Ислом Каримов аслида қачон вафот этган?
Интервью
−
23 Август 2022
1026652016 йил, август охирлари. Байрам яқин, тайёргарлик аллақачон бошланган. Одамларни бир савол ўйлантиряпти: бу сафар ҳам дода рақсга тушармикин? Ўша кунлари мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Президент шифохонага ётқизилгани телевидение орқали маълум қилинди. 2016 йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасини 25 йил бошқарган, Биринчи Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этгани тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ахборотини олий тоифали сухандон Алишер Бадалов телевидение орқали ўқиб эшиттирди. Бу Бадалов дикторлик фаолиятини бошлагандан буён у ўқиб эшиттирган тўртинчи ўлим хабари. Бунгача Брежнев, Черненко ва Шароф Рашидов вафоти ҳақидаги хабарларни ҳам ўқиб эшиттирган.
Биринчи Президент Ислом Каримов вафотига олти йил тўлиши арафасида QALAMPIR.UZ олий тоифали сухандон Алишер Бадалов билан суҳбат қурди.
Улуғбек Худойберганов, мухбир: — Юрий Левитан кўп йиллар давомида радиода дикторлик фаолиятини олиб борган бўлса-да, тарих уни машъум Иккинчи жаҳон уруши бошлангани ҳақидаги ахборот нутқи билан эслайди. Жумладан, кўпчилик сизнинг овозингиз ва қиёфангизни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бетоблиги, сўнг вафот этгани ҳақида ўқиган хабарларингиздан эслаб қолди. Бугун шу ҳақида гаплашсак.
Алишер Бадалов, диктор: — Юрий Левитан билан таққослаганингиз учун минг раҳмат. У жуда катта миқёсдаги шахс бўлган. Бу дунёнинг ишлари жуда ҳам қизиқ экан. Неча йиллар давомида дикторлик фаолиятини олиб бориб, телевидениеда ишлаб, қанчадан-қанча фармон, қарорларни ўқиганим билан айнан Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг некрологи ҳаётимда жуда катта ўрин қолдирди. Томошабинлар, мухлислар билан қачон кўришсак, суҳбатимиз бориб айнан шу мавзуга қадаладиган бўлди. Некрологни ўқиш катта санъат, катта билимни талаб қиладиган жараён. 1982 йилда Ўзбекистон телевидениесига қабул қилинганимда Республика ёки собиқ Совет Иттифоқи миқёсида кўзга кўринган давлат арбоблари ҳаётдан кўз юмганида некрологлар ўқишга тўғри келиб қоларди. Ўша пайтда телевидение раҳбарлари “Алишер Бадалов некрологларни жуда тобига келтириб ижро этар экан”, дейишарди. Шундай қобилиятимиз бор экан. Ҳаёт баланд-паст, оқ-қорадан иборат бўлиб, туғилиш ва ўлим ҳам бор. Ҳар хил вазиятда ўз қобилиятини намойиш этиш катта гап, деб биламан.
У.Х.: — Ўша кунларни эслайлик. Августдаги биринчи хабар. Шу куни ахборотни сиз олиб боришингиз керакмиди?
А.Б.: — Очиғини айтсам унча-бунча эсимда йўқ. Август охирларида кенжа қизимнинг тўйи бўлиши керак эди. Тўй ҳаракатлари билан юриб аниқ эслолмайман, лекин тахминан 27 август куни биринчи хабарлар кела бошлади. Президент қандайдир дардга чалинганликлари ҳақида илк овозалар пайдо бўлди. Халқни аста-секин ҳолатга тайёрлаб бориш сифатида бўлса керак, 2 сентябрь куни пешиндан кейин катта раҳбарлар, аппарат раҳбарлари телевидениега келишди ва воқеалар ўз ривожини топди.
У.Х.: — Кўпчиликнинг наздида Ислом Каримов август ойининг сўнгидаёқ, яъни сиз бетоб деб хабар ўқиганингизда вафот этган, фақат Мустақиллик байрами ўтгач, 2 сентябрь куни эълон қилинган деган қарашлар бор. Шунга аниқлик киритайлик, бу хабарни қачон эшитгансиз? Ўлим ҳақидаги хабар қачон ёзиб олинган?
А.Б.: — Ўзингиз ҳам биласиз-ку миш-миш, ёлғон-яшиқ, ваҳима, ҳар хил уйдирмалар одамларга хос бўлган нарса. “Олдиндан жон таслим қилганлар, байрам ўтса эълон қилинади”, деган гаплар халқнинг ичида жуда кўп юрди. Энди кўрмасдан, билмасдан туриб бунга қандай қилиб баҳо беришингиз мумкин? Бунга ўзимиз гувоҳ бўлмаганмиз. Фақат тахминлар бўлган, тахминга ишониб бўладими ёки бўлмайдими... Биз билган нарсамиз 2 сентябрь куни эрталабдан кун давомида ҳамма сухандон, муҳаррирлар телевидение телемарказида йиғилганмиз. Оғир ҳолатда, қандайдир мудҳиш воқеа олдидан, ёмон кайфиятда ёмон хабарни эълон қилишга мажбур бўламиз, деган маънода йиғилганмиз. Тахминан соат 16:00-17:00 да, балки кечроқ биринчи хабар келди. Биринчи хабарни Президент аппарати ва телевидениенинг масъул раҳбарлари дикторлар хонасига олиб киришди, “Алишер ака, мана бу хабарни иккала тилда ўқиб берасиз”, деб беришди. Бу хабар Ислом Каримовнинг аҳволлари оғирлашгани ҳақидаги хабар эди. Ўша биринчи хабарни берганимдан тахминан икки соат ўтиб 19:00лар атрофида, шом маҳали ўша мудҳиш хабар келди. Келиб жонлари узилди, шу хабарни етказасиз, ўзингиз профессионалсиз, ўз касбингизни яхши биласиз, эълон қилишда жуда ҳам йиғлаб юбормаслик, тушкунликка тушмаслик керак. “Дадиллик билан тез-тез эълон қилиш ҳам тўғри келмайди” дейишди. Бир вақтнинг ўзида оғир жудоликка учраганимизни ва бир вақтнинг ўзида маълум даражада оптимистик руҳни ҳам битта қолипга солиб етказишлик вазифаси бор эди. Буни менга раҳбарлар айтмаса ҳам ўзим билиб турардим.
У.Х.: — Ахборотнома ёзиб олиниши ва эфирга узатилиши оралиғида қанча вақт ўтган?
А.Б.: — Жуда кам вақт ўтган. Тоблари қочган, аҳволлари оғирлашгани ҳақидаги хабарлар 5-10 дақиқа ичида ёзилиб, кўриб чиқилиб, эфирга узатилган. Деярли жонли эфирда, онлайн сифатида берилган. Менимча, ўшанда жонли равишда эфирга узатса ҳам бўларди. Мен ўзимни жуда ҳам тетик ҳис қилганман, ўзимга ишонганман, раҳбарлар тўғриси буни олдин кўриб, кейин эфирга узатишга қарор қилишган. Деярли ҳеч қанақа танаффус ҳам бўлмаган, 3-5 дақиқа.
У.Х.: — Ўша вақтда Ўзбекистонда кайфият у қадар яхши эмас эди. Одамларда мотам ва қўрқув ҳисси бор эди. Сиз Ўзбекистонни 25 йил бошқарган давлат раҳбари ўлими ҳақидаги хабарни бутун дунёга эълон қилаётганингизда қалбингиздан қандай кечинмалар ўтган? Нималарни ҳис қилгансиз?
А.Б.: — Биринчи навбатда жуда катта масъулият. Кейин кўз олдимга келгани ўша пайт Ўзбекистон аҳолисининг эътибори телевизорда ва радио карнайда экани, ҳамма диққат билан кузатаётганини мен билганман, сезганман ва озроқ ҳаяжон ҳам босган. Албатта, бажараман, ҳеч қандай хато қилмайман, деган ишонч билан шу ишга киришганман.
У.Х.: — Сиз Собиқ Иттифоқ раҳбарлари Леонид Брежнев, Константин Черненко, Ўзбекистонни 24 йил бошқарган Шароф Рашидов вафоти ҳақидаги хабаларларни ўқиб эшиттиргансиз. 23-26 ёш бўлган дикторга нима сабабдан бундай катта масъулият юкланган эди?
А.Б.: — Ўзи “Фотогеничность” ва “Телегеничность” деган тушунчалар бор. Фотосуратлари чиройли чиқса-да ҳаётда хунук инсон бўлиш мумкин ёки аксинча, овоз жиҳатидан ҳам шунадай, ҳаётда гапирганда чиройли овозга эга бўлиб, микрофон овозни ўзгартириб, хунук эшитилиши мумкин. Шахсан мени 1982 йил биринчи эфирларимдан кейин туққан онам танимаган. “Ҳаётда умуман бошқачасан, телевизорда эса савлатлисан, зўрға танибман”, деганлар. Бир хил одамлар телевизорда қандай кўринса, ҳаётда ҳам шундай. Кўчада одамлар кўрса дарров “анави экан”, дейди. Мени унча танишмасди, демак мен экранда савлатлироқ кўринар эканман. Бу ҳам яхши, кўчада юрганингиз, навбатда турганингиз, жамоат транспортига чиққанингизда одамлар сизни қўли билан кўрсатса, кимга ҳам ёқади? Шу маънода мени савлатли бўлиб кўринганимми ёки овозимда қандайдир хусусият борми, ўша нарсаларни тобида ўқишда қандайдир ёрдам берган.
У.Х.: — Некрологлар танловми? Нега доим сизнинг чекингизга тушган?
А.Б.: — Бунда танлов бўлмайди. Негаки некрологлар озгина вақтда белгиланади. Катта вақт ичида некролог ўқиймиз, келинглар, танлов деб биринчи тур, иккинчи тур, учинчи тур қилиб бўлмайди. Уни раҳбарлар қайси диктор нимага қодир эканлигини билиб танлаб олади. Ҳар қанақа воқеалар бўлган, кўп некрологлар ўқиганмиз. Баъзида бошқалар ҳам ўқиган. Мисол учун ўша давр мендан беш-олти ёш катта, тажрибага эга бўлган сухандонни танлаб, “Алишер эмас, у ўқисин”, деб туришганда панд еб қўйишган. Бунда ҳам нозик бир ҳис-туйғу ва фаросат бўлиши керак. Лекин шунақа воқеа бўлган, бундан 15-20 йил олдин кўзга кўринган ёзувчи вафот этганида “Ахборот” дастурини эркак ва аёл бошловчилар олиб боришарди. Кетидан спорт ва об-ҳаво маълумоти эълон қилинарди. “Кичкина некрологни ким ўқийди”, дейилганида об-ҳаво маълумотларини эълон қилиши керак бўлган бошловчига ишониб, некрологни эълон қилганингдан сўнг сал кайфиятни ўзгартириб, об-ҳаво маълумотларига ўтиб кетасан дейишган. У одам вазифасини яхши тушунмаганмикин, жуда беўхшовлик билан ошириб юбориб некрологни ўқиганидан сўнг, жуда хурсанд қиёфада “Ана энди об-ҳаво маълумотлари!”, деб айтган ва бу хунук кўринган. Демак, бу катта маҳоратни талаб этадиган йўналиш эканлигини ўшанда билиб қолганман. Қўлимдан келганча профессионал даражамни ошириб борганман.
У.Х.: — Ислом Каримов билан неча маротаба кўришгансиз?
А.Б.: — Биласизми? Шунча қарор, фармонларини ўқиганим билан деярли бир маротаба ҳам бевосита кўришиш менга насиб этмаган экан. 90-йилларнинг бошида Амир Темур таваллуд топган кун ёки Самарқанд шаҳрининг юбилей ёши муносабати билан олтин ва платина юбилей тангалар чиққан вақтда бир неча бор халқаро аукционлар ташкил этилган эди. Биринчисини ҳозирги “Туркистон” санъат саройида жуда муваффақиятли ўтказганмиз. Кейинчалик аукционлар бўлганида мени чақиришган пайтда Ислом Абдуғаниевич мана шу аукционларни Алишер олиб борсин, жуда яхши олиб борар экан деганлари қулоғимга чалинган, эшитганман лекин бевосита ўзлари билан кўришиш насиб этмаган.
У.Х.: — Ислом Каримов вафот этганидан сўнг дикторликдан кетдингиз. Бу нима билан боғлиқ бўлди?
А.Б.: — Мен тўлалигича дикторликдан кетган эмасман. Ўша йиллари медиа соҳаси жуда ривожланган маҳалга тўғри келиб қолгани учун форматлар ўзгарди, узатиш шакллари ўзгарди. Бу янгилик, янги бошловчилар бўлсин деган маънода “Ахборот 24” ўз фаолиятини бошлаганда биз ҳам киришганмиз, лекин экспериментал равишда бўлса ҳам форматни ўзгартириш, изланишлар маҳалига тўғри келиб қолгани учун ёшларга йўл бериб, уларга ўгит, насиҳат қилиб ўргатганмиз. Лекин дикторлик гуруҳидан ажралганим йўқ. Ўзбекистон каналида дикторлар гуруҳига раҳбарлик қиламан. Бизнинг асосий вазифамиз кўзга кўринган кўрсатув, тадбирларни олиб бориш. Дикторлик гуруҳи қошида дикторлар маҳорати мактаби ташкил қилиниб, Ўзбекистон МТРК ичидаги канал ижодкорлари, бошловчиларига ўзимизнинг қўлимиздан келганча ёрдам бериб, ўқитиб, камчиликларини тузатиш йўлида машғулотлар олиб борамиз. Дикторлар гуруҳи ҳали ҳам бор. Ёшимиз бир ёққа бориб қолди, лекин биз ўзимизни қария деб билмаймиз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь