Россияда вазият жиддий
Жамият
−
20 Октябрь 2022
3101119 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Хавфсизлик кенгаши йиғилишида жорий йилнинг 30 сентябр куни аннексия қилиш йўли билан мамлакатга қўшиб олинган Украинанинг тўртта ҳудуди, (Ўзбекистон ДХР ва ЛХРни тан олмаган – таҳр.), Донецк ва Луганск халқ республикалари ҳамда босиб олинган Запорожье ва Херсон вилоятларида ҳарбий ҳолат жорий қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
"Мен Россия Федерациясининг ушбу тўртта субъектида ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзоладим. У зудлик билан Федерация Кенгашига тасдиқлаш учун юборилади ва қарор ҳақида Давлат Думасига хабар қилинади”, дейди Путин, 19 октябрь куни видеоконференция орқали ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.
Қонунга кўра, Россия Федерацияси Президенти Федерация Кенгаши ва Давлат Думасига ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақида дарҳол хабар бериши керак.
"Россия Федерацияси Конституциясининг 87-моддаси 2-қисмига ва 2002 йил 30 январдаги 1-сонли “Ҳарбий ҳолат тўғрисида”ги Федерал Конституциявий қонунининг 3 ва 4-моддаларига мувофиқ Қуролли Кучлар Россия Федерациясининг ҳудудий яхлитлигига қарши қўлланилишини ҳисобга олиб, қарор қиламан: 2022 йил октябрдан бошлаб Донецк халқ республикаси, Луганск халқ республикаси, Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳудудларида ҳарбий ҳолат жорий этилади”, дейилади фармон матнида.
Ҳукуматга Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Федерал хавфсизлик хизмати, Россия гвардияси ва Россия Федерацияси Президентининг Махсус дастурлар бўйича Бош бошқармасининг таклифларига мувофиқ уч кун муддатда ҳарбий ҳолат жорий этилган ҳудудларда чора-тадбирлари кўриш тўғрисида таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.
Федерация Кенгаши орадан бир неча соат ўтиб, кутилганидек Путиннинг Донецк, Луганск халқ республикалари, Запорожье ва Херсон вилоятларида ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонини маъқуллади.
Федерация Кенгашининг Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси раиси Андрей Клишас фармон Конституция ва “Ҳарбий ҳолат тўғрисида”ги федерал қонун талабларига мос келишини таъкидлади.
“Ишончим комилки, Донецк, Луганск республикалари, Запорожье ва Херсон вилоятларидаги ҳарбий ҳолат бизнинг асосий мақсадимизга – бу ҳудудларни тинч ҳаётга қайтариш, одамлар имкон қадар тезроқ ўз уйларига қайтишлари учун тезроқ ҳаракат қилишимизга имкон беради”, дейди Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко.
Қонунчиликка кўра, Россия Федерацияси ҳудудида ёки унинг алоҳида ҳудудларида ҳарбий ҳолат Президент фармони билан жорий этилади. Тегишли қарор Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланиши керак. Шунингдек, Президент фармони билан уни жорий этиш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан кейин бекор қилинади.
Бу орада Кремль матбуот хизмати Россия Президентнинг тегишли фармони билан Украина билан чегарадош ҳудудлар ва Россиянинг янги ҳудудларида “ўрта даражадаги жавоб чоралари”ни жорий этиш бўйича топшириқ берилганини маълум қилди.
Эндиликда Украина билан чегарадош вилоятлар ва Россия Федерациясининг янги ҳудудлари раҳбарлари аҳолини вақтинча кўчириш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин.
Ўртача жавоб даражаси Қрим, Краснодар ўлкаси, Белгород, Брянск, Воронеж, Курск, Ростов вилоятлари ва Севастополга тегишли. Бу минтақалар раҳбарларига “иқтисодий соҳада, Россия Федерациясининг ушбу таъсис субъектларининг ижро этувчи ҳокимиятларида ва маҳаллий ҳокимиятларда сафарбарлик тадбирларини, ҳудудий мудофаа бўйича индивидуал чора-тадбирларни, фуқаролик мудофааси чораларини, фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича чораларни кўриш, табиий ва техноген характердаги вазиятларда аҳоли ва ҳудудлар, шунингдек Россия Федерацияси Қуролли Кучлари, бошқа қўшинлар, ҳарбий тузилмалар, органлар ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ваколатини беради.
Путиннинг фармонида Россиянинг ушбу саккиз вилояти раҳбарлари кўриши керак бўлган бошқа чоралар ҳам санаб ўтилган. Жумладан, “жамоат тартибини муҳофаза қилишни кучайтириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий, муҳим давлат ва махсус объектларни, аҳолининг ҳаётий фаолиятини таъминловчи объектларни, транспорт, алоқа ва коммуникациялар, энергетика объектларининг фаолиятини, шунингдек, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳамда табиий муҳит учун ортиб бораётган хавф туғдирадиган объектлар муҳофазасини кучайтириш”; “транспорт, алоқа ва коммуникациялар, энергетика объектлари, шунингдек, инсон ҳаёти ва соғлиғи ҳамда атроф-муҳитга хавф туғдирадиган объектларнинг ишлашини таъминловчи махсус иш режимини жорий этиш” белгиланди.
Жанубий ва Марказий туманларнинг қолган ҳудудларида маҳаллий раҳбарлар томонидан ҳудудий мудофаа ва фуқаролик мудофааси бўйича айрим чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатларини берадиган “юқори шайлик даражаси” жорий этилди.
Россиянинг бошқа ҳудудлари учун Путин "асосий тайёргарлик даражаси"ни ўрнатди. Бу Федерация субъектларининг раҳбарларига “аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш чораларини кўриш бўйича қарорлар қабул қилиш, шунингдек, Россия Федерацияси Қуролли Кучлари, бошқа қўшинлар, ҳарбий тузилмалар, органлар ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ваколатларини беради.
Путиннинг ҳарбий ҳолат ва чегара ҳудудларга оид фармонлари ортидан “Москвада комендантлик соати жорий этилади”, деган узун қулоқ гаплар ҳам тарқалиб улгурди. Буларга Федерация кенгаши вице-спикери Юрий Воробьев аниқлик киритаркан. Москвада комендантлик соати жорий этилмаслиги, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида қўшимча чекловлар фақат Президент фармонига мувофиқ жорий этилишни маьлум қилган.
“Агар [қўшимча] чекловлар ва талаблар бўлса, бу фақат Президент қарори ва губернаторлар бошчилигидаги тезкор штабга берилган ваколатларга мувофиқ бўлади”, дея қўшимча қилди у.
LiveБарчаси