Дунёни титратган ҳафта ёхуд остонада уруш

Таҳлил

Дунёнинг қаерига қараманг уруш. Қаерга қараманг, қурбонлар ортидан оҳ уриб, кўз ёш тўкиляпти. Сизга буларни айта туриб, икки ҳафталик танаффусда ўзиб борган жой, Тошкентдаги “Чинобод” санаториясидаги пештахталардан бирига ёзилган гап эсимга тушди: “Ёшликнинг ели кучли, кексаликнинг ақли”. Гап деб ҳамма нарсани ёзавераркан-да, дедим бу пештахтани кўриб. Нима, ёши ўтган, кекса одамнинг ҳаммаси ҳам ақлли, мушоҳадали, донишмандми? Ахир ёши ўтгани сари ақлию зеҳнини, хотирасини йўқотиб, нима деётганию нима қилаётганини билмаётганлар озми? Айниқса, шундайлар кўпга бош бўлиб қолса борми? Бундан нафақат ўзи ва ўша гуруҳ, бутун дунё азият чекади. Афсуски, ундайлар бор. Демак, Россиядаги сафарбарлик, Қирғизистон ва Тожикистон, Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги вазият ҳақидаги қатор ҳафта воқеалари билан қуйида танишасиз.  

Дунёда титратган сафарбарлик

Куни кеча хорижга сафар қилмоқчи бўлиб, Тошкентдан кунига 5-6 марта парвоз амалга ошириладиган давлатга чипта қидирдим. Октябрнинг 10-санасигача чипта йўқ. Октябрь ойидаги нархлар ҳам аввалгисидан икки-уч баравар қиммат. Ҳайратдан ёқамни ушлаганча ўтиргандим ҳамки, буниси ҳолва эканини кўрдим. Россиядан Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь, Туркия шаҳарларига чипталар нархи бир неча бараварга ошиб кетганини кўрдим. Ҳатто, Тошкентга бир томон учун самолёт чиптаси нархи тақрибан 14 минг долларгача чиқибди. Президент Владимир Путиннинг Украинадаги урушни давом эттириш мақсадида сафарбарлик борасида олган қарори россияликларнинг дунё бўйлаб сочилиб кетишига, мамлакатни ташлаб қочишига ва парвозлар нархининг кўтирилиб кетишига олиб келди. 

Гап шундаки, Россия Украинага нисбатан уруш бошлаганига 210-кун тўлганда, яъни 21 сентябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин халққа мурожаат йўллаб, мамлакатда қисман ҳарбий сафарлик эълон қилди.

Унга кўра, муддатли ҳарбий хизматга фақат ҳозирда резервда бўлган ва биринчи навбатда Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, муайян ҳарбий мутахассислик ва тегишли тажрибага эга бўлган фуқароларгина чақирилиши белгиланди.

Мудофаа вазири Сергей Шойгуга кўра, ҳарбий сафарбарлик доирасида Украинага қарши уруш учун 300 минг киши жалб қилинади. 

“Новая газета. Европа”га кўра, аслида Путин имзолаган қарор билан сафарбарликка жалб қилинадиганларнинг сони 300 минг эмас, балки 1 млн кишини ташкил этади, шунинг учун ҳам қарорда айнан шу гап акс этган 7-банд яшириб қўйилган. Айни вақтда мамлакат ва хорижда қарорнинг ушбу банди нега яшириб эълон қилингани муҳокама қилинмоқда. Президентнинг Матбуот котиби Дмитрий Песков эса 1 миллион одам ҳақида гапларни рад этмоқда. 

Россия бўйлаб намойишлар авж олди

Путиннинг қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши ортидан ўша куннинг ўзида мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланди. “ОВД-Инфо” инсон ҳуқуқлари лойиҳаси маълумотларига кўра, намойишларда 1400 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Уларнинг энг кўпи Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари ҳиссасига тўғри келмоқда. 

Полиция намойишчиларни юриш пайтида, шунингдек, метрода шафқатсизларча ҳибсга олган. Намойишчилар ва журналистлар калтакланган.

Дунё Путиннинг қарорига нима деди? 

Путин сафарбарлик эълон қилгач, дунё оёққа турди. Биринчи бўлиб Хитой Украина можаросининг барча томонларини ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, мулоқот ва музокараларни бошлашга чақирди. Хитой ТИВ расмий вакили Ван Вэньбиннинг таъкидлашича, Хитойнинг Украина инқирози бўйича позицияси аниқ ва изчил. Пекин тегишли томонларни мулоқот ва музокаралар йўли билан ўт очиш ва ва жанговар ҳаракатларни тўхтатишга эришишга ҳамда ҳар бир давлатнинг қонуний хавфсизлик хавотирларини инобатга олган ҳолда имкон қадар тезроқ ечим топишга чақиради. 

АҚШ Президенти Жо Байден эса энди Россия кўпроқ аскарларини жангга қўшилишга чақираётгани, Кремль Украинанинг айрим қисмларини қўшиб олишга уриниш учун сохта референдум уюштираётгани, бу БМТ низомини ўта жиддий бузиш эканини айтиб чиқди. 

Германия канцлери Олаф Шольцга кўра, қисман сафарбарлик Россиянинг “умидсизлик ҳаракатидир”. Шольц “Россия бу жиноий урушда ғалаба қозона олмаслиги” ва Президент Владимир Путин “сўнгги қарорлари билан вазиятни янада ёмонлаштирганини” айтди.

“Путин “бошиданоқ украиналикларнинг қаршилик кўрсатиш иродасини, шунингдек, Киев иттифоқчиларининг “бирдамлиги ва қатъиятини” бутунлай паст баҳолаган. Бу Украина ўзининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини жуда самарали ҳимоя қилаётганининг яққол белгисидир, бу нафақат дунёнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, Германиянинг кенг кўламли ва жиддий қўллаб-қувватлаши туфайли”, дейди Шольц.

Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг фикрича, яна 300 минг россияликни урушга жўнатиш қарори 3 кунда Украинани босиб олмоқчи бўлган Кремлнинг ҳарбий саргузаштлари барбод бўлганидан далолат беради.

Шу билан бирга, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов Россия Федерацияси Президентининг сафарбарлик ҳақидаги баёнотларини “руслардан фойдаланишнинг кенг қамровли дастури” деб атади.

Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг фикрича, Россиядаги қисман сафарбарлик Украинага қарши уруш учун офицерлар ва бошқа ходимларни ёллаш билан боғлиқ муаммолар борлигини кўрсатади.

“Биз аллақачон биламизки, улар курсантларни, жанг қилишни билмайдиган йигитларни сафарбар қилишган. Бу курсантлар вафот этди. Улар ҳатто ўқишни ҳам тугата олмадилар”, дейди Зеленский.

Унинг фикрича, “Путин Украинани қонга, хусусан, ўз аскарлари қонига ботирмоқчи”.

Украина ҳам сафарбарлик эълон қиладими?

Бу орада Россия ортидан Украианада ҳам сафарбарлик эълон қилиниши мумкин, деган гаплар тарқалди. Расмий Киев изоҳига кўра, Украина Россия Федерациясидаги қисман сафарбарликка жавобан аналогик чораларга эҳтиёж сезмаяпти. Бу ҳақда Украина Президентининг Олий Рададаги вакили Фёдор Вениславский брифингда маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Украина Қуролли Кучлари ҳамда бошқа хавфсизлик ва мудофаа соҳаси органларининг шахсий таркиби сони Олий Бош қўмондон Владимир Зеленский ва Қуролли Кучлар Бош қўмондони Валерий Залужний томонидан қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажариш учун мутлақо етарли.

Вениславскийнинг эслатишича, Россия Украинага бостириб кирган 24 февраль куни Украинада тўлиқ сафарбарлик эълон қилинган ва 700 мингга яқин одам армияга олинган. Улар ҳозирда Украина Қуролли Кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмалар таркибида вазифаларни бажаряпти.

Бошқа томондан агар Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуга ишонадиган бўлсак, Украинанинг урушдаги йўқотишлари жуда ачинарли даражада. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

Атрофда уруш, Нью-Йоркда дунё раҳбарлари йиғилди

Жорий ҳафтада ҳар йилнинг кутилган воқеаси – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессияси Россия-Украина уруши давом этаётган, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишмалар авжига чиққан, Арманистон ва Озарбайжон сарҳадларида уруш олови қайта алангалаган оғир шароитда бўлиб ўтди. Нью-Йоркда ўтган сессияда Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон ва Қирғизистон Президентилари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров иштирок этди. Зеленский Бош Ассамблея сессиясида онлайн иштирок этди. Мамлакат номидан Нью-Йоркга Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва мамлакат биринчи хоними Елена Зеленская ташриф буюрди. 

Бош Ассамблея сессиясида ўзининг президентлик даврида илк бор нутқ қилган Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров, Тожикистон билан чегарадаги қуролли тўқнашувларни қирғиз томони бошламагани, аксинча, Бишкек доим қурол ишлатишдан қочишга ҳаракат қилгани ва қуролсиз, тинч аҳолига ҳеч қачон ўқ узмагани, аммо Имомали Раҳмон бошчилигидаги Тожикистон Қуролли кучлари Қирғизистон билан бир неча форматдаги халқаро келишувларга қарамай, Қирғизистон суверенитетига дахл қилганини айтди. 

У дунёнинг бош минбаридан яна бир бор Қирғизистон томони бегона ерларга даъво қилмаслиги, лекин ўз ерларининг бир сантиметрини ҳам ҳеч кимга бериб қўймаслигини баралла айтди.  

Дунё аҳолисининг бешдан бири оч қолмоқда

Бош Ассамблея сессиясининг биринчи кунида нутқ қилган Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған дунёдаги ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ва демографик муаммоларга эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, моддий ва технологик имкониятлар энг юқори даражага етган XXI асрда дунё аҳолисининг бешдан бир қисми ҳамон очлик ва қашшоқликдан азият чекаётганини қабул қилиб бўлмайди.

“Сўнгги ўзгаришлар билан дунё 2030 йилга келиб очлик даражасини нолга тушириши керак бўлган барқарор ривожланиш мақсадларидан узоқлаша бошлади”, дейди Эрдўған.

Унинг таъкидлашича, инсоният олдида турган бу қоронғу манзарани умид нури билан ёритишнинг ягона йўли – ҳаққоний ва адолатли ёндашув билан халқаро ҳамкорлик ва бирдамликни мустаҳкамлашдир.

У, шунингдек, Туркия Россия ва Украина урушини тугатишда фақат ва фақат Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сақлаб қолиш асосида ҳаракат олиб боришини айтди. У БМТдаги чиқишидан кейин журналистлар билан мулоқотда Анқара ҳеч қанақасига Россиянинг Украинани аннексия қилишини тан олмаслигини урғулаб, АҚШдан қайтгач, Путин ва Зеленскийга қўнғироқ қилишини билдирди. 

Президент Эрдўған ўзи билан БМТ минбарига Эгей денгизи ва Шарқий Ўртаер денгизида чўкиб кетган болалар суратини олиб чиқди. У Юнонистоннинг муҳожирларга нисбатан зулмлари кучайиб бораётганига эътибор қаратди. Суратни кўрсатиб нутқини давом эттирган Президент Эрдўған, Ўртаер денгизи соҳилидан жонсиз топилган чақалоқ Айланни эслади:

“Туркия ўлароқ биз янги Айланларнинг жасадлари қирғоқларга урилишига йўл қўймаслик учун курашяпмиз, Юнонистон қонунга хилоф ва бепарволик зарбалари билан Эгей денгизини қочқинлар қабристонига айлантирмоқда.

Ўтган ҳафта Греция қирғоқ қўриқчилари қайиқларини чўктириши оқибатида тўққиз ойлик чақалоқ Асим ва тўрт ёшли Абдулваҳоб оилалари билан ҳаётдан кўз юмди. 

Европа ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари инсониятга қарши жиноятлардан иборат бу ваҳшийликларга чек қўйиши вақти келди”, дейди Эрдўған

Украинанинг даҳшатли йўқотишлари

Боя айтганимиздек, жорий ҳафтада Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина урушда қанча аскарини бой бергани ҳақидаги даҳшатли рақамларни очиқлади. Унинг қайд этишича, Украина Қуролли Кучларидаги қурбонлар ва ярадорларн 100 мингдан ошади. 

Унга кўра, 61207 киши ҳалок бўлган, 49368 киши жароҳат олган. 

“Агар биз 200 000 дан ортиқ армия ва 100 минг йўқотиш ҳақида гапирадиган бўлсак – бу йўқотилган армиянинг ярми”, дейди Шойгу. 

Россия генералининг айтишича, шу сабабли Украинага сафарбарликнинг тўртинчи тўлқини аллақачон бошланган.

Шунингдек, генерал Россиянинг ўзи Украинада қанча аскарини йўқотганини ҳам айтди. Ишониш қийин бўлса-да, аммо Шойгу берган маълумотларга кўра, Россия 5937 нафар аскарини йўқотган. У жами ярадорларнинг қарийб 90 фоизи ҳарбий хизматга қайтганини таъкидлади ва жароҳатланганлар сонига аниқлик киритмади.

Алвидо, Қиролича!

19 сентябрь куни Буюк Британия Қироличаси Елизавета II нинг дафн маросими Виндзор қасридаги Қирол Жорж VI ёдгорлик капелласида бўлиб ўтди. У эри шаҳзода Филипп билан дафн этилди. 

Маросимда бутун дунёдан 500 га яқин юқори мартабали меҳмонлар йиғилиб, Қироличанинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Расмий тадбирлар вақтида ўта кўнгилсиз воқеалар юз бермаган бўлса-да, АҚШ ва Арманистон Президентлари маросим протоколини бузгани ОАВ эътиборини тортди.

Қиролича билан видолашиш учун белгиланган қоидалардан бири, бу дафн маросими вақтида суратга тушмаслик. Аммо Арманистон Президенти Ваагн Хачатурян мотам маросимига ёрдамчиси билан келган ва у Президентни қўл телефонида тобут яқинида тасвирга олган. ОАВ маълумотларига кўра, бу 14 сентябрдан 19 сентябргача давом этган видолашув маросими вақтида суратга тушиш билан боғлиқ ягона ҳолат.

АҚШ Президенти Жо Байден эса қироличанинг дафн маросими вақтида кулгани камера объективларига тушиб қолган. Тадбир давомида  Байден бир неча бор юзидаги табассумни кўрсатиб қўйган. 

Дафн маросимига Россия, Мьянма, Беларусь Республикаси, Сурия, Венесуэла ва Афғонистон расмийлари таклиф этилмаган. Ўзбекистон номидан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамов иштирок этган.

Урушга ўзбекистонликлар ҳам жалб қилинадими?

Сафарбарлик масаласида долзарблигича қолмоқда. Тўғри-да бу замонавий дунё тарихида бир мамлакат иккинчи мамлакат ерларига даъво қилиши ортидан сафарбарлик эълон қилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат. Тўғрироғи иккинчи жаҳон уруши, 1941 йилдаги сафарбарликдан кейин руслар илк бор сафарбарлик эълон қилди. Етмагандек, энди сафарбарликка не-не умидлар билан Россия фуқаролигини олган марказий осиёликлар ҳам тортилиши мумкин. Бу ҳақда Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Кирил Кабанов маълум қилди. 

Унинг қайд этишича, Россия Федерацияси Президенти томонидан эълон қилинган қисман сафарбарлик доирасида Россия Федерациясининг 10 йилдан кам муддатга Россия фуқаролигига эга бўлган янги фуқаролари – Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун бир йил давомида мажбурий ҳарбий хизматни ўташ бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Бу Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан кўчиб ўтган фуқароларга тааллуқли. Ҳарбий хизматдан бош тортганларнинг ўзи ҳам, оила аъзолари ҳам фуқароликдан чиқарилади. 

Уёғини сўрасангиз, ўтган 2021 йилнинг ўзида Россия фуқаролари 735,4 минг кишига ортган. Улардан 31,9 мингги Ўзбекистондан Россияга кўчиб ўтганлар.

Ўзбекистон юқори идоралари бу масалалар ҳақида миқ этмаяпти. Фақат депутат ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб, Россия паспортини олганларга раҳми келишини айтиб чиқди.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.

Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди. 

Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувга эришган, аммо тарафлар вақти-вақти билан бу келишувлар бузилаётганини хабар қилмоқда. Хусусан, Жапаровнинг БМТдаги чиқишидан сўнг, тожик томони Бишкек Тожикистон аҳоли пунктларига ҳужумкор дронлар билан зарба бераётганини айтиб чиқди. Гап катта эҳтимол билан Қирғизистон яқинда Туркиядан сотиб олган Байрактар дронлари ҳақида бормоқда. 

Душанбега кўра, Қирғизистон 16 сентябрь куни ўт очишни тўхтатишга келишилганидан кейин 1,5 соат ўтиб, барча турдаги оғир қуроллар билан Тожикистон аҳоли пунктларига ўт очишни бошлаган. 21 сентябрь куни Қирғизистон дронлари Тожикистон ҳаво ҳудудини бузиб кирган.

Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.

Тожикистон томони маълумотларига кўра, тўқнашув вақтида республиканинг 40 дан ортиқ аҳолиси ҳалок бўлган. Бишкекда Қирғизистоннинг 62 фуқароси ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Дунёга нотинчлик уруғини сочаётган Пелоси 

Озарбайжон ва Арманистон чегарасида жорий йилнинг 13 сентябрь куни қуролли тўқнашувлар содир бўлиб, бир неча кун давом этганидан хабарингиз бор. Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.

Расмий маълумотларга кўра, тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.

Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганига қарамай, вақти-вақти билан Баку Ереванни чегарадаги провакацияларда айблаб келмоқда. 

Жанубий Кавказдаги кескин вазиятдан хабар топган АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Арманистонга келди. У икки мамлакат чегарасидаги қуролли тўқнашувларда Бакуни айблади. У АҚШ учун Арманистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги муҳим эканини таъкидлаган. 

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Арманистонни қўллаб-қувватлаш ниятида, хусусан, Ереваннинг мудофаа соҳасидаги “эҳтиёжларини эшитишга” тайёр.

Пелосининг ташрифи ва икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада боши берк кўчага олиб киришга қаратилган баёнотларига Туркия вице-президенти Фуат Ўктай муносабат билдириб, Пелосини Жанубий Кавказдаги вазиятни саботаж қилишда айблади. 

Унинг таъкидлашича, АҚШ маъмурияти Пелоси ва унга ҳамроҳлик қилаётган бир қатор арманпараст сиёсатчиларнинг баёнотлари Вашингтоннинг Қорабоғ масаласидаги расмий позициясини акс эттирадими ё йўқми, буни аниқ айтиши керак.

“Жанубий Кавказ ҳар қачонгидан ҳам тинчлик ва барқарорликка муҳтож бўлган бир пайтда мен халқаро ўйинчиларни ўта мулоҳазали ва адолатли, энг аввало, масъулият билан ҳаракат қилишга чақираман”, дейди Туркия вице-президенти.

Пелосининг Арманистонга ташрифи фонида эса мамлакат пойтахти Ереванда бир неча юз киши мамлакатнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқиши ва Бош вазир истеъфосини қўллаб намойишга чиқди.

“Озодлик” майдонида ўтган митинг маҳаллий порталлар томонидан трансляция қилинган. Намойишчилардан бири, социолог Карен Саркисяннинг фикрича, Арманистон КХШТдан чиқмагунича, расмийлар ҳақиқий иттифоқчилар билан мамлакат хавфсизлигини таъминлаш имкониятлари бўйича музокараларни бошлай олмайди.

Уйлари тинтув қилинган Усмонов

Тугаётган ҳафтада Германия Федерал жиноий полиция бошқармаси ва солиқ текшируви департаменти ходимлари россиялик ўзбек миллиардери Алишер Усмоновга тегишли бўлган Мюнхен яқинидаги бир қанча мулкларда тинтув ўтказди.

Хусусан, унинг Бавариядаги уйига бостириб кирилган. Мюнхен прокуратураси вакилининг айтишича, тинтувларда 250 нафар полициячи иштирок этган, жами 24 та объект тинтув қилинган.
 
Рейддан мақсад Усмоновга нисбатан ташқи савдо қонунчилигини бузганлик, жиноий даромадларни легаллаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда гумон қилиниб, илгари ёпилган ишлар бўйича далилларни излашдан иборат.

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан сўнг, Усмонов Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилган ва ҳозир хорижда. Хавфсизлик ходимлари уни Ўзбекистондалигини гумон қилмоқда.

Усмоновларга оид бошқа хабаримиз ҳам бор. Шу ҳафта миллиардернинг синглиси Саодат Нарзиева Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилди.

Гап шундаки, Усмонов ва Нарзиева апрель ойида Европа Иттифоқи ҳудудида саёҳат қилиш ёки аъзо давлатлар ҳудудида жойлашган активлардан фойдаланишга тўсқинлик қилган санкцияларни бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилган.

“Биз бошиданоқ Саодат Нарзиевага нисбатан қўлланилган санкциялар ёлғон айбловларга асосланганлигини айтган эдик, ҳозирда бу айбловлар ишончли ва аниқ рад этилди”, дейди Нарзиеванинг матбуот котиби.

Сўнгги хабарларга кўра, Усмонов ҳамон санкциялар рўйхатида қолмоқда.

АҚШ Ўзбекистонни қўлламоқчи

АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Вашингтон Ўзбекистон билан алоқаларни икки томонлама даражада ва "C5+1"форматида мустаҳкамлашга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд сўз очган. 

БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркга борган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Нуланд хоним билан учрашган. 

АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари ва амалий қадамларини олқишлаган. 

Учрашувда Ўзбекистоннинг Афғонистонда барқарор тинчлик ва барқарорликка эришиш, қўшни давлатга кенг кўламли гуманитар ёрдам кўрсатиш, инфратузилма ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларига юксак баҳо берилган. 

Дарвоқе, жорий йилда Ўзбекистон Green Cardни энг кўп олган давлатлар рўйхатида учинчи ўринни эгаллади. Маълумотларга кўра, бу йил энг кўп ғолиб бўлган давлатлар рўйхатида биринчиликни Миср (5 529), иккинчи ўринни Жазоир 5 526 эгаллаган.  Ўзбекистон учинчи ўринда турибди. 5 511 киши грин кард олишга муваффақ бўлган. 

Россия ва Украина асирларни алмашди

Киев сиёсатчи Виктор Медведчук ва 55 нафар рус аскарини Москвага топширди. Медвечук 215 нафар украиналик аскарга, жумладан Мариуполнинг “Азовсталь” заводи ҳимоячилари ва “Азов” полки қўмондонлигига алмаштирилган. Шунингдек, Украина томонида жанг қилган ва асирга олинган 10 нафар хорижлик қайтарилган.

Владимир Зеленскийнинг ўзи “Азов” қўмондонлиги билан видео ҳавола орқали гаплашган. Унинг айтишича, алмашиш шартларига кўра, бешта полк командири уруш тугагунга қадар Туркияда қолади. Ҳарбийлар Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг шахсий ҳимояси остида бўлади.

Туркия Президенти, ўз навбатида, Москва ва Киев ўртасида асирлар алмашинуви Анқара воситачилигида амалга оширилгани ва бу урушни тугатиш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлади.

Эронда 22 ёшли қиз ўлими ортидан намойишлар бошланди

Эронда норозилик намойишларида авжида. Ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Аминининг ўлимидан сўнг мамлакатда вазият жиддий тус олмоқда.

Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.

Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.

Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. 

Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.

Америка Қўшма Штатлари ўтган ҳафта ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. 

Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожьеда референдум бошланди

23 сентябрь куни тан олинмаган ва ўзини Луганск ва Донецк халқ республикалари деб таништираётган минтақалар, шунингдек,  Херсон ва Запорожье вилоятларида Россия Федерацияси таркибига субъектлар сифатида қўшилиш бўйича референдумларда овоз бериш бошланди. У 27 сентябргача давом этади.

Бир қатор мамлакатлар, жумладан Туркия ва АҚШ ушбу референдумларни тан олмаслигини айтиб чиқди. 

АҚШ Президенти Жо Байденга кўра, Вашингтон ҳеч қачон Украина ҳудудларини Украинанинг бир қисми сифатида тан олмайди. Россия референдумлари – бу сохта, Украинанинг айрим қисмларини куч билан қўшиб олишга уриниш учун сохта баҳона, бу халқаро ҳуқуқни, жумладан,  БМТ Низомини қўпол равишда бузишдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

207

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг