Тошкентдаги даҳшатли авария тафсилотлари

Таҳлил

Кеча, 9 октябрь куни пойтахт Тошкентда яна бир даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Унда икки киши воқеа жойида қурбон бўлди.

BMW, Lacetti ҳамда 2 та Nexia-3 иштирокидаги ЙТҲ тахминан соат 20:30 ларда Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси 79-уй қаршисида юз берган. 

Интернетда тарқалган видеолардан кўриш мумкинки, BMW ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетган ва ҳаракатланиб келаётган бир нечта автомобилнинг устига ағдарилиб тушган.

Ҳодиса оқибатида эса 1992 йилда туғилган Nexia-3 ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этди.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Шу ўринда айтиш керакки, мазкур ЙТҲнинг бундан 10 кун олдин хонанда Зоҳид Рихсиев билан содир бўлган ЙТҲ ўртасида бир нечта ўхшашликлари мавжуд.

Биринчидан, ҳар икки ҳолатда ҳам авария BMW русумли автомашина  иштирокида содир бўлган.

Иккинчидан, уларнинг иккаласида ҳам транспорт воситалари бетон йўл тўсиқларига, яъни бордюрларга урилиб, йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетган. 

Учинчидан, Юнусободдаги ҳодисада ҳам, Яшнободдаги ЙТҲда ҳам қурбонлар бор.

Бу ҳолат эса ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларни келтириб чиқарди. 

Масалан, Davletov.uz “Ўзбекистонда яхши реформа учун ақлли бошлар керак. Ақлли бош реформа қилиши учун муаммо/фожиани танасида ҳис қилиши шарт эмас. Аммо йўллардаги ўлимни камайтириш учун ўзбек чиновниги аварияга йўлиқиши, яқинини қурбон қилиши лозим”, дея фикр билдирган.

Шунингдек, журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам амалдорларнинг сусткашлигига шаъма қилган:

“Тошкент учун бундай “палакат” авариялар янгилик эмас. Охиргиси ҳам бўлмаса керак. То бирор каттаконнинг ўзи ё боласи ўлмагунича”.

Яна бир журналист Азиза Қурбонова эса Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг Тошкентдаги йўлларнинг сифати ҳақидаги ваъдасини эсга олди:

“Тошкент шаҳар ҳоким ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов матбуот анжуманида ваъда берганди: шаҳар йўллари инфратузилмасини ўша сизлар танқид қиладиган жойларнинг ўзида муҳокамасини қиламиз, фаоллар, ОАВ вакиллари иштирокида жамоатчилик кенгаши тузамиз. Билишимча, балоям бўлгани йўқ. Ҳеч ким ҳеч қаерга чақирилганиям йўқ”, деган у.

Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев:

“Бунақа видеоларни худди кино кўргандай кўришга ўрганиб қолганмиз. Теримиз қотиб кетган. Фожиани ҳис қилмаймиз. Чунки бу воқеалар биз билан содир бўлгани йўқ. Шунинг учун бизга қизиқ эмас. Шунинг учун шаҳар ичида тезликни камайтирайлик деса, вой-дооод деб айюҳаннос соламиз.

Йўл ҳаракати хавфсизлигига масъулларнинг иши ҳам суст. Гапиртирса оламни бузгудек ишлар қилган бўлиб чиқади, лекин амалиётда бу деярли сезилаётгани йўқ. Қачон қоидабузарликлар учун жарима тизими ишга тушади? Қачон ҳамма кўчаларимизда камералар, фоторадарлар бўлади? Қачон йўлларимиз ҳаракат учун хавфсиз кўринишга келади? Қачон қонунлар барча учун бирдек амал қилишни бошлайди ва жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади? Бу ишлар бўлгунича яна қанча одам ўлиши керак?”

Troll.uz эса бундай автоҳалокатлар кўпинча йўл тўсиқлари, бордюрлар сабаб юзага келишини айтиб, уларни “қотил-бордюрлар” деб атаган. Шунингдек, ҳодиса айбдорлари масаласида ўз қарашини билдирган.

Бу фалокатда айбдорлар: 

1. Тезликни оширган ва бошқарувни йўқотган BMW ҳайдовчиси.
2. Йўлларни лойиҳалаштирувчи ташкилотлар. 
3. Хавфсизлик стандартларига умуман жавоб бермайдиган машиналарни халққа сотаётган UzAuto. 

Қолаверса, блоегр, авариядан кейин 30 йил олдин ишлаб чиқарилган BMW ва янги Nexia’нинг аҳволини солиштириб кўришни тавсия қилиб, нега UzAuto’га тош отганини изоҳлаган. 

Мазкур ҳодиса сабабли бир неча ҳафтадан буён муҳокамалар майдонида бўлиб келган Тошкентда тезликнинг пасайтирилиши мавзуси яна кун тартибига чиқди.

Бугун, 10 октябрда эса Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши Тошкентда тезлик меъёри 70 кмдан 60 кмга, шаҳар ичида 50 километргача туширилиши ҳақида қарор қабул қилди. 

Қарорга мувофиқ, айрим кўчаларда траспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 50 кмгача чекланади. Булар жумласига Алишер Навоий, Маҳтумқули, Амир Темур, Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Ислом Каримов, Тарас Шевченко, Бобур ва Фурқат кўчаларининг бир қисми ва Амир Темур хиёбони айланма йўли киради. 

Ушбу чора ўз самарасини берса, келажакда шаҳардаги барча кўчаларда тезлик пасайтирилиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Qalampir.uz билан суҳбатлашган  йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича эксперт Носиржон Зокиров пойтахтдаги айрим кўчаларда тезликнинг пасайтирилиши муаммога ечим эмаслиги, балки бутун республика бўйича тезлик соатига 60 кмгача қилиб белгиланиши кераклигини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг