Путинпараст ўзбеклар урушга борадими?
Интервью
−
29 Сентябрь 2022
22519Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, бундан россияликлар қатори ўзбекистонликлар ҳам ташвишга туша бошлади. Чунки бир тарафдан бугун миллионлаб ўзбеклар Россияда муҳожир сифатида меҳнат фаолиятини олиб бораётган бўлса, бошқа тарафдан Россия фуқаролигини олган Ўзбекистонликлар ҳам оз эмас. Масалан, 2021 йилнинг ўзида 32 мингга яқин ўзбекистонликлар Россия фуқаролигини қабул қилган. Ва уларнинг катта қисми Ўзбекистон фуқаролигидан ҳам воз кечмаган. Ҳукуқшунос Ботир Шермуҳаммаднинг фикрича, “бугун Ўзбекистон ҳукумати рус “пропаганда”сига қарши ҳеч қандай иш қилмаётган бир пайтда “пропаганда”нинг ичида яшаётган ўзбекларнинг аҳволи, онги ҳақида ҳеч қим бош қотирмаяпти ҳам. Уларни ҳимоя қилиш у ёқда турсин, Россия фуқаролигини олган Ўзбекистон фуқароларининг урушга нисбатан кайфияти, фикри ўрганилмаяпти. Хўш, бугун ҳам Россия, ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлган ватандошлар “пропаганда”га қанчалик бардошли ва Украина-Россия можоросида улар ким томонда? QALAMPIR.UZ мазкур саволларга жавоб олиш учун Москвадаги ўзбеклар диаспораси раҳбари, ҳуқуқшунос Баҳром Исмоилов билан суҳбатлашди. Аммо ажабланарлиси, “биз даво истаб борган табибнинг ўзи ҳам “бемор” экан”. (!) Нима учун доно ўзбек халқининг бу нақлини келтирганимизни эса ҳадемай билиб оласиз.
Шу ўринда алоҳида айтамизки, QALAMPIR.UZ Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тўла қўллаб-қувватлайди. Суҳбатдошнинг интервьюда айтган уруш, Россия борасидаги фикрлари ўта субъектив ва бу таҳририят қарашларида ўзида акс эттирмайди.
Ушбу суҳбат Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликларнинг икки фуқаролик, россияпарастлик, уруш борасидаги фикрларини билиш орқали вазиятга ойна тутиш мақсадида ташкиллаштирилган. Шу ўринда ўқувчидан “пропаганда”га учмасликни сўраймиз.
Нима учун ўзбекистонликларнинг Россия фуқаролигини олишга бўлган қизиқиши ортмоқда?
“Россияда узоқ йиллар давомида ишлаб келаётган ўзбеклар ўзига шароит яратиш мақсадида фуқароликни олишга қарор қилган”, деqди ушбу саволга жавобан Москва шаҳридаги ўзбеклар диаспораси раҳбари Баҳром Исмоилов.
У сабабларни санаб ўтиб, бугунги кунда 3 миллионга яқин ўзбекистонликлар Россия шаҳарларида ишлаётгани, бунинг учун эса ҳар йили 80-100 минг рубль патент тўловларини қилишга тўғри келишини айтди.
“Иккинчидан, чет эл фуқароларининг бу ерда юришлари анча қийин. Шунинг учун, аниқ иши бўлган ўзбекистонликлар тинч яшаши учун вақтинчалик яшаш гувоҳномасини, имкон қадар Россия фуқаролигини олишга ҳаракат қилади. Бу ўзларига қулай бўлиши учун керак. Шунда патентларга тўлов қилинмайди, кўпроқ маош олади. Чунки Россияда чет эл фуқароларига россияликларга нисбатан 30-40% кам ойлик тўланади”, дейди у.
Москвадаги ўзбеклар диаспораси раҳбаригак кўра, Ўзбекистон Ҳукумати икки фуқаролик маасаласини кўриб чиқиши керак. У бунга Тожикистонни мисол тариқасида келтираркан, ушбу мамлакат фуқаролари агар Россия фуқаролигини ҳам қабул қиладиган бўлса, бу ҳар икки мамлакатда ҳам тан олинишини намуна сифатида кўрсатди.
“Ўзбекистоннинг фуқароликка тегишли қонуни анча эскирган. Бугун замон ўзгарди. Президентимиз турли мамлакатлардаги ватандошларга сиёсатни 2017 йилдан бошлаб ўзгартирдилар. Леки,н Ўзбекистон қонунчилигида бу саволларга аниқ жавоб йўқ. Чунки ростдан ҳам қонунда икки фуқаролик тақиқланган, бироқ жавобгарлик қўлланмайди. Шунинг учун Президентимиз айтганларидек, ўзбеклар қаерда яшамасин, қайси давлат фуқаролигини қабул қилмасин, Ўзбекистон билан алоқаларини узмаслиги керак. Бунинг учун эса, фуқароликка оид қонунчиликка ўзгартириш киритиш ва менинг фикримча, Ўзбекистонда икки фуқароликка рухсат бериши керак”, дея таъкидлади ҳуқуқшунос Исмоилов.
Хусусан, унинг ўзи ҳам айни пайтда икки давлат – Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси. Бироқ Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам икки фуқаролик тан олинмайди. Лекин, қонунчиликда бунинг учун жазо ҳам назарда тутилмаган. Россия ёки бошқа давлат фуқаролигини олган Ўзбекистон фуқаросига мамлакатнинг ўзида фуқаро сифатида қаралаверади. Яъни у бошқа давлат фуқаролигини олгани учун Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилмайди. Фақат бошқа давлат фуқаролигини олгани ҳақида 30 кун ичида хабар берса бўлгани. Бу Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий бўшлиқдек, гўё. Чунки ҳозирги каби қалтис вазиятларда бу “бўшлиқ” жуда катта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, Россия Федерациясининг Коррупцияга қарши кураш миллий қўмитаси раиси Кирилл Кабанов Владимир Путин томонидан эълон қилинган қисман сафарбарлик доирасида охирги 10 йилликда Россия фуқаролигини олган Марказий Осиё (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон) мамлакатлари вакиллари учун бир йил муддатга мажбурий ҳарбий хизматни ўташ бўйича таклифлар тайёрланаётганини айтган.
У баёноти давомида ҳарбий бурчни бажаришдан бош тортган тақдирда нафақат фуқаронинг ўзи, балки унинг оила аъзоларини ҳам Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниши кераклигини билдирган. Бу эса ўта кескин баёнот бўлиб, агар таклиф маъқулланса, кўплаб ўзбекистонликлар ва уларнинг оила аъзолари жабр кўриши мумкинлигини англатади.
Фуқароликни сақлаб қолиш учун Россия армиясига ёки урушга борган тақдирда, қайтгач, Ўзбекистон уни жавобгарликка тортади. Хуллас, ундай қилса ҳам, бундай қилса ҳам қўшфуқаролиги бор киши жабр кўради. Бу эса ҳар икки давлат ҳукуматларининг айни мавзуда музокара ўтказиши кераклигидан далолат беради.
Россия фуқаролигини олиш қанчалик тўғри танлов?
Бошқа давлат фуқаролигини олиш айни пайтда жуда жиддий танлов бўлиб, бунда бир қанча тамойилларни ҳисобга олиш керак. Масалан, Россия доимий равишда қайсидир давлат билан қарама-қаршиликка бориб туради. У хоҳ Украина бўлсин, хоҳ НАТО ёки АҚШ, Россия билан мунозараларга эга. Шунинг учун бу давлатнинг фуқаролиги ўзбеклар учун қанчалик тўғри танлов дейиш мумкин?
“Агар имкониятингиз Германия, Канада ёки АҚШнинг фуқаролигини олишга етса, ривожланган вавлатларга боришга ҳаракат қиласиз. Лекин, АҚШ ёки Канада 3 миллион ўзбекистонлик фуқарони қабул қила оладими? Ҳозир фуқароларимиз Ўзбекистонда иш етмагани, рақабат кучайгани, ойлик маошларнинг пастлиги туфайли Россияга чиқиб ишлашмоқда. Балки шунинг учун Россия фуқаролиги одамларнинг ҳаётини ижобий томонга ўзгартириш имкони бўлиши мумкин”, дейди Москвадаги ўзбеклар раҳбари.
Унинг айтишича, Россияда охирги 20 йил ичида ҳар хил урушлар бўлди, лекин, шунга қарамай Россияни қураётганлар айнан ўзбеклар, тожиклар ва қирғизлар. Россия фуқаролари эса йилдан йилга камаймоқда.
Руспарастлик. “Россияга кимдир қарши чиқса, бу ўзбекларга ҳам қарши чиқиш дегани!”
“Россияга кимдир қарши чиқса, бу ўзбекларга ҳам қарши чиқяпти дегани. Чунки ўзбеклар Россия билан иқтисодиёт томонидан ҳам, маданият жиҳатидан ҳам жуда яқин халқ”, дейди Москвадаги ўзбеклар раҳбари Баҳром Исмоилов.
Унинг фикрича, Ўзбекистон ва Россия бир-бири билан яқин ўртоқ муносабатда бўлиши керак. Чунки Россияда 3 миллиондан ошиқ Ўзбекистон фуқаролари ишламоқда. Бундан ташқари, бизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз энг кўп экспорт қилинадиган давлат ҳам, бизга керак кўп маҳсулотлар импорт қилинадиган давлат ҳам айнан Россия.
Мосвква ўзбеклари раҳбари ўзбекларни шарманда қилмаслик, юзини ерга қаратмаслик учун, ҳатто, Россия томондан Украинадаги урушга боришга ҳам рози.
“Агарда шунақа вазият бўлиб қолса, мен Баҳром Исмоилов, Россия фуқароси бўлиб, ўзбек бўлиб, Россия халқининг ёнида туриш учун, ўзбекларни шарманда қилмаслик учун бораман!”, дейди Исмоилов.
У ўзининг бу қарорига совет даврида Россияни ҳимоя қилган ўзбекларни намуна сифатида келтирди:
“Биз 1941 йилда Россия билан битта давлат бўлганмиз. Лекин 600 мингга яқин ўзбеклар собиқ совет даврида Москванинг ҳимоясидан тортиб Берлингача етиб боришган. Биз улар билан фахрланамиз”.
Суҳбат давомида QALAMPIR.UZ мухбири ундан бутун ўзбеклар номидан гапирмасликни, ҳеч бўлмаса Россия фуқаролигини олган ўзбекларнинг номидан гапиришини сўраган. Лекин Исмоилов барча мамлакатлардаги ўзбеклар умумий ўзбек эканини даъво қилган.
Москвадаги ўзбеклар диаспораси раҳбари Баҳром Исмоилов билан эксклюзив интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Баҳром Исмоилов наъмуна сифатида келтирган Иккинчи жаҳон уруши билан ҳозирги вазиятни умуман таққослаб бўлмаслиги барча учун аён. Собиқ совет даврида Ўзбекистон мустақил бўлмаган эди ва ўз ўрнида СССР ҳукуматида бўйсунишга, уни ҳимоя қилишга мажбур эди. Лекин, ҳозир ўзбекларни Россия томондан жанг қилишга нима мажбур қилмоқда? Бу “руспараст”лик, ёки “Россияпараст”лик эмасми? Аммо, ҳуқуқшунос Баҳром Исмоилов ўзини асло бундай деб ҳисобламаслигини айтди.
Ўзбекистон қонунчилиги бўйича эса бошқа давлат томонидан ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишнинг жиноий жавобгарлиги бор. Бундай ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлиши таъкидланган.
Бироқ, Баҳром Исмоилов бундай вазиятда Ўзбекистондаги жиноий жавобгарликни ўйлаб ўтирмаслигини, барибир урушга боришини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Перм шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари шахсан ўз ватандошларини, ўзбекларни Украинадаги урушга жалб қилаётгани ҳақида видеолар тарқалганди. Уларнинг орасида эса Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаган ўзбеклар ҳам борлиги тахмин қилинган эди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эса хабар юзасидан муносабат билдириб, аҳолидан ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраган. Аммо ўзбекларни урушга жалб қилаётган диаспора раҳбарининг Ўзбекистон фуқаролиги бор ё йўқлигига, агар бор бўлса, уни фуқароликдан чиқариш ҳақида расмийлар ҳеч қандай маълумот очиқлагани йўқ.
LiveБарчаси