Wildberries ёняпти. Украина нишонида ўзбеклар

Олам

Reklama
0:00

Украина Россияни аямаяпти

Украина бирин кетин “Россия Амазони”ни кулга айлантирмоқда. Бугун, 5 август куни Россиянинг Тула вилоятидаги Wildberries логистика маркази дрон ҳужумидан сўнг ёниб кетди. Бир кун аввал эса Украина дронлари Москва вилоятининг Чехов шаҳридаги Wildberries омборларига ҳужум қилганди. Оқибатда 5 киши ҳалок бўлди, яна 6 киши жароҳатланди. Дронлар ҳужумидан сўнг, омборда йирик ёнғин юзага келди.

Бундан аввал, 3 августга ўтар кечаси Украина Россиянинг Белгород шаҳридаги дронлар ишлаб чиқариладиган университетига ҳам зарба берган эди.
Wildberries норасмий равишда “Россия Амазони” деб аталади. Украина ушбу омборлар Россиянинг логистика ва ҳарбий таъминот занжирига хизмат қилаётганини даъво қилмоқда. Россия эса бу айбловларни рад этмоқда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, компаниянинг логистика қувватининг қарийб 17 фоизи зарар кўрган.

Хўш, дунёдаги энг қудратли армиялардан бирига эга дея эътироф этиладиган Россия нега бу ҳужумларнинг олдини ололмаяпти?

“Россия Амазони” нишонга олинмоқда

Украина сўнгги ҳафталарда норасмий тарзда “Россия Амазони” деб аталадиган Wildberries компаниясига тегишли омборларни бирин кетин нишонга олмоқда. 5 августга ўтар кечаси Тула вилоятининг Алексин шаҳридаги Wildberries саралаш маркази дрон ҳужумига учради. Вилояти губернатори Дмитрий Миляевнинг маълум қилишича, ҳудудда тахминан Киев вақти билан соат 00:34 да ракета хавфи эълон қилинган. Ҳужумлар маҳаллий вақт билан тонгги соат 04:56 гача давом этган. Миляевнинг сўзларига кўра, учувчисиз учиш аппаратлари Алексин шаҳридаги компаниянинг маҳсулотларни саралаш маркази ҳудудига қулаган ва ёнғин келиб чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, бир киши жароҳат олган. Шунингдек, губернаторнинг айтишича, Венёв туманидаги 2 та кўп қаватли уйда ҳамда Новомосковск ва Узлов туманларидаги 2 та ишлаб чиқариш объектида зарар қайд этилган. Тонгга яқин Москва мэри Сергей Собянин ҳаво мудофаа кучлари Россия пойтахти томон учиб келаётган 10 та дронни уриб туширганини маълум қилди.

Алексиндаги Wildberries логистика маркази Россиядаги энг йирик омборлардан бири ҳисобланади. 2023 йилда бу ерда автоматлаштирилган саралаш линияси ишга туширилган бўлиб, у кунига 160 мингтагача маҳсулотни саралаш қувватига эга. Омборнинг умумий майдони эса тахминан 150 минг квадрат метрни ташкил этади.

Кеча, 4 август куни Украина дронлари Ленинград вилоятидаги Wildberries омборига зарба бериши оқибатида йирик ёнғин келиб чиқди. Оқибатда 5 киши ҳалок бўлди, яна 6 киши жароҳатланди. Ҳужум оқибатида омбор мажмуасининг катта қисмини аланга қамраб олган ва инфратузилмага жиддий зарар етган.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёвнинг маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москва вилоятига уюштирилган дронлар ҳужумини қайтарган. Шунингдек, Воробьёвнинг айтишича, Сонечкова қишлоғида дрон парчалари хусусий уй ва автомобилга зарар етказган. У ерда юзага келган ёнғин ўчирилган, жабрланганлар қайд этилмаган.

Ҳафта бошидан буён Украина дронларининг асосий нишони Wildberries компаниясининг логистика марказлари бўлмоқда. Владимир вилоятидаги худди шундай логистика марказларидан бири Украина дронларининг ҳужумига учради.

Владимир вилояти губернатори Александр Авдеевнинг маълум қилишича, дронлар Собинск туманида жойлашган омборни нишонга олган. Ҳужум оқибатида ёнғин келиб чиққан, бинога зарар етган ва бир киши жароҳат олган.

Александр Авдеевнинг сўзларига кўра, ёнғинни бартараф этиш ишларига 203 нафар ўт ўчирувчи ва 67 та махсус техника жалб этилган. Майдони 100 минг квадрат метрни ташкил этган ёнғин қарийб 14 та футбол майдони ҳажмидаги ҳудудни қамраб олган. Wildberries компанияси ҳужумни тасдиқлаб, барча ходимлар эвакуация қилингани, буюртмаларни жўнатиш ва етказиб бериш эса бошқа логистика марказларига йўналтирилганини маълум қилди. Компания асосчиси ва бош директори Татьяна Ким 18 июлдан буён Wildberries’нинг ўндан ортиқ логистика объектига уюштирилган ҳужумларни “терроризм актлари” деб атади. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужумлар оқибатида 10 та мамлакатдаги ҳамкор корхоналар фаолиятига ҳам жиддий зарар етган.

Бундан ташқари шу куннинг ўзида, Украина Россиянинг Белгород шаҳридаги дронлар ишлаб чиқиладиган университетига ҳам зарба берди. Бир неча зарбадан сўнг ўқув муассасаси ҳудудида ёнғин юзага келиб, бинолардан бири бутунлай ёниб кетган. Маълум қилинишича, айнан шу бинода “Миландр” микропротсессори асосида учувчисиз учиш аппаратларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилган ва синовдан ўтказилган. Университет ушбу лойиҳа электр узатиш тармоқларини назорат қилиш, иссиқлик қувурларини мониторинг қилиш ҳамда аэрофотосуратга олиш каби фуқаролик мақсадларида қўлланишини билдирган. Шунингдек, жорий йилнинг ёзида мазкур олийгоҳ мактаб ўқувчилари учун дронлар яратишга бағишланган ёзги ўқув дастурига қабул эълон қилган эди. Россия расмийлари университетга берилган зарба юзасидан ҳозирча расмий изоҳ бермаган.

Умуман олганда, июнь ойида Украина зарбалари асосан нефть базалари ва ҳарбий аэродромларга қаратилган бўлса, июль ойидан бошлаб асосий нишон логистика марказларига айлана бошлади. Украина бу омборлар Россиянинг логистика ва ҳарбий таъминот занжирига хизмат қилаётганини даъво қилмоқда. Россия эса бу иддаоларни рад этмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Украина Россиянинг истеъмол бозори ва логистика тизимининг муҳим бўғини ҳисобланган, кўпинча Россия Амазони деб аталувчи Wildberries фаолиятини издан чиқаришга уринмоқда.

Forbes нашрининг маълумотларига кўра, Украина Қуролли Кучлари бир неча ҳафта ичида Wildberries омборхона объектларининг камида 17 фоизини йўқ қилган. Ушбу ҳужумлар натижасида компания улкан зарба кўрди. 18 июлдан буён Украинанинг Wildberries объектларига уюштирган кетма-кет ҳужумлари натижасида компания логистика қувватининг қарийб 10 фоизи ишдан чиққан.

25 июнь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Россияни тинчликка мажбур қилишга қаратилган Хавфсизлик хизматининг 40 кунлик операцияси бошланганини эълон қилди.

Ўзбекистон тадбиркорлари ҳам дрон ҳужумларидан зарар кўрди

Нафақат Россиядаги, балки бутун МДҲдаги энг йирик онлайн дўкон ҳисобланган Wildberries омборларининг ёниши табиийки унинг ичида сақланаётган махсулотларнинг эгаси тадбиркорларга ҳам катта зиён келтирмоқда.  Wildberries асосчиси ва бош директори Татьяна Ким Украина дронларининг компания логистика объектларига қилган ҳужумлари оқибатида Ўзбекистон ва бошқа бир қатор мамлакатлар тадбиркорлари миллиардлаб зарар кўрганини маълум қилди. Ким 31 июль куни ўзининг Телеграм-каналида эълон қилган видеомурожаатида Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Беларус, Арманистон, Хитой ва бошқа мамлакатлардан бўлган тадбиркорлар ушбу ҳужумлар сабабли катта иқтисодий йўқотишларга учраганини таъкидлаган.

“Террорчилар бизга зарба бериш орқали ҳақиқий сабабларни яширмоқда ҳамда бизни ҳарбий товарлар сотаётганликда айбламоқда. Лекин ҳар қандай глобал маркетплейсни – Амазон ёки Алибабани очиб кўришингиз мумкин, бизда улар сотмаётган бирор нарса бор-йўқлигини кўрасиз.Террорчиларнинг ҳаракатларида ҳеч қандай мантиқ, ақл-идрок ёки рационаллик йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Душман Wildberries’га қилинган ҳужумлар оддий фуқароларга қаратилганини ўзи очиқча маълум қилди. Уларнинг ягона мақсади – босим ўтказиш, вазиятни беқарорлаштириш ҳамда кўплаб инсонлар орасида саросима ва шок келтириб чиқаришдир”, деди Татьяна Ким.

Татьяна Кимнинг айтишича, компания ҳар куни ўз объектларининг ҳимоясини кучайтириб, дронлар ҳужумларининг катта қисмини қайтармоқда. Унинг сўзларига кўра, логистика марказлари мавжуд ҳимоя воситалари билан жиҳозланган бўлиб, хавфсизлик тизимлари муҳандислик ечимлари асосида мунтазам такомиллаштирилмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг