Чегара постидаги можаролар: “Нажимов”даги тирбандлик сабаби нима?
Жамият
−
14 Июль 2022
6655Ўзбекистондаги автотранспорт воситалари ҳаракатланувчи чегара божхона постларида тирбандликнинг олдини олиш мақсадида электрон навбатлар йўлга қўйилади. Ҳайдовчи постга келмасдан, исталган жойдан навбатга туриши мумкин бўлади. Бу ҳақда кеча, 13 июль куни Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Қобулов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. Таҳририят мухбири “Нажимов” ва “Яллама” постлари фаолияти билан танишди.
“Лойиҳа яқин кунларда якунланиш жараёнида. Электрон навбат аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун мўлжалланган. Чунки, улар тез бузилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ортган транспорт воситаси эгаси олдиндан сайтимизга киради ва декларация рақамини киритиб, ўзига навбат олиш имкониятига эга бўлади. Ҳар ярим соатда биттадан қишлоқ хўжалик маҳсулотларига электрон навбат берилади. Электрон хизмат ҳайдовчи постга келганида, навбат кутмасдан кириб келишини таъминлаш мақсадида яратиляпти”, дейди Қобулов.
Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, юкнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида электрон пломбалар жорий этилади ва улар юк машиналарига ўрнатилади.
“Яна бир қулайлик божхона кузатув масаласида электрон пломбалар, яъни GPS’лар устида иш кетяпти. Буни биз йил якунига қадар ишга туширишни мўлжаллаганмиз. Машинага электрон пломба тақилади. Бу орқали транспорт қаерда кетаётганини кўриб турамиз. Агар пломба бузилса, бизга сигнал келади. Туркия, Озарбайжонда электрон кузатув бор. Яқинда бориб, кўриб келдик. Лекин биз электрон пломба шаклида ишлаяпмиз. Электрон пломба қўйилса, юкхонани ҳеч ким оча олмайди, очса сигнал келади. Мақсад давлат бюджетига тушадиган тўловни таъминлаш учун юкни йўқотмасдан, божхона тўловларини амалга ошириш учун терминалларга бут ҳолда етказиш”, дейди у.
Шунингдек, Рустам Қобулов фақат жуда катта тўловли ёки хавфи юқори товарлар, масалан; тамаки ва алкоголь маҳсулотларига божхона кузатуви сақлаб қолиниши режалаштирилаётганини қўшимча қилди.
“Нажимов” ва “Яллама” божхона постларини кўздан кечириш давомида юк машинасини текширувдан ўтказаётган ҳайдовчилар билан ҳам суҳбатлашдик. Улар ишлари одатдагидан анчагина тез битаётгани ва бундан ҳайратда эканини таъкидлади.
“Бугунги кунда келиб, тўғриси мен ҳаяжондаман. Келдим, ўтиб кетяпман. Лекин икки, уч кунлаб қолган вақтларимиз ҳам бўлган. Битта "Довут ота" постидан навбатсиз ўта оламан, навбат кутмайман. Ўтган сафар келганимда, икки кун қолиб кетганман”, дейди ҳайдовчи.
Узоқ йиллик тажрибага эга ва кўплаб давлатларнинг божхона постидан ўтган ҳайдовчи Собир Раупов сўзи давомида энг қулай ва тез ишлайдиган божхона пости ҳақида гапирди.
“Энг намунали деб Грузия постларини кўрсата оламан. Сабаби, машинадан тушмайсиз. Пломбани қачон илганини ҳам билмайсиз. Қўлингизга ҳужжатни беради. 7 дақиқа вақтингиз кетади. Ҳамма ишни машинадан тушмасдан бажара оласиз. “Ларс” (Россия – таҳр.) постида ҳам йўл ёки бошқа нарса сабаб 20 кунлаб навбат кутиб қолиб кетган вақтларимиз бўлган”, дейди у.
Маълумотга кўра, баъзи вақтларда “Нажимов” номидаги божхона постида катта тирбандлик юзага келмоқда. Бунга асосий сабаб эса ҳайдовчилар юк машинаси билан яқинда реконструкция қилинган “Яллама” божхона постига эмас, балки асосан унга нисбатан анча кичик ва эски бўлган “Нажимов” божхона постига бориб, навбатда туришаётганидир. Чунки, “Нажимов” божхона пости ҳайдовчилар ҳаракатланиши учун қулай ва уларнинг йўналишига анчагина яқин. Шуни инобатга олган ҳолда, бу постни 2023 йилда реконструкция қилиш ва сиғимини кенгайтириш режалаштирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь