Байраминг муборак, Путин! Дунёга урушни қайтарган “царь” 70 ёшда
Бу қизиқ
−
07 Октябрь 2022
27540Бугун, 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 70 ёшни қаршилади. 20 йилдан ортиқ вақтдан бери Россияда ҳокимиятни қўлдан бермай келаётган Путин бугун дунё сиёсий доираларида яхши инсон сифатида тилга олинмаяпти. Хўш, умрининг асосий қисмини яшаб, бугун ёшларни панд-насиҳат бериб ўтирадиган ёшга етган Путин ўзи ким? У қандай йўлни босиб ўтди? Чексиз ҳокимият ҳавасидаги ёши бир жойга етган давлат раҳбарининг тарихи қандай. Қуйида шулар ҳақида гаплашамиз.
Ўтган асрнинг 90-йиллар охири. Россиянинг биринчи Президенти Ельцин истеъфо бериш ҳаракатига тушиб қолди. Бунга етарли сабаблар пайдо бўлганди. Мамлакат парламент комиссияси унга қарши бир неча пунктдан иборат айбловлар ҳужжатини шакллантириб қўйди. Бу айбловлар ўз ичига СССРнинг қулагани, мамлакат мудофаа қобилятини йўқотгани, Чеченистонда уруш бошлангани, мамлакат Олий Кенгашини тарқатиб юборгани учун жавобгарликка тортиш каби бандларни оларди.
Ельцин ўзига ворис танлаши керак эди. Бу даврда Владимир Путин Россия сиёсий элитаси орасида машҳур бўлиб бораётганди. Номзодлар ичида Путиндан ташқари Анатолай Чубайс, Борис Немцов ва ҳатто Александр Лукашенко ҳам бор эди. Бироқ Ельцин Путинни танлади.
Янги, XXI аср. Россияда 2000 йилнинг 26 март куни мамлакат президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Унинг натижасига кўра, Владимир Владимирович Путин 51 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонди. 7 май куни эса у ўз вазифасига киришди. Ўтган даврда қанчадан қанча давлатларда раҳбар, Бош вазир ва Президентлар алмашди. Лекин Путин ҳали ҳам иқтидорда. Ваҳоланки, у энди Президент этиб сайланганида, дунё уни нафақат танимас, балки тан олмас ҳам эди.
Қуйида Россиянинг собиқ императорлари – Александр, Николай ва Пётрлар каби мамлакатни 20 йилдан ортиқ бошқариб келишга муваффақ бўлган Путин шахсига тўхталамиз. Шу ўринда унинг Ўзбекистонда, аниқроғи Самарқанд шаҳрида туғилгани тўғрисидаги миш-мишлар, СССР разведкасидаги фаолияти ҳамда тирикчилик учун киракашлик қилиш ҳақида ўйлагани тўғрисида сўзлаб берамиз.
Путин самарқандликми?
Россия Президенти Администрацияси берган маълумотга кўра, Владимир Владимирович Путин 1952 йилда СССР вақтидаги Ленинград, ҳозирги Санкт-Петербургда туғилган. Ушбу расмий маълумотларга қарамай, омма орасида Путиннинг Самарқандда туғилгани ҳақида миш-миш ҳам кенг тарқалган. Бунга қайсидир маънода Владимир Владимировичнинг СССР Давлат хавфсизлик қўмитасида ишлагани ҳам сабаб бўлган. Албатта, бундай махфий структурада ходимлар ҳақидаги маълумотлар қаттиқ сир сақланиши табиий ва ахборот етишмаслиги ўз-ўзидан дезинформация келтириб чиқаради.
Шу ўринда, Россиянинг ўзида, сиёсий зиёлилар орасида Президент Путиннинг келиб чиқиши мавҳумлигича қолмоқда. Жумладан сиёсий фанлар доктори, 2003-2007-йилларда Давлат Думаси депутати бўлган Савельев Андрей ўз блогида шундай деб ёзган:
“Дарҳақиқат, Путиннинг таржимаи ҳоли йўқ. Бу инсоннинг келиб чиқиш тарихи ўйлаб топилган. Аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Унинг ота-онаси ким бўлгани, ҳақиқатан ҳам номаълум. Унинг оиласи қаердан келганини ҳеч ким билмайди. Гўё Путиннинг умуман қариндошлари йўқдек. Мактабда унинг ёнида ўқиганлар ёки ҳеч нарсани эслолмайди ёки ҳамма нарсани унутишга мажбур қилинган”.
Россияда 2010 йили аҳолини қайта рўйхатга олиш пайтида Путин ўзи ҳақида тўхталиб ўтган. Айтишича, унинг миллати рус. Отаси Владимир Спиридонович Иккинчи Жаҳон урушида қанташган, сувости флотида хизмат қилган. Онаси Мария Ивановна оддий завод ишчиси, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг “Ленинград ҳимояси учун” медали билан тақдирланган. Путиннинг отаси ҳам, онаси ҳам унинг Россия Президентига айланишидан бир оз аввал вафот этган.
Қизиқ ҳолат, 2015 йили Президент Путиннинг шахсан ўзи “Русский Пионер” журнали учун ёзган мақоласида отаси 1998 йилда, онаси эса 1999 йилда вафот этгани ҳақида маълумот берилган. Бироқ, 2017 йилда Путун 3 карра “Оскар”ни ютган Оливер Стоунга берган интервьюсида эса, аксинча, биринчи онаси, кейин отаси вафот этганини айтган. Ҳақиқат ҳам Путиннинг келиб чиқиши, оиласи ҳақидаги маълумот чигал. Балки, у ростдан ҳам самарқандликдир.
Разведчик Путин
Путин Россия Президентига айланганидан сўнг, ёшлиги ҳақида айтиб берар экан, кичкиналигида разведчиклар ҳақида филмлар томоша қилишни яхши кўргани ва Давлат хавфсизлик хизматида ишлашни орзу қилганини эслаган.
У Ленинград Давлат университетининг юридик факультети халқаро бўлимига ўқишга кирди. Ўқиш билан биргаликда жисмоний тайёргарликка ҳам алоҳида эътибор қаратди. Путин 1973 йилда самбо, 1975 йилда дзюдо спорт турларича бўйича Ленинград чемпиони бўлди. Путин 1975 йилда ўқишни битирганидан сўнг, автоматик тарзда ДХҚга лейтенант унвони билан юборилди. Шу билан Путин ушбу структурада 1991 йилга қадар хизмат қилди. Бу орада Москвадаги ДХҚ олий мактабини ҳамда Андропов номидаги Қизил байроқли ташқи разведка академиясини ҳам тамомлади. Ўқиш даврида Путиннинг фамилияси Платов бўлган (қоида бўйича талабалар бир-бирининг асл исм ва фамилиясини билмаслиги керак эди).
Путин хизмат вазифасини Германия Демократик Республикасида (ГДР) ўтаган. ГДРда разведчиклик қилган даврида у бир фавқулодда вазиятни ўз назоратига олишга муваффақ бўлган. “Россия 1” телеканалида намойиш этилган “Путин” номли фильм кадрларига кўра, Германияни икки – ГДР ва ГФРга ажратиб турган Берлин девори 1989 йилда қулайди ва немислардан иборат намойишчилар Путин хизмат қилаётган ДХҚ бўлимига келади. Уларнинг мақсади СССР разведкасига оид архив ҳужжатларини қўлга киритиш эди. Путин эса қурол ишлатмасдан оломонни тарқатиб юборишга муваффақ бўлди ва архив ҳужжатларини ёқиб юборди. Москвага қайтган Путин 1991 йилда ушбу структурадан ўз ихтиёри билан ишдан кетди.
Киракашлик қилиш ҳақида ўйлардим – Путин
Тарихда “Август инқирози” номи билан қолган, СССР парчаланаётган бир даврлар эди. Путин бу вақтларда Volvo русумли автомобилида таксичилик қилиш ҳақида фикр юритган.
Кейинроқ эса у иш топишга муваффақ бўлди ва ўзи ўқиган университетда бир муддат Станислав Меркурьев исмли лекторга ёрдамчи бўлиб юрди. Айнан Меркурьев уни Анатолий Собчакка тавсия қилди. 1991 йилда Собчак Санкт-Петербургга мэр этиб сайланганидан сўнг, Путин унга халқаро масалалар бўйича ёрдамчи бўлди. Унинг вазифаси – асосан шаҳарга четдан инвестиция жалб қилиш бўлган.
1996 йилги сайловларда Собчак ютқазиб қўйди ва мэрликдан кетди. Табиийки, Путин ҳам кетди. Лекин мер маъмуриятидан унга қолиш таклифи берилганди. Бироқ, Путин қолишни сотқинлик сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, ишдан кетганидан сўнг, у яна киракашлик қилиш ҳақида ўйлай бошлаган.
“Ҳаттоки таксида пул топиш ҳақида ўйлардим. Ҳазиллашмаяпман, қаерга ҳам борардим. Икки нафар кичкина болам бор эди. Шундай қилиб менга Москвага кўчиб ўтиб, Президент идорасида ҳуқуқий масалалар бўйича ишлашни таклиф қилишганда рози бўлдим ва келдим”, дейди у.
Президент Администрацияга жойлашиб олган Путин ушбу структурада секин-секин кўтарилиб, 1998 йилда Администрация раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Орадан икки ой ўтиб, Россия Федерал хавфсизлик хизматига (ФХХ) директор, кейинроқ эса мамлакат Хавфсизлик Кенгашига котиб этиб тайинланди. Ушбу масъулиятли лавозимларда Путин бир қатор ислоҳотлар ўтказиб, ўзини кўрсатди. Бу вақтда мамлакат сиёсий элитасининг орасида Россиянинг биринчи Президенти Ельциннинг кетиши ва унинг ўрнини Путин эгаллаши ҳақида гап тарқала бошлади. Сиёсатшунос олим ва журналистлар ҳам Путинни ишончли вакил сифатида кўрарди.
Ниҳоят, 1999 йилнинг май ойида Президент Ельцин ҳокимиятни Путинга топширишга қарор қилди. Таксистлик қилиш фикрида юрган йигит 3 йил ўтар-ўтмас дунёдаги энг катта давлатга раҳбар бўлди.
“Who is mister Putin?”
1999 йилнинг 31 декабрь куни Ельциннинг истеъфо бериши ортидан Путин Россия Президенти вазифасини бажарувчига айланди. 2000 йилга келиб у мамлакат президентлигига сайловда ғалаба қозонди. Ўшанда ҳали дунё Путинни танимас, жаҳон сиёсий аренасида у бир “no name” одам эди.
Янги асрга қадам қўйилган йили Россия делегацияси ҳар йили Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтадиган “Бутунжаҳон иқтисодий форумида” қатнашди. Ушбу форумда дунёнинг лидерлари, олимлари ва энг обрўли шахслари йиғилиб инсониятнинг келажаги ва дунёдаги актуал муаммолар ҳақида эркин суҳбат қуради. 2000 йилги форумда Россиядан келган сиёсатчилардан ташқари ўша даврдаги АҚШ Президенти Билл Клинтон, Британия Бош вазири Тони Блэр, Microsoft компаниясининг асосчиси Билл Гейтс, Фаластинни озод қилиш ташкилотининг раиси Ясир Арафат ҳам қатнашган.
Форум доирасида Россиянинг янги Президенти ҳақида сўралиши, дунё ҳамжамияти томонидан Путин шахсига нисбатан қизиқиш билдирилиши табиий эди ва шундай ҳам бўлди. Бироқ бошловчининг берган “Who is mister Putin?” (ким ўзи у Путин жаноблари?), деган саволи Россия вакиллари томонидан бир муддат жавобсиз қолдирилди. Бу сукунат форумга йиғилганлар орасида гўёки Путин кимлигини Россиянинг ўзида ҳам билишмас экан, деган ҳаёл уйғотди ва бутун зал бирданига кулиб юборди. Бу воқеага ҳам 21 йилдан ошибди, ушбу давр мобайнида АҚШ, Буюк Британия ва бошқа кўплаб давлатларда ҳукумат ва Президентлар алмашиб кетди. Лекин Путин ҳали ҳам иқтидорда ва ҳеч ҳам кетиш нияти йўқ. Кўриниб турибдики балки, Россия вакиллари ўша вақтда Путин кимлигини айта олмагандир, лекин ўтиб бораётган йиллар ушбу саволга яхшигина жавоб берди.
Юқорида Россия давлат раҳбари Владимир Владимирович Путиннинг президентлик вазифасига киришгани, сиёсий фигуранинг шаклланиш тарихи ва шахсига оид маълумотлар берилди.
Энди, Президент Путиннинг 22 йиллик сиёсий фаолияти ва ундаги ўнқир-чўнқирлар ҳақида сўз боради. Шу ўринда, унинг Иккинчи Чеченистон урушидаги ҳаракатлари, Доғистоннинг халоскорига айлангани, сиёсий рақобатчиларига қарши кураши ва мамлакат констициясига киритилган ўзгартиришларига тўхталиб ўтамиз.
1999 йилда лавозимини муддатидан олдин тарк этган Россиянинг биринчи Президенти Борис Елсин ёш Путинга иқтисодиёти нураган, бир қисмида уруш бошланган ва ҳатто пойтахтида ҳам терактлар содир бўлаётган Россияни қолдирди. Путин Россия Президенти вазифасини бажарувчига айланганида мамлакатнинг шундоққина биқинада, аниқрогъи Чеченистонда уруш бўлаётган эди. Бу тарихда Иккинчи Чеченистон уруши номи билан қолган. Уруш бошланишига эса ҳарбий террорчиларнинг Чеченистон ҳудудидан қўшни Догъистонга бостириб киргани сабаб бўлган. Террорчилар у ерда Догъистон Ислом Республикасини ҳам тузишга улгурган эди.
Путин ҳарбий ҳаракатлар авжида бўлган Доғистонга 1999 йилнинг август ойида ташриф буюрди. У билан бирга ҳозирда Россия Миллий гвардия федерал хизматининг директори Виктор Золотов, мамлакат Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам келган ва бутун сафар чоғида Путинни қўриқлаб, унга ҳамроҳлик қилган.
Путин йиғилган маҳаллий аҳоли ва ҳарбийлар орасида нутқ сўзлаб, Доғистонни Россия шундай оғир аҳволда ташлаб қўймаслигини маълум қилди. Террористларга қарши жангда фаоллик кўрсатган доғистолик ўғлонларнинг барчаси ўша учрашувнинг ўзидаёқ Путин томонидан медаллар билан тақдирланди.
Путининнг Доғистонга ташрифи чоғида дастурхон безатилди ва жангариларга қарши курашда ҳалок бўлганлар шарафига қадаҳ кўтариш таклиф қилинди. Путин бу вазиятда ўзгача йўл тутди ва шундай деди:
“Ярадорларнинг соғлиғи учун қадаҳ кўтармоқчиман. Лекин бизнинг олдимизда муаммолар кўп ва катта вазифалар турибди. Буни яхши биласиз. Сизлар душман нимани режа қилгани ва нимага қодирлигидан ҳам хабардорсиз, шундай экан бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Агар ҳозир бўшашсак, Ватан ҳимояси учун жон берганларнинг уринишлари бекор кетган бўлади. Мен сизларга ушбу бакалларни жойига қўйишни таклиф қиламан. Аввал ишни қилайлик кейин, албатта, ичамиз.”
Бу хатти-ҳаракатлар Путинни ўраб турган ҳарбийлар ва доғистонликлар орасида илиқ фикр уйғотди. Путиннинг мақсади эса Доғистон ва Чеченистонни террористлардан озод қилиш ҳамда бу икки республикани Россия таркибида сақлаб қолиш эди ва якунда шундай ҳам бўлди. Асосий ҳарбий ҳаракатлар 2000 йилнинг баҳорига келиб анча тинчиди. Елсин даврида ўрнатилган “Террористларга қарши кураш операцияси” режими ҳам кейинроқ бекор қилинди.
Россиянинг оёққа туриши
Путиннинг 2000-2008-йиллардаги президентлик даврида амалга оширган иқтисодий ислоҳотларни сарҳисоб қилган АҚШнинг “Тҳе Wалл Стреет Жоурнал” нашри қуйидагича хулоса берди:
“Мамлакат иқтисодиёти нафақат ўтган асрнинг 90-йилларида йўқотилган ўрнига қайтди, балки шўролар даврида амалда мавжуд бўлмаган хизмат кўрсатиш соҳасини яратди. Шу ўринда, Россиянинг валюта захираси Хитой ва Япониядан кейин учинчи ўринга кўтарилди”.
2008 йил март ойида Жаҳон банкининг Россия бўйича бош иқтисодчиси халқаро молия инқирози фонида жаҳон иқтисодий ўсишининг пасайиши кузатилаётганда мамлакат яхши натижалар кўрсатаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, Россияни дунёдаги иқтисодий барқарорлик “орол”ларидан бири деб ҳисоблаш мумкин ва бу макроиқтисодий сиёсат, ички талабнинг ўсиши, тўпланган валюта захираларининг даражасини акс эттиради.
Сиёсий рақобатчиларига қарши кураш
Ер сайёрасининг энг йирик давлатига раҳбар бўлади-ю, душмани бўлмайдими. Россия Президентининг рақиблари кўп ва бу табиий. Уларнинг орасида Путиннинг лавозимига кўз тиккан, танқид қилган ва мамлакат президентлиги учун пойгада унга қаршилик кўрсатган фигуралар, турли хил олигархлар, ташқи кучлар ва “парда ортида турган” элита бор эди.
Михаил Ходорковский. У ҳозирги кунда Буюк Британия пойтахти Лондонда яшайди. Ходорковский ўз вақтида Россиянинг энг бой одами бўлган. У айнан ўша даврда Путин билан “сен-менга борган”.
2003 йил феврал ойи. Президент Путин мамлакатнинг энг йирик тадбиркорлари билан учрашув ўтказди. Ишбилармонлар орасида, табиийки Ходорковский ҳам бор эди. Икки ўртадаги конфликт айнан шу учрашувда бошланди.
“Мамлакатда коррупсия авжида ва бу айнан ҳукуматдан бошланади. Жиноятга ботган тизимни ислоҳ қилиш учун, сизнинг бюрократиянгизни ўзгартириш керак. Амалдорларингиз бўлса нафақат пора олади, балки талаб ҳам қилади”, деган эди учрашувда сўзга чиққан Ходорковский Путиннинг кўзларига қараб.
Орадан бир неча ой ўтиб Ходорковский ҳибсга олинди ва солиқларни тўламаганликда ҳамда фирибгарликда айбланиб қамалди. Орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтиб у озод қилинди ва дарҳол мамлакатни тарк этди.
Борис Немсов. У Россиянинг биринчи Президенти Борис Елсин даврида Бош вазир ўринбосари бўлган. Ўша вақтлар сиёсий элита орасида Немсов Елсиннинг давомчисига айланади, деган гаплар ҳам юрарди. Хусасан, Елсиннинг ўзи ҳам буни бир неча бор такрорлаган. Якунда эса Немсов эмас Путин Россия президентлигига лойиқ кўрилди.
Владимир Путин ҳокимиятга келганидан кейин, Немсов аста-секин мухолифат позициясига ўтди. 90-йилларда ҳокимиятга яқин бўлган бошқа кўплаб “қаҳрамонлар”дан фарқли ўлароқ, Немсов Путин таъсири остидаги янги авторитаризмга қўшилишга ҳаракат қилмади. Сиёсатчи 2000-йилларда берган интервюсида Путиннинг якка ҳокимлиги кучайиб кетишидан қўрқиш кераклиги ва нима учун мамлакат шу шароитда ривожлана олмаслиги ҳақида гапирган.
Кейинги йилларда Немсов Путиннинг ашаддий танқидчиси ва унга қарши мухолифатчи бўлиб шаклланди. Охир-оқибат у 2015 йилнинг феврал ойида нақд Кремл олдида отиб ташланди.
Алексей Навалний. У бугунги кунда Россия мухолифати етакчиси ва ҳозирда панжара ортида. Путиннинг сиёсий душманлари орасида, айнан, Навалний унга кўп бош оғриқ бўлган. Ўтган йиллар давомида Алексей Коррупсияга қарши фондга асос солиб, атрофига кучли жамоа тўплади. Ушбу команда билан бир қатор суриштирув ишларини олиб бориб, Путин атрофига қурилган кўплаб коррупсион схемалар ҳақида ҳужжатли филмлар олди ва Кремл кирдикорларини очиб ташлади.
2020 йилда эса Навалний “Новичок” кимёвий-ҳарбий моддаси билан заҳарланди ва ўлишига ҳам бир бахя қолди. Ўзининг сўзларига кўра, уни айнан Путиннинг кўрсатмаси билан заҳарлашган. Омон қолган Навалний Германияда даволаниб, Ватани Россияга қайтди ва ўша вақтнинг ўзидаёқ ҳибсга олинди. Кейинроқ, “Ив Роше” компаниясининг пулларини ўзлаштиришда айбланиб 3,5 йилга қамалди.
Россиянинг “империалистик” ҳаракатлари
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Путинни “империалист”, яъни бошқа мамлакат ҳудудларини эгаллаб олиш ва уларнинг устидан сиёсий ёки иқтисодий назорат ўрнатиш учун ҳарбий куч ишлатишга интилувчи сиёсатчи, деб тарифлаган.
“Путин – империалист, у ҳокимиятга келиши билан СССР парчаланишини “ХХ асрнинг энг катта фожиаси” сифатида таърифлаган эди. Путинни барча геосиёсий интилишлари асосида собиқ иттифоқ ҳудудларини назорат қилиш, ҳар хил интеграцион лойиҳаларни амалга ошириш бор”, деб ёзади у.
Раббимовнинг фикрларини буткул инкор қилиш имконсиз. Негаки 2014 йилда Украинада бошланган тартибсизликлар вақтида Россия Қрим оролини аннекция қилди.
Конституцияга киритилган ўзгартиришлар
Путин президентлигининг илк йилларида мамлакат бош қомуси – Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақида фикр билдирилса, у бунга дарҳол қарши чиқарди. Лекин вақт ўтиб, “тахт”га қулайроқ жойлашиб олган Путиннинг бу борада фикрлари ҳам ўзгарди.
Жумладан, у 2001, 2003 ва 2005 йилларда Конституция ҳақида “ҳеч нарсани ўзгартирмаймиз”, деган бўлса, 2007 йилга келиб “ҳа, бирор нарсани ўзгартирса бўлади”, деган.
Шу билан 2008 йилда Россия Контституциясига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, мамлакат Президентининг ваколатлари кенгайтирилди.
2013 йилга келиб, Путин ушбу бош қонунга ўзгартириш киритиш борасида янада дадилроқ гапиришни бошлади:
“Ўзгартириш мумкин ва буни қилиш керак”.
Шу йили Россия президентлигига 3-марта сайланган Путин мамлакат конституциясига ўзгартириш киритди. Энди у прокурорларни тайинлаш ваколатига эга бўлди.
2014 йилда Конституцияга киритилган навбатдаги ўзгартиришга кўра, Президент мамлакат Хавфсизлик Кенгашига Россия Федерациясининг вакилини тайинлаш ваколатини олди.
Энг йирик ўзгартириш ўтган 2020 йилда амалга оширилди. Унга кўра, Путиннинг мамлакат раҳбарлигидаги фаолияти ноллаштирилди ва энди у 2036 йилга қадар Россияни бошқариш имкониятига эгаб бўлди. Ушбу мамлакатда кейинги президентлик сайловлари 2024 йилда бўлиб ўтади ва агар яна Путин ғалаба қозонса, бу ҳисоб бўйича бешинчиси бўлади.
Путиннинг сиёсий рақиблари шунчаки, мамлакатни тарк этса, мухолифатчилар ўлдирилса ёки қамалса, мамлакатда сўз эркинлиги мавжуд бўлмаса, инсон ҳуқуқлари топталса, истаганча Конституцияга ўзгартириш киритиб, 20 йиллаб мамлакатни бошқарса, бу диктатура бўлмай нима?
Европага уруш қайтди
Ҳокимиятда қолиш муддатини узайтириб олган Путин орадан икки йил ўтар-ўтмас ўзининг империалистик кайфиятини намойиш қилди ва Европага уруш нима эканини эслатиб қўйди. 2022 йил 24 февраль куни тонгда Россия кучлари Украинанинг Донбасс минтақасида айирмачилар назоратидаги Донецк ва Луганск халқ республикалари деб аталмиш тузилма ҳудудидан украин заминига бостириб кирди. Руслар бу босқинни "махсус ҳарбий операция" деб атади. Аммо дунё бу очиқдан очиқ уруш эканини илк дақиқаларданоқ тушуниб бўлди.
Путин бу юришини тан олинмаган ДХР ва ЛХР аҳолисини, том маънода Украина фуқароларини ҳимоя қилиш важи билан хаспўшлади. Аслида эса мақсад битта – Украина ерларини, имкон бўлса, бутун мамлакатни назоратга олиш. Ҳужум бошланиши ортидан Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония, Австралия, Янги Зеландия Россияга қарши мисли кўрилмаган санкциялар жорий қилди. Қисқа вақтда Россия КХДР, Эрон ва Сурияни ортда қолдириб, энг кўп чеклов жорий этилган давлатга айланди. Санкциялар Путинни ҳам четлаб ўтмади. Юқоридаги номи келтирилган давлатлар Путин ва унинг яқинларига – қизлари ва маъшуқаси Алина Кабаевага ҳам санкциялар қўллади. Украинага ҳужум Россияни буткул қувғинди давлатга айлантирмаган бўлса-да, барча давлатларни у билан алоқа қилишдан тийилишга ундади. 70 йиллик юбилейини нишонлаётган Путин эса кўплаб давлатларда исталмаган меҳмонга айланди.
LiveБарчаси