлиги, Хитой, жанубда Ҳиндистон ва Покистон, Бангладеш сари интилиши, бу борадаги саъй-ҳаракатлари, шу жумладан Туркия ва Эрон билан анъанавий алоқалари янгича кўлами мени ҳайратда қолдирди. Буларнинг барчаси ҳақиқатда ижобийдир. Ўйлайманки, ҳозирча бу жараёнлар Ўзбекистоннинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишидаги қайтариб бўлмайдиган тенденция бўлиб, сиз интилаётган ишларингизнинг чинакам қувонарли қисмидир.

Ш.Н.: — Ҳеч бир Британия монархи ёки ҳеч бир Буюк Британия Бош вазири шу пайтгача, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги даврда ҳам, олдин ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрмаган. Британия қироли Чарльз ва Бош вазир Риши Сунакнинг икки давлат муносабатларини мувофиқлаштириш рамзи сифатида Ўзбекистонга расмий ташрифини кутиш мумкинми? Ёки бу ташриф амалга ошиши учун бирор жиддий сабаб бўлиши керакми?

Т.Т.: — Мен ҳам бу ташрифга ниҳоятда умид қиламан, аммо бу кун қачон келишини билмайман. Биз бу ерда Бош вазир ёки қиролни ёки қироллик оиласининг бошқа муҳтарам аъзосини кўришни истаймиз, албатта. Ўзингиз ҳам таъкидлаб ўтганингиздек, бу ерда элчи сифатида фаолият юритаётганимга анча бўлди. Ўзбекистонга қироллик оиласининг аъзоси ташриф буюрмаганига ҳам анча йил бўлди. Ҳозирда кўплаб давлатлар янги Бош вазир ва Буюк Британия қиролини меҳмонга чақиришга ҳаракат қилмоқда.

Умуман, Британия қироли бу ерга келган. У пайтда у ҳали Уэльс шаҳзодаси эди. Биз ҳозир турган ушбу элчихонани Қирол Чарльз очиб берган. Шунинг учун ҳам мен аминманки, у Ўзбекистон ҳақида яхши тасаввурга эга ва бу мамлакатга нисбатан илиқ муносабатда. Шу боис мазкур ташриф бўлишига катта умид билдириб қоламиз.

Ш.Н.: — Раҳмат. Бизда сўнгги ва махсус савол. Ўзбекистонда сиз қанчалик эркин ишлайсиз? Айтмоқчиманки, собиқ раҳбарият даври билан солиштирганда бу ерда хорижий давлат элчилари амал қилиши керак бўлган қандайдир табулар ёки йўл-йўриқлар борми?

Т.Т.: — Бу ерда мен қизиқарли вақт ўтказдим. Мен қирқ йиллик дипломатман, аммо Ўзбекистон мен учун мутлақо янги тажриба. Мен илгари Осиёда ва ҳеч қачон Собиқ Иттифоқ давлатларида ишламаганман. Шунинг учун бу ерда мени нима кутаётганини билмасдим. Аввало, мен COVID даврида Ўзбекистонда ишлашга мажбур бўлдим, бу албатта, саёҳат қилишни ва одамлар билан учрашишни анча қийинлаштирди. Бундан ташқари, мен онлайн учрашувларни ёмон кўраман. Баъзан улар фойдали, биз улар орқали кўп нарсага эришдик, лекин менга онлайн-мулоқот ёқмайди. Шундай экан, яна юзма-юз бўлиш ёқимли. Айтишим керакки, Ўзбекистон мен одатланмаган тарзда жуда бюрократик мамлакат. Ўзбекистон ҳали ҳам хорижий дипломатлар нима билан шуғулланаётганини жуда қаттиқ назорат қилишни яхши кўрадиган мамлакат – бу тажрибага мен бошқа мамлакатларда дуч келмаганман. Бу сизнинг қарорингиз ва иш тарзингиз, албатта. Яна шунга ишончим комилки, биз хорижий дипломатлар, жуда шубҳали одамлармиз (киноя). Умуман олганда, биз соҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ислоҳ қилиш учун бу ердамиз. Бирор ишни бажаришдан тўхтатиб қўйиш ёки қийинлаштириш баъзан ҳар доим ҳам самарали ечим эмас.

Лекин, умуман олганда, бу ерда ишлаш ва бу ажойиб мамлакат, унинг одамлари,  Президентдан тортиб то барча даражалардаги инсонлар билан танишиш менга жуда ёқди. Сизлар жуда меҳмондўст, самимий ва очиқкўнгил халқсиз. Менга бу жуда ёқди – бу ер келиб кўришга арзийдиган ниҳоятда ўзига хос мамлакат. Бироқ, афсуски, COVID пандемияси мен учун афсусланарли бўлди, чунки мен ўзим ёқтирган ва боришни хоҳлаган масканларни кўра олмадим.

Ш.Н.: — Ҳурматли элчи, жавобларингиз учун раҳмат. Сиз билан ажойиб интервью бўлди. Сизни Qalampir.uz таҳририятига таклиф этамиз ва махсус меҳмонимиз бўлишингизни кутиб қоламиз.

Т.Т.: — Сизга ҳам раҳмат. Мазкур ташрифдан ниҳоятда мамнун бўлган бўлардим. Ажойиб интервью саволлари учун раҳмат.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг